Жаҳонгир Муҳаммад׃ КАРИМОВНИНГ КАШФИЁТЛАРИ

mamatov_klichev27. ИҲОТАЛАШ

Ўзбекистонда режимга мухолиф  бўлганлар жамиятдан ажратиб қўйиладилар. (Хабарлар оқимидан).

Бир кун Тошбўри Қиличев телефон қилди׃

-Эртага Раҳматулла Абдуллаевич келяптилар, вақтингиз бўлса, сиз ҳам Советободга келинг, у киши сизни ҳам таклиф қилишимни айтдилар,-деди.

Советобод ҳозирги Нуробод тумани. Тошбўри ака шу районда биринчи котиб эди. Кейин Самарқанд вилоят ижроия қўмитасининг раиси бўлди. Хокисор, камтар ва самимий одам эди. Доим юзи кулиб турарди. Адабиёт унинг иккинчи ҳаёти эди. Шунинг учун ҳам журналистлар, адибларни жуда ҳурмат қилар ва вақтининг аксар қисмини улар билан ўтказишга интиларди. Туй қилганда давранинг тўрида партия арбоблари эмас, Ўзбекистоннинг деярли барча ёзувчи-шоирлари ўтирганди.

Раҳматулла Абдуллаев эса, Самарқанд туманида биринчи котиб бўлган ва кейин Мева-сабзавотчилик вазири эди. Раҳматулла акани 1980 йиллардан бери танирдим. Тошбўри ака ҳам буни биларди ва балки шунинг учун мени ҳам таклиф қилмоқда, деб ўйладим. Айни пайтда Советобод тумани чўл жойда ва асосан чорвачилик ҳамда дон маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган туман бўлиб, Мева-сабзавотчилик вазирининг бу жойда нима иши борлигини ҳам тушунмадим.

Кейин билсам, Тошбўри ака чўлда бир совхозни сабзавот ҳамда полизчиликка ихтисослаштирмоқчи бўлиб, вазирни таклиф қилган экан. Шу боис мен “Совет Ўзбекистони” газетасининг вилоят бўйича мухбири бўлганим учун янгиликни ёйиш мақсадида таклиф этган бўлса керак, деб ўйладим. Аммо бу ҳали режа эканлигини айтиб, бу ҳақда ёзмай туришимни илтимос қилди.

Гап шундаки, бир кун баҳслашганимизда Раҳматулла ака мендан׃

-Иҳота дарахтини кўрганмисиз?-деб сўраган ва мен׃

-Йўқ,-деган эканман. У киши менга ана шу иҳота дарахтларини кўрсатишни дилига туйган экан.

Советободда Тошбўри ака айтган совхозга яқинлашганимизда бир жойда тўхтадик ва Раҳматилла ака менга׃

-Жаҳонгирбек, мана шу иҳота дарахти,- бўлади деди.

Гапнинг давомини Тошбўри ака илиб кетди׃

-Аслида “иҳота”, “иҳоталаш” дегани атрофни ўраб олиш дегани. Мана бу дарахтларнинг эса илдизи ер тагига кириб кетади ва қидириб қидириб ўзига сув топади. Чўлу биёбонда ўсаверади. Асосан гармсел, шамолдан тўсиш учун экилади. Биз аввал бу атрофни ўраб олдик, мана энди полиз қилмоқчимиз, халқимизнинг дастурхонидаги қуруқ ноннинг ёнига бошқа нарса ҳам қўшилсин…

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ким режимга, Каримов сиёсатига қарши бўлса, жамиятдан ажратиб, иҳоталаб қўйиш тажрибаси қўлланила бошланди.

Бунда биринчи галда ишингиз кўз остига олинади. Сизни бу ишдан четлаштиришади. Иккинчи галда доим назорат остида бўласиз. Атрофингизга кўринмас “иҳота дарахтлари” экиб ташланади. Учинчи галда йилда бир неча марта ҳар нарсани баҳона қилиб, уйингизда тинтув ўтказишади. Агар мухолифат мажлисларида ёки бошқа тадбирларида кўзга ташланиб қолсангиз, иҳота чегарасини бузганингиз учун жазоланасиз. Уйдан ҳар бало чиқиши мумкин.

1992 йилда Президентнинг шахсан ўзи иҳоталаниши керак бўлган шахслар рўйхатини қилди. Ўша йилнинг охирларида Каримов қўл остидаги рўйхат бўйича ҳар куни “Фалончи қаерда, нима билан шуғулланаяпти?” деб сўраб турганини эшитгандим. Кейин бу рўйхатнинг нусхасини бош ёрдамчи Равил Қодировда кўрдим. Чунки у мендан ҳар куни қаерда эканлигимни суриштирарди. Бир куни Девонга бориб, у билан тортишиб қолдим. Охири у “Мана, ака, мажбурман” деб қўлидаги рўйхатни кўрсатди ва “Буни кўрсатганимни билсалар, бошим кетади”, деб айтди. У асли Мирсаидовнинг одами бўлгани учун ҳали ҳам Каримовга нисбатан совуқроқ эди. Акс тақдирда калласидан ажралса ҳам кўрсатмаслиги аниқ.

Бир неча йил Каримовнинг қаватида бўлган ва ҳозир АҚШга келиб сиёсий бошпана олиш умидида юрган бир киши ўша рўйхатнинг нусхасини яқинда менга юборди. Рўйхат рус тилида тайёрланган ва алфабет бўйича тузилгани учун асл ҳолатини бузмадим.

1.Абидов Ядгар

2.Атаджанов Палван

3.Ахунов Пулат

4.Бурханов Ринат

5.Джураев Мурад

6.Инаятова Василя

7.Исхаков Файзулла

8.Ишназаров Хамза

9.Йигиталиев Садикджан

10.Кабилов Мели
11.Кадиров Бахтияр

12.Каримов Шади

13.Каримов Алим

14.Куканов Самандар

15.Кучкаров Алиджан,
16.Мадаминов Салай

17.Маматов Джахангир

18.Маматова Айгул

19.Мирсаидов Шукрулла

20.Мухтаров Ахмаджан
21.Назаров Абид

22.Назиров Раджаб

23.Нусратов Шухрат
24.Пулатов Абдуманнап

25.Пулатов Абдурахим

26.Рузимурадов Шаврук
27.Саидов Насрулла

28.Туляганова Тайиба

29.Турсунов Инамжон

30.Умарова Мукаддам
31.Усманов Анвар

32.Утаев Абдулла
33.Файзиев Имам
34.Хасанов Дадахон

35.Юлдашев Тахир

36.Яквалхаджаев Фуркат

Бу ерда Каримов ўзи бевосита таниган ёки билган, ўзи шубҳа қилган мухолифларинигина рўйхатга киритган. Худди шу тартибда вилоятларда ҳокимларнинг ҳам ўз рўйхатини туздирган. Кейин ҳаммасини бирлаштириб ИИВ ва МХХ назоратига олдирган. Шу зайл бутун мухолифлар чор атрофдан иҳоталаб қўйилган.

21 нафари халқ депутатлари бўлган юқоридаги рўйхатда исми келтирилган собиқ Ўзбекистон халқ ноиби Насрулло Саидовнинг бир мақоласидан олинган мана бу парча эса, иҳоталаш сиёсатининг давомийлигини кўрсатади.

“1990 йилдан хозиргача тинмай мендан сўрашади, сўроққа тутишади… 1993-1994 йилларда мен бошлиқ бўлган қурилиш ташкилоти (ПМК)ни 1 йилу 2 ой мобайнида тафтиш қилишди. Катта бир қурилиш ташкилоти раҳбарининг ўт билан ўйнашиб, мухолифатга ўтишида бир сир бор, деб уйлади улар. Тафтиш давомида топилган нарса шу бўлдики, ташкилотнинг 250 ишчисининг ҳаммаси “Эрк”ка кирган, уларнинг ҳаммаси ташкилот ҳисобидан “Эрк” газетасига обуна қилинган. Тергов иши енгил жазо билан чегараланди, чунки оғирлари ҳали олдинда эди.

1994 йил 20 февраль (туғилган куним) ярим тунда уйга 20 га якин милиция ходими бостириб келди. Қўлида Вобкент туман прокурори У.Ҳамидовнинг санкцияси, “Эрк” газетасини излаб, тинтув ўтказилармиш. Тинтув эрта тонггача давом этди, аммо газета топилмади. Бирок 5 гўдагим ётадиган, болалар хонасидаги шкафдан, қизчаларимни кийимлари орасидан жанговор граната “топилди” (2006 йил, 21 Сентябр, www.uzbekcongress.org).

Худди ана шу манзара барча мухолифатчиларнинг бошига келди ва келмоқда. Бугун режимга мухолиф бўлганлар иқтисодий жиҳатдан жуда қийин шароитларда яшаётганлари ҳам ана шундан.

2006

www.jahonnoma.com

Суратда׃ Муаллиф ва Тошбўри Қиличев. (Бу 1990 йилда олинган тарихий сурат Жаҳонгир Маматовга оид).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: