Сатира: Нофизийдан нома (13)

ДАЖЖОЛИ ЗАМОН

Ахлатхонга ташланган “таппонча”нинг яна кимнингдир қўлига тушиб қолгани ҳақида ўқиб қолдим. Умуман Исматча (Бу лақабини унинг ўзи кўпроқ яхши кўришини айтганди) ҳақида гап очилдими, дастлаб бундан бир неча йил олдинги бир воқеа ёдимга тушади.

Ўшанда зарубежний “овоз”ларнинг Тошканда офислари бор эди. Ўша офислар жойлашган ҳовлида мен ҳам баъзан ўралашиб юрардим. Бир кун шу ерда Исмат Хушевни кўрдим. Ширакайф эди. Ҳамма ёғидан шақар-шуқур, қасар-қусур пуч ёнғоқ тўкилаётган эди. Бундай пайтда у сизни шундай мақтайдики, ўзингизни Суқроти ҳакимдан ҳам авлиёроқ ҳисоблаб қоласиз. Лекин орқаси бурилдими, сизни шундай сўкадики, эшитиб қолсангиз эримайдиган муз бўласиз.

У шу ердаги бир йигитга:
-Бугун Гулчеҳра Муродалининг Би-би-сида Жаҳонгир Муҳаммад ҳақидаги очеркини эшитдим. Бунча уни осмонга кўтарасизлар? Кимнинг ташаббуси бу? Ислом Абдуғаниевичнинг сочлари тикка бўлган!-деди.

Хулласи калом у Жаҳонгир Муҳаммаднинг эфирга кетмай қолган гапларини ҳам эшитиб кўрди ва кейин унга телефон қилиб беришни сўради. Жаҳонгир ака билан гаплашар экан, Исмат Хушев ҳунграб йиғлаб юборди:
-Ака мана ўз қулоғим билан эшитдим, Америкада уйингиз бор экан, машиналарингиз бор экан, пулингиз бор экан… Лекин мен хор бўлдим, ака! Сиз катта минбардан гапларингизни айтиб кетдингиз! Сиздаги мардлик менда етишмади! Қилган хизматларим қадрланмади. Умаров деган битта аблаҳ бизнесменнинг хотинига югурдак шофер бўлиб қолдим. Хор бўлдим! Аслида ўшанда қарғишингизга учраган эканман! Сизга туҳмат қилиб, “Халқ сўзи”да очиқ хат ёзганимдан кейин раҳматли акам аварияга учради! Бориб кўрсам, машинанинг ойнасига ўша мақола ёпишиб қолган экан…

Телефоннинг нарёғидан яхши гаплар айтилди чоғи Исмат “раҳмат, раҳмат”га ўтиб кетди.

Жаҳонгир Муҳаммад билан гаплашгандан кейин Муҳаммад Солиҳни улаб беришни сўради. Унга чет элга кетмоқчи эканини, шу мақсадда Москвага бориб келганини айтди. Самолетда Мавлон Умрзоқов билан ёнма-ён тушиб қолган эмиш ва ҳоказо, ва ҳоказо, ва ҳоказо…

У телефонни қўйиб ҳам Мавлон Умрзоқовни шунақа сўкардики, агар Ҳалима опа эшитиб турганда, нақд эрининг разводини бериб юборарди. Мавлон деган ифлос уни порага аралаштиргани ва қамоққа судрганини айтиб, уни Ислом акага хоинлик қилганликда айбларди. Сўнг Жаҳонгир Муҳаммадни айёрликда айблай бошлади, Муҳаммад Солиҳни эса лақма деб роса астар-авра қилиб сўкди:
-Битта мақтаб қўйсангиз к…и қопдай бўлиб кетади. Униси эса устингдан кулади, аблаҳ!

Кейин бизни мақтади ва бирдан Зокир Алматовга қўнғироқ қилди. Алматов гаплашгиси келмади, шекилли, қандайдир баҳона айтишди.
-Бўлмасам, Зокиржон акамга айтиб қўйинг. У киши энг зўр, энг мард йигит! Мен ҳозиргина ватан хоинлари билан гаплашдим. Муҳим информацияларим бор. Ислом ака эшитсалар хурсанд бўладиган гаплар…

Телефон дастасини ташлаб қўлини-қўлига ишқадида:
-Мен уйга бориб ўтирай, ё Зокир аканинг ўзи ёки Ислом аканинг помошниги қидиради, энди,- деди.

Унинг мастлиги ҳам тарқаганди. Мастлик- ростлик дейишарди. Лекин бу воқеани эшитиб, мастлик-пастлик ҳам дейишингиз мумкин. Бу ерда гап мастликда эмас, балки Исмат Хушевнинг пастлигида.У ўз ишини битириш учун ҳар қандай одамни ҳам пуллайди! Даллоли замон, э.. йўқ, дажжоли замон!

НОФИЗИЙ.
Тошкент.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: