Шуҳрат АҲМАДЖОНОВ:

uyghur7ХИТОЙДА 60 ЙИЛЛИК БАЙРАМ, УЙҒУРИСТОНДА 60 ЙИЛЛИК АЛАМ ВА МОТАМ

8. 1945 ЙИЛДАГИ ВОҚЕАЛАР ВА ШТЖ

Маълумки, 1945 йил 8 майдан 9 майга ўтар кечаси Берлин яқинидаги Потсдам шаҳрида Германия генераллари шартсиз таслим бўлиш ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйдилар. Шу сабабли Европа ва Америка қитъасидаги давлатлар 8 майни, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларидаги халқлар 9 майни Ғалаба куни сифатида нишонлашади.

“1945 йил 8 май куни Германия шартсиз таслим бўлиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади, Европадаги уруш тугади. 1945 йил 17 июлдан 2 августигача Германияда, Потсдамда АҚШ, СССР ва Буюк Британия ҳукумат бошлиқларининг анжумани ўтказилди. Потсдам анжумани Германия бўйича, ҳарбий жиноятчилар, тинчлик шартномаларини тузиш, БМТга аъзоликка қабул қилиш, Польша чегаралари, Кенигсберг (ҳозирги Калининград, А.Ш.)ни унга туташ туман билан Совет Иттифоқига бериш, Буюк Британия, АҚШ, СССР, Франция ва Хитой ташқи ишлар вазирлари Кенгашини таъсис қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилди. Ундан ташқари, уч давлат бошлиқлари Японияга қарши уруш бўйича режаларни узил-кесил келишди. Совет Иттифоқи ўзининг Японияга қарши уруш бошлашини Хитойнинг Ялта анжумани қарорларини эътироф қилишга боғлади (яъни агар Хитой Ялта анжумани қарорларини эътироф қилса, ўша ҳолда Совет Иттифоқи Японияга қарши уруш бошлаши мумкин, деди, А.Ш.). Совет Иттифоқи Японияга қарши уруш очишига АҚШ билан Англия манфаатдор эди.

Шу кунлари Потсдамда АҚШ, Англия ва Хитой бирлашган декларацияни имзолашди, унда Япониядан сўзсиз таслим бўлиш ультиматум шаклида талаб қилинганди. СССР мазкур декларацияга Японияга қарши уруш бошлаш арафасида қўшилди. Япония шартсиз таслим бўлишдан воз кечди. Уч мамлакат раҳбарларининг анжумани мураккаб шароитда, бир қатор туб-асосий сиёсий ва ҳарбий муаммолар бўйича жиддий зиддиятларни енгиб, дунёнинг урушдан кейинги тузилишига доир зиддиятли бўлган асосини солди.

Шу кунлари АҚШ президенти Г.С.Трумен амалда И.В.Сталинга ва бутун дунёга ўзларининг қандай даҳшатли қуролга эга эканлигини кўрсатишга қарор қилди. 6 август куни АҚШ биринчи атом бомбасини Хиросимага, 9 август куни эса иккинчи атом бомбасини Нагасакига ташлади. Япониянинг ушбу шаҳарлари тинч аҳолиси тасвирлаб бўлмайдиган даҳшатли фожиани бошидан кечирди. Хиросимада 140 мингга яқин, Нагасакида эса 300 минг одам ҳалок бўлди.

1945 йил 9 августда СССР Хитой ҳудудида Японияга қарши уруш ҳаракатларини бошлади. Антигитлер бирлашмасининг милитаристик Япония билан уруши 1945 йил 2 сентябрда Япониянинг шартсиз таслим бўлиши билан тугади. СССР билан АҚШ на Гоминдан, на ХКП қуролли кучлари қодир бўлмаган ишни қилди: Япония армиясига ҳал қилувчи қақшатгич зарба берди. Уруш натижасида Совет Иттифоқи иттифоқдошлардан Ялтада талаб қилганининг ҳаммасига ва унданда кўпроқ натижага эришди. Энди Мао Цзедун билан Чан Кайшига Япония армиясининг таслим бўлишидан ва Манчжурияда СССР босқинчи армияси бўлишидан максимум даражада фойда олиш учун мураккаб вазиятдан унумли фойдаланиш лозим эди.

Япониянинг тор-мор қилиниши Осиё ва Тинч океани регионида геосиёсий вазиятни, биринчи навбатда, Хитой фойдасига тубдан ўзгартирди. АҚШ, СССР ва уларнинг иттифоқдошларининг геостратегиялик манфаатлари Хитойда, шунингдек Япониянинг бойликларини бўлишда муросасиз тўқнашди. Бахтга қарши, Совет Иттифоқи Уйғуристонни анъанавий равишда ўз таъсир доирасидаги жой деб қараб, ўзининг уйғур “козир” картасини очишга қарор қилди. Баъзи бир тарихчилар фактларни таҳлил қилиш асосида, Сталин Уйғуристонни қўшимча иттифоқдош жумҳуриятга айлантириш эҳтимолини кўзда тутган деб таъкидламоқда. Эҳтимол, лекин иккинчи дунё урушидан кейинги воқеаларнинг тараққиёти бундай вариантни йўққа чиқарди, чунки худди шу вақт Хитойнинг асосий “саҳнасига” янги воқеа – мамлакатга ҳукмронлик қилиш учун Гоминдан ва Хитой Коммунистик Партияси ўртасидаги уруш чиқди” [4, 562-563-б.]

“АҚШнинг жиддий назорати остида Москвада фаол музокаралар 1945 йил 14 августда СССР билан Хитой ўртасида дўстлик ва иттифоқдошлик тўғрисида кенг миқёсли Шартномани, шунингдек бир қатор махфий ва махфий бўлмаган битимларни имзолаш билан якунланди, бу битимларнинг бир қисми ҳозиргача жамоатчиликдан яширилмоқда. Шартнома 30 йилга тузулди, уни ташқи ишлар вазирлари СССРдан – В.М.Молотов ва Хитойдан – Ван Шижие имзолади. Шартнома ҳар икки тарафнинг ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлигини кўзда тутган эди. Шартнома билан бир вақтда Хитой Чанчун темир йўли, Порт-Артур (Люйшун) ҳақида, Дальний (Далян) порти ҳақида, Хитойнинг уч шарқи-шимолий ўлкаси ҳудудига Совет қўшинлари кирганидан кейин Совет бош қўмондони билан Хитой маъмурияти ўртасидаги муносабатлар тўғрисида битимлар имзоланди («Дипломатический словарь». Москва, 1986, том 3, стр.210).” [4, 568-569-б.]

“Махфий битимларда ва ноталарни алмаштириш жараёнида Хитой Мўғулистон Халқ Жумҳуриятининг мустақиллигини эътироф қилди, Совет Иттифоқи эса, Шартноманинг 5-моддасига мувофиқ, Хитойнинг суверенитетини ҳурматлашга ва ички ишларига аралашмасликка риоя қилишга ваъда берди. Соддароқ қилиб айтганда, СССР Уйғуристонга ҳар қандай ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлашдан воз кечди. Агар СССР ШТЖ ҳукуматига ҳар қандай ёрдам беришдан воз кечган бўлганда эди, бу Уйғуристон суверенитетини тиклаш бўйича воқеалар жараёнига анчайин катта таъсир қилмаган бўларди. Чунки 1944 йил 7 ноябрдан 1945 йил сентябригача бўлган даврдаги барча кураш тараққиёти Уйғуристон халқи тарафидан мустақилликни мустақил тарзда қўлга киритиш имкониятини ишончли ҳолда кўрсатган эди. Бу ерда ишнинг моҳияти шундан иборатки, СССР, айтмоқчи, шартномага зид ҳолда, ШТЖ раҳбариятини ўз шартлари асосида Хитой тарафи билан битим тузишга мажбурлаш мақсадида Уйғуристон ва Хитойнинг ички ишларига уятсизларча ва қатъий аралашди.

СССР Уйғуристон муаммоси бўйича Хитойни очиқ қўллаб-қувватлади. СССРнинг коммунистик тузуми уйғур миллий-озодлик ҳаракатига нисбатан айни шундай мунофиқлик сиёсатини юргизди. ШТЖ раҳбариятининг фожиаси шундан иборатки, бизнинг лидерларимиз давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда энг бошидан бошлаб тамоман СССРга таянган ва бошқа иттифоқдошларга эга бўлмаган. Совет Иттифоқи уйғур халқининг қонуний ҳуқуқларига хоинлик қилиб, бизнинг доҳийларимизни яна алдади.

Япония таслим бўлиш пайтида амалда иккита Хитой, иккита ҳокимият вужудга келди: Гоминдан тарафида назорат қилинаётган ҳудуд ва Хитой Коммунистик Партияси (ХКП) томонидан назорат қилинаётган ҳудуд. Шу билан бирга ХКП Совет армиясидан қудратли ёрдам олди. СССР ХКП ихтиёрига ўлжа олинган барча қурол-яроқ, ҳарбий техникани ва Япония армиясининг жабдуқларини топширди. Масалан, Узоқ Шарқдаги Совет аскарлари бош қўмондони маршал Василевский бундай деб ёзган: “Бизнинг фақат икки фронтимизда собиқ Квантун армиясидан 3,7 минг замбарак, миномет, гранатамет, 600 танк, 861 самолет, 1,2 мингга яқин пулемет, 680 га яқин ҳар хил ҳарбий омборлар, шунингдек Сунгари ҳарбий дарё флотилиясининг кемаларини ўлжа олди ва уларни Хитой халқ озодлик армиясининг вакилларига топширди” («Советско-Китайские отношения», стр. 584). Бундан ташқари, СССР Хитойдан ўз аскарларини тегишли вақтда олиб чиқмади, бу эса ХКПга Совет армияси зоналарида ўз қўшинини тузишга имконият берди. Бу Совет Иттифоқи ўзининг стратегияли режасига асосланиб, коммунистларни тўлиқ қайтадан қуролланишига атайлаб ёрдам берганлигининг далолатидур. Совет Иттифоқининг бундай қудратли ҳарбий техникавий ёрдамисиз ХКП Гоминданни енга олмаган бўларди” [4, 570-571-б.]

9. СОВЕТ ИТТИФОҚИ ШТЖ РАҲБАРЛАРИНИ ХИТОЙ ГОМИНДАНЧИЛАРИ БИЛАН ТИНЧЛИК БИТИМИГА МАЖБУРЛАШИ

“Чан Кайши (1887.31.10-1975.5.4) ички фронтлардаги ожиз мувозанатдан фойдаланиб, ШТЖ муаммосини Москва шартномаси руҳида ҳал қилишни жадаллаштира бошлади. Шу мақсадда у 1945 йил 26 августда сиёсий бўлимнинг бошлиғи, сафдоши ва атоқли сиёсатчи, генерал Жан Жижун билан ШТЖ муаммоси бўйича суҳбат ўтказади. Бу суҳбат натижасида Чан Кайши Жан Жижунга Москва шартномасига мувофиқ ШТЖни тинчлик билан йўқотиш имкониятини ўрганиш бўйича комиссияга раҳбарлик қилиш, Урумчига бориш ва иш натижалари тўғрисида дарҳол рапорт ёзиб бериш вазифасини топширди” [4, 571-572-б.]

“1945 йил 13 сентябрда Жан Жижун ҳукумат делегациясига раҳбар бўлиб Урумчига етиб келади. ШТЖ муаммосини ўрганиш, уни тинчлик билан ҳал қилиш бўйича делегациянинг таркибига тажрибали дипломатлар, ҳарбийлар, иқтисодчилар, молия ходимлари, қонуншунослар, махсус хизмат органларининг вакиллари, миллатлар, ёшлар ташкилотининг вакиллари ва бошқа юқори даражали амалдорлар кирган эди. Энг қизиқарлиси – моҳир ва маккор ҳукмрон Жан Жижун Хитой делегацияси таркибига Гоминдандаги “пантуркчилар” деб аталмиш уйғур халқининг вакилларини: Гоминдан Марказий Қўмитаси тафтиш комиссиясининг аъзолигига номзод Муҳаммат Имин Буғрани, Гоминдан Марказий Қўмитаси ижроия қўмитасининг аъзоси Масъут Сабри Байқузини, шунингдек Гоминдан қонун чиқариш палатасининг аъзоси Айсу Юсуп Алптекинни киргизди (“Шинжон Уч вилоят инқилобига доир улуғ ишлар хотираси”, 1996, 145-б.). Бу ШТЖ лидерлари учун Чан Кайшининг яна бир маккорлик ва хавфли сюрпризи, уйғур лидерларини бир-бирига қарама-қарши қўйишнинг яна бир уруниши бўлиб, афсуски, хитойлар бу мақсадга етди” [4, 571-572-б.]

“Консул, генерал Козлов ва Москванинг бошқа юқори даражали эмиссарлари барбод бўлаётган Хитой билан тинчлик музокараларини юргизиш заруриятини қуйидаги далиллар билан асосладилар:

– биринчидан, иккинчи дунё уруши тугади ва ҳамма жойда тинчлик ўрнатилди. Хитойда эса икки қарама-қарши куч: ХКП билан Гоминдан ўртасида тинчлик билан бирлашиш ва Хитойни демократиялаштириш тўғрисида музокаралар бўлмоқда. Яқинда имзоланган БМТ Устави халқлар ва давлатлар ўртасидаги барча баҳсли масалалар тинч йўллар билан ҳал қилинишини талаб қилмоқда, СССР эса – тинчлик ва ночорлар тарафидадир;

– иккинчидан, СССР озод қилинган районлар сақланишини кафолатлайди ва Хитойда ХКП ғалаба қилганидан кейин Москва демократик социалистик тузум қуришга ёрдам беради, миллий масалани сизнинг манфаатингиздан келиб чиқиб ҳал қилади, деб қасам ичган ва ҳоказолар;

– учинчидан, агар Алихон тўра ва ШТЖ ҳукуматининг айрим аъзолари Хитой билан тинчлик музокаралари юргизишга розилик бермаса, у ҳолда бошқа одамлар топилиши, улар музокаралар олиб боришини, ва у чоғда музокара юргизишга қарши бўлганларнинг тақдири яхши бўлмаслиги ҳақида очиқ пўписа қилган” [4, 577-б.]

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s