ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

ҲАВЗИ ҚУЛҚУЛУМ (Кундалик китобдан саҳифалар)

ЯНА, КИМ БИЛСИН?

5 Январ, 2010 йил
Кеча Ёдгор ака (шоир Ёдгор Обид) телефон қилиб қолдилар. Роса дардлашдик, ватан ҳасратини енгиллатишга уриндик. Раҳматли Боймирза отани эсладик. Кейин мен Ёдгор акага қуйидаги воқеани айтиб бердим.

Янги йил байрамини Ню Йоркда ўтказдик. Ўзбекистондан келганлардан бир гуруҳи катта ресторанни ижарага олишибди. Таклиф қилишибди, бордик. Рестораннинг эгаси бухорий яҳудийлардан бўлиб, пазандалар, иш бошқарувчилари ўзбекистонликлар экан. Шунинг учун ҳам дастурхонда ўзбекнинг ҳамма таоми бор эди. Фақат ўртада хизмат қилаётган хонанда ва созандалар бухорий яҳудийлардан. “Муножот”дан “Тановар”гача, “Лазги”дан “Шашмақом”гача шунақа ижро этишдики, ўтирган ўзбеклар лол қолдилар. Ресторан эгаси бир пайт ёнимизга келди ва дард билан гапира бошлади:
-Ака, бу халқ дунёга Берунийларни, Ибн Синоларни, Хоразмийлару Амир Темурларни берган халқ. Нега бугун бу аҳволга тушиб қолди? Ўйласам юрагим орқага тортиб кетади. Нега бу фан докторлари, сиёсатшунослар, академиклар, санъаткорлар мардикорга айландилар? Каримов ёмон эдам экан. Лекин бу фақат ўша разил Каримовнинг ишими? Унинг ёнидагилар ҳам бунга айбдор-ку? Биргаликда жавоб беришлари керак эмасми?

Шу пайт саҳнада ашула айтаётган Равшанжон деган йигит Бухоро ҳақида куйлай бошлади. Жуда оғир мусиқа ва жуда дардли сўзлар. Соғинч ноласи. Ресторан эгаси кўзига ёш олди:
-Бу ашулани ҳар кун эшитсам, ҳар кун кўзимга ёш келади. Бухорони соғинаман!

Бу ҳикояни эшитган Ёдгор ака Бухоро яҳудийлари ҳақида олдин бир неча марта ёзганларини эсладилар.

У киши билан суҳбатдан кейин илгари радиода бирга ишлаган ва бугун Афғонистонда бўлган танишим Абдулманнон Кескин телефон қилиб қолдилар. Гапдан гап чиқиб, юқоридаги ҳикояни у кишига айтсам, Ўзбекистонга борганларидаги бир воқеани эсладилар.
-Касал бўлим қолдим. Касалхонада эдим. Бир кун Бош ҳаким хонасига чақирди. Жуда тажрибали дўхтир экан. Ҳаммани чиқариб юбориб, эшикни ёпиб,
-Ака менга Америкага кетишга ёрдам беринг,- деди.

Унга:
-Америкага бориб дўхтирлик қила олмайсизку?-дедим.
-Биламан, лекин бу ерда дўхтирлик ҳеч нарсага ярамаяпти. Тўртта боламни уйли-жойли қилишим керак. Суриштирдим, у ёқларда кексаларга қарайдиган иш бор экан. Тагини ювиш бўлса ҳам майли!

Мен шу одамга ёрдам бера олмадим. Чунки биласиз Америкада яшасам ҳам бундай ишларга қўлим калта эди…

Абдулманнон ака билан бир соат чамаси гаплашибмиз. Шу орада Бобур Холиқназар бир неча марта телефон қилибди. Кейин электрон почтамга қарасам унинг хатлари:
-Ака ўқидингизми? Бу Исмат Хушев деган иблис яна иш бошлабди.
У юборган линкни босиб шундай қарадимда, ўқимадим. Чунки бу илгари ҳам чиққанди. Бобурга қисқа қилиб ёзиб юбордим. Дарҳол жавоб келди.
-Ака бунга жавоб ёзиш керак. Бўлмаса сукут аломати ризо бўлиб қолади. Ўзингиз золимнинг ҳамтовоқларига қарши курашиш золимга қарши курашиш дер эдингиз… Биз ундайларга вақтида зарба бермасак, баъзи одамлар уларга ишониб қолмоқдалар.
Шундан кейин сайтда эълон қилиш учун қуйидаги сатрларни ёздим:
“Ҳурматли Бобуржон!
Сиз менга Исмат Хушевга жавоб ёзинг, бўлмаса сукут аломати ризо бўлиб қолади дебсиз. Мен унинг ҳамма иддаоларига илгари жавоб ёзганман. Шунинг учун бу ўринда сукут аломати ризо бўлолмайди. Бугун Исмат Хушев менинг тенгим эмас, у бир бечорадир ва ўрни жуда тубанликларда. Истасангиз, менинг у ҳақда унинг иддаоларига жавобан бундан бир неча йиллар олдин ёзганларимни сайтга қўйишингиз мумкин. Бугун эса менинг янада муҳимроқ ишларим бор.
Бу хатимни сайтга қўйишингиз мумкин”.

Шу жавобни юбордимда ўйланиб қолдим, дарҳақиат нега биз бундай кимсаларнинг қилмишлари туфайли одамлар юқоридаги аҳволга тушганини тушуна олмаяпмиз? Ёки тушуниб тушунмасликка олаяпмизми? Наҳотки ресторан эгаси айтган каби ана шундай нарсалардан кўз юмилгани ва ҳақиқатнинг аксига ишонилгани учун шу куйларга тушилаяпти? Яна, ким билсин?

www.jahonnoma.com



One Response

  1. Assalomu Alaykum Hurmatli Jahongir aka,
    Meni ismim Abdurauf, hozirgi vakda New Yorkda yashayman.
    Sizni “BIRLASHMADI O’ZBEKLAR” deb nomlangan video lavhangizni tomosha kildim. Rasmlardan birida siz bilan ikkita yigit tushgan. Ularni bittasi bilan men Turkiyada uqiganman(o’rtada) Zokir Aliyev bilan. Bilishimcha Zokir ham hozir Amerikada.
    Shu yigit bilan bir gaplashsam buladimi?

    Hurmat bilan Abdurauf

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: