Муҳокама׃ Ўзбеклар йигирма йилки ваҳима ичида яшайди

duppiИзоҳ юзасидан изоҳ

Сайтда менинг “Масалани чуқур таҳлил қила олиш қобилияти” сарлавҳа остидаги фикрларим эълон қилингач, унинг остида Олим исмли ватандошимиз томонидан изоҳ қолдирилипти. Ватандош ўзи алоҳида мавзу таклиф қилаётгани ва бу борада ўзининг қарашларинида айтиб ўтаётганини англадим. Нима бўлганда ҳам ташрифингиз учун раҳмат.

Хўш, истагингизни ҳурмат қилган ҳолда, мавзу юзасидан икки оғиз фикр билдириб ўтишга ҳаракат қиламан. Аввало, англашимча сиз Ўзбекистонда эмас, ўзга юртдасиз, зеро аксар мулоҳазаларингиз мамлакатда эмаслигингизга ишора қилиб тургандай. Қозоғистонга ҳам боғлиқлик жойингиз борга ўхшаяпти, ҳар қалай уни кўп эслагансиз. Бунинг сабаби, бу мамлакатга нисбатан бироз мундайроқ фикрга эгалигингиз бўлиши ҳам мумкиндир, билмадим. Аммо Ўзбекистонда эмаслигингиз афтидан бор ҳақиқат.

Демак, аввало сиз тилга олган йиғилиш ҳақида гапириб ўтсам. Сизнинг фикрингизча ИАК бутун дунёни қамраб олган инқирозни маълум маънода тан олди ва ҳатто бунга қарши мажлис ўтказибди. Гапнинг очиғи бундай мажлисдан менинг хабарим йўқ, аммо Вазирлар маҳкамасида йиллик ҳисоботга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани бор гап. Унда чиндан ҳам президент дунёдаги ҳукмрон инқироз Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказишини айтиб ўтди. Аммо, биродар, бир нарсани ангнлашингизни истардим, яъни президентнинг гапини айнан тушунмаслик керак.

Унутманг сўнгги кунларга қадар Ўзбекистон ҳукумати айтиб келган ягона таъкид, бу инқироз Ўзбекистонга таъсир қилмаслиги ҳақда бўлди, тўғрими? Аммо Вазирлар маҳкамасидаги йиғилиш пайти эса аксинча, таъсир этишини айтди.Нега бундай деди, агар йиғилишни диққат билан кузатган бўлсангиз, Каримов бу йил Ўзбекистонга нечаям миллиард долларлик сармоя киритилишини ваъда қилди. Бу билан президент йиғилганларга ишора қилдики, сармоядан умид қилмаларинг, у оила улуши, зеро бу йил инқироз Ўзбекистонга ҳам таъсир қилади, демак тегишли чоралар кўрилиши зарур, демоқчи бўлди.

Мамлакат аслида 20 йилдан буён инқироз ичида яшайди, унга шу қадар кўникиб кетганки, янгиси келиб қўшиладими йўқми деярли фарқи йўқ. Масалан бир ойда бир марта аранг гўшт ейдиган оилалар учун инқирознинг оғир енгиллигининг фарқи йўқда. Барибир ўша ҳаммом, ўша тоз. Нега Ўзбекистон катталари инқирознинг аёнлигини била туриб ҳам деярли қимирламаётганига келсак, бу борада реал ишлаб турган механизм бор ва амалдорлар айни механизм туфайли вазиятни ўнглашга умид қилишмоқда. Қандай механизм дейсизми? Жуда ҳам оддий, ҳамма жойда ишчилар сони қисқартирилса, бизда аҳоли сони қисқартирилади, бошқа жойларда ишлаб чиқариш ҳажми камайтирилса, бизда туғилиш камайтирилади, бўлди.

Ахир ейман дегувчи қанча кам бўлса инқироз шунча енгил ўтишини истаган иқтисодчи сизга исботлаб бериши аёнку. Энди сизнинг энг кам иш ҳақи ҳақидаги рақамларингизга тўхталсам. Аввало,биродар сиз бироз адашган кўринасиз, сиз кўрсатган рақам Ўзбекистонда энг баланд иш ҳақи ҳисобланади. Ҳар қалай шунга яқинроқ. Агар энг кам иш ҳақи сиз кўрсатган миқдорда бўлганида маҳаллий халқ аллақачон уйларига ИАКнинг портретларини осиб қўйган ва фарзандларга “бу бизнинг ҳалоскоримиз”, деб насиҳат қилаётган бўларди. Расмий рақамлар билан ҳақиқий рақамлар орасидаги фарқни билволиш керак. Зеро Ўзбекистонда оғиздаги билан амалдаги ўртасида худди Париждан Америкагача бўлган масофачалик фарқ бор.

Кейинги фикрингизни айнан келтираман.

“Kopchilkda vahima, hamma erda mish-mish gap. Chunki ozingizga malum, agar biron ogir ahvol, eki emon hodisa haqida ochiq oydin gapirilsa (mayli edi huddi RF eki Qz kabi,yarimini berkitib gapirishsa ham!) odamlar unchalik vahima qilishmaydi. Lekin specialno ana shu tema haqida HECH NARSA gapirilmasa unda odamlar ichida vahima boshlanadi.Demak nimanidir berkitishayapti, demak ahvol judayam chatoq! Lekin bechoralar bilishmaydiki hali eng emoni oldinda”.

Биродар, яна қайтараман ўзбеклар 20 йилдан бери ваҳима ичида яшайди, улар учун янги, бўлиши мумкин, эҳтимолий ваҳима у қадар қўрқинчли эмас. Аксинча ҳаммаси зўр бўлиб кетса ташвиш уйғотиши мумкин, нега энди бундай бўлди экан, деб. Ҳатто ваҳимага ҳам кўникиш мумкинлигини биз исботлаб бўлдик, ваҳима бизда ҳатто ҳислат даражасига кўтарилиб улгурди. Ҳеч нарса гапирилмаганига келсак, унга ҳам 20 йил тўлди, биз йигирма йилдан бери ҳеч нарса гапирмаймиз, ҳукумат ҳам бундан ҳурсанд, халқ ҳам. Ўзига хос келишувда бу. Гапирмаслик ҳам бизда ҳислат даражасига етди. Қайтанига биров гапириб юборса, бўлиб ҳам ҳўв минбардан туриб, у ҳолда ваҳимани кўраверинг…

Кейинги гапларингиз бироз антиқа кўринди, яъни унга кўра, Россия ТВларини кузатиб бораётган ўзбеклар Путин билан Медведевнинг башоратларига ишониб инқироз 2009 йил сўнгида тугайди, деб хурсанд юрипти, аслида эса у нақ 2011-2012 йилгача давом этади ва шундан сўнг 2-3 йилга чўзиладиган кўтарилиш даври бошланади ва унинг ўрталарига бориб Россия ва Қозоғистон яна бизнинг ўзбек гастарбайтерларига эҳтиёж сеза бошлайди. Бунингизни ўзига хос ҳушхабар деб қабул қилишим керак чоғи, негаки биз гастарбайтерликсиз кун кўраолмаймиз, бу ерда, ўз уйимизда текинга уриб-тепганларидан кўра, ўзга юртда пулга урганлари маъқулроқда тўғрими? Бу маънода гапингиз афтидан тўғри.

Аммо бу ҳам баҳсталаб иддаолар. Биринчидан, инқироз борасида ташвишланувчи қатлам Ўзбекистонда у қадар катта қатламни ташкил этмайди, ва уларнинг аксари маълум аъзолари билан (ёки бошқа жойлари билан) ҳукумат теппасидаги раҳнамоларига эга. Демак, бундай қатлам зинҳор Россия ТВси орқали чиқиш қилаётган Путин ёки Медведев, ҳатто Қудрин пудринларга эмас, давлат теппасида ўтирган раҳнамоларининг маълумотларига суянади. Ахир қайси раҳнамо ўзининг боқувчисини йўқотишни хоҳлайди. Қолаверса бу қатлам асосий қатламни ташкил этувчи 20 йилдан буён инқироз ичидаги халқдан шу қадар аниқ равшан ажралиб олганки, натижада уларни инқироз унчалик ташвишга қўймайди. Шу маънода анави маълумотларингиз бироз адашдир.

Энди сиз башорат қилган кўтарилиш пайтида ўзбек мардикорларига эҳтиёж пайдо бўлиши туфайли, юзага келувчи вазият ҳақидаги таҳминларингизга келсак. Таҳминларингизни айнан келтираман. “Ana shunda yana uzbekistonlik ishchilar bu davlatlarga ishga borib, Uz ga bak orqalik milliardlab dollar pulni uborib, yana Uz ichidagi haetni gullatib uborishadi”. Қизиқ, мен сиз айтмоқчи “гастер”лар юборган пуллар эвазига “Ўзб”даги ҳаёт гуллаб кетганини ҳеч кўрмаган эканман. Аслида бу кўрсаткич ҳам бироз кўзбўяш учун чиқарилган. Яъни мардикорлар уйига жўнатаётган пуллар бир неча миллионларни ташкил этишию, бу пуллар эвазига улар ҳашаматли ҳаётни таъминлаши ҳақидаги чўпчакларни назарда тутябман.

Тўғри ташқарида юрган беш миллионга яқин юртдошимизнинг ҳар бири 1 рублдан жўнатган тақдирида ҳам кўпмас-каммас нақ беш миллион рубл келаётган бўлади, аммо ўша беш миллион етиб келадиган жойда яна 27 миллион оч ўтирипти ва ишонинг беш миллиондан келган рубл йигирма етти миллион тарафидан икки секунда еб тугатилади, так что гуллаб яшнаш масаласи тоза баҳсли масала. Қолаверса миллионлар ҳар ойда эмас, бир йилда умумий ҳисобда, ёки бир неча ойда умумий ҳисобда шундай бўлиши мумкин. Ҳатто шундай бўлганда ҳам, айтайлик битта хонадонда иккита фарзанд бор дейлик, ундан ташқари шўрлик гастарбайтернинг узоқ-яқин қариндошлари бор, оиласи ҳар ойда тўлайдиган тўловлар, кундалик ҳаражатлар… йўқ, гуллатиб юбориш учун шўрликлар ойига миллион рубл жўнатса ҳам етмайди…

“Qishloq hojaligi umuman batrak-mulkdor hojaligiga aylantirilib bolgan bolsa. Ishlaetgan zavod eki fabrikaning ozi bolmasa, ayrim mayda cehlardan tashqari. Hullas korinib turibdi, IAK ka baribir. Menimcha bilib turibdi, bu krizisning ohirigacha etib borishiga kozi etmaydi ozining)))”. Майда цехлар ҳам аслида улкан ютуқ биродар, мен бирорта қишлоқда ундай цехларни ҳали учратганим йўқ. Аммо кимдир фалон фермернинг даласидаги бегана ўтни тўрт-беш мингга ўриб беришини кўрдим, экканини ойига уч-тўрт минга қўриқлаб беришини кўрдим. Фермер ҳаддидан ошгани учун эмас, шўрликларга қандай ёрдам қилишни билмагани учун шуларга рози бўлади. Ундан ташқари, ИАКнинг инқироз сўнгигача бор ёки йўқлиги борасида, Хурмат Бобожоннинг умид ила қилган башоратига таянсак, сизу биз унинг охирига етмаслигимиз мумкин, аммо сиз назарда тутган етади, ҳатто ўтиб ҳам кетади.

Биродар сўнгги фикрларингизни ҳам айнан келтираман, зеро жавобимнинг оҳанги ўзгариши сабабини ўқувчи ҳам билсин. Унда сиз халққа нисбатан бироз туҳматнамо гап қилиб қўйгансиз. “Hayronman bitta narsaga. Ahir eng ahmoq ehskka ham aen bolishi kerak, Oyni etak bilan epib bolmagani kabi, 27 mln haolini qashshoqlikda saqlab bolmaydi uzoq vaqt.Albatta bu omma bir kun kelib norozilik bildiradi.Lekin civil norozilik yollariga organmagan, namoyish, mitinglarga chiqib kormagan omma albatta oz noroziligini evvoyi sifatda namoyish etadi.Yani miting qilish chetta qolib, omma “boylarni ur!uyini eq!bolalarini tepkila!” degandaqa ish qiladi.Bunga tarihda juda kop misollar bor”.

Биродар кечирасиз, сиз назарда тутган халқ ёввойи эмас, у тўгри келганни ур, ёқ дегувчи ҳам эмас, умуман унда бунақанги жоҳиллик аломатлари йўқ. Гарчи баъзан бунинг бўлиши фойдали бўлса ҳам. Шунинг учун ундан бундай ҳаракатларни кутиш ёки унга шундай тамғани босиш нотўғри. Халқ сиз ўйлагандан кўра анча тарбияли. Агар сиз айтгандай ёввойи бўлганида Андижонда ўша тунда ўнлаб уйлар ёнган, минглаб одамлар тепкига учраган бўларди. Ахир ундай бўлмади. 90-чи йиллар бошларидаги йирик йиғинлар пайти ҳам ундай бўлмади. Аммо ҳукумат айғоқчилари аралашган пайтларда шунга яқинроқ нималардир бўлгани аниқ. Хуллас халқнинг ўзида бундай қобилият йўқ. Энди чиқишга келсак, бу ҳам адаш таҳмин, чиқса шу пайтгача чиқарди. Назаримда сиз бу халқ ҳақида ўзингиз ҳам теккис қарашга эга эмассиз…

Ва ниҳоят сўнгги фикрингиз, “Hullas hayronman, umuman ahmoq ekan IAK ni enidagilari. IAKku ozi qarib , eshini yashab boldi.Lekin enidagi aenlari ham birontasi unga “maslahat” bergisi yoqmi? Eki hammasi chet ellarda “aerodromlar” tayerlab qoyishganmi? Nimanidir sezib qolishsa darhol qochishadimi?Ulgurihsadimikan? Bunga siz nima deysiz?”.

Менинг фикримча, ҳозирча сиз назарда тутганлар қочишни ўйлаётгани йўқ, зеро бугунга қадар улар эмас, кўпроқ бизлар қочяпмиз. Қочгач эса бошқаларни ҳам шунга даъват қиляпмиз, қочмай қолганлардан ҳатто ўч олябмиз, алланималарда айблаб. Бу маълум маънода қочганимизни оқлашга уриниш бўлса керак. Демак, уларда, ўша ИАК ён атрофидагиларида қочиш масаласи кўндаланг тургани йўқ ва туришига ҳали, назаримда узоқ йиллар бор. ИАК ҳам у қадар аҳмоқ эмас, у ўз қадамини ўйлаб босяпти, биздан фарқли. Унинг ҳатто душмани аниқ, биздан фарқли. Агар зарурат туғилса кетишларига келсак, ишонинг улгуришади, улгуришяпти ҳам. Биз уларни қувиб ҳам ўтирмаймиз, зеро агар уларда кетиш хоҳиши пайдо бўлиб қолса, худо ҳаққи мусиқа билан кузатиб қўямиз, қайтиб келишмаса бўлгани…

Самимий ҳурмат билан Нидои Мазлум.

Leave a comment