Ғарб, Шарқ, Европа, мухолифат, ҳукумат ва шахсан ўзимиз ҳақда

adabiyotБир ақлли инсон кечки тамакисини тутатгани кўчага чиққан пайт, менга йўлиқиб қолиб айтганидай, анчайин қизиқ даврни яшаб ўтмоқдамиз. Унинг қизиқлиги шундаки, ҳамма гангиб қолган, қўйдай, билганини қилиб, қолганини илиб юрипти, буни бугуннинг энг зўр имконияти биляпти ва ҳаммаси гўёки ўхшаётгандай туюляпти. Қизиқ даврда…

Бир воқеага гувоҳ бўлиб қолдим. Уч-тўрт инсон, аллақандай ташкилот вакиллари экан, Олий суд биноси ёнида пикет ўтказди. Жуда ҳам қизиқ пикет, ушлаб олгани плокатларидаги ёзувлар ҳам қизиқ эди. Масалан бири, Қозоғистон суди томонидан жазога тортилган Алёна Миловиднаянинг иши Ўзбекистон Олий суди томонидан малакаланиб, қозоқ судьясининг ҳукми бекор қилинсин, деб талаб қилса, бошқаси АҚШ сенатори (исми бирнимаям эди), ирқчилиги учун сенаторликка номуносиб топилсин, деганди.

Жуда ҳам қизиқ пикет, тўғрими? Ўзимча бориб пикетчиларни гапга тутдим, дарҳол ёнимда икки-уч йигитлар пайдо бўлди, “кечирасиз, қаёқдансиз, ким бўласиз?”, деган саволлар билан. Қорақамиш даҳасиданман, исмим фалончи, анави дўкондан велосипед сотиб олмоқчи эдим, қиммат экан, қайтар пайт манавиларни кўриб қолдим, нимайди, дедим. Ҳаммасини ёзиб олгач, йигитлар зумда ғойиб бўлишди. Пикетчилардан, “АҚШ сенаторига бизнинг Олий суд ҳукм чиқара олар эканда а?” деб сўрадим. Қовоқларини осиб тескари қараб олишди. Тавба абсолютна нармалний савол бергандим, чоғи…

Сал туриб Олий суд биносидан уч-тўрт ходим чиқди, пикетчиларга “раис тушликка кетвотудила, сал четроққа ўтиб турила, илтимос, кейин давом этурасила”, дейишди. Пикетчилардан бири (афтидан гуруҳ бошлиғи шекилли), “тушлик бўлдими, у ҳолда биз ҳам тушлик қилиб келайлик, перерив”, деди. Плакатлар йиғилди ва ҳамма тушликка кетди, мен ҳам, уйимга кетдим. Кечга яқин участка нозиримиз келиб, анча вақт бошимни оғритди, “қайтиб унақа бемаза ишларга аралашманг” деди. Сўз бераман, деб қутилдим. Просто менга Олий суд қандай қилиб ирқчи сенатор масаласини кўриб чиқиши қизиқ эди…

Ундан ҳам қизиғи кейин бўлди. АҚШ элчихонаси олдида уч-тўрт одам пикет ўтказди “Биз Обама тарафдоримиз” деган мазмунда. Эртасига анави Интеркантинентал деган меҳмонхонанинг каттакон залида АҚШ президентлигига сайловлар юзасидан махсус тадбир ўтди, унда ҳам аксар қатнашчилар Обама ёки Маккейнга овоз беришлари керак бўлди. Овоз беришди ҳам. Бир муддат Ўзбекистон АҚШнинг 53 штати бўлиб туюлди. Ҳамма зал ичидагилар Обаманинг кичкинагина сиймоси муҳрланган тамғани кўкракларига тамғалаб олиб ғоз юрарди. Раҳмим келиб Маккейнни тамғалаб олдим, ҳатто бир-икки ҳунук қарашларга дуч келдим…

Ахир бу шанчаки ўйин чоғи, нега бу қадар қовоқ осиб қарайсиз деб сўрагандим, гап эшитдим, ўзбекчада. Эмишки Обаманинг сайланиши Ўзбекистон учун ҳам муҳим воқеа, чунки у демократлардан. Ўзбек демократлариданми, дедим жилмайиб, “ўринсиз ҳазил муҳтарам ўртоқ”, деган қўпол жавоб эшитдим. Ҳатто залнинг аксар қисми мен юрган томонга юрмайдиган, мен тўхтаган жойдан қочадиган, мен суратга тушмоқчи бўлсам қаршилик қиладиган бўлволди. Тавба, ўйиннинг қоидасини билмасам мен айбдорми, дедим элчихона вакилига. Мириқиб кулди, сўнгра эса эсдалик учун Обаманинг сурати муҳрланган блокнот берди…

Қизиқми? Футбол бўйича ўтган Европа чемпионлигига беллашув ёдингиздами? Турклар жамоаси нечта ғалаба қилган бўлса битта мен шўрлик кўчага отилиб чиқиб, уйимиз ёнидаги кафеда мириқиб Кока-кола ичиб қайтдим, ундан оғирроғини ошқозон кўтармайди, касалим бор. Аммо Россия терма жамоаси ғолиб келганида, Тошкентда чунонам тантаналар бўлди, ҳайрон қолибман, денг. Юзларини аллақандай рангларга бўяб олган ўзбек йигит-қизлари Россия байроғини силкитганича уч-тўртта машиналарда “биб-би-й-й-иб” деб роса кўчани бошига кўтарди. Айрим кафеларда ҳатто текинга Кока-кола тарқатишди, қизиғи кафе ўзбекларники, Россия фуқаролариники эмас.

Э ўша Россиянгизни, турклар ютганида байрам қилсак арзирди деб қўйиб, сал қолди муштумзўрлар нишонига айланишимга. Оқсоқолимиз ҳатто уч кун мен билан саломлашмади, ишхонадаги бойкотни-ку гапирмай қўяқолай. Бу қандай ўйин бўлганини ҳали ҳам тушуниб улгурганим йўқ. Айтишларича анави номи улуғ радио ҳам бу воқеага (Россия терма жамоаси ғалабасига) анчагина вақт ажратганмиш, лоф бўлса кераг-ов… Кейинги кун умуман даҳшат бўлди, руслар ютқизиб қўйди, вей кўчани мотам эгаллади, ҳамма гаранг, ҳамманинг қовоқлари қизарган, тез ёрдамларнинг тиним топмай қолганини айтмайсизми, тавба… Қизиқми ахир?..

Энди муддаога ўтсам. Буни қарангки, на Қозоғистонда, на Қирғизистонда, на Тожикистон ёки ҳатто Туркманистонда Обама ёки Маккейин учун ҳалигидай альтернатив сайлов ўтган. Элчихоналар энг қизиғи у давлатларда ҳам бор. Ўша давлатларнинг бирортасида Россия терма жамоасининг ғалабаси зўр тўй қилиниб, мағлубияти мотам қилинмаган. Қолаверса ана шу давлатларнинг бирортасида, анави пикетчилар сингари ўзга давлатдаги воқеа учун ўз қозиларидан ҳукм сўраш одати ҳам, ўзга давлатнинг президентини қўллаб намойиш ўтказиш одати ҳам йўқ экан. Нега деб сўраган эдим, анча кулги бўлдим… Тавба…

Қирғизлар, сўнгги икки-уч йил ичида намойишлар бўйича профессионал бўлиб олишди. Бишкек магазинларидан бирортаси агар сал мундайроқ конфет сотиб қўйса борми, тамом кўча норози одамларнинг йиғинига тўлади. Бу ҳам маълум маънода халқдаги уйғоқликнинг белгиси бўлса керак. Майлида, зато улар ҳеч вақт ўзгалар учун пикет қилмас экан. “Бизнинг пикетлар, талаблар ўзимиз учун, ўзимизнинг манфаатимиз учун керак, Обаманинг сайланиш ёки сайланмаслиги қирғизга у қадар қизиқ эмас, чунки у сайлангани учун қирғизга қимиз қуйиб бермайди”, девди бир танишим. Тўғрида ахир. Зато ўзбекка нимадир қуйиб берса керак, акс ҳолда…

Келинг аслида ҳам бир мушоҳада қилиб кўрамиз. Обаманинг сайланиши ўзбекларга нима беради? Умуман ўзбекларнинг ва айрим бу ердаги “демократлар”нинг Обамадан ниманидир умид қилиши нақадар асосли? Тўғри қоратанли инсонни давлат теппасига олиб келиш Американинг ўзи учун мисли кўрилмаган воқеа, аммо бизга намуна бўлгулик эмас. Ахир теппамизга Америкадан илҳомланиб айтайлик туркманними, қозоқними ёки боринг ана ўша африкалик қоратанлини келтирмасмизу?.. Хотя… Хуллас бу америкача ютуқдан бошимиз осмонга етиши бироз ғалатироқ.

Айтайлик кимдир демократнинг келиши, демократиянинг ёйилишига сабаб бўлади, деган умидда хурсанд бўлгандир. Аммо, келинг бу масалага ҳам бироз тиниқроқ қараб кўрамиз. Дунёнинг ҳеч қайси ривожланган мамлакати, ҳукумат тепасида нодемократ ўтирипти дея олмайди, тўғрими? Европа Иттифоқи мамлакатлари шу жумладан. Ана шу Европа Иттифоқи давлатлари теппасидаги демократлар сўнгги икки йил ичида биз шўрлик ўзбекларга нима бера олди? Ҳатто анави жорий қилгани заиф санкциялари ҳам аранг икки йилга етди ва натижа бермай тугади. Нима ўзгарди, демократия кўриндими кўчада?

Обама ҳам ҳеч нарса қила олмайди. Биринчидан бу зот дастлаб шўрлик америкаликларни анави инқироздан қутқармоғи шарт. Гарчи бу қурғур инқироз амеркаликларнинг ўзлари учун у қадар сезилмаётган бўлса-да, унинг борлиги ҳақиқат. Тавба шуниси ҳам қизиқда а? Америкаликлар юзага келган инқирозни сезмай, тўкинликда яшаётган бўлса, биз ўн олти йиллик ютуқларни сезмай қашшоқликда яшаябмиз, баъзан америкача инқирозни соғиниб кетасан инсон…

Хуллас, Обама аввал ўша масала устида бош қотиради, кейин Россиянинг искандарчалари устида ҳам. Ахир искандарчалар эҳ-ҳе қаён қадар уча олармиш, не-неларни йиқита олармиш, ваҳима-ку. Ана шу ваҳима Европа билан Американи русларнинг айиқига бошқача кўз билан қарашга ундагани ростку ахир, тўғрими?

Демак искандарчалар билан инқироз устида бош қотиргунича Обама учун тақдим қилинган тўрт йил лип этади кетади, у ёғига янги имтиҳон. Агар боринг ана, ўша инқироз қурғуру, искандарваччалар ҳал қилиниб улгурилмаган бўлса, демак эндигина Оқ уй ичига кўника бошлаган қора хоним, қора хўжайини билан бирга яна нисбатан пастакроқ катагига қайтишга мажбур бўлади. Чунки Америка халқи синовдан ўта олмаган президентини қайтиб сийламайди, ўзбеклардан фарқи ҳам шунда. Биз нафақат боплаб қўйган президентни, ҳатто мухолифат лидерини ҳам қўйиб юбормаймиз, бизга ўша хомлиги билан ҳам маъқул улар…

Демократларнинг асосий иши ҳам инқироз устида ишлаш ва Россиянинг дағдағаси нечоғли асосли эканини аниқлашга қаратилади. Зеро ўхшамай қолса, бугун Америкада демократларга нисбатан пайдо бўлган умид синади ва демакки навбат яна республикачиларга келади, улар эса… У ёқда Ироқ турипти, Афғонистон ҳам тағин жонлангандай, Хитой ҳамма инқирозга юз тутган пайт, ҳатто инқирозни-да Хитойда ишланган нусхасини кўпайтириб бойиб ётибди… Хазил. Ундан ҳам қизиғи, Обама деганлари келаси йилнинг февралидан расман дунёга президент кўзи билан боқади, ҳозирча у танланган президент сифатида Оқ уй ҳақдаги ширин орзулар ичида яшаяпти. Хуллас февралда, унгача эса, бизнинг катта битта ҳаракат қилиб юборса… худо асрасин, бироз ҳунук хазил бўлиб кетди…

Ҳукумат теппасидаги алломаларимиз шунинг учун ҳам тинчки, Обама Ўзбекистон юзасидан тиниқ режага эга эмас, умуман тиниқ нимагадир эга бўлмаслиги ҳам мумкин. Анави “Фергана.ру” сайти умуман ҳукуматни хурсанд қилди, нима эмиш “Америка ҳамма билан яхши алоқа ўрнатишга астойдил бел боғлаган”миш, демак ҳаммаси зўр бўлади, хавотирга ўрин йўқ, деган хулоса уларни шод қилади. Аслида ҳам шундайга ўхшайди, зеро қайси америкаликдан сўраманг гапи битта, “бизнинг республикачиларни ҳам, демократларни ҳам алоқаларнинг ҳозирги кўриниши умуман олганда қониқтиради, ўйлаймизки унга қандайдир янгича руҳ бериш ҳозирча у қадар долзарб эмас”. Ҳа, айтганча бу гапларни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси айтди. Американиц айтди, яъни. Бўлиб ҳам кичкина одам эмас, гарчи бўйи…

Демак кечаги урра-урранинг гурра-гурра кулгили томони бор. Балким ҳатто йиғлагули. Йиғламасликнинг ягона йўли, ўзимизга умид қилиш, ўзимизнинг сайловларга бироз жонлироқ қатнашиш, ўзимизнинг терма жамоага хурсанд бўлиш. Ахир Россия, мана ўзбеклар бизнинг жамоа ютуғини кенг байрам қилди деб, ҳеч бўлмаса шу йил ўзбекни ўлдирмай турайлик демаяпти-ку. Демади-ку, тўғрироғи. Қиз-йигитларимизнинг қий-чувидан сўнгги мана шу уч-тўрт ой ичида нақ 10-та ўзбек ўлдирилди, энг қизиғи Россиянинг Миллий бирдамлик куни ҳам ўзбек қурбонликка келтирилди. Терма жамоаси мағлубиятга учраган куни худо сақлаб ўзбек дуч келмади чоғи, акс ҳолда… Хўш нима учун биз ўзбекни бу қадар ҳушламайдиган ўрисни қўллашимиз керак?..

Мана уч-тўрт кундан буён Электрон Оммавий ахборот воситалари Миллий Агентлигига қарашли НТТ канали, сув-газ муаммоси ҳақда Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёдан туркум лавҳалар узатди. Ўша ердаги танишимизнинг айтишича, ана шундан буён студия телефонларни тинмасмуш, “одамлар чақиришаяпти, муаммоларини айтишаяпти, Озодлик деб ишончимиз тугаб бўлди, сизлар келинглар, шукур ўзимизда ҳам бор экану, дейишаяпти”, деди. Давом этасизларми, десам, “келиб, бўлди қилларинг, ничего себе демагунча албатта давом этамиз”, деди танишим. Баракалла. Бўлди демагунларича давом этавериш керак, Озодлик ҳам бир пайтлар оборган, ҳўв 2003-2004-2005 йиллари, кейин “бўлди қилларинг-э”, дейишганди, тинчиди қолди. Кўчириб гапиришдан нарига ўтолмайди.

Ўзимиз гапиришни ўргансак бўларди, дейманда. Дарҳол мана бўлмаса деб, томоқ йиртмасдан, секин-секин гап бошласак бўлади. Назаримда. Бўлмаса ҳам зарари йўқ, муҳими уриниб кўрамиз, бировдан дарак кутиб кун санамаймизда. Шу жумладан мухолифатдан. Ана унинг даражаси кўринди қолди. Сал танқид чиқса жамики билганларидан гумон қилиб, осонгина айбдорни топишдан нарига ўтаолмайди. Тиниқ жавоб йўқ. Танқидга тиниқ муносабат ҳам йўқ. Демак улар ҳам, булардан у қадар фарқ қилмайди. Бир гапда, агар кимки тўсатдан пайдо бўлиб қолган аллакимнинг гапини гап деб, ўзича хулосалар чиқараяпти эканми, ундайларга пуф дейиш керак. Зеро, уларда мантиқий анализ йўқ. Мантиқий анализ бўлмаганидан кейин бошқарувни қандай олиб боришларини тасаввур қилиш мумкин, демак ПУФФФФФФ!!!!

Менинг бир кекса танишим бор, мард одам, ҳаммадан кўра мардроқ. Ҳўв ёқлардаги ўзича қаҳрамонлардан кўра ҳам мардроқ. Улар унинг олдида қуёндай. Ох, шу жойига бир зўр сатр эсимга тушди. Келинг сизларга ҳам айтаман. Бу сатрларни ҳўв ёқдаги, қиёфаси арслон ҚУЁНларга бағишлайман. “Шоҳсупада бугун дўстлар қуёндир, қуёнларнинг иши бизга аёндир”…

Хуллас ўша танишим бироз нозикроқ дардга чалинган, ел келса уни тўхтата олмайди. Аммо бу касалидан жуда ҳам унумли фойдаланади. Нуқул жаҳли чиққанда ё милиция бўлинмаси, ё прокуратура, ё бошқа йирик идорага борадида, гўё бир нарса сўрагандай бўлиб, анави дардини ўша ерга улашиб келади. Бўлиб ҳам тўйиб-тўйиб улашади. Буни у шахсий исён ва кураш деб билади. Тўғрида, ҳўвлардан кутиб ўтиришдан фойда йўқ. Улар ўша ёқда ел чиқаришга қодир, холос…

Бизга, АҚШ ҳам ўзининг Обамасию Маккейни билан, Россия ҳам бутинию, вой узр Путинию Медведиви билан Европа ҳам керак эмас. Бизга ўзимизнинг маҳаллий, шу ерда қолаётган, ҳаммасини бирга татиб, бирга тушуниб келаётганлар керак. Чинакам Уоллеслар керак, анави мансаб талашувчи зодагонлар ҳам, зодагонларни “хўжамиз” дегувчи лайчалари ҳам керак эмас, фойда йўқ улардан… Тамам! Турклар ҳозиргина бир чет эл жамоасини мағлубиятга учратди, бориб бир тўйиб-тўйиб Кола ичиб келай, кейин гаплашамиз…

Иброҳим Ҳакимов, Тошкент.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: