Ризо Обид: Йилларим ва йўлларим

8.Ватан озод , деган калимани эшитиш орзуси
Киши руҳиятида гоҳо ўзи ҳам унчалик англайвермайдиган ҳолатлар кечиб туради.Мана сиз ўқиётган бу қисм саккизинчиси, аммо бундан аввалги еттинчисини саҳифада эълон қилмадим.Чунки унда шундоқ ҳам муҳожирот жабру жафосини тортиб юрган ватандошларнинг айрим камчиликларини айтиб дилларини ранжитиш ниятим йўқ.Лекин вақт соати келганда у мавзу тилга кириши аниқ.Чунки айтилган сўз, отилган ўқ деганлари каби сўз ҳам ўқланган ҳолда турибди.

Кундаликларимни давом эттириб аллақачон Қозоғистондан Холландга келганимиз ва бу ёқдаги таассуротлар ҳақида ёза бошлашим керак эди.Лекин мен бундай қилишга шошилмаяпман.Нега десангиз ўша Ватанга яқин мамлакатда хаёлан бўлсада юриб турай деган ажиб бир ёқимли руҳий ҳолатдан чиққим йўқ.

Аллақачон Ўзбекистондан қадамим узилганини биламан, лекин бутун борлиғим билан ҳамон ватандаман.

Эгри ўтириб, тўғри сўзла дейишади.Бу ёққа келгач эътибор берганим шуки, муҳожирларга энг кўп бериладиган асосий саволлардан бири шундай:сизга бу мамлакатнинг нимаси ёқди-ю, нимаси ёқмади?Бундай саволга янги келган кезларда:ҳаммаси гўзал, ажойиб мамлакат экан деб жавоб берилади.Бу ғоят тўғри берилган жавоб.Чунки кеча яқинда келган мамлакатнинг ташқи қиёфасини энди кўра бошладингиз, яна нима ҳам дея олардингиз.

Орадан озроқ вақт ўтгач:тилини ўрганиш қийин экан, одамлари ҳам бизнинг одамлардан аллақанча жиҳатлари билан фарқ этар экан, табиатида эса биздагидай қуёш тафти мўл эмас экан сингари томонларини санай бошлайсиз.Аммо, табиат ва унинг мусаффолиги, фаровонлик, қурилишларнинг эртаклардаги каби афсонавий меъморий услубдалигидан ҳайратларингизни ҳам яширмайсиз.

Албатта ҳар бир миллат, ҳар бир халқнинг ўзига яраша балки неча минг йиллар давомида шаклланган ўзига хосликлари борда.Шунинг учун ҳам йигирма ё йигирма беш йилдан буён муҳожиротда яшаб юрган киши ҳам туғилган ватанини қўмсашдан фориғ бўлолмаганининг гувоҳи бўласиз.

Ҳозирги дунё шиддат билан турли эврилишлар тўфонида учмоқда.Балки эрталаб уйқудан туришингизда:Ўзбекистонда чиндан ҳурлик эпкинлари эса бошлади, деган хабарни эшитиб уйғонарсиз.Албатта бу бир орзу.Лекин ватандан олисда ватандан кечолмай юрган ҳар қандай киши юрагида шу орзу бўлса керак.Яъни:Ватанингиз озод бўлди, Сиз энди бемалол она юртингизга қайтишингиз мумкин, дейилган калимани эшитиш орзуси…

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: