Тошкент русча гапирмоқда

iak1Ислом Каримовнинг туғилган куни олдидан уни қутлагани Медведев  келмоқда. Шунинг учун бўлса керак Тошкент жон куйдириб русча гапирмоқда.

Маълумки,  Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки даврда — Москва билан муносабатлар ёмонлашган пайтда  рус тилига эътибор сусайтгандек бўлганди. Гарчи давлат раҳбаридан тортиб вазирларгача — республиканинг казо-казо мансабдорлари мазкур тилни она тилидан ҳам яхшироқ билса-да, гўёки миллатпарварлик мақсадида ўзбек тили мавқеини оширишга ҳаракат қилишганди. Шу йўлда номига давлат тили тўғрисида қонун қабул қилинди, ҳукумат идораларида иш юритиш ўзбек тилидаги олиб борилиши борасида тартиб-қоидалар жорий этилди.

Бироқ бу ҳақиқий маънода ўзбек тилини давлат тили даражасида кўтариш йўлидаги ҳаракат бўлмай, бор-йўғи Россияга жаҳл қилиб, ўзини кўрсатиш учун қилинган уриниш эди. Чунки ўзбек тили давлат тили бўлсин дея кўксига ураётган раҳбарларнинг ўзи шу тилда тузук-қуруқ гапиролмас, ҳаттоки оиласида ҳам катта оғалар тилида сўзларди. Энг ёмони, она тили учун курашаётган “фидойи”ларнинг ўзи фарзандлари тилини ҳам рус забонида чиқишига ўлиб-тирилиб уринарди. Аҳвол мана шундай бўлгач, давлат тили тўғрисидаги ёлғон иддаою сохта чақириқлар ҳам қумга сингиган сувдек ҳеч бир натижасиз бўлиб чиқди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудидаги рус тили аҳволини гапирмаса ҳам бўлади, ўрта таълим тизими ўта ривожланиб кетганидан вилоятларда яшовчи аҳоли рус тилида “да”, “нет”дан нарига ўтмайди. Тошкентга эса рус тилини билиш борасида тараф йўқ. Аксарият пойтахт аҳолиси вилоятда юртдошлар айбини ювиш учун бўлса керак, рус тилини ўзбек тилидан-да пухтароқ ўзлаштириб юборган. Ўзларини маданиятли, “цивилизованный” ҳисобловчи бу тоифа ҳатто она тилида гапиришни ор деб ҳам билади.

Энг ёмони, ўз она тилидан юз ўгириб, бегона тилларни афзал билаётган кишилар оддий, оми одамлар эмас. Уларнинг бари ўзини интеллегенция деб ҳисобловчи тоифа — олимлар, шифокорлар, ижодкорлар, яна қанча-қанча замонавий касб эгалари.

Ҳукумат миқёсида катта-катта лавозимларни эгаллаган арбобларнинг оиласи ҳақида-ку гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ўзбек эканидан номус қиладиган бундай оилаларда чақалоқларнинг тили “мама”, ”папа” деб чиқади.

Агар оддий билимсиз одам бирор бир номаъқулчилик қилса, ҳа тушунмадагандир-да, ақлини таниб хатосини тўғрилар деб уни кечириш мумкиндир балки. Бироқ оқу қорани таниган, миллатга намуна бўладиган кишилар — зиёлилару катта амалдорларнинг бу тариқа ўз она тилидан воз кечаётгани оддий аҳоли учун ”беқиёс ибрат” намунаси бўляпти.

Албатта, давлат раҳбари иштирок этадиган катта тадбирлару ва қабул маросимлари ҳам рус тилида ўтган бир шароитда давлат тилини мавқеини ошириш борасида гапириш бироз ноқулайлик туғдирида кишида. Чунки катта раҳбарнинг ўзи бегона забонда гапириб тургач, бошқалардан она тилини талаб қилиш ҳам мантиқсиз туюлади.

Бу ўринда гарчи сийқаси чиқиб кетган бўлса-да, медалнинг ҳам икки томони бор деган матални эслаб ўтиш ўринлидек. Тан олиш керак, рус тили жаҳон тан олган нуфузли тил. Уни ўрганиш, уни билиш жаҳонга чиқиш учун кўприк, восита саналади. Ўзбекистонда ўтган асрда яратилган катта-катта илмий ва бадиий асарларнинг аксарияти ҳам рус тилида. Қолаверса, айни пайтда дунё миқёсида қилинаётган жиддий, тишга ботадиган тадқиқотлар ҳам рус забонида.

Бундан ташқари, жаҳон тили сифатида рус тили ўзбеклар учун хорижда энг асосий мулоқот тили ҳисобланади. Агар Қозоғистонга бориб ўзбек тилида гапирсангиз, қўшни биродарлар тушунса ҳам тушунмасликка олади: қоидаси шунақа. Агар Қирғизистонга бориб она тилингизда нимадир гапиринг, рус тилида фикрингизни тушунтириб беришингизни талаб қилишади. Шундай бўлгач, Ўзбекистон рус тилисиз бир қадам олдинга юролмаслигини ҳам тан олиш зарур.

Ўзбекистонда рус тилининг ҳаддан зиёд илдиз отиб кетгани ҳақида гапирганда, одамлар фақат ўзбек тилини билсин, рус забонини унутсин демоқчи эмасмиз. Фақат айтмоқчи бўлганимиз рус тилини ўрганаётган, маданиятли бўлишга уринаётган ўзбеклар ўз она тилини ҳам унутмасин.

Ҳозирги кишилар табиатида ғалати одат бор: ўзларини маданиятли кўрсатиш учун бўлар-бўлмасга рус тилида гапиришга уринишади. Балки бу ҳаракат замирида ҳам недир биз англамаган ҳикмат бордир. Бироқ ўз она тилини билмаган манқурт қандай қилиб маданиятга даъво қилиши мумкин?!

Шу кунларда Тошкент русча гапирмоқда. Медведев келиб кетгандан кейин нима бўлади, у томони Худога, э, кечирасиз ўзини худо деб билган юртбошига боғлиқ.


О. Азизов.


Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

One Response to Тошкент русча гапирмоқда

  1. golib says:

    Yashshang!!! 100% tug’ri fikrlar, rahmat!

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s