Жаҳонгир Муҳаммад׃ КАРИМОВНИНГ КАШФИЁТЛАРИ

mamatov26. ВОЗ КЕЧДИРИШ

Ўзбекистонда сиёсий сабаблар билан судга тортилганлар адвокат ёрдамидан воз кечмоқдалар. (Хабарлар оқимидан).

1990 йилларнинг бошида миршаблар инсон ҳуқуқлари фаоли Абдуманноб Пўлатовни Бишкекдаги халқаро анжумандан ушлаб келишди. Суд бошланди. Катта шов-шув кўтарилди. Суд ҳақида дунёнинг матбуотида жуда кўп нарса чиқди. Ҳатто ўша пайтда 28 тилда чоп этиладиган “Новое время” журналида ҳам бу масалага бир саҳифа ажратилди.

Яқинда ўша кезда президентнинг матбуот котибиятида ишлаган бир танишим билан гаплашиб қолдим. Унинг айтишича, дунё матбуотидаги ёзувларни кўриб, Каримов ҳуқуқ тартибот соҳаси бўйича маслаҳатчиси Темур Алимовга׃

-Тўхтат! Йўқот! Бас қил! –дея бақирган экан.

Дарҳақиқат, Абдуманноб Пўлатовни суд залидан чиқариб юборишганди. Казо-казоларнинг сарсон-саргардон бўлиб ушлаб келганлари эса ўзларига қолганди.

Бир шеъри учун Васила Иноятовани Президентни ҳақорат этди, дея суд қилишганда ҳам шундай вазият юз берганди. Кучли шеър эди. Судда Васила Иноятова׃

-Даъвогар президент бўлса, унинг ўзи судга келсин!-деб талаб қилди.

Бу судда ҳам юзлаб журналистлар қатнашаётган эдилар. Шов-шув устига шов шув бўлиб кетди. Ўшанда ҳам Каримов тентак ҳолига тушиб қолган.

Ана шундай судлардан кейин спектакл тарзида ипидан-игнасига қадар олдиндан ёзиб, Каримовнинг ўзи билан маслаҳат қилиб олингандан кейин томоша кўрсатишга ўтилди.

Маълумки, ҳуқуқшуносликда “Вишинский услуби” деган гап бор. Буни Берияга боғлаб ҳам айтишади. Нима бўлганда ҳам Сталин даврида кашф этилган бу услубга кўра, маҳбуснинг ўзи ҳар қандай айбга иқрор бўлади. У ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ҳолда ҳам ўзини “сотқин”, “қотил”, “Сталинга қарши суиқасдчи” деб баралла айтади, ёзади, имзолайди. Шундан кейин уни отиб ташлашади ёки умрбод зиндонбанд этишади.

Каримов режимининг дастлабки 14 йили давомида ана шу усул қўлланилди. Минг-минг одамлар “емаган сомса учун пул тўладилар”. Албатта Каримов “Вишинский услуби”ни такомиллаштириб борди. Унинг янги-янги қирраларини очди. Масалан, маҳбус иқрор бўлмаса ҳам суд унга׃ “Сен шуни қилгансан” деб айбни бўйнига осиши шулардан биридир.

Сирдарёда ўтган бир ёпиқ суд ҳақидаги хабарлар ёдингизда бўлса керак. Яширин камера билан видеотасмага туширилган бу суд жараёнида шундай ҳол кузатилади. Судя маҳбусга׃

-Сен “Ваҳобий”сан ва сени конституциявий тузумга тажовуз қилишда айблаб, 159 модда билан 20 йилга жазолаш талаб қилинмоқда,-дейди.

Шунда маҳбус׃

-Ҳа, мен бу тузумга қаршиман. Лекин ўша “Ваҳобий” деган жойини тузатинглар. Мен Худога ҳам, Ваҳоб-паҳобга ҳам ишонмайман, мен коммунистман, Сарвар Азимов тузган Коммунистик партиянинг аъзосиман, мен Каримовнинг гапларига ҳам ишонмайман, унинг ўзи ҳам аслида коммунист, унга қарши бўлганим учун мени “Ваҳобий” деб қаматмоқчи,-дейди.

-Сен осмондан келма,-дея унга қаршилик кўрсатади ёпиқ судга раислик қилаётган ҳакам.- Прокурор сени “Ваҳобий” дедими, унинг далили етарли. Мана ҳозирги гапларинг ҳам буни исботламоқда. Сен “Ваҳобий”ликнинг таъсирига тушгансан ва бу режимга қарши бош кўтаргансан. Аслида бунинг жазоси-отув!

-Майли отувга ҳукм қилинг, лекин “Ваҳобий” эмас, коммунист бўлганимни айтинг!

-Коммунистга отув ҳукми чиқариш ёки 20 йил жазо бериш ҳақида ҳали қонун чиқмади. Шунинг учун ҳозирча сенга “Ваҳобий” деб 20 йил бераман ва янги қонун чиқса, кейин ишингни қайта кўриб чиқамиз…

Бу латифанамо суд. Аммо бу суднинг видеотасмаси дунё айлангач, Каримов судларни янада такомиллаштириш устида бош қотирди. Дунёни ишонтиирш учун энди маҳбусдан мажбурий тарзда олинган иқрорни видеотасмага ёздириб, суддан олдин телевидение орқали кўрсатишга ўтилди. 1999, 2004 портлашлари ва Андижон воқеалари судларидан олдинги телекўрсатувларнинг ўзи ҳам бунга мисол.

Улуғ адиб Мамадали Маҳмудов(Эврил Турон)нинг Ўзбекистон телевидениесида кўрсатилган иқрори ёдингиздадур. Бу махсус филмга ҳам киритилган. Бу видеоёзувни суратга олишда қатнашган ИИВ полковниги Азиз Эрназаров׃

-Бу кадрни ёзгунча ҳамманинг она сути оғзига келди,-деганини Ўзбекистон телевидениесида ишлайдиган журналистлар эшитиб қолгани ҳақида ўқигандим. Адибнинг ўзи ҳам қамоқдан ёзган ва умумнинг диққатига тушган мактубларида буни тасдиқлаган.

Андижон воқеалари юзасидан тайёрланган томоша-судлар ҳам олдингилари каби Каримовни қониқтирмаган. У мазкур судлар ҳақида дунё матбуотида ёзилганда Вишинский ва Бериянинг номлари тилга олинишидан норози бўлган.

Ана шуларнинг ҳаммасидан кейин Каримов кашфиёт яратди. Шов-шувларга асос бўладиган судлар бошланишидан олдин маҳбуслар адвокат ёрдамидан воз кечадилар ва суд ими-жимида, маҳбуснинг талаби билан ёпиқ тарзда ўтади.

Далилларга мурожаат қиламиз׃

“Суд жараёни очиқ деб элон қилинганди, лекин суд раисининг талаби билан ёпиқ ҳолда ўтказилмоқда. Суд бошидаёқ Дадахон Ҳасанов юқори мансабли мулозимларнинг босими остида ўз ҳимоячилари ва адвокатдан воз кечди. Суд раиси Илҳом Жалолов, маслаҳатчилар Раҳимов, Исоқов, айбловчи Ҳайитовдан иборат “тўртлик” томонидан ўтказилди.(Суръат Икромов, 2006 йил, 11 сентябр, www.uzbekcongress.org).

Малумки, 2005 йил Андижон воқеалари бўйича “Бирлик” партияси фаоллари Ҳамдам Сулаймон (партия раисининг ўринбосари), Акбар Орипов (партиянинг Андижон вилояти ташкилоти раиси), Мусажон Бобожонов (партиянинг Марҳамат туман ташкилоти раиси), Нурмуҳаммад Азизов (айни замонда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли), Дилмурод Муҳиддинов (айни замонда “Эзгулик”нинг Марҳамат туман бўлими раиси), Муҳаммадқодир Отахонов (айни замонда Шахс ҳуқуқи ҳимояси комитетининг фаоли) қамалишганди. Уларнинг суд жараёнларини назарда тутиб, (2006 11 Сентябрда “Бирлик” сайти Дадахон Ҳасанов ҳақида хабар қилар экан-ЖМ), қуйидагиларни ҳам ёзганди׃

“Тошкентдаги иш бўйича фақат бир айбланувчи бор эди – бу Дадахон Ҳасан. У киши юмшоқроқ жазо олиш учун бир нарсани қурбон қилдилар, яъни ошкораликни. Биз ўзбеклар учун ошкоралик “ҳаводек” лозим бўлмагани учун, бу воқеа жамият томонидан нормал қабул қилинса керак, дейди мухбиримиз. Қолаверса, Дадахон ака биринчи мисол эмас. Ўтган йили суд қилинган 5 нафар “Бирлик” фаоли ҳам шу йўлни танлашган эди.(2006 йил, 11 Сентябр. www.harakat net).

Бу ерда Дадахон Ҳасан ёки бошқа судга тортилганларга дакки бериш эмас, балки бу кашфиётнинг муаллифини айблаш мантиқли бўлади. Чунки режим мана шундай натижага эришмоқ учун ҳамма нарсани ишга солади ва юқорининг кашфиётини амалга ошириш йўлида ҳар қандай инсонни синдиради.

“Нигора Ҳидоятованинг синглиси маълум қилишича, судланувчи ўзини ноодатий тарзда тутган. Қўлида Библия бўлган ва адвокатдан воз кечишини айтиб, суднинг ёпиқ ўтишини талаб қилган. (Би-би-си, 25 Январ, 2006).

“Жиззахлик журналист ҳибсга олинганидан ўн кундан кейингина катта қийинчиликлар билан Ҳайдаров билан учрашишга эришган рафиқаси унинг саломатлиги бирдан ёмонлашганини сезган: Улуғбек ўзини яхши тута олмаган, унинг диққат жамлаши қийин бўлиб қолган, ўзини паришонхотир кишилардай тутган, тўхталиб-тутилиб гапирган ва психотроп дорилар берилган кишидай кўринишда бўлган. Хотинининг “Сизга қандай муносабатда бўлаяптилар?” деган саволига жавобан Улуғбекнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетган ва бунақа нарсалар ҳақида мутлақо сўрамасликни ўтинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовга кўра, Ҳайдаровни ўз айбига иқрор қилаётган пайтда “куч ишлатар тузилма ходимлари тергов ҳибсхонасида унга босим ўтказган ва адвокатлардан воз кечишга мажбур этган бўлишлари мумкин”. Улуғбек маҳкама жараёни бошланишида ана шундай қилган.”(www.ferghana.ru).

Аслида бундай судларнинг ҳаммаси ҳақида www.uzbekcongress.org сайтида батафсил маълумотлар бор. Аммо далиллар бир манбалик бўлмасин, дея турли манбалардан парчалар келтирдим.

Хуллас, ҳеч шубҳа йўқ-ки золим Каримовнинг янги кашфиёти судлов тарихига кечади ва Вишинский, Бериялар услуби каби умрбод қораланади.

2006 yil.

www.jahonnoma.com

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: