БИР ҚАДАМ ОЛДИНГА, ИККИ ҚАДАМ ОРҚАГА

Президент Фармони қонунларга зид
Шу йилнинг 2 майида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони матбуотда эълон қилинди. Айтиш мумкинки, кенг жамоатчилик, аксарият адвокатларда таажжуб уйғотган мазкур Фармонда адвокатурани ислоҳ қилишдан кўра, бу институт фаолиятини бироз жиловлашга қаратилган ҳаракат ётгани яққол кўринади. Хусусан, Фармонда адвокатларнинг марказлашган аппарати — Адвокатлар палатасини ташкил этиш, унга барча адвокатларнинг мажбурий аъзо бўлиши масаласида кўзланган “эзгу” мақсадни тушуниш қийин. Гарчанд, бу ислоҳотдан адвокатура тизимини такомиллаштириш, суд ва терговда ҳимояни кучайтириш кўзланганаётгани айтилса-да, кўп жиҳатдан мақсад воситани оқламайди.

Мустақиллик йилларида адвокатлик фаолиятини тартибга солувчи бир қанча қонун қабул қилингани ва ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Босқичма-босқич амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар жараёнида хусусий адвокатлик фирмалари, юридик консультацияларнинг юзага келгани ҳам жамиятимизда бу институтнинг такомиллашувига ижобий таъсир ўтказганини таъкидлаш керак. Гарчанд, сиёсий мотивлар билан судланаётган шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқидан амалда маҳрумлиги, бундай шасхлар ҳимояси учун отланган адвокатларнинг таъқибларга учрашидан кўз юмиб бўлмаса-да, жамиятда адвокатура институтининг тадрижий ривожланиш босқичига кирганини тан олиш лозим.

Бироқ Президентнинг кечаги Фармони мазкур ислоҳотларга шубҳасиз болта урди. Пухта тергов, судловнинг очиқлик, ошкоралик принципларига асосланган тизимини яратишда омил бўлган жамоатчиликнинг суд мажлислари, суриштирув ва тергов жараёнларига аралашуви амалда таъқиқланди. Масалан, Фармоннинг 1-қисми 6-хатбошисида: “…ҳуқуқшунослик соҳасида махсус билимга эга бўлмаган шахсларнинг суд ишида иштирок этишига йўл қўймасликка қаратилган тарафлар вакиллиги институтини босқичма-босқич такомиллаштириш тизими… ислоҳ қилишнинг асосий йўналиши сифатида белгилансин” дейилади. Мазкур ғайриконституциявий ҳаракат замирида ҳимоя тизимининг дахлсизлигига зарба бериш, суд ишига жамоатчиликнинг аралашишини таъқиқлаш, суднинг яна коррупциялашган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўлига топшириш истаги ётибди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Жиноят ва Фуқаролик процессуал қонунчилигида тергов ҳамда суд жараёнларида жамоатчиликнинг аралашувига имкониятлар яратилган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида вужудга келган бундай тартиб жаҳон стандартларига мос, адвокатура институтининг ривожига ўзига хос ҳисса қўшди. Ноҳукумат, жамоат ташкилотлар вакилларининг судларда жамоатчи ҳимоячи сифатидаги иштироки судларнинг ошкоралигини таъминлаш, ахборот олишда бирмунча қулайликлар яратди. Биргина Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари кейинги 3-4 йил мобайнида 500 дан ортиқ суд мажлисларида иштирок этди. Суддаги адолатсизликлар, тергов жараёнидаги қийноқ ва зуғумлар хусусида ахборотлар тарқатди. Бироқ айни пайтда Ўзбекистон Президентининг ҳатто тоталитар жамиятлар ҳам адвокатура тизимида қўлламайдиган таъқиқни ўрнатишини… тўла маънода адвокатура институтнинг равнақига берилган зарба сифатида баҳолаш керак.

Шу кунларда юртимиздаги кўплаб адвокатлик бюролари, юридик консультанцияларида ташкил этилажак Адвокатлар палатасининг ҳуқуқий вориси — Адвокатлар ассоциацияси раҳбарияти томонидан ҳукуматнинг бу “ғамхўрлигини” тарғиб қилиш ҳаракатлари бошлаб юборилган. Ассоциация раҳбарияти ва халқаро минбарларда репрессив ҳукуматнинг ҳимоячиларига айланган бир-икки таниқли адвокатларнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган бу жараёнларда мустақил адвокатлик фирмалари шунчаки консультатив бюроларга айлантирилиши, адвокатлар ягона марказий аппаратга бўйсундирилиши тушунтирилмоқда. Адвокатларнинг стихияли норозилигига қарамай Адвокатлар ассоциацияси ҳукуматнинг ғайри конституциявий қарорини жорий қилишга уринмоқда.

Албатта, Президентнинг бу Фармонидан келиб чиқиб, қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритилади. Тергов ва суд жараёнларида жамоатчиликнинг иштироки (чунки аксарият жамоатчилик вакиллари юридик малакага эга эмас — Эзгулик) амалда таъқиқланади. Судлар ёпиқ, шахслар яна ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қолаверадилар. Адвокатларнинг оғзига кишан урилган, уларнинг жилови ҳукумат томонидан бошқариладиган Адвокатлар палатасининг қўлида тураверади. Бу билан ҳукумат яна жаҳон ҳамжамияти наздида ҳибсга олиш учун санкицияларни судларга олиб бергани-ю, ўлим жазосини шунчаки популизм учун амалга киритганини исбот қилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти адвокатларнинг кўплаб мурожаатлари, жамоатчилик институтларининг талаб ва манфаатларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини Президентнинг мазкур Фармонини тафтиш қилишга, унинг қомусий нормаларга нечоғли мос эканини ўрганишга чақиради. Ўзбекистон Рсепубликаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти раҳбарияти, мустақил адвокатлар, кенг жамоатчиликни адвокатура институти, ҳимоя тизимини жиловлашга қаратилган мазкур Фармонни тадқиқ этишга ундайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: