ОҒИР ЖАЗО — ҲАЛОЛЛИККА ИСБОТМИ?

ezgulik “Қонун майда балиқлар илиниб, катта наҳанглар йиртиб кетадиган тўр бўлмаслиги керак”. Онаре Де Бальзак

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Андижон шаҳар шаҳар 3-кичик даҳа 43-уй 25-хонадонда яшовчи фуқаро Одинахон Бойбобоева мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи, “Андижон электродвигатель” заводи собиқ директори Ҳамидулла Бойбобоевнинг асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилгани ва суд томонидан адолатсиз равишда озодликдан маҳрум этилганини таъкидлаган. Жамиятимиз фаоллари мазкур ишни ўрганиш жараёнида фуқаро мурожаатида иддао қилинаётган даъволарда ҳақиқатан ҳам жон борлигига амин бўлишди. Нафақат Андижон вилоятида, балки мамлакатимизда стратегик аҳамиятга эга бўлган завод теварагидаги можаролар пухта, пишиқ сценарий асосида тузилгани, бу спектаклни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ижро этишгани ойдинлашди.

Иш матриалларидан кўринишича, 2004 йилда Ҳамидулла Бойбобоев бир неча йиллардан бери фаолият кўрсатмаётган заводни қайта таъмирлади, уни ишга туширди. Завод маъмурияти мулкчиликнинг акциядорлик шаклини танлаб адашмади, ишлар юришганидан юришиб, завод мўмайгина даромад келтира бошлади. Ҳамидулла Бойбобоев таъсис этган “Шоҳтекс” хусусий фирмаси акцияларнинг 50 фоизига, Бойбобоевнинг ўзи эса 25 фоизи ҳамда фуқаро Нуриддин Муҳиддинов 25 фоизига эга эди. Завод айнан акциядорлик жамияти бўлгани учун ҳам қинғир ишлар қилиш, ўғирлик каби иллатларга эҳтиёж йўқ эдики, завод маъмуриятининг ўзи мулкдор сифатида бундай иллатлардан манфаатдор эмасди. Яъни, корхона тўла қувват билан ишласа, дивидентлар келиб турсагина акциядорлар фойда кўрадилар. Аксинча, корхонани талон-тарож қилиш — ўз уйига ўғирликка тушишдек гап эди.

Фуқаро Одинахон Бойбобоеванинг таъкидлашича, “Андижон электродвигател”нининг ишлари юриша бошлагач, айрим акциядорлар кўнглида ғараз ва заводни ўзиники қилиб олиш истаги туғила бошлади. Ана шундай кимсалардан бири Нуриддин Муҳиддинов бўлиб, у завод раҳбарига уни 300 минг АҚШ доллари эвазига сотиб олиш таклифи билан чиқди. Бу “таклиф” Бойбобоев томонидан томонидан қабул қилинмагач, Ўзбекистон Республикаси Президенти собиқ Давлат маслаҳатчиси Анвар Набиевнинг номи билан пўписага ўтилди. “Агар заводни бермасанг, талон-тарожда айбланиб, умринг қамоқда чирийди”, деган пўписалар вақти келиб рўёбга чиқди. Агар иш матриаллари, воқеалар ривожи ана шундай манзарани намоён қилмаганида Одинахон Бойбобоеванинг иддаоларини “Ётиб қолгунча, отиб қол” мазмунида қабул қилиш мумкин эди.

Завод раҳбари Ҳамидулла Бойбобоев рафиқаси Одинахонга болаларни эҳтиёт қилишини сўраб, устидан Андижон вилояти прокуратураси терговчиси Содиқ Бердиалиев томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси билан иш қўзғатилгани, ўзининг муқаррар қамалишинини таъкидлади. Боиси у чоғда Анвар Набиев айни от устида, мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини назорат қиларди. У коррупция тўрига ўралган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан чўчиётганини яширмай ихтиёрсиз равишда зўравонликнинг қурбонига айланиб бораверди. Унинг бўйнига ҳали амалда бўлган шартномалар ортидан йирик миқдорда талон-тарожлик айби юклатилиб, жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди судьяси Ҳаким Хўжамов томонидан 15 йиллик қамоқ жазоси берилгани эълон қилинди. Коррпуция манфаатларини қонунлаштирган судья суд мажлислари давомида ҳукмни на асослантирди, на гувоҳлар кўргазмаси-ю, тафтиш хулосаларига эътибор қаратди. Ҳамидулла Бойбобоевни шантаж қилганларнинг башоратлари тўғри бўлиб чиқаверди. На суднинг аппелация ҳайъати, на Олий суднинг жиноят ишлари бўйича ҳайъати суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Дастлабки тергов ва суриштирувлар мобайнида Ҳамидулла Бойбобоев терговчининг маслаҳати билан келтирилган зарар дея эътироф қилинаётган маблағларни давлатга тўлаган ҳам эди. Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар туфайли муҳими озодликка чиқиши, ишбилармон учун муҳими вақт экани, коррупция занжири билан иш давомида курашаверишини мақсад қилганди. Аммо буни қарангки, давлат мулкини ўмариб, давлат ва халқ манфаатларига миллиардлаб зарар келтирган Исмоил Жўрабеков, Козим Тўлаганов, Бахтиёр Ҳамидов, Рустам Юнусовларни ҳимоя қилган қонун Бойбобоевга келганида ожиз қолди. У узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва “қарор қаътий, шикоятга ўрин йўқ” деганларидек ҳукм ўзгаришсиз қолаётир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мухтасар баёнотида Бойбобоев ишининг тафсилини қисқа баён қилиб, бу ишни жиддий тафтишга муҳтож, деб ҳисоблайди. Республика Бош прокуратурасини иш матриалларини ҳозирда жиноий қилмишлари учун терговда бўлган Анвар Набиевнинг жиноят ишига қўшиб кўришга чақиради. Суднинг юқори босқич инстанцияларини адолатга ундаб, жамоатчилик эътиборини инсон ҳуқуқлари бузилиши, коррупция фактига қаратади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: