ЖАҲОНГИР МУҲАММАД: Обама, “Ромбо” ва Каримов

jahongir_mamatov.jpgАҚШ Президенти этиб сайланган Барак Обаманинг Ўзбекистонга муносабати Тошкендаги бир кишининг Камчаткага бўлган қизиқиши даражасидадир. Агар Камчаткада иш кўплигини эшитиб қолса, тошкентлик одам ўша томонга қизиқа бошлайди. Ўзбекистонда эса ҳали Обама учун иш йўқ ва бўлиши ҳам даргумон.

Сайловдан олдин “диктаторлар билан юзма-юз ўтириб гаплашаман” деган Обама ўзини сайлангани билан биринчилардан бўлиб қутлаган Эрон ва Сурия раҳбарларига жавоб қайтармади.

Баъзилар буни Омаба Оқ уйнинг бошқарувчиси қилиб ишга олишини эълон қилгани – Раҳм Эмануел шахси билан боғламоқдалар. Унинг исроиллик муҳожирнинг ўғли бўлгани ва ўзи ҳам Исроил армиясида ихтиёрий хизмат қилгани ва мана энди Обаманинг ўнг қўлига айланиши мусулмон давлатларини оёқ учи билан кўрсатишга олиб келмоқда деганлар ҳам бор.

Лекин гап бунда эмас. Сайлов олди жараёнлари шуни кўрсатдики, Обаманинг қайси жиҳати танқид қилинса, у ўша томондан қочишга интилар экан.

Унинг ота-бобоси мусулмон бўлганини гапира бошлашгач, у “Исроил тарафдориман” деган гапни кўп такрорлашга ўтди.

Мана энди унинг ўн қўли ҳам асли исроиллик бўлган одам. Вашингтонда “Ромбо” лақаби билан танилган Раҳм Эмануел Клинтон пайтида ҳам Оқ уйда ишлаган. У айтганини президентга қилдира олган шахс сифатида назарга тушган ва “Ромбо” номини олган.

Обаманинг сайлов кампаниясида ишлаган собиқ бир дипломатнинг айтишича:
-Раҳм Эмануел аслида Исроил ва мусулмон давлатлари орасини яхшилашга уринган шахсдир. Унинг ташаббуси билан Клинтон кўпгина мусулмон давлатлари раҳбарларини илиқ қабул қилиб, уларга илтифот кўрсатган. Табиийки ўша давлатлар Исроил билан яқин алоқа сақласлар…

Марказий Осиёни ва у ердаги тилларни яхши билган вашингтонлик бу собиқ дипломатга кўра, Ислом Каримовнинг Клинтон даврида Вашингтонга бир неча марта келиши ва бу ерда унга ҳурмат кўрсатилишининг илдизи ҳам ана шунда.

Дарҳақиқат, у пайтда Ўзбекистоннинг Вашингтон учун аҳамияти йўқ эди ва Каримов бир неча марта Оқ уй раҳбари билан учрашганди.

Ўзбекистон Вашингтон учун керак бўлганда эса, Каримовнинг АҚШ президенти билан кўришиши бир мартадан сўнг қийин бўлди ва кейинги йилларда бу орзуга айланиб қолди. Бугун Каримов ана шу орзусини амалга ошириш учун жон жаҳди билан ҳаракат қилмоқда.

-2009 йилнинг 20 январида Барак Обама расман президентликни қабул қилиб олгандан кейин “Ромбо”нинг таклифномаси Тошкентга ҳам жўнатилиши аниқ. Чунки Тошкент Исроил лоббиси билан аллақачон ош дамламоқда,-дейди Обаманинг тарафдори.

Каримов келиб кетгач, Ҳиллари Клинтон каби Мишел Обама ҳам Бухоро ва Самарқандга саёҳатга бориши мумкин. Зотан Ҳиллари Клинтон Тошкентдан олиб келган тенги йўқ ҳадялар – унинг учун махсус тайёрланган олтин тақинчоқлар овозаси унгача Мишелнинг ҳам қулоғини қизитиши ажабмас?

Нима бўлганда ҳам Обаманинг сайланишидан ўзбек халқига келадиган фойда олисдаги юлдузнинг иссиғида чой қайнатишдек гап. Каримовга эса у юлдузнинг иссиғи керак эмас, унинг чойи доим қайнаган, унга олисдаги юлдузнинг номи ва жамоли керак.

Хуллас, Обама ҳам ўзбекка омад эмас! Унинг омади яна ўз қўлига қараб қолмоқда.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: