Таҳлил׃ Фермерлар муаммоси

Aнварбек
Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда. Деҳқонлар йил бўйи қилган заҳматли меҳнат маҳсулини уюлаётган юксак ҳирмонларда кўрмоқда,- деб хабар бермоқда ўзбек расмий матбуоти׃ Деҳқонлар шу жумладан Ўзбекистонлик фермерларнинг қўли қўлига тегмайди.

Ҳа деҳқон ҳар куни эрта саҳардан туриб олиб то қош қорайгунга қадар далада бўлади. Ачинарлиси, йиғиб-териб олинган ҳосилни фермерлар фақатгина давлатга сотишлари мумкин. Чунки, бошқа харидор йўқ. Шундан келиб чиқан ҳолда айтиш мумкинки, фермерларнинг пешона териси билан етиштирилган ва минг бир азоблар билан йиғиштириб олинган ҳосилга ҳукумат ўзи истаган нархни қўйиб сотиб олади. Бу эса монополия. Сабаб, юқорида такидлаганим каби хукуматдан ўзга харидор йўқ.

Ўзбек ҳукумати монополияга қарши курашиш ҳақида кўплаб қарор ва фармойишлар чиқариб турган бўлсада деҳқончилик соҳасидаги ўрнатилган монополияга қарши курашишни истамайди. Нега истамаслиги ҳақида тўхталиб ўтиш бу бошқа мавзули мулоҳазадир.

Мавзуга қайтиб ўзбек фермерларининг аҳволига бир назар ташлайдиган бўлсак, вазият жуда ҳам ачинарли эканлигини гувоҳи бўламиз. Ҳозирги даврда куйиб пишиб ғалла йиғим-теримини бошидан кечираётган фермерларнинг аксарияти гарчи планни 100% бажаришсада, аниқки давлатдан қарздор бўлиб қолишади. Тўғрироғи хукумат амалдорлари атайин кўпчилик фермерларнинг бўйнига улкан мажбуриятлар юклашиб қарздор қилиб қўйишади ва фермерларнинг ерларини тортиб олишади. Чунки амалдорлар учун ерни такрор ва такрор сотиш улкан даромат манбаидир.

Фермерларни қийнаб келаётган муаммолар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Муаммолар қалашиб ётган кунларнинг бирида жорий йилинг 20-21 июн кунлари ноқонуний давлат раҳбари Бухоро ва Қашқадарё вилоятига расмий ташрифни амалга оширди. Барчамизга маълумки, Бухорода шуниндек юртимизнинг жанубий сарҳадлари Қашқадарё ва Сурҳондарё вилоятларида фермерлик билан шуғулланиш ўзга вилоятларда фермерлик қилишдан кўра анчагина қийин. Бу ерларда энг катта муаммо бу- сув танқислиги муамосидир.

Каримов ўз сафари давомида Қарши туманидаги “Шохрух Эшқулов”, “Ҳасанов Парда”, Косон туманидаги “Фам”, Ғузор туманидаги “Ферузбек Абдусамат”, “Севаз-Андроникс”, номли фермер хўжалиги рахбарилари билан учрашди. Ушбу учрашувда бир неча бора имконияти бўлган бўлсада фермер ҳўжалик раҳбарлари ўзларини қийнаб келаётган муаммо ва камчиликлар ҳақида лом-мим дейишмади. Аксинча барча учрашув иштирокчилари мамлакатимизда улкан ислоҳатлар амалга оширилаётгани ва Ўзбекистон “тараққиётини” кўра олмайдиганлар кўпаётгини ҳақида гапиришиб тинимсиз равишда Каримовга мақтовлар ёғдиришди.

Лаганбардорликни ўз ўрнига қўйиб, Каримовни бошқаларданда кўпроқ кўкларга кўтарган “Ҳасанов Парда” фермер хўжалигининг раҳбари Парда Ҳасановга “юртбоши” “Дамас” автомобили совға қилди. “Дамас”ни қўлга киритган Парда Ҳасанов “свежий” мақтовлар гулдастасини Каримовга тақдим этган эди, мақтовлардан ёғдек эримоқчи бўлиб қолган “юртбоши”ўзининг “доно” маслаҳатларини бера бошлади:

– Hozirgi davr fermerlar nafaqat iqtisodiy, balki siyosiy jarayonlarda ham faol ishtirok etishini taqozo etmoqda.

Ислом Каримовнинг ушбу сўзлари ҳеч кимга янгилик бўлиб эшитилмайди. Сабаби маълумки Каримовнинг гапи билан иши бир эмас. Исбот сифатида сиёсий фаолият билан шуғулланганлиги учун озодликдан маҳрум этилган инсонларнинг исму-фамилясини санайдиган бўлсак узундан-узун рўйхат тузишимизга тўғри келади. Мавзуга қайтиб, Каримовнинг “доно” маслаҳатларига тўхталсак. Учрашувлардан кўнгли тўлган ва мақтовлардан боши кўкка етган Каримов:

– Har qaysi viloyat, har bir hudud iqlimi va tuprog‘iga mos yangi, eng maqbul navlarni yaratish, chetdan keltirilgan navlarni esa sharoitga moslashtirish va izchil o‘zlashtirib borish kerak, – dedi.

Савол туғилади. Энг мақбул навларни яратиш учун Ўзбекстонда малакали муттахасислар борми? Янги навларни яратиш ва уларни тажриба қилиб кўриш имконияти фақатгина Ўзбекистон Фанлар Академиясида мавжуд. Лекин Фанлар Академияси аъзоларини аксарияти иқтисодий қийинчиликлардан фориғ бўлиш мақсадида Россия ёки Қозоғистонга ҳижрат қилишган.

Ўзга давлатларга ҳижрат қилиш учун йўл пули топа олмаган малакали муттахасислар эса шаҳар ва пойтахт бозорларида мардикорлик қилишмоқда ёки арава тортиб тирикчилик қилишмоқда. Каримов эса бу каби вазиятдан хабардор бўлган холда ҳеч нарсадан бохабар бўлмагандек ғалланинг энг мақбул навларини яратиш ҳақида гапирмоқда. Бу билан “юртбоши” содда аҳоли вакиллари олдида ўзини халқпарвар, ватанпарвар ва доимий равишда ҳалқ манфаатини ўйлаб юрадиган шахс эканлигини намойиш этмоқчи. Фермерлар билан учрашув чоғида у яъни режим раҳбари бирон-бир фермердан “Сизни қийнаб келаётган муаммолар нимадар иборат”,-деб сўрамади.

Фермерлар учун эса энг йирик муаммо бу, юқорида такидланганни каби ўзлари етиштирган ғаллага ўзлари эгалик қила олмаётганидир. Шу ўринда яна бир маротаба Каримовнинг расмий ташрифи ҳақида хабар берган http://www.press-service.uz сайтида эълон қилинган хабардан қисқача ихтибос келтирсак:

Darhaqiqat, Qashqadaryo viloyati bugun don, un va un mahsulotlarini nafaqat ichki, balki tashqi bozorga ham chiqarmoqda. Xaridorlar orasida Tojikiston, Afg‘oniston, Eron kabi mamlakatlar bor. Viloyatda bu yil 750 ming tonnadan ziyod don yetishtirish, jumladan davlatga 379 ming tonnadan ortiq g‘alla sotish uchun barcha kuch safarbar etilgan.

Шу расмий хабар билан тасдқланиб турибдики, мамлакатимизда нон нархи кескин ошиб кетганига қарамасдан, нон тақчиллиги энг йирик муаммолардан бирига айланганига эътибор қаратмаган ҳолда қудратдаги режим четга ғалла сотмоқда.

Бу ўз халқига хиёнат қилишдир.Чунки, Каримов президентлик вазифасига киришишдан илгари Конституцияга қўл қўйган ҳолда ўз ҳалқи дардини ҳис этишга ва ҳалқ фаравонлиги учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширишга қасамиёд қилган эди. Такророрлайманки, бугун эса у мамлакатимизда нонга кучли эҳтиёж сезилиб турганда, фуқаролар соатлаб нонга навбатга тураётган бир пайтда ўз фойдасини ўйлаб ғаллани ўзга давлатларга сотмоқда. Бу хатоликнинг жабрини эса табийки одддий ҳалқ тортмоқда.

Мамлакатимизда ўз ечимини кутиб ётган муаммолар бисёр. Бу муаммолар ечимини излашдан олдин қудратдаги режим истеъфоси амалга ошмоғи даркор.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: