“Бирлик” халқ ҳаракати асосчиси, таниқли ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан шаънига “Понауз.инфо” сайтида тарқатилаётган машъум ҳақоратлар айни пайтда хорижда яшаётган мухолифат фаолларида турли фикрлар уйғотмоқда. Кеча бир гуруҳ фаоллар интернет конференцияга йиғилиб айни ҳолатга нисбатан ўз муносабатларини билдиришди.
Ёдгор Обид, “Бирлик” ҳалқ ҳаракати фаоли, шоир, Австрия:
-Ўзбекистонда мухолифатнинг пайдо бўлиши ва шаклланишида Дадахон Ҳасан, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлат, Жаҳонгир Муҳаммад ва бошқаларнинг катта хизматлари бор. Ҳеч ким ва ҳеч қачон бу ҳақиқатдан кўз юммаслиги керак. Лидерлар ўртасидаги келишмовчиликлар эса бор гап, уларни ўзаро яраштириш ва муросага келтириш бугунги кунда осон иш эмас. Бугунги кунда Дадахон Ҳасан шаънига айтилаётган ҳақоратлар мени ҳам қаттиқ ранжитмоқда. Бировни кўнглига қаттиқ ботадиган гап айтиш яхшиликка олиб келмайди. Уларни ўртасига бошқа кишилар низо солишмоқда ва бундан манфаатдор гуруҳлар бўлиши табиий. Бўлаётган гап сўзлар 90 йилларда пайдо бўлган мухолифат билан ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Барча умидимиз ёшлардан. . Бундан кейин тўғри маънодаги мухолифат пайдо бўлиши керак. Ўзаро гина -кудуратларга чек қўйиш керак.
Исмоил Дадажонов, “Бирлик” партияси раиси ўринбосари, Ўзбекистон Демократик Кучлар Форуми раиси, Швеция:
-Юқорида санаб ўтган кишиларингизни ва жумладан бизни ҳам мухолифатга озми кўпми хизматимиз бор. Улар бизни устозларимиз, лидерларимиз. Улар ўз даврларида катта хизмат қилишди. Буни тан оламиз. Энди ўзаро жанжаллар ҳақида. Мен Муҳаммад Солиҳдан кўра Дадахон акага кўпроқ ён босиб гапираман, чунки у киши мени устозим. У киши ватанда туриб хизмат қилаётгани учун ҳам ҳурмат қилишимиз керак. Бошида Дадахон ака мухбир саволларига жавоб берди. Бу жавобларда айтилган фикрлар Дадахон акада кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. 90 йиллар бошидан буён бу каби гапларни эшитиб келамиз. Айни шу фикрларни Дадахон ака мени ўғлимни тўйида ҳам айтган эдилар ва бу айтилган гапларнинг барчаси тўғри аслида… Мана ўша мақоладаги бир эпизодга эътибор қаратсак. Мен биринчи президентлик сайлови пайтида Муҳаммад Солиҳни Фарғонадаги ишончли вакили эдим. Мингдан ошиқ одамлар йиғилиб турганимизда Солиҳ бир соат кечикиб келди. Бир одам унга “Агар сиз президент бўлсангиз мактабларда диний дарс ўқитасизми? Ўзингизни ибодатингиз борми?” деб сўради. Солиҳ унга жавобан “Йўқ, мактабда дин дарси ўқитилмайди”, деди. Бу гапни эшитган кўп одамлар йиғилишдан чиқиб кетишди. Ўшанда мен Солиҳ акага дакки берган эдим.
Ёдгор Обид:
-Исмоилжон, Сиз ҳам мухолифат лидерларидан бирисиз. Мухолифат фаолиятида сизни Абдураҳимлардан кўп хизматингиз бор. Ўша пайтдаги фаолларимиздан кўпчилиги оламдан ўтиб кетишди. Биз мухолифатга кириб келган йиллари мухолифат эндигина шаклланаётган илк даврлар эди. Изланишлар даври эди. У даврда ҳамма ҳам хато қилиши мумкин эди. Ишлаган одам хато қилади-да. Айниқса уйғониш даврида. Кимдир бу йўл тўғри деган, бошқа биров у йўлни тўғри деб билган. Албатта, ўша даврдаги мухолифатни хизматларини эътироф этган ҳолда камчиликларини ҳам айтишимиз керак. Ўз хато камчиликларини эшитган одам бундан хафа бўлмаслиги керак. Балки Дадахонни фикрларида камчиликлар бордир! Лекин уни дастлабки йилларда қилган хизматлари жуда ҳам катта эканлигини тан олишимиз керак. Бунинг учун бировни устун қўйиб бошқани пастга уриш яхши эмас. “Бирлик”ни дастлабки митингларида Дадахон қўшиқ айтиб минглаб одамларни майдонга олиб кирган. У миллатимизни уйғонишга ундовчи жанговор қўшиқлар айтди. Ҳозир ҳам айтмоқда. Уни Муҳаммад Солиҳ билан ўртасини бузишга интилаётган, оловга керосин сепаётган шахслар борлиги очиқ кўриниб турибди. Бу жанжалларга шунақа одамлар кўпроқ айбдор аслида.
Улуғбек Ҳайдаров, мустақил журналист, Канада:
-Дадахон Ҳасанни ҳақоратлайдиган мақола ва изоҳлар учун албатта интернет саҳифалар муҳаррирлари масъул. Агар мен муҳаррир бўлганимда бунақа ҳақоратларга йўл қўймаган бўлардим. Лидерлар ўртасида муаммо бўлса марҳамат қилиб уни ўзларига айтиши мумкин, халққа дастурхон қилиш кимга керак? Менимча бу каби ишлар атайин, мухолифатни ўртасини бузиш учун қилинаяпти.
Матлуба Азаматова, Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари, Швеция:
-Дадахон акани Муҳаммад Солиҳга қарши ёзган мақоласини ўқиб, бу гапларни бошқа киши ёзмаганмикан деб ўйлаб қолдим. Дадахон ака бизга ўхшаб тинч ва осойишта жойда эмас мамлакат ичкарисида яшамоқдалар. Ҳамма сукут сақлаб турганда Дадахон ака Андижон қатлиоми ҳақида қўрқмай қўшиқ айтиб чиқдилар. Ахир бу чинаккам қаҳрамонлик-ку! Шундан сўнг у кишини терговга тортилганликлари ва шартли жазо олганликларини биламиз. Ва булар бежизга эмас. У кишини ҳам тушунишимиз керак. Мана Умида Ниёзова ҳам бошқаларни айблаб ёки фош этиб қамоқдан чиқди. Уни ҳеч ким айблаётгани йўқ-ку! Ҳукм чиқришга шошилмаслигимиз керак. Ҳамма қўрқиб инига кириб кетган вақтда ҳам Дадахон ака қўрқмай бош кўтариб чиққан вақтларни унутмайлик.
Исмоил Дадажонов:
-Мен Пона уз.да бир изоҳни ўқиб қолдим. Айтишга уяладиган уятсиз гаплар. Жуда ҳам чегарадан чиқиб кетилган. Умуман бу каби ҳақоратлар ва фисқу фасодлар бошида ким турибди? Икром Ёқубов деган бола турибдими ёки бошқа кишими? Икромнинг ўзи “бир мақола ёзувдим, Солиҳ ака кўриб чиқаргани қўйдирмадилар” деяпти. Демак, ҳар бир мақола Солиҳ акани рухсати билан чиқар эканда. Пешонасига “Ўзбек мухолифати сайти” деб ёзиб қўйилган бу саҳифада Икром Ёқубов одамларни қуролли қўзғолонга даъват этмоқда. Ўзини эса қийноқларни бошида турганини ва мухолифатга қарши курашганини очиқ ёзмоқда. Мухолифатни кўзга кўринган вакилларини ҳақоратлайди. Умуман бу бола ким ўзи? Қаердан пайдо бўлди? Унга ким изн бериб қўйибди? Мухолифатга тамал тоши қўйган фахрийларимизни ҳақорат қилишга ёки улар ҳақида фикр билдиришга маънавий ҳаққи борми уни?
Улуғбек Ҳайдаров:
-Менимча у мухолифатни ичдан парчалаб ташлаш учун атайин юборилган одам бўлса керак. Пона уз.дагилар эса бунга эътибор беришмаяпти. У одамларни ҳиссиётига таъсир қиладиган сўзлар ва ибораларни ишлатиб ўз вазифасини жуда яхши уддаламоқда.
Бизни одамларимиз эса миш-мишларга ўч. Кўпчилик бу сайтга изоҳларни ўқиш учун киради.
Ёдгор Обид:
-Мени назаримда ҳам шунақага ўхшаяпти. Умуман эси бор одам буни ўйлаб кўриши керак эди. Уни бу ишларга аралашишига, бунақа гаплар қилишига маънавий ҳаққи йўқ эди. Буни бошқалар ҳам ўйлаб кўриши керак эди.
Холдор Вулқон, шоир, Канада:
-Мен юқорида айтилган фикрларни ўзимча таҳлил қилиб шундай хулосага келдим. Исмоил ака ва Ёдгор акаларни фикрларига қўшиламан.Мухолифат ичида парокандалик ҳамон давом этаяпти. Бу ишларни кимдир режа асосида амалга оширмоқда. Аввало айғоқчи ва жосусга ишониб бўлмаслиги ҳаммамизга маълум. Эски замонларда Амир Темур бобомиз каби ақлли ҳукмдорлар бир сотқин одам ўз ҳукмдорини сотиб душмани олдига келса, “Сен ҳукмдорингни сотдинг, бизни ҳам сотасан”, деб уни ўлдиришар экан. Ҳозирги даврда ҳам бу жосусга (агар у ҳақиқатдан жосус бўлса) ишониб бўлармикан?
Нуриддин Низомиддин, “Уйғон Ўзбекистон” Демократик Ёшлар Ҳаракати ташаббус кенгаши раиси, Ҳолландия:
-Дадахон акани ҳақоратланишига ким томошабин бўлиб туради? Биз ёшлар бу улуғ инсон шаъни ва қадр қиммати учун жонимизни ҳам беришга тайёрмиз. Чунки, Дадахон Ҳасан ўзбек халқининг улуғ устунларидан бириндир. У нафақат тарқоқ мухолифатни, балки ўзбек халқининг дарғаси, машъаласидир. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Дадахон ака Солиҳ жаноблари ҳақидаги ўз фикрларини бироз очиқ ва қўполроқ тарзда бўлса ҳам билдирди. Бунинг учун у кишини хоин, жосус ва отарчига чиқариб ҳақорат қилиш керакми? Албатта Солиҳ акани ўзбек мухолифати шаклланишига ва халқимизнинг сиёсий онгини уйғонишига жуда катта хизматлари бор. Бу эса Дадахон акани пастга уриш, камситиш ва ҳақоратлашга имкон бермайди-ку! Энг ажабланарлиси барча ҳақоратлар айнан Дадахон акани Солиҳ акага қарши ёзган мақоласидан сўнг бошланди ва бу ҳақоратлар Солиҳ акага тарафдор бўлган Қудрат Бобожоннинг сайтида авжига чиқмоқда. Қудрат акада фаҳм-фаросат йўқ экан, бу ҳақоратларни тўхтат деб Солиҳ ака бир оғиз айтса бўлади-ку!
Юсуф Расул, журналист, “Янги Дунё” интернет нашри асосчиси:
-”Понауз.инфо” да чиқаётган мақола ва изоҳларга Солиҳ аканинг алоқаси борлигига ишонмайман. Олдинги йилларда биз Қудрат ака билан ташкил қилган “Исёнкор” сайтида ҳам шунақа ҳақоратли изоҳларни кўп ёзишарди. Уларни назорат қилиш қийин эди. Охири муҳаррир кўригидан сўнг изоҳларни сайтда кўринадиган қилиб қўйдик ва бу каби ҳақоратларга чек қўйилди. Ўшанда Солиҳ аканинг ўзи менга телефон қилиб ёки учрашганимизда “Исёнкор” даги изоҳларга ва чиқаётган мақолаларга эътиборли бўлишимиз кераклигини , ҳаммани ҳам камчилиги бўлиши табиийлиги ва бу ҳақда маданият билан ёзиш мумкинлигини айтар эдилар. Ҳозир “Янги Дунё”да ҳам изоҳлар албатта муҳаррир кўригидан ўтгач сайтда кўринади. Бошқаларни шахсига тегадиган ва ҳақоратли сўзларга ўрин берилмайди. “Понауз.инфо” сайти Қудрат Бобожонов номига расмийлаштирилган. Демак, барча масъулият Қудрат аканинг зиммасида. Мени билишимча бу сайтга модераторлик унвони бир йўла тўрт ёки беш кишига бериб қўйилган. Улар орасида “Озодлик” радиоси мухбири Шуҳрат Бобожонов ҳам бор. Ака -ука Бобожоновлар барча куч ва имкониятларини Солиҳ акани ҳимоя қилишга сафарбар этишлари барчага маълум. Албатта Муҳаммад Солиҳдек улуғ инсонни биз барчамиз ҳурмат қиламиз. Лекин миллатимизнинг бир устунини кўр кўрона ҳимоя қиламан деб бошқа бир улуғ замондошимизни лойга белаш кимга керак? Ака- ука Бобожоновлар наҳотки шу оддий ҳақиқатни тушунишмаса?! Бу билан Солиҳ жанобларининг обрў эътибори ошиб қолади деб ўйлашса керакда. Афсуски улар чучварани хом вақтида санашмоқда. Бу каби чиқишлар Дадахон акага нисбатан халқимиз ва жамиийки миллатдошларимиз ҳурмати ва эътиборини оширмоқда ва у кишини ҳимоясига турадиган кишилар борган сари кўпаймоқда.
Исмоил Дадажанов:
-Бу сайтни Дадахон ака шаънига айтилган ҳақоратлар учун судга бериш мумкин. Сайт кимни номига рўйхатга олинган бўлса ўша жавоб беради.
Тўлқин Қораев, мустақил журналист, Швеция:
-Шу ўринда матбуот эркинлиги ҳақида унутмаслик керак. Сайтда кимнидир кимдир ҳақорат қилаётган экан, бунинг учун Қудрат айбдор эмас-ку!
Нуриддин Низом:
-Бировни ҳақорат қилиш, шахсига тегиш ва туҳмат уюштириш матбуот эркинлиги эмас.
Дадахон ака ҳақидаги аксарият мақолалар ҳақоратга тўла. Оғзидан она сути кетмаган мишиқилар Дадахон акани отарчи, Дадахон, хоин дея ҳақорат қилиб ётса бунга қандай чидаб туриш мумкин?
Юсуф Расул:
-Матбуот ва сўз эркинлиги демократиянинг асосларидан биридир. Ҳар қандай демократик жамиятда журналистика ахлоқига қатъий риоя қилинади. Бошқаларни шахсиятига тегиш ва ҳақоратлаганлик учун жавобгарлик бор. Ўзбекистонда мавжуд сиёсий режимнинг жуда қаттиқлиги сабаб деярли барча мухолифат аъзолари кучли назорат остида яшаб келишади. Бунинг учун барча мухолифатчиларни хоин, жосусга чиқариш адолатдан эмас. Масаланинг бошқа томони ва менга ажабланарли кўринган жойи – ким Муҳаммад Солиҳни танқид қилса дарров хоин ва жосусга чиқиб қолади ёки МХХ қулоқлари рўйхатига киритилади. Ким мақтаса -ватанпарвар ва қаҳрамон. Шу пайтгача бу каби гапларни Абдураҳим Пўлатов ва Жаҳонгир Маматовлар шахсиятига нисбатан қўллаб келишарди ва бу қарашни одамлар онгига усталик билан сингдиришга ҳаракат қилишарди. Бугун эса Икром Ёқубов деган ном остида одамлар онгига Дадахон Ҳасан ҳақида шундай тасаввурни сингдиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу амаллар жуда ҳам усталик билан амалга оширилаётганини ҳамма ҳам англаб етмайди. Менга қизиқ туюлган томони бу каби аксар мақолалар фақат бир ёки икки қўлдан чиқаётгани услуб жиҳатдан очиқ кўриниб турсада турли номлар остида эълон қилинади. Бунга етарлича исбот ва далиллар келтиришим мумкин. Вақт ўтган сари тарихнинг биз билмайдиган қоронғу бурчаклари ёришиб бормоқда Ўтмишда халқимиз ва мамлакатимиз учун ким қандай хайрли иш қилган бўлса бир кун келиб унинг хизматлари ҳақиқий ва рост тарих саҳифаларидан ўрин олади. Бугун яратилаётган қўлбола ва ноаниқ, тасқара тарих келажакда унутилиб кетиши мумкин.
Исмоил Дадажонов:
-Аста -секин кўп ёшлар мухолифатга кириб келмоқда. Улар эстафедани ўз қўлларига олишлари керак. Бизни олдинги шижоатимиз тобора сўниб бормоқда. Бизни вақтимиз ўтди, бундан кейин қанча ҳаракат қилмайлик барибир ёшларчалик иш қила олмаймиз. Лекин афсуски аксар мухолифатдаги партияларда ёшларга ўрин берилмаяпти. “Уйғон Ўзбекистон” демократик ёшлар ҳаракатини ёшларни сиёсий курашга жалб этиш мақсадида ташкил этганмиз. Энди умидимиз шулардан. Энди ёшлар масъулиятни ҳис қилишлари керак. Уларнинг даври келди. Бугун интернет орқали бўлаётган турли гап сўзлар ва тортишувлар 90 йилларда пайдо бўлган мухолифатни боши бирикмаслиги ва умри тугаганини кўрсатмоқда холос.
ТУРОНЗАМИНДАН: Биз ҳам айтилган баъзи фикрларга қўшилганимиз учун ушбуни тўлиқ кўчириб босмоқдамиз. Ўзбек мухолифатини пароканда қилган нарса постингларда исмсиз равишда ёзилган ҳақораталар бўлгани учун ҳам биз буни назоратга олганмиз. Баъзилар бунинг учун бизни ҳар қанча сўкишса ҳам бунга йўл бермай келаётирмиз. Чунки бундай жойлардан усталик билан фойдланадиган ҳукуматнинг жосуслари бўлади.
Ким мард бўлса, Дадахон Ҳасан каби ўз номи билан ўз фикрини очиқ ёзиши керак ва буни тоқат билан эшитиб, тоқат билан жавоб бериш лозим.
Дадахон аканинг мақолаларига келсак, бу мақолалар биздан олдин бошқа сайтларга юборилган ва эълон қилинмагани учун, биз давримизнинг улуғ инсонига мақолаларини “Туронзамин”да босиш илтимосини рад этмадик. Рад эта олмасдик ҳам. Чунки у киши ДЎКнинг илк аъзоларидандир. (Ёзганларини таҳрирсиз эълон қилишимизни ўзлари талаб қилганлар). Қолаверса, у кишининг айтганлари дарёдан томчи ва тарихни билишимизда жуда муҳимдир.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Shu kunning gaplari, Uzbek |
Leave a Reply