Беш хотинли миршаб

ezgulik

ezgulik

МИРШАББОШИНИНГ МИСИ ЧИҚДИ: ҚЎШ ХОТИНЛИК, СОХТА ПАСПОРТ, НОҚОНУНИЙ ТАДБИРКОРЛИК!

Ўзбекистон ИИВ Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Сергей Васильевич Шиняевнинг беш хотини — Ольга Шиняева, Диля Ялашева, Тамара Шиняева, Дилбар Сапаниязоваларнинг бири, у билан 13 йил фуқаролик никоҳида яшаган…

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Қорақум кўчаси 1-проезд 21-хонадонда яшовчи Намуна ая Мамажонова қизининг ҳаёти хавф остида қолаётгани, собиқ куёви, Ўзбекистон ИИВ полковниги Шиняев унга: “Матлубовлар артистка Дилнура Қодиржоновани қандай ўлдирган бўлса, қизингизни ҳам шунақа йўқ қиламан” деб, пўписа қилаётганини таъкидлайди. Маълум бўлишича, онахоннинг қизи Комила Содиқова Ўзбекистон ИИВ Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Сергей Васильевич Шиняевнинг беш хотини — Ольга Шиняева, Диля Ялашева, Тамара Шиняева, Дилбар Сапаниязоваларнинг бири, у билан 13 йил фуқаролик никоҳида яшаган. Бу никоҳдан бир нафар ўғли ҳам бор… Ўзи ҳам Тошкент шаҳар ИИББда ишлаган, 2006 йилнинг 8 апрелида ишда ўз хоҳишига кўра бўшаган.

2006 йилнинг февралида, аниқроғи 8 февралида Комила алданганини билган, миршаббошининг миси чиқиб, хотинбозлиги тўла ошкор бўлгач, у билан жанжал кўтарган. Бунга қадар 2005 йилнинг 20 декабрида Шиняевнинг яна бир хотини Дилбар Сапаниязова Олий суд орқали ўзининг миршаббошидан бўлган боласига алимент тайинлатишга эришган эди. Эр-хотин ўртасидаги ўзаро нифоқ жамоатчиликка ошкор бўла бошлагач, Шиняев пўписага ўтди. Ўзининг 30 йилдан буён қадрдонлари Тошкент шаҳар прокурори ўринбосарлари А. Ниёзов, М. Агзамов, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари А. Шарофутдинов эканини айтиб, истаган ерга қўли етиши билан мағрурланди. Агар “ғинг” деса, йўқотиб юбориш билан пўписа қилиб, сирларини ошкор қилмаслигини талаб қилди. Ҳатто 2006 йилнинг март ойларида муқаддам судланган Қобил Рашидовни “қўрқитиб қўйиш”га юборди.

Бироқ Комила ёзди, ҳамон ёзмоқда. Мамлакатимизнинг катта-кичик идораларига 2,5 йилдан бери қатнамоқда. Эҳтимол унинг ёзганлари, онасининг арзини собиқ куёвдан қасд олиш, “ётиб қолгунча, отиб қол” қабилида тушуниш мумкин эди: аризага илова қилинган ҳужжатлар кишини таажжубга солмаганида, коррупционер жиноятчиларга қарши курашувчи миршаббошининг ҳаракатлари жиноятга тортмаганида. Агар Комиланинг ҳаёти ҳақиқатан ҳам хавф остида бўлмаганида.

Бинобарин, собиқ куёв, ИИВ мулозими Сергей Васильевич қариндошлик ришталари узилиб, муносабатларга путур етгач, Комила Содиқова, унинг онаси, укасининг устидан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғаттирди. Бир пайтлар Шиняевнинг поччаси Олег Ильясовнинг номида бўлган, кейинчалик қонуний равишда Комиланинг укаси томонидан сотиб олинган уйни суд орқали талаша бошлади. Саноқсиз судларда такрор-такрор Комила Содиқова ютиб чиқаверди, бу орада фирибгар (судда даъвогар!!!) почча Олег Ильясов узоқ муддатга қамалиб ҳам кетди. Шиняевнинг кўрсатмаси билан уч марта Комила Содиқованинг устидан қўзғатилган жиноят иши жиноят таркиби бўлмагани учун бекор қилинди. Уй можароси бўйича фуқаролик ишига эса Олий суд нуқта қўйди: барча эпизодлар Комила Содиқованинг фойдасига ҳал бўлди. Гўё, у коррупцияга қарши “курашувчи”лардан иборат коррупция занжирини узган, мутлақ ғалаба қилгандек эди. Лекин…

Ҳамма гап шу лекинда. Шунинг учун ҳам ишга эътибор бердик. Қўш паспорт, беш хотин, бунинг устига сохта ҳужжатлар билан хорижга беармон саёҳат, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан бемалол шуғулланаётган амалдорнинг қўлининг узунлиги… Олий суднинг ҳал қилув қарорига шаҳар прокурорининг қўли билан протест киритиши, шаҳар фуқаролик суди раисининг ишни қайта кўриш ҳақидаги ажрими… буларнинг ҳаммаси коррупциявий занжирнинг ҳали ҳам метиндек мустаҳкамлигини кўрсатмайдими?!

Шиняевнинг саноқсиз қурбонлари, унинг зўровонлигидан зир қақшаган қанча-қанча комилаларнинг оҳи бир тараф, халқимиз тўлаган солиқлардан ана шундай қонунбузар кимсани боқаётганимиз, унга мамлакатимиз равнақи йўлидаги муҳим лавозимни топшириб қўйганимизнинг зарарини қоплаб бўлармикан? Гап шунда. Негадир бу нарсага кўпдан бери мамлакатимизнинг, миллатимизнинг равнақи, хавфсизлиги учун жавобгар бўлган расмий идоралар эътибор беришмаётир.

Агар эслатиш лозим бўлса, миршаббошининг қонунбузарликларини МХХ, Бош прокуратура, Ҳукумат раҳбарларига яна бир марта эслатайлик. Турли йилларда олинган СА 1757075, СА 1365713, СА 2272464 серияли сохта паспортлар текширилиши лозим. Ахир, уларнинг бири билан хорижга чиқилган, бири билан биржада хусусий фирма сотиб олинган. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Ислом Каримов томонидан имзоланган 06.03.1992 йилдаги 103-Қарорига зид равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланилган. Яна қа-анча қонунбузарликлар амалга оширилган.

Бу қонунбузарликларни содир этган шахс мамлакатимизни коррупция балосидан қутқаришга қодирми? Ахлоқан шубҳали, қадами зулм ва қабоҳатдан иборат бу шахснинг ҳомийлари кимлар? Унинг қилмишлари устидан ёзилаётган хатларга жавоб бермаслик, жиноятларини хаспўлаш кимга керак? Қонунчилик кафолати бўлган прокуратура органлари унинг қилмишларига шерикми? Миллатимиз хавфсизлиги, юртимиз осойишталигига масъул хавфсизлик хизматлари қаёққа қарашяпти?

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати, Президент девони ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан мазкур ҳолат бўйича изоҳ талаб қилади. Жамиятимиз фаоллари миршаббоши, унинг қилмиши, жабрдийдалар кўламини ўрганишда давом этади ва мавзуга қайтади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: