Бизга ёзадилар׃ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ҲИМОЯЧИ

Бир парча гўшт итни не кўйларга солмайди. Оноре де Бальзак

    Ўзбекистон Республикаси “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунига кўра, адвокат шахси муайян даражада дахлсиз бўлиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳуқуқи бош прокурор ёки вилоят прокурорлари даражасидаги қонун посбонларига берилган. Аммо андижонлик адвокат Маъмура Мўминованинг иши буюртма иш бўлгани боис унга нисбатан Андижон шаҳар прокурори Б.Аҳмадалиев ғайриқонуний равишда жиноят иши қўзғатди. Уни ўз кундошига нисбатан суиқасддек жиддий ҳодисада айблаган прокурорнинг қилмиши қонунга зид бўлишига қарамай, воқеалар тафсили Андижонда бирмунча тилга ҳам тушиб улгурди.

Мазкур айбловни қонунлаштирган жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ҳукми гўё Маъмура Мўминованинг фуқаро Дилмурод Мадрагимовга нисбатан безорилик ҳаракатлари содир этгани, Гулбаҳор Мадрагимованинг ўлимига сабабчи бўлганлигини исботлашга уринади. Суд ҳукмида ҳодиса баёни қуйидагича: «“М .Мўминова шахсий муносабат замирида қонуний никоҳда бўлмаган Исроилжон Мадрагимов билан гаплашиш мақсадида 2007 йил 23 дан 24 августга ўтар кечаси соат 1 ларда Исроилжон Мадрагимовнинг Андижон шахар Ф.Хўжаев кўчаси 24 уйи олдига келиб,уни чақиртириш мақсадида ойналарни тарақлатиб, қўнғироқларни чалиб,тинчлигини бузаётган вақтида шу жойга келган ва безорилик харакатларини олдини олмоқчи бўлган Дилмурод Мадрагимовни фуқаролик бурчини бажариб,унга қилган танбехларига жавобан,олдиндан ўзи билан олиб келган пичоқ билан хамла қилиб,безорилик харакатлари содир этган…”

Яна эшитинг: «М.Мўминовадан безорилик харакатларини тўхтатишни сўраб уйига таклиф қилганида, “Сен ифлосларни ўлдириб қутиламан,ўзларинг қачон ўлиб кетишасанлар” деб ўзини бошқарувида “НЕКСИЯ” автомашинасида қастдан икки ва ундан ортиқ шахсни,таъмагирлик ниятида, Гулбахор Мадрагимова ва ўғли Исмоил Мадрагимовлни бошқа шахсларни ҳаёти учун хавфли бўлган усулда ўлдириш мақсадида, орқага 5-6 метр масофага тистариб, сўнг катта тезлик билан Гулбахор Мадрагимовани автомашинаси билан уриб юбориб ,бостириб ўтган .Исмоил Мадрагимов оғир жарохатланган онаси Г.Мадрагимовага ёрдам бермоқчи бўлиб яқинлашган пайтда, М. Мўминова яна автомашинасини олди қисми билан қастдан урган, шундан сўнг Г.Мадрагимовани оғир аҳволда ётганини кўриб, жиноий мақсадини охиригача етказиш учун ўта шавқатсизлик билан устидан яна босиб ўтган, сўнг Исмоил Мадрагимовни автомашинаси олди қисми билан яна бир марта уриб, қастдан ўлдириш мақсадида шикаст етказган…”

Суд ҳукмининг асослантирувчи қисми ана шу ҳодисадан иборат. Мазкур ҳикояни эшитган ҳар қандай ўқувчи биз ҳимоячи сифатида таърифлаётган нозик бир жуссани шафқатсиз бир жиноятчи ёинки ўч олиш алангаси билан дарғазаб кундош қиёфасида кўради. Суднинг бу бир аёлга нисбатан 15 йиллик қамоқ жазосини тайинлаши эса киши тасаввуридаги ана шу аёл қилмишига нисбатан нафрат уйғотади. Аслида эса Маъмура ҳам ҳаётда бироз омади чопмаган, Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Исроил Мадрагимовнинг ширин эркалашлари, оташин муҳаббати тузоғига илинган бахтиқаро аёлдир.

ИИБнинг собиқ амалдори ва адвокат ўзаро фуқаровий никоҳ асосида турмуш қуришган. Бу расман тан олинмаган никоҳ ҳақида аҳли Андижон хабардор эди. Аввалига муҳаббат риштаси билан боғланган никоҳ бора-бора низоларга айланди. Кўп марта иккинчи хотин ёки жазмандан қутулишга уринган собиқ миршаббоши турли ҳунарлар кўрсатди. Аввал-аввал хўрлади, сўнгра бу одат кундалик сурункали маломатга айланди. Пичоқ бориб суякка етган кунларда юқорида суд тили билан бузиб айтилган ҳодиса содир бўлди. Бахтсиз ҳодиса туфайли Мадрагимовнинг катта хотини оламдан ўтди, гўё Маъмура кундошнинг қотилига айланди.

Жиноят процессуал қонунчилигида қотиллик, айнан қасддан одам ўлдириш ҳодисасига аниқ-тиниқ изоҳлар берилган. Шу туфайли ҳам одам ўлдириш саҳнаси қасддан, эҳтиётсизлик ортидан, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида сингари бир неча тоифаларга бўлинади. Мазкур тоифаларга белгиланган жазо муддатлари ҳам турлича бўлиб, қилмишни баҳолашда жиноятчининг қай мақсадда жиноятга қўл урганлик ҳолати нисбат қилиб олинади. Эрининг чақируви билан унинг уйига борган, кундошининг ўғиллари томонидан шафқатсиз пичоқланган, жон талвасасида қочишга уринаётган Маъмуранинг бахтга қарши кундошини машинада уриб юбориши ҳодисаси қайси томондан ўйламанг, қасддан одам ўлдиришга тортмайди. Албатта, мақоламиз давомида анна шу картинани чизиб беришга уринарканмиз, оғир жазони ҳалоллик деб ўйлаган суд, профессионал лаёқатини шубҳа остига қўйган терговчи ва прокурорнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришга ҳаракат қиламиз.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ўзининг 2008 йил 6 март кунги қонунсиз ҳукми асослантирувчи қисмида, суд мажлиси баённомаси ва ҳукмни қасддан қалбакилаштириб, жабрланувчи Мадрагимов Дилмуроднинг кўрсатмаларини қуйидагича ифодалаган: “2007 йилни август ойининг 23 ёки 24 август кунида дадаси Исроилжон Мадрагимов хаммаларини тўплаб иккинчи хотини борлигини,онасини иккинчи хотини билан таништирган… иккинчи хотин “даданг мен билан яшамаса, ҳаммангни ўз қўлим билан ўлдириб юбораман” деб ташланди…”. Ўтказилган суд терговида сўроқ қилинган гувоҳлар Сафутдинов Мурод, Тўхтасинов Махмуд, Холиқова Тожихон, Алимова Мавлуда, Саматов Авазбек, Эргашев Шокир, Мирхамидова Жамила, Саматова Умида, Атақулова Феруза, Атақулов Султонлардан биронтаси 2007 йил 24 августга ўтар кечаси Мўминова Маьмура Мадрагимов Исроилни хонадонига бориб,уларга нисбатан безорилик ҳаракатлари содир этганлигини кўрганларини тасдиқлаганлари йўқ.

Аксинча, қўшхотинли Мадрагимов Исроилжон суд терговида берган ўз кўрсатмаларида ушбу ҳолат 2007 йил 22 август куни содир бўлганлигини, шу куни турмуш ўртоғи Мадрагимова Гулбаҳор билан Мўминова Маъмурани учраштирганлигини, турмуш ўртоғи уни кечирганлигини, Маъмура билан кўришганларидан сўнг уйга кетганлигини, кечки пайт эса уйида турмуш ўртоғи ва фарзандларига Мўминова М. билан ўрталаридаги бор гапларни айтиб берганлигини баён қилган.

Суд ўзининг 2008 йил 6 март кунги ҳукми асослантирувчи қисмида “М.Мўминова 2007 йил 29 августдан 30 августга ўтар кечаси соат 01 ларда ошхона пичоғи билан қуролланган холда,онасига тегишли булган 17 Е 0711 давлат белгили “НЕКСИЯ” автомашинасини бошқариб, яна Исроил Мадрагимовни уйига келиб,ундан кимматбахо буюмлар ва уй сотиб олиб беришини талаб қилиш,яъни таъмагирлик ниятида,уйидан бақир чақир қилиб чақиртириб,уятли сўзлар билан хақорат қилиб,оила аъзолари ва қўни қўшниларини тинчлигини бузиб безорилик харакатларини бошлаган. Исроил Мадрагимовни турмуш ўртоғи Гулбахор Мадрагимова ўғли Исмоил Мадрагимов билан кўчага чиқиб, фуқаролик бурчини бажариб М.Мўминовадан безорилик харакатларини тўхтатишни сўраб уйига таклиф қилганида, “Сен ифлосларни ўлдириб қутиламан,ўзларинг қачон ўлиб кетишасанлар” деб ўзини бошқарувида “НЕКСИЯ” автомашинасида қастдан икки ва ундан ортиқ шахсни,таъмагирлик ниятида,Гулбахор Мадрагимова ва ўғли Исмоил Мадрагимовлни бошқа шахсларни хаёти учун хавфли бўлган усулда ўлдириш мақсадида, орқага 5-6 метр масофага тистариб, сўнг катта тезлик билан Гулбахор Мадрагимовани автомашинаси билан уриб юбориб,бостириб ўтган. Исмоил Мадрагимов оғир жарохатланган онаси Г.Мадрагимовага ёрдам бермоқчи бўлиб яқинлашган пайтда,М.Мўминова яна автомашинасини олди қисми билан қастдан урган, шундан сўнг Г.Мадрагимовани оғир ахволда ётганини кўриб,жиноий мақсадини охиригача етказиш учун ўта шавқатсизлик билан устидан яна босиб ўтган,сўнг Исмоил Мадрагимовни автомашинаси олди қисми билан яна бир марта уриб, қастдан ўлдириш мақсадида шикаст етказган.

Ҳодиса жойида шовқинни эшитиб чиққан И.Мадрагимовнинг қўшнилари Ф.Атақулова,У.Саматова,А.Саматовлар жароҳатланган Исмоил Мадрагимовга ёрдам беришиб катта олича дарахти орқа томонига йўлни четига олиб ўтишган,М.Мўминова жиноий харакатларини охирига етказиш мақсадида Исмоил Мадрагимовни қастдан ўлдиришга харакат қилиб,бошқарувидаги автомашинаси билан олича дарахти тагида ётган Исмоил Мадрагимовга қаратиб юргизиб,олча дарахтига бориб автомашинаси билан урган, Мадрагимовларнинг қўни қўшнилари сайи харакати билан автомашинани моторини ўчиришга эришганлиги сабабли М.Мўминова Исмоил Мадрагимовни қастдан ўлдириш жиноятини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охиригача етказа олмаган ” деб кўрсатган.

ЖИБ Андижон вилояти судининг 2008 йил 6 март кунги хукмини ушбу қисми билан ҳам умуман келишиб бўлмайди.

А)Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 97-моддаси 2-қисми “Г” банди билан “Жавобгарликни огирлаштирадиган холатларда қастдан одам ўлдириш, яьни “ ўз ҳизмат ёки фукаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг якин қариндошларини” деб кўрсатилган ва ушбу ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябр кунги «Қастдан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида» ги 13-сонли Қарорининг 9 моддаси 1-хатбошида “Шахснинг ёки унинг якин қариндошларини ўз хизмат ёки фукаролик бурчини бажариши муносабати билан қастдан ўлдириш жинояти ЖК 97 моддаси 2 қисми “Г” банди билан квалификация қилинади” деб аниқ кўрсатиб қўйилган.

Андижон вилояти суди эса ушбу эпизодини гувоҳлик кўрсатмалари ёки ҳужжатлар билан тасдиқлаган эмас, қандай хужжатлар ёки гувохлик кўрсатмаларига асосланиб жабрланувчи Мадрагимов Исмоилни ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажарган деб кўрсатиш мумкин,суд, қандай бўлмасин ҳам Мўминова М. ни ушбу модда билан айбдор деб топиш мақсадида, қастдан аслида Мўминова М. томонидан содир этилмаган ҳаракатларни содир этган деб кўрсатиб ўтган холос.

Суд жиноят ишини ушбу қисмини ҳам қастдан бўртириб кўрсатган, ўтказилган суд терговида жабрланувчи Мадрагимов И.ни қўшнилари Холиқова Тожихон, Алимова Мавлуда, Саматов Авазбек, Эргашев Шокир, Саматова Умида, Атақулова Ферузалар ўз кўрсатмаларида гўёки Мўминова М. ўз бошқарувидаги “НЕКСИЯ” автомашинасини жабрланувчи Мадрагимов Исмоилни босиб ўлдириш мақсадида автомашинасини бир неча бор Олича дарахтига урганлигини кўрсатиб ўтганлар.

Дастлабки тергов ва ўтказилган суд терговида судланаётган адвокат аслида унга нисбатан жабрланувчи Мадрагимов Исмоил томонидан қастдан пичоқ урилганидан сўнг воқеа жойидан қочиб кетишга харакат қилганлигини, лекин жабрланувчи Мадрагимова Гулбаҳор автомашинасини йўлига туриб олганлиги сабабли Мадрагимова Г.ни уриб юбормаслик ва ундан олиб қочиш мақсадида автомашинасини чап томонга бурганлигини, лекин автомашина билан Мадрагимова Гулбахор ўртасидаги масофа қисқа бўлганлиги сабабли автомашина Мадрагимова Г. ни туртиб ўтиб олча дарахтига урилган ва тўхтаб қолганлигини кўрсатиб ўтди.

Суд эса фақат Мадрагимова Гулбахор оғир тан жароҳатлари олиб касалҳонада вафот этганлигини, Мадрагимов Исмоил ўртача оғирликдаги тан жароҳатлари олганлигини, бошқа ҳеч ким тан жароҳатлари олмаганлигини билгани ҳолда, қастдан, қандай бўлмасин, Мўминова М.ни ЖК нинг 97-моддаси 2 қисми “Д” банди билан айбдор деб топиш мақсадида, тергов органи ва жабрланувчиларга ён босган ҳолда, аслида Мўминова М. томонидан содир этилмаган ҳаракатларни содир этган, деб ўз ҳукмида кўрсатиб ўтишдан нарига ўтгани йўқ.

Дастлабки тергов органи жиноят иши юзасидан ҳақиқатни аниқлаш, гувоҳларнинг ушбу кўрсатмаларини тасдиқлаш учун жиноят иши юзасидан автотехника, транспорт трасологик экспертизалари тайин этмоғи ва ўтказмоғи лозим эди, лекин тергов органи ушбу экспертизаларни тайин этмаган ва ўтказмаган.

Жиноят иши юзасидан ҳақиқатни аниқлаш учун мен Республика Суд Экспертиза Маркази Андижон вилояти бўлимидан автомашинадаги техник шикастлар асосида автомашина олча дарахтига неча марта урилганлиги ҳақида мутахассис фикрини сўрадим.

Экспертиза муассасаси томонидан 2008 йил 21 январ куни берилган 28/13 сонли мутахассис фикрида “Юқоридаги йўл вазиятида, НЕКСИЯ 17 Е 0711 автомобилини олдини ўрта қисми бир бор дарахт билан тўқнашиб кетган ва уни олдини ўнг томони бирон бир қаттиқ жисм билан тўқнашиши оқибатида хосил бўлгани кўринади” деб кўрсатиб ўтган.

Ўтказилган дастлабки тергов ва суд тергови жараёнида жабрланувчи Мадрагимов Исроилжон,унинг қўшниларидан иборат бўлган гувохлар бригадаси (буни бошқача айтиш мумкин эмас,) ўзларининг бир бирига зид, қарама-қарши кўрсатмаларида гўёки Мўминова М. ўз бошқарувидаги “НЕКСИЯ” русумли автомашинасида Мадрагимова Гулбаҳорни бир неча бор босиб ўтганидан сўнг Мадрагимов Исмоилжонни қасддан ўлдириш мақсадида уни ўз автомашинаси билан босиб ўтмоқчи бўлиб автомашинасини олдинга орқага қараб харакат қилиб,бир неча бор олча дарахтига урилганлигини, олча дарахти синиб кетмаганлиги сабабли Мадрагимов Исмоил тирик қолганлигини кўрсатиб ўтганлар.

Дастлабки тергов органи томонидан жиноят иши юзасидан жабрланувчи Мадрагимова Г. ўлими сабабларини аниқлаш учун суд тиббий экспертиза ўтказилган, экспертизанинг 427 сонли хулосасида “Мадрагимова Гулбаҳор қўш жароҳати, калла мия ёпиқ шикасти, калла гумбази ва асосий суякларни чизиқли синиши,бош мия пардаларига ва қоринчаларига қон қуйилиши, бош мия оғир даражали лат ейиши,пешона чака соҳаларида тери остига қон қуйилиши, пешонасида лат яраси,кўзлари қовоқлари ва чап чакка соҳасида қонталаши, пешона чаккаини шилинмаси,кўкрак тўш суяги ёпиқ синиши ва ушбу соҳаларда мушакка қон қуйилиши,ўпка ва жигарни травматик йиртилиши ва ички қон кетиши,ўпкага , жигарга,ошқозон ва ичак деворига,ичак тутқичига қон қуйилиши,чап елка суягини ёпиқ синиши ва кўплаб қонталаш ва шилинмалари,ушбу тан жароҳатлари қаттиқ ўтмас буюмлар таъсири натижасида шу жумладан автомашинани чиқиб турган олди ён қисмлари таъсирида етказилган бўлиши,ушбу тан жароҳатлари хаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлар даражасига кириши ва мазкур ҳолатда уни ўлимига сабаб бўлганлиги аниқланган.” деб кўрсатиб ўтилган, лекин Мадрагимова Г.нинг танасида автомашина билан босиб ўтганда олинадиган тан жарохатларини тасдиқловчи хусусиятларга эга бўлган бирон бир тан жарохатлари борлиги аниқланган эмас.

ЖИБ Андижон вилояти суди эҳтиросларга берилиб, қандай бўлмасин ҳам химоям остидаги Мўминова Маъмурани оғир ва ўта оғир жинояларни содир этганлигини тасдиқлаш, қандай бўлмасин ҳам уни айбдор деб топиш мақсадида, уни ушбу моддани юқоридаги банди билан хеч бир асоссиз айбдор деб топиб,ўз харакалари билан жиноят иши юзасидан ўтказилган суд тергови харакатлари бир ёқлама олиб борилганлигини яна бир бор тасдиқлаб қўйди. Суднинг Мўминова Маъмурага ушбу модда билан айбли деб топиш учун авваламбор Мўминова М. томонидан Мадрагимов И.га нисбатан бундай ғайриқонуний ҳаракатлар қачон, қаерда ва қандай холатларда содир этилганлигини гувоҳлик кўрсатмалари ёки тегишли ҳужжатлар билан тасдиқламоғи лозим эди.

Ўтказилган суд терговида Мўминова М.ни юқоридаги кўрсатмаларини онаси Мўминова Ойимҳон, Андижон шаҳар ҳуқуқий маслаҳатхонаси адвокатлари Иномова Гулнора ва Шокирова Ферузалар тўлиқ тасдиқлаб баёнот бериб ўтишди.

Жиноят ишида мавжуд бўлган мазкур қарама-қаршиликлар дастлабки тергов давомида терговчи томонидан бартараф этилмаган, мени суд терговини тўлдириш мақсадида, жабрланувчи Мадрагимов И. ва гувохлар Мўминова О. Шокирова Ф. лар ўртасида юзлаштириш ўтказиш ва юқоридаги қарама қаршиликларни бартараф этиш тўғрисидаги илтимосномам суд томонидан асоссиз равишда рад этилди ва суд тергови ҳам бир ёқлама, тергов органи ҳамда жабрланувчиларга ён босилган ҳолда олиб борилаётганлигини тасдиқлади.

Д)Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 97 моддаси 2 қисми «Л» банди билан “Жавобгарликни огирлаштирадиган холатларда қастдан одам ўлдириш,яьни “безорилик оқибатида” содир этилган бўлса бундай харакатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябр кунги “Қастдан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида” ги 13 сонли қарорнинг 16 моддаси 1 хатбошида “Безорилик оқибатида,яьни жамиятга ва умум эътироф этилган аҳлоқ қоидаларига руй-рост ҳурматсизлик замирида содир этилган қастдан одам ўлдириш ЖК нинг 97 моддаси 2 қисми “Л” банди билан квалификация қилиниши лозим.Бунда айбдорнинг феъл атворида жамоат тартибига ошкора бўйсунмаслик, атрофдагиларга нисбатан ўзини қарши кўйиш, беписандлик намоиш этиш истаги мавжуд бўлади.Бу ҳолда айбдорнинг ҳаракатларини ЖК нинг 277 моддаси бўйича қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди” деб кўрсатиб қўйилган.

ЖИБ Андижон вилояти суди Мўминова Маъмура томонидан хеч қандай безорилик жинояти содир этилмаганлигини билгани холда, қастдан,уни оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиш мақсадида,фақатгина тахминлардан иборат бўлган,жиноят ишидан манфаатдор бўлган гувохларни кўрсатмаларига асосланган холос.

ЖИБ Андижон вилояти суди Мўминова М.ни ушбу модда билан айбли деб топиш учун авваламбор 2007 йил 30 августга ўтар кечаси Мўминова М.томонидан умум эътироф этилган аҳлоқ қоидаларини намойишкорона менсимаслик ҳаракатлари нималарда ифодаланганлигини гувоҳлик кўрсатмалари ёки ҳужжатлар билан тасдиқламоғи лозим эди, суд эса фақатгина Файзулла Хўжаев кўчасида истиқомат қилиб келаётган “ГУВОХ”ларнинг бир-бирига зид кўрсатмаларидан ташқари бирон бир гувохлик кўрсатмалари ёки хужжатлар билан Мўминова М. томонидан безорилик харакатлари содир этилганлигини тасдиқламасдан, аксинча уларнинг эхтиросларга берилган ёлғиз кўрсатмаларига асосланиб, гўёки Мўминова М. 2007 йил 30 августга ўтар кечаси И.Мадрагимовни хонадонига бориб, Мадрагимов И ва бошқаларга нисбатан безорилик ҳаракатлари содир этган деб кўрсатиб ўтиш билан чегараланган холос.

Жиноят иши юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган барча гувоҳларни, жумладан Мирзабоев Ғайрат, Умаров Абдувохидларнинг суд терговида берган, “Мўминова Маьмура ўзига ўзи 6 маротаба пичоқ ўра олмайди” деган кўрсатмалари суд мажлиси баённомасига ҳам, ҳукмга ҳам киритилмаган.

Агар М.Мўминовага нисбатан жиноят ишида тўпланган хужжатларга кўра уни оқлаш лозим,оқлов хукми чиқарилса бир нечта “ҚОНУН ХИМОЯЧИЛАРИ” М.Мўминовани ўринига ўтиришлари лозим бўлар эди,шу сабабли ҳам суд М.Мўминовага нисбатан қонунсиз ҳукм чиқарди.

Шунингдек, жиноят ишида ўта муҳим ишлар бўйича Андижон шахар прокуратураси терговчиси Ш.Жўрабоевнинг 2007 йил 30 август кунги қарори билан тайинланган ва Андижон вилояти СТЭ бюроси эксперти Юлчибоеванинг 115-сонли суд биологик экспертиза хулосаси мавжуд. Хулосанинг кириш қисмида терговчи томонидан тақдим этилган ашёвий далиллар қаторида 16 сонли обьект кўрсатилган бўлиб, эксперт ўз хулосасининг кириш қисмида ушбу пичоқни “Хўжалик пичоғи даста ва тиғдан иборат. Пичоқ тиғи оқ ялтироқ металдан ясалган бўлиб, бир томонлама ўткирланган, пичоқни ўткирланмаган томонидан очқичга ўхшаш ўймаси бор, Пичоқ тиғининг чап юзасида айлана ичида ҳайвоннинг сурати ва “CHENDWAND” сўзи ўйиб ёзилган. Пичоқнинг дастаси кўк рангли пластмассадан ясалган бўлиб, фигурали ,пичоқни металл қисмига уч дона оқ рангли металл мослама билан мустахкамланган. Пичоқнинг ўлчови умумий узунлиги 25,5 см.тиғнинг узунлиги 14,5 см.эни 2.4 см. Дастасининг узунлиги 11 см. Эни 2 см.қалинлиги 1.5 см. Пичоқни тиғининг иккала юзаси қўнғир рангли доғлар билан қопланган ” деб кўрсатиб ўтилган.

Жиноят ишида мавжуд бўлган, икки хил пичоқларнинг қайси бири билан айбланувчи ўзига ўзи пичоқ урганлигини аниқлаш ва жиноят ишидаги айнан шу қарама қаршиликларни бартараф этиш, суд терговини тўлдириш мақсадида мен томонимдан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 448-моддаси тартибида, жиноят иши юзасидан ашёвий далил деб эътироф этилган пичоқни гувохларга таниб олиш учун кўрсатиш хакида илтимоснома келтирган эдим, лекин ЖИБ Андижон вилояти суди ўзининг ажрими билан мени илтимосномамни асоссиз равишда рад қилиш билан чегараланди холос.

Ҳимоям остидаги Мўминова Маьмурага нисбатан Андижон шахар Прокурори томонидан қонун талабларига зид равишда қўзгатилган жиноят иши юзасидан воқеа содир бўлган жойини кўздан кечириш жараёнида ҳам бир қатор жиддий қонун бузилишларига йўл қўйилган.

Дастлабки тергов органи яъни Андижон шахар Прокуратураси терговчиси Ш.Худойқулов томонидан воқеа жойини кўздан кечириш баённомасида “Ибрагимова Гулбаҳор воқеа жойида вафот этган” деб кўрсатилганидан ташқари, воқеа жойини кўздан кечиришда жиноят ишидан манфаатдор бўлган, содир бўлган воқеани ўз кўзлари билан кўрган, жабрланувчилар Мадрагимова Гулбаҳор ва Мадрагимов Исмоилга ёрдам кўрсатган, жабрланувчи Мадрагимов Исроилни қўшнилари Атақулов Султон ҳамда Сайфудинов Муродлар холис тариқасида иштирок этганлар.

Ишнинг мухтасар баёни шундан иборатки, Маъмурага марҳума Гулбаҳорнинг ўғли Исмоил олти марта пичоқ зарби берган, унинг таъқибидан қутулмоқчи бўлган Маъмура эса марҳумани машинада туртиб юборган. Гулбаҳор олган жароҳати туфайли шифохонада вафот этди. Маъмура эса қотилликда айбланмоқда. Қани энди, Маъмуранинг кундошига қасдланмаганини, аслида унинг ўзи жабрдийда эканини судларга тушунтириб бўлса. Тўғрироғи, суд тушунишни истаса. Аслида ҳамма гап ана шу истакда — суд адвокатни қотилга айлатиришга мойилллигида.

Жамолиддин Азимов,

Андижон шаҳар “ Ҳуқуқ АН ”

адвокатлик фирмаси адвокати

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: