Муносабат

duppiСайтимизга “Озодлик”дан олиб қўйганимиз “Ўзбекнинг журналисти бўлгандан инглизнинг мушуги бўл…”   мақоласига Тошкентдан муносабат

Аввало ўзбек бўлволинг биродар!

Очиғини айтай, мана шу йигитнинг гўё донишманднамо чиқишига умуман жавоб ёзиш ниятим йўқ эди, кўнглимни айнитиб юборган иддаоларига аслида ўша, кўнгил айниш жараёнининг ўзига хос якуни ўлароқ чиқажак “натижа” зўр жавоб деб қўювдим ҳам. Аммо, унинг анашу “ўгитлари”нинг “Туронзамин”да чиқиши умуман “шок”ли воқеа бўлди. Англадимки, энди нимадир ёзмасам бўлмайди. Нега дейсизми, ҳозир тушунтириб бераман.

Аввало мени буткул кўнглимнинг айнашига сабаб бўлгани бу сарлавҳа бўлди. Биродар сиз истасангиз ит бўлинг, мушук бўлинг, хоҳласангиз ҳатто эшшак бўлишингиз мумкин. Балким аллақачон ўша санаганларимдан бири бўлиб улгургандирсиз, аммо ўзбекларга тил текказманг. Аввало сиз ўзбекни таниб олинг, уни ўрганинг, сиз ва атрофингизда ўралашиб ўзини “доно” санаётган анави сатангларнинг ҳеч қайсиси ўзбек сифатида мониторинг хулосаси бўлишга арзимайди, зеро улар ҳам аллақачон ўзбекчиликдан чиқиб улгурган.

Мен бир мисол келтираман, сиз каби гўёки ўзбекликни алланималарга қиёслайдиган чаласаводлар учун. Ўтган йилнинг ёз кунларининг бирида Тошкентда кучли ер силкиниши бўлди. Яқинда ўтган нуфузли учрашувлардан бирида ўша кунги силкиниш чиндан ҳам ер силкиниши бўлгани алоҳида таъкидланди. Хўп бу муҳим эмас. Хуллас. Ер силкиниши бўлиб ўтгач, мен ўзим ишлаётган бинодан кўчага отилиб чиқдим, зеро ҳаммамиз бу қадар ишонган МТС қурғур ўша силкинишдан сўнг шарт ишламай қолди.

Ҳамма қаёққадир телефон қилаётган, ҳол сўраётган эди. Кўчада. Менинг довдираб кетаётганимни кўриб, мутлақо нотаниш бир йигит, “ока, анча безовта кўринасс, манбидан телефон қиволинг”, деб “сотка”сини узатди. Олиб уйга телефон қилдим, ҳеч ким кўтармади. Йўлнинг у четига ўтиб машина тўхтатдим, “ТИКО” тўхтади, манзилни эшитгач, майли деди. Машинада кетиб борар эканман, ҳайдовчи “ока, тузукмисиз, уйдагилар тинчмикан? Ҳаммаси омонмикан, қўрқиб кетишмабдими?”, деб сўради, билмадим деганимни кўриб, машинанинг тезлигини оширди.

Уйга келгач, қарасам кўп қаватли уйимиз ўз ўрнида, сезиларли шикаст йўқ, ҳайдовчи ҳам мен билан баравар “э-э, Худога шукур”, деб юборди. Балким мисол сиздай, ўзингиз айтмоқчи “Озодлик” журналисти учун аҳамиятсиздир, аммо унда эътибор қилган бўлсангиз ўзбекнинг-ўзбекка қайғуриши кўрсатилган.

Қўл телефонини тутган йигит, ҳол сўраган ҳайдовчи ҳам ўзбеклар эди, улар кўнглимдаги ғашликни кетказишга, мени безовта қилаётган масалада ёрдам беришга уринди. Вахоланки индамай кетаверишлари мумкин эди. Ўзбек ана шундай асқотувчи халқ.

Халққа тил теккизманг. Мана сиз аллақандай боливиялик ҳақда гапирибсиз, Дилмурод Саййид бошига тушган мусибатни ўзингизча таҳлил қилибсиз, яшанг. Аммо гапни бу қадар шиддат билан олиб қочишдан олдин, бир воқеа ўлароқ бутун халқ зиммасига ниманидир юклашдан олдин, шахсий “мен”ингиз ҳақда бироз “дониш”лик қилсангиз бўлармиди. Шахсан сиз, ўзингиз ўша, айтганингиз ўзбекдаги бор “иллат”ни кетказиш учун нима қилдингиз? Неча марта кимнингдир устидан чиқариб юборилаётган фитна, ғийбат, асоссиз туҳматларда, адолатпеша бўлиб чиқа олдингиз? Ўша ўзингиз ишлаётган жамоа доирасида нимадир қила олдингизми?

Менга бир касбдошингиз қизиқ воқеа айтиб берганди, сиз билан боғлиқ воқеа. Мен ўзбек бўлганим учун воқеани айнан келтириб сизни изза қилмайда, уни бироз ўзгача тасвирлаб беришга уриниб кўрсам. Сиз “армия”да хизмат қилганмисиз? Аминманки йўқ, на “совет” пайти, на кейин. Хуллас. Совет пайтида кимки армияда хизмат қилган бўлса, қардош озарбойжонларнинг бу ерда не ном билан машҳур бўлганини яхши билади. Яъни (бу халқ вакиллари зинҳор ҳафа бўлишмасин, аммо чиндан ҳам шундай бўлган – муаллиф), озарбойжонлар армияда кучли тарафга ўтиб олиш, ким от устида бўлса ўшанга дарҳол “земеля” бўлиб олиш одатига эга эдилар. Бугун ўзбеклар от устида бўлса (бу жуда ҳам кам ҳолатларда бўлган, тан оламан – муаллиф) улар ўзбекларга “земеля” бўлволарди, ҳатто қайсидир бир уруғи айтайлик Марғилонлик бўлганини иддао қилишарди, эртага айтайлик тожикларми ёки чеченлар от устига чиқиб қолса улар дарҳол ё “душанбелик” ё “грознийлик” қариндошларини эслаб қолишарди.

Энди, ўша биродарлар (қардош биродарлар) ўзаро йиғилиб қолганида, айнан ўзларида мавжуд ана шу иллатни қоралаб, ҳатто ораларидан бу борада анча маҳоратга эга бўлганларни танқид ҳам қилишарди. На куларингизни билмайсиз, на йиғларингизни, тавба. Балким ҳатто бутун бошли халқ даражасида ҳам анашу “иллат”ларини муҳокама қилиб, айбдорларни ҳам топишар, сўкишар, кулишар, аммо бу билан ҳеч қайсиси чинакам мард, тоғли озар бўлолмасдида. Ҳаммаси бир ном билан танилиб бўлганди. Қорабоғ воқеалари пайт Москвада, Казанский вокзалда бир озар йигити билан танишиб қолдим. Жуда гавдали, новча йигит эди. Узоқ гаплашдик, ватанида кетаётган уруш ҳақда, йўқотишлар ҳақда гапирди, гап орасида эса айнан шунинг учун у ердан кетганини айтди.

Менинг қачон қайтасан, деган саволимга уруш тугагач деди, агар уруш арманилар фойдасига тугасачи деганимда, “унда мен ўз миллатимни лаънатлаб яшайман, урушда енгилгани учун”, деди. Мен, ахир ҳар бир миллатдошинг уруш тугагач қайтиб бораман деб Қорабоғдан кетаверса, нима деб ўйлайсан урушда ким ғолиб келади, дедим, у мутлақ жим бўлиб қолди. Биласизми, сиз ва аксар сизга ўхшаган аҳли донишнинг бугунги ҳолати ўша озар йигитининг аҳдини эслатади. Яъни сизлар уруш тугашини кутиб ўтирибсизлар ва ўша ўтиришинглар баробарида кимнидир “бўш” келишини муҳокама қиляпсизлар. Кимга қанака билмадиму аммо сизларнинг позициянгиз бизда бўлса, эҳ-ҳе…

Энди “бўлганинг яхши” иддаоингизни ҳам бироз таҳлил қилсам. Агар йўқ демасангиз албатта. Зеро биз ўзбеклар одатимиз бўйича сўраб кейин бажарамиз, андишалимизда.

Хуллас, йўқ демадингиз деб таҳмин қилай, ахир сиз ўзингиз айтмоқчи дадил инсонсиз. Қаранг, ўша “бўлганинг яхши” бўлиб тугагувчи номларни маъқул топганлар бугун чиндан ҳам ит, мушук, эшшак, чўчқа бўлиб яшаяпти. Россияга кетаётган аксарлар, “э- нима бўлса бўлмайдими”, деганлари учун нима бўлса бўляпти, аммо иззатини билган, номусини йўқотмаганлар ҳатто ўша ерда ҳам ўзбеклигича қоляпти. Ўзларингиз ўша ерда ишини билиб қилаётган, анча-мунча иззатга эга ўзбеклар ҳақида лавҳа қилгансизлар. Ўзбеклар ана шундай иззатли халқ.

“Ўзимиз шунга йўл қўйиб бердик” қабилидаги иддаоларингизга келсак. Сиз кимга нимани қўйиб бердингиз билмадиму, аммо ўзбек халқи ҳеч кимга, ҳеч нарсани қўйиб бергани йўқ. Ҳар онда ўз ҳақи учун курашаётгани боис ҳам нимадир узатяпсиз, ниманидир ёритяпсиз, сокин жойда қолиб, уруш ичидагиларнинг қаҳрамонликларини эшитяпсиз.

Ягона камчилигимиз, теппани ўзгаларга бериб қўйдик, бу бор гап. Аммо уни ҳам биз, бу ерда, уруш ичида қолаётган ўзбеклар эмас, сиз каби, уруш тугашини кутаётган ўзбеклар қилди. Аммо не таажубки сиз ўшандай ўзбекларни сал қолса “сэр” (жаноб) дейсиз, бу ерда, уруш ичида қолиб, имкон қадар ўша “сэр” пишириб кетган шўрвани тугатишга уринаётганларни эса алланималарда айблайсиз. Йигитликка хосмикан бу иш?

Хуллас муҳтарам жаноб, ўзбекни тинч қўйинг, истасангиз инглизнинг, истасангиз бошқа бировнинг нимасидир бўлинг, бу сизнинг шахсий ишингиз, аммо халқни айбламанг. У ҳар қалай сиздай бетайинларнинг насихатига зор эмас. Бизга нимадир дейиш учун аввало ўзингиз БИЗ бўлволинг, ўзбек бўлинг, кейин гапиринг. Омон бўлинг.

Иброҳим Ҳакимов.

ТАҲРИРИЯТДАН׃ Тошкентлик истеъдодли журналистнинг баҳсталаб  бироз аччиқ билан ёзилган мақоласини  ўқиб битиргунча, у “Хўш “Озодлик”нинг ўзи Дилмурод Саййид оиласи бошига тушган фожеа ортидаги саволларни нега кўтармаяти? Фаррух Юсуфий – чи? Нега қараб турибди?  Ёки унга йўл беришмаятими? Ундай бўлса, йўл бермаган ким?” деган масалани қўяди деб ўйлаган эдик.  Лекин … бу масалани мана ўзимиз эслатиб қўйишга мажбур бўлдик.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s