АБДУЛЛА ОРИПОВ… ҚОНУНДАН УСТУН(МИ)?

Адабиёт яшаса — миллат яшар!

Чўлпон

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг бир неча аъзолари, таниқли ёзувчи ва шоирлар мурожаат қилиб, уюшма раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ноқонуний равишда раҳбарлик лавозимини эгаллаб турганини баён қилишган. Мазкур муаммони ўрганиш мобайнида “Эзгулик” фаоллари бир қанча ижодкорлар билан суҳбатлашди, ишга тааллуқли материаллар билан танишди. Шунга кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбариятининг бир неча йиллардан бери Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги талабларини қўпол равишда бузиб келаётганига амин бўлишди.

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси мамлакатимиздаги йирик жамоатчилик ташкилотларидан бири бўлиб, у “Жамоат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун ва ўз Уставига мувофиқ фаолият олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган мазкур уюшма Уставига кўра, унинг ҳар беш йилда бир марта Съезди (Қурултойи) чақирилиши, узоғи билан бир йилда пленуми ўтказилиши кўзда тутилган. Уюшма фаолиятига тааллуқли принципиал масалалар ташкилотнинг олий органи бўлмиш Съездда тасдиқланиши, муҳим масалаларга мазкур йиғинларда қарор берилиши белгиланган. Аммо Ёзувчилар уюшмасида сўнгги марта 1992 йилда Съезд ўтказилган ва бу мажлисда Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол уюшма раиси этиб сайланган. Орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Президентининг Кадрлар сиёсати ва ташкилий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси Темур Алимов томонидан халқ шоири Абдулла Орипов ноқонуний равишда уюшмага раҳбари этиб тайинланган.

Орадан ўтган қарийб 15 йиллик даврда Съездлар ўтказилмади, уюшма қошидаги марказ-у жамғармалар синиб кетаверди. Ёзувчилар ўртасидаги аҳилликка путур етди. Уюшманинг кўплаб аъзолари моддий-маънавий кўмаклардан маҳрум бўлди. Мамлакатимизнинг ўзига хос интеллектуал мулки жамланган жамоат бирлашмаси фитна уясига айланди. Уюшма раҳбарияти шуурида илдиз отган маҳаллийчилик иллати туфайли уюшма таркибидаги жамғарма-ю моддий-техник база раиснинг юртдошларига тортиқ қилинди. Ўзига хос нўноқ бошқарув услуби туфайли ўтмишда мунтазам ўтказиладиган маърифий тадбирлар барбод қилинди. Кўпчилик ижодкорлар мазкур уюшма атрофидаги муттасил можаролардан безиб қолишди.

Совет Иттифоқи тузилганининг дастлабки йилларидаёқ барпо этилган Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вақти келиб мамлакатимиз мустақиллиги, унинг истиқлолга эришишида асосий роль ўйнаган жамоатчилик институтларидан бири бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Халқимиз эрки ва иродасини ифода этишда ёрқин машъал бўлган ижод аҳлининг бошини қовуштириш, айни пайтда жамоатчиликда ҳуррият ғояларини шакллантиришга беқиёс ҳисса қўшган мазкур жамоат ташкилоти ўзига хос мавқега эга эди. Ижод аҳлини маънавий, моддий қўллаб-қувватлашни мақсад қилган бу уюшмадан эндиги кунда беш-ўнта доимий ишлайдиган ходим-у, можаро уясига айланган бир боғ мерос қолган. Унинг яқин ўтмишдаги на довруғидан, на мавқеидан нишон бор: мол-мулклари ғорат қилинган, унинг қошидаги Адабиёт жамғармаси, Адабиётни тарғиб қилиш маркази, Дўрмон боғи ачинарли бир ҳолда.

Шунга қарамай уюшманинг ноқонуний раҳбари Абдулла Орипов ҳукуматнинг доимий эътиборида бўлиб келди. У қўша-қўша орденлар билан сийланди, жамоат ташкилоти раҳбари бўлишига қарамай ҳукумат томонидан хизмат машиналари билан тақдирланди. Унинг қонунбузарлигига қилдан қийиқ ахтарадиган Адлия вазирлиги маъмурияти кўз юмиб келмоқда. Оддийгина манзили ҳақидаги маълумотни вазирликка тақдим этмагани учун ёпилган Қозоқ маданий маркази, бир неча марта сабабсиз огоҳлантиришлар олган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ва яна қанча ноҳукумат, жамоатчилик ташкилотлари қисмати олдида Ёзувчилар уюшмасининг қонунбузарлиги… кечирилишини тушуниш мумкин.

Негаки, ижодкорларнинг бошини силаш, уларни ҳар томонлама қувватлаш учун ташкил этилган уюшма ўзининг аъзолари Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) ноҳақ қамалганида унинг ҳимоясига отланган ижодкорларни тазйиққа олди.. Ёзувчи Эмин Усмон қийноқлар натижасида жон берганида мум тишлади. Ўнлаб ижодкорлар хорижга бадарға қилинганида жим турди. Шоир Юсуф Жума қамалгани ҳақида дунё гапираётган пайтда гўё буни эшитмади… Шунинг учун ҳам Абдулла Орипов қонунни бузишга ҳақли, шунинг учун ҳам Адлия вазирлиги бу қонунбузарликни кўрмайди!..

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги маъмуриятини Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига барҳам беришга чақиради. Нодавлат-нотижорат, жамоатчилик ташкилотлар ҳақидаги мамлакатимиз қонунчилиги талаблари асосида уюшма фаолиятини тафтиш қилишга ундайди. Мазкур ишининг жамоатчилик ўртасидаги аҳамиятини ҳисобга олиб, оммавий ахборот воситалари орқали тафтиш хулосалари эълон қилиниши лозимлигини эътироф этади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: