“АНЖАНЧА” СУД МАНЗАРАЛАРИ

ezgulik

ezgulik

Ёхуд собиқ миршаббоши хонадони теварагидаги можаро

Шу йилнинг 4 июль куни жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди аппелация судлов ҳайъати қотиллик ва безориликда айбланган 32 ёшли адвокат Маъмура Мўминовага нисбатан дастлабки суд томонидан белгиланган 15 йиллик қамоқ жазосини кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқарди. Бу ғаройиб ажрим шуниси билан ажабланарлики, айбланувчига нисбатан жиноят иши сохта бўлишига қарамай жазо муддати ўзгаришсиз қолдирилди.

Айни пайтда уйдирмадан иборат айблов хулосасини тайёрлаган Андижон шаҳар прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Ш. Жўрабоев, вилоят суд экспертизаси ходимлари Т. Шерматов, М. Юлчибоеваларга нисбатан ҳам иш қўзғатилди. Яъни, суд жиноят ишининг сохта экани, ишни тайёрлаган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг мансаб суиистеъмоллигини тан олди, аммо ҳукмни ўзгартирмади. Бу ғаройиб қарор, уни ўқиган вилоят суди раиси ўринбосари Бахтиёр Низомов бошчилигидаги ҳайъатнинг ҳаракатларида қандай “ҳикмат” бор? Судлов тажрибасида доим ҳам кўзга ташланавермайдиган бундай ажримнинг юзага келиш сабаблари нимада?

Айблов хулосасига кўра, Андижон шаҳар адвокатлар ҳайъати адвокати Маъмура Мўминова ашаддий жиноятчи, рашк туфайли кундоши Гулбаҳорни (Гулбаҳор (қонуний хотин) ҳам, Маъмура (шаръий никоҳдаги хотин) ҳам Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг собиқ ўринбосари Исроил Мадрагимовнинг хотинлари — Эзгулик) шафқатсизларча ўлдирган, бошқарувидаги автомабиль билан унинг танасини мажақлаган, миршаббошининг хирсдай бақувват ўғли, Андижон шаҳар ИИБ терговчилигидан порахўрлиги эвазига қувилган Дилмуродни дўппослаган. Ўзининг ваҳшийлигини яшириш, жиноятини хаспўшлаш учун ўз танасининг олти (!) жойига пичоқ санчиб, ҳушдан кетган. Шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг реанимация бўлимида худонинг каромати билан тирик қолган.

Аслида воқеалар тафсили анчайин содда, кундошлараро навбатдаги даҳанаки жанглардан бирида (2007 йил 29 августга ўтар кечаси) ўғил Исмоил Маъмура Мўминовани ўз машинаси ичида пичоқлаган, жон ҳолатдаги ҳаракатдан силжиган машина Гулбаҳорни туртиб юборган ва у йиқилиб, боши тошга теккан. Оқибатда жароҳат олган Гулбаҳор шифохонада жон таслим қилган. Маъмуранинг содир этган безорилигига ҳеч бир гувоҳ йўқ, фақатгина собиқ миршаб Дилмурод Мадрагимовнинг арзи етарли.

Адвокатнинг бу “жиноят”и дастлабки тергов ҳаракатлари ниҳоясига етмаёқ Андижон вилояти телевидениеси, Ўзбекистон телевидениесининг 1-каналида кенг ёритилди. Жамоатчиликка ашаддий жиноятчи сифатида кўрсатилган Маъмура Мўминова аслида Андижонда юзага келган чин маънодаги коррупциянинг қурбони, таг замири билан чириб бўлган вилоят прокуратураси ва судининг навбатдаги ўлжаси эди. Аппелация суд мажлисларида айбланувчининг ҳимоячиси сифатида иштирок этган “Эзгулик” вакили Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, адовкатнинг жиноят иши ўта кулгили саҳналаштирилган, бутун мамлакат судлов тизимини шарманда қилишга арзирли иш эди.

Бинобарин, суднинг аппелация босқичи 26 апрелдан 4 июлга қадар давом этди. 20 дан ортиқ суд мажлисларида ҳимоячилар, судланувчи томонидан беш марта суд таркибига асосли раддиялар берилди. Мазкур ҳайъатдаги судьяларнинг 15 дан ортиқ ноҳақ ҳукмлари, сўнгра Олий суд томонидан бекор қилинган ишлари мисол келтирилди. Шунга қарамай зўровонлик билан суд мажлислари давом эттирилди ва судланувчига икки марта сўнгги сўз берилди. Калаванинг учини йўқотган суд икки марта ўз ташаббуси билан ишни суд терговига қайтарди.

Малакасиз терговчи сўроқ қилинди, у кўрсатмаларида нимаки қилган бўлса, вилоят прокуратурасининг кўргазмаси билан қилганини айтди. Терговлар мобайнида мустақил бўлмагани, ишнинг айрим ўринларидан хабари йўқлигини тан олди. Жиноят ишидаги ашёвий далиллар бўлган пичоқ ва бошқа нарсаларни суд мажлислари давомида бир ёқлардан топиб келтирди. Иш юзасидан ўтказилган тергов ва сўроқлар, материалларнинг ишга қўшилмаганини изоҳлаб бера олмади. Вилоят суд физика ва биология экспертизаси ходимлари оддий ўлчов асбоблари йўқлигини баҳона қилиб, ашёвий далиллардаги аниқликка шубҳа уйғотди. Турли жиноят иши материалларининг ашёвий далиллари аралашиб кетганини айтиб, кечирим сўради.

Тергов ва суд жараёнларида шифокорлар судланувчи Маъмура Мўминованинг ўзига бундай тарзда пичоқ ура олмаслиги, жароҳатларнинг ҳаёт учун ўта оғирлиги ҳақида кўрсатма беришди. Аммо бу кўрсатувлар на тергов матриалларига, на суд баённомаларига киритилди. Инчунун, агар Маъмуранинг ўзига пичоқ ура олмаслиги исботини топганида уни пичоқлаган шахс жавобгарликка тортилар, шиширилган жиноят иши ип-ипидан сўкилиб кетарди. У ҳолда 15 йил қамоққа юборилган адвокат жабрланувчига айланар, собиқ миршаббошининг ўғли жавобгар бўлар, адвокатга зўрлик ишлатган терговчи ва прокурорлар панжара ортида бўлиши мумкин эди.

Аслида адвокат Маъмура Мўминовани суд залидан озод қилиш учун биргина уни қамоққа олишнинг ўзи нотўғри бўлгани факти етарли эди. “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонун талабига кўра, адвокатга фақатгина республика Бош прокурори, вилоят прокурорлари ва унга тенглаштирилган прокурорлар жиноят иши қўзғатиши мумкинлиги айтилган. Ҳолбуки, адвокат Маъмура Мўминовага нисбатан Андижон шаҳар прокурори Б. Аҳмадалиев жиноят иши қўзғатган ва уни қамоққа олган.

Жамиятимиз фаоллари вилоят жамоатчилиги, адвокатлар билан муттасил суҳбатлар, текширувлар давомида қўлга киритган маълумотларга кўра, судланаётганларнинг тақдирини вилоят прокурори Б. Деҳқонов ҳамда жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди раиси Н. Тўхлиевлар ҳал қилади. Бу борада ҳатто терговчи-ю судьялар ўзларининг мустақил эмаслиги, бундан норози эканликларини яширмайдилар ҳам. Н. Тўхлиевнининг ғурур билан таъкидлашича, уни бу лавозимга Президент Ислом Каримовнинг шахсан ўзи (Тўхлиевнинг отаси, собиқ самарқандлик райком секретари Суюн Тўхлиевга эҳтироми туфайли) тайинлаган. Андижон фожиасидан сўнг ҳам қоядек мустаҳкам Б. Деҳқонов эса бундан 10 кунча муқаддам иккинчи муддатга яна вилоят прокурори этиб тайинланди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини сохта жиноят иши матриалларини ўрганиш ва мавжуд ҳукмга нисбатан протест келтиришга чақиради. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатини буюртма жиноят иши юзасидан тўпланган факт ва далилларга кўра, адвокатга нисбатан қўйилган айблоқларни бекор қилишга ундайди. Ўзбекистон Адвокатлар ассосиацияси ва кенг жамоатчиликни Маъмура Мўминованинг ҳимоясига чорлайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: