Каримовнинг карнайи ёки ”Озодлик”нинг “Олтин қалам” ли Светлана опаси

svetlana

”Озодлик”да баъзан кўрпа тагидан иш битиришлари, Ислом Каримов режимини жуда усталик билан оқлашлари ҳақида кўп гап эшитардим. Аммо ўзингда синамагунча ўзганикига шубҳа қиласан, дегандек унчалик ишонмасдим. Яқинда  Сўз эркинлиги куни муносабати билан сўз эркинлигини “таъминлаётган” Ўзбекистоннинг хорижий матбуотдаги “юзи” Светлана Ортиқова ҳақида очерк беришгандан кейин юқоридги гапларга шубҳаларим йўқолди.

Мен ҳам олдин Матбуот хизматларидан бирида ишлаганман. Ўзбекистонда ҳозир ҳар бир ҳукумат идорасида матбуот хизмати бор. Ҳар бир хизматнинг ўз “ота”си ва ўгай “ота”си бор. Ўгай “ота”си унга пул берадиган идора раҳбаридир. Ўз “ота”си эса уни бошқарадиган президент девони бўлади. Ўз “ота”си вақти вақти билан “болаларини” тўплаб, йўл кўрсатиб туради. Агар йўлдан чиқиб қолсангиз, танобингизни тортиб қўяди. Мен ўзим буни бошимдан ўтказганман. Агар имкон бўлганда ҳар куни хорижий матбуотнинг саволларига жавоб бериб турган бўлардим. Аммо имкон беришмаган.

Мустақиллик бошлангандан буён ким хорижий матбуотга чиқиб туришини теппадан белгилаб қўйишади. Бу-бир ёки икки киши бўлади. Ҳозир шулардан бири Светлана Ортиқовадир. “Озодлик” радиоси уни мақтаб, уни кўкка кўтарар экан, аслида режимни мақтамоқда, гап режимда эмас, гап Матбуот хизматларида ва ”Озодлик”ка суҳбат беришга қўрқадиган вакилларда деган ғояни сингдирмоқда. Гапни олиб қочаётган бўлсам, аввал мана буни ўқиб чиқинг, кейин гапни давом эттирамиз׃

Махсус дастурлар / Тўртинчи ҳокимият

Светлана Ортиқова:”Ҳамма нарсага улгураяпман”

Алишер Сиддиқ

Куни-кеча “Олтин қалам” мукофоти билан тақдирланган Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова хориж ахборот воситалари билан гаплашишдан қўрқмайдиган камëб Тошкент маъсулларидан бири.

3 май халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида Ўзбекистонда “Олтин қалам” мукофотининг совриндорлари эълон қилинди.

Бу йилги бош миллий мукофот одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграциясига қарши қатор кўрсатувлар тайёрлаган Ўзбекистон телеканалининг ижтимоий-сиёсий дастурлар редакцияси ижодий гуруҳи ва унинг раҳбари Мамадамин Сафаровга топширилди.

Бу эса аввал ёпиқ мавзу бўлиб келган одам савдоси муаммосининг бугунга келиб ҳукумат учун энг долзарб масалага айланганини кўрсатади.

Энг яхши матбуот хизмати номинациясида эса Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ва унинг раҳбари Светлана Ортиқова ғолиб бўлди.

Мукофот муносабати билан хориж оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишдан қўрқмайдиган Светлана Ортиқовага қўнғироқ қилдик ва уни мукофот билан табрикладик.

Озодлик: Авваламбор¸ сизни Озодлик радиоси номидан Ўзбекистонда энг яхши матбуот хизмати деб тан олинганингиз билан табриклаймиз.

Светлана Ортиқова: Раҳмат.

Озодлик: Бундан хурсандмисиз ўзингиз?

Светлана Ортиқова: Жуда хурсандман. Менинг хурсандчилигим чексиз. Нимагаки¸ 100 га яқин матбуот хизматларининг ичида Ўзбекистон республикаси Бош прокуратурасининг матбуот хизмати энг яхши мабуот хизмати рағбатлантирувчи номинацияда ғолиб чиққанлиги чексиз хурсандчилик манбаи.

Биласизми¸ шундай шароит яратилдики¸ оддий ўзбек аëли Ўзбекистон республикаси Бош прокуратурасининг бўлим бошлиғи¸ матбуот хизмати раҳбари¸ адлия катта маслаҳатчиси¸ полковник унвонига эга бўлди.

Қолаверса¸ Ўзбекистонда энг яхши матбуот хизмати деган шарафли унвонга сазовор бўлди. Дипломга қарасангиз у ерда “раҳбар Светлана Ортиқова” деб ëзилган. Менинг миннатдорчилигим чексиз¸ лекин мен буни аванс тариқасида қабул қилаяпман.

Озодлик: Нимага Ўзбекистондаги бошқа матбуот хизмати вакиллари сиз каби фаол эмас ва бўлаëтган жараëнларни¸ ахборотларни беришдан ўзини четга олади?

Светлана Ортиқова: Биласизми¸ кимдир ўрнак бўлиши керак. Худонинг қудрати билан раҳбарият ишончини оқлашга ҳаракат қилаяпман. Демак¸ жамиятимизга¸ давлатимизга мана шу фаолият керак. Бизнинг матбуот хизматларининг кўпи ëш. Улар катта тажрибага¸ фуқаролик фаол позициясига эга бўлиши керак.

Бундан ташқари¸ ўз идорасининг икир-чикиригача хабардор бўлиши керак. Уларнинг Ўзбекистон учун матбуот хизматидаги фаолияти янги. Албатта¸ янги бўлгандан кейин одам изланади¸ одам ҳаракат қилади. Матбуот хизмати раҳбари ўз дунëқарашини шакллантириши керак.

Озодлик: Баъзилар “Бош прокуратуранинг ваколатлари кўп. Шундай бўлгандан кейин Светлана Ортиқованинг гапиришга имкониятлари бор. Биз унга ўхшаб гапира олмаймиз. Бизнинг ваколатимиз йўқ” деган фикрларни билдиришади. Сизнинг эркин ҳаракатингиз сизга берилган ортиқча ваколат билан боғлиқдир балки?

Светлана Ортиқова: Албатта¸ Бош прокуратуранинг ваколати¸ вазифаси¸ ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликк қарши курашга¸ шунга олиб келган сабаб ва шароитларни бартараф этишга¸ қўлланилган чора-тадбирлар ҳақида гапиришга ҳар қандай бошқа идорага нисбатан ваколат балки кўпроқдир.

Аммо ҳар қандай идора вакили¸ айниқса матбуот хизмати вакилининг қонун доираси билан белгиланган¸ ўзининг ваколат доирасида гапирадиган гаплари жуда кўп.

Фақат ўша матбуот хизмати раҳбарини ўз фикрини ифода этишга ўргатиш керак. Имконият жуда кўп.

Озодлик: Сиз айтдингизки¸ кимдир ўрнак бўлиши керак. Сиз бошқа матбуот хизматларига яна бошқа жиҳатдан намуна бўлишингиз мумкинки¸ Озодлик¸ Би-Би-Си каби хориж радиолари билан фаолият олиб борасиз¸ қўрқмайсиз. Бошқаларда бу масалада қўрқув бор¸ Озодлик радиоси билан гаплашса¸ гўë калласи кетадигандай ҳис-туйғуни сезамиз. Шу маънода сизнинг биз билан бемалол гаплашаëтганингиз бошқаларга ўрнак бўлиши мумкинми?

Светлана Ортиқова: Менимча¸ Озодлик бўладими¸ Би-Би-Си бўладими¸ СНН бўладими¸ Америка овози бўладими¸ бошқа бир хорижий телевидение бўладими ëки газета мухбири бўладими – гаплашишда қўрқув йўқ ва калла ҳам олиб ташланмайди. Агар шунақа бўлганида¸ менинг каллам аллақачон кетарди.

Мен Озодлик радиоси мухбирлари билан йўқ деганда ҳар кун бир марта гаплашаман. Мана сиз телефон қилишингиздан ярим соат олдин Фаррух деган мухбир телефон қилди.

Калла кетадиган бўлса¸ менинг каллам кетарди. Лекин яна бир бора айтаман¸ Оммавий ахборот воситаларининг ходимлари билан гаплашишга матбуот хизматларининг тайëргарлиги жуда кучли бўлиши керак.

Озодлик: Албатта. Саволларимиз енгил эмаску¸ тўғрими?

Светлана Ортиқова: Ҳаëт ўзи мураккаб¸ Алишержон. Ҳаëт мураккаб бўлгандан кейин саволлар ҳам мураккаб бўлади. Унга яраша жавоб ҳам муносиб бўлиши керак.

Озодлик: Светлана опа¸ сизни ҳар доим топиш мумкин. Эрталаб ҳам¸ тушда ҳам¸ кечқурун ҳам. Топиш мумкин бўлмаган пайтда “Светлана опа мажлисга кетган. Фалон соатдан кейин келади” деб айтишади. Кунига неча соатдан ишлайсиз? Шахсий ҳаëтга вақт қолаяптими?

Светлана Ортиқова: Шахсий ҳаëтгам ҳам улгураяпман¸ дам олишга ҳам улгураяпман. Худо хоҳласа битта қизни вояга етказаяпман. Оналик¸ аëл кишилик бурчимни бажараяпман. Ҳамма нарсага улгураяпман.

Мен мусиқа мактабини битирганман. Ҳатто уйимда фортепиано бор. Мусиқа бўйича ўзимнинг устимда ишлашга ҳам улгураяпман. Ҳозир яна диссертация устида ишлаяпман.

Интилганга толе ëр. Қанча ҳаракат қилсанг¸ Худойим сенга шунча баракатини беради.

Озодлик: Светлана опа¸ ҳаракатингизга баракат тилаймиз. Сизни яна бир марта табриклаймиз. Келажакда нафақат сиз билан¸ балки Ўзбекистондаги бошқа матбуот хизматлари билан ҳамкорликни давом эттирамиз¸ деб умид қиламиз.

Светлана Ортиқова: Раҳмат. Соғ бўлинг. Ҳаммага салом денг. (www.ozodlik.org).

Бир неча кундирки радионинг сайтида биринчи бетда турган бу очерк қаҳрамони ҳақиқатдан ҳам радиоларда жуда тез-тез чиқиб туради. Масалан, “Етти иқлим” журналистлари қамалгани ҳақида дунёда ёзилар экан, “Озодлик” мухбирлари ўзларининг Светлана опасига шу гап ростми деб ҳар куни савол  беришарди ва у ҳар куни бунақа гап йўқ деб жавоб қиларди. Ҳатто журналистлар суд бўлаётганда ҳам у бунақа гап йўқ деб жавоб қилганди. Бу фақат биттагина мисол. Шунинг ўзи ҳам унга “Олтин қалам” мукофоти нега берилгани ва “Озодлик” уни нега бунча пропаганда қилаётгани бежиз эмаслигини кўрсатади.

Шуни айтсалар керак׃ Восток дело тонкое!

Абду Малик,

Тошкент.

“Туронзамин”дан׃ Тошкентдаги ҳамкоримизга яна шуни қўшимча қилиш керакки, “Озодлик” Каримов режимига мухолиф бўлган демократик сайтларни четлаб асосан Каримов режимининг сайтларини манба қилиб олган. Яъни шундай ҳам Ўзбекистонда эълон қилинаётган нарсаларни такрор эълон қилиш билан овора. Мана фақат шу бугуннинг ўзидан бир неча мисол!

Тошкентда героинфурушлар ушланди

06.05.2009

Горизонт.уз сайтининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, Тошкентда МХХ ходимлари тожикистонлик Баҳриддин Ортиқов ва қозоғистонлик Гулмира Самиевани 9,5 килограмм героин билан қўлга олганлар.

Ўзбекистон делегацияси Мисрга сафар қилди

06.05.2009

Миср Ташқи ишлар вазири Аҳмад Абоул Ғайт Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов билан учрашди.

Маълум бўлишича, Рустам Азимов етакчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қоҳирада иқтисод, илм-фан ва техника соҳаларидаги ҳамкорликка оид Ўзбекистон-Миср қўшма қўмитасини йиғинида иштирок этган.

Uzreport.com сайтининг ёзишича, Абоул Ғайт ва Рутам Азимов учрашувида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва томонларни қизиқтирган минтақа ҳамда халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинган.

Ўзбекистонга ўтган йили 900 минг сайёҳ келган

06.05.2009

Uzbekistan International Travel Workshop халқаро туризм анжуманида 2008 йилда Ўзбекистонга 900 минг сайёҳ келгани эълон қилинди, деб ёзади 12.uz. Бу 2007 йилги кўрсаткичга қараганда 115 минг кишига кўпдир.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: