Йиғи

Анварбек, “Туронзамин” учун махсус
Ҳар кунгидек кеч соат 18:00 да ишдан қайтар эканман, ер ости ўтиш йўлининг йўлагида чордана қуриб ўтирган тиланчи йигитнинг сўзлари хаёлимни бўлиб юборди:
-Аллоҳ рози бўлсин, Аллоҳ йўлига садақа қилинг.
Тўхтаб тиланчи йигитнинг олдига бордим-да, биродар қаердансиз,-деб сўрадим. У тортиниброқ, синиқ бир оҳангда:
-Ўзбекистондан,-деди.

Чўнтагимни титкилаб қўлимга илинган 50 тенгени йигитга узатдим. 20-22 ёшлар орасида бўлган ватандошим узоқ дуо қилди. Фарзандларим роҳатини ва узоқ умр кўришимни яратгандан сўради.

Мен дуолари қабул бўлишини истаб, йигит билан бирга юзимги фотиҳа тортар эканман унга диққат билан разм солдим. Унинг кийимлари баҳор келсада, ҳавоси анча салқин бўладиган Олма-ота об-ҳавосидан ҳимоялай олмайдиган даражада юпун эди. Тер ва чангдан кирланиб, тахтадек қотиб кетган пахта кўйлак ва эски шорти. Оёғида кўп юрилганидан товони тешилиб қолган калиш.

Мен ўз ҳамюртимни бу аҳволда кўриб ачинмадим. Зеро Қозоғистонда бундан ҳам беш баттар бўлиб юрганлар сон-саноқсиздир.Кетиш олдидан унинг кўзларига нигоҳим қадалди. У ўтган-кетганларга умид билан боқиб, садақа сўрар ва Аллоҳ рози бўлсин,-деб илтижо билан ёлворар эди.

Умидли нигоҳларни кўп марта кузатганман, бироқ унинг нигоҳига тикилиб турар эканман, менга илгари ҳеч қачон учрамаган ҳолатга гувоҳ бўлдим. Унинг кўзларида мунг бор эди. Ҳа, ҳа.. унинг кўзлари олам-олам мунг билан боқар эди. У ўзи ҳақида нарса демаган бўлсада, ўз аҳволини менга баён этмаган бўлсада унинг ёнидан кетолмай қолдим. Унинг мунгли кўзлари юрак бағримни эзиб юборди. Ачиниб кетдим. Мени узоқ тикилиб қолганимдан бир оз хавотирлана бошлаган йигит менга қараб:
-Ака, мени кимгадир ўхшатдингизми?,-деб сўради.

Секин бориб, унинг ёнига чўккалаб деворга суяндим:
-Ҳа, ўхшатдим. Андижон фарзандларидан бирига ўхшатдим.
Жавобим у учун кутилмаган бўлди ва бир оз довдираб қолди. Лекин буни сездирмаслик учун гапни бошқа томонга бурди:
-Ака, деворга суянманг, плашингиз чанг бўлади.
-Ўтмишимни хазон қилиб, лойга белаб ташлашди. Бунинг олдида плаш чанг бўлиши нима деган гап? Кечаси қаерда тунаяпсан?
-Подвалда.
-Бугун меникида тунайсан. Юр, кетдик.

Ўзим дворник (кўча супурувчи) бўлиб ишласамда, оиламни зўрға боқаётган бўлсамда бу йигитга ақали бир марта яхшилик қилмоқчи бўлдим.
-Рахмат ака, мен сизни овора қилмоқчи эмасман.
“Гап тамом”- оҳангида гапирмасам кўндириш қийин бўлишини тушундим:
-Анжанча мулозаматни ўз ўрни бор, тушундингми? Мен ҳар куни сени меҳмон қила олмайман.Бир кеча меҳмон бўласан, холос. Тур ўрнингдан.

У ўрнидан туриб, нам ердан ҳимояланиш мақсадида остига қўйиб ўтирган картоннини қучоқлаб олди. Бир оз юриб бекатга келдик. Ҳар доим узоқ вақт кутишга тўғри келадиган, секинлик билан юрадиган тролейбус бу сафар узоқ куттирмади. Балким, ўй-хаёллар оғушида қолиб вақт ўтганини билмай қолгандирман. Тролейбус ҳар галгидек тиқилинч.Паттачи аёл бақириб, чақириб пул йиғмоқда. Биз тролейбусга чиқишимиз билан одамлар ўзини четга торта бошлади.

Ҳа, маҳаллий аҳоли вакиллари менинг ватандошимдан жирканишиб, ўзларини четга олишар эди. Бу ҳолатни гувоҳи бўлиб, хўрлигим келаётган бир вақтда, буни яққол сезиб турган ҳамюртимнинг ўзи нималарни ҳис этаётган экан, дея унга тикилдим. У барчасини сезиб турса-да, ўзини ҳеч нарсани билмагандек бепарво тутар эди. Мен ўзбекларни, биродари азизларимни шу аҳволга тушиб қолганига ачиндим. Миллатни жарликка қулатиб юборган режим қилмишларидан ғазабландим.

Хўрлик ҳиссиётлари мени жунбушга келтирди. Ватандошимни қучоқлаб тролейбусни ичида баланд овозда, ўзбек тилида гапира бошладим. Ўзимни овутиш мақсадида, ватандошимни кўнглини кўтариш мақсадида унга далда бера бошладим.
-Дўстим ўкинма. Бу кунлар ўткинчи, ҳали ҳаммаси яхши бўлади….

Юзимда табассум билан гапирар эдим-у, қалбим фарёд уриб йиғлар эди. Сабаб, онгли равишда идрок этардимки, ҳаммаси яхши бўлиб кетишига камида йигирма йил керак. Унгача хору-зор бўлиб юрган ўзбеклар нима қилади? Россияда, Қозоғистонда қулликда ишлаб, кези келганда миллатчилар қўлида ўлиб кетаверадими? Шуларни тушуниб турсамда, ўзимни мажбурлаб жилмайган ҳолда ватандошимни кўнглини кўтарар эдим:
-Сени қара-ю, сал нарсага ҳам хафа бўлиб юраверасанми? Йигит киши қийинчиликларга чидаши керак-да!

Овозимни борган сари баландлатиб гапира бошладим. Миллатимни ўта бой юрти, жаннатмакон юрти бўла туриб шу куйга тушгани менга жуда алам қилар эди. Алининг ўчини Валидан олмоқчи бўлиб, айни дамда ўзбекларни итдек хор қилиб ўлдираётган тақирбошлардан биронтаси қўлимга тушса, бурдалаб ташлагудек бўлдим.

Паттачи аёл келиб йўл кира сўраш билан бирга қозоқ тилида ўзбекмисанлар?-деб сўради. Мен соф ўзбек тилида:
-Ҳа, нима ёқмаяпмизми?-дедим. У тушунмади. Кўзларимни йириб йўл кира узтар эканман, рус тилида такрорладим. Паттачи аёл ҳеч нима демай нари кетди.

Манзилга етиб келиб ватандошимни оилам билан вақтинча яшаётган уйимга таклиф этдим.
-Оғир вазиятда қолсанг бемалол келишинг мумкин,-дедим, гарчи ҳеч қандай ёрдам беролмаслигимни билиб турсамда. У менинг ушбу гапларим номигагина айтилаётганини ҳис этди. Лекин буни сездирмаслик мақсадида имкон қадар самимий оҳанг билан, рахмат ака,-деди.

Уйга кириб рафиқамга боридан овқат тайёрлашни, меҳмон келганини айтдим. Бир хонали уйимни ўша хонасига меҳмонни таклиф этдим. У тортиниб эшик олдида турар эди. Мен уни такроран таклиф этдим, лекин у баттар хижолат бўлиб, ийманиб эшик олдида тураверди. Унга диққат билан тикилганимдан кейингина вазиятни тушундим ва:
-Ванна бор, кириб ювиниб олишинг мумкин,-дедим.

У худди шуни кутиб тургандек тезда ванна томон йўналди. Мен шкафни очиб ўзимни эски кўйлагим ва уйга кийиб юрадиган шимимни олдимда, ваннахонада юз-қўли ва оёқларини яхшилаб, совунлаб юваётган ватандошимга бердим. Шу кеча у билан узоқ суҳбатлашдик. Суҳбатимиз тунги соат иккигача давом этдим. Ҳа, у ҳам оила аъзолари майдонда отилган оддий андижонликлардан бири эди.
-Иккита акамни майдонда отишди. Онам акамларни узоқ излаб охири жонсиз ҳолда 15-мактабдан топди ва ўша вақтнинг ўзидаёқ руҳий зарбадан жинни бўлиб қолди. Катта акамни уйлантирганимизга атиги икки ҳафта бўлган эди. Биз пешонада бори эканда, деб онамни авайлаб, атрофларида парвона бўлдик. У кишни уйдан чиқиб кетишларига йўл қўймас эдик. Лекин онам кечалари уйдан чиқиб кетиб, қабристонга бориб ким биландир шодон оҳангда гаплашадиган бўлиб қолди.Отам онамни уйда даволатиб, табибларга кўрсатмоқчи бўлди. Бироқ тез тиббий ёрдам ходимлари келиб, отамни қаршилигига қарамасдан онамни жиннихонага олиб кетишди.

-Бу аёлни ўша ерда даволаймиз, бир ойда ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетади,-дейишди варачлар. Эртаси куни эса онамни тўсатдан жон таслим қилганини, келиб олиб кетишимиз кераклигини айтишди.

Тул қолган кенойим билан бориб онамни майитини олиб келдик. Дафн маросими ўтгач ғассол аёл мени бир четга тортиб, оилада эси бутун ёлғиз ўзингиз қолдингиз, шунинг учун сизга айтаман.Онангизни дори бериб ўлдиришган экан. Юваётганда кўрдим, кўзлари ваҳимали тарзда қотиб қолган, вена томирлари кўкариб, шишиб кетган,-деди.

27-май куни отамни ҳибсга олиб номаълум томонга олиб кетишди.

Орадан бир неча кун ўтгач кенойим, бу уйда ором ололмаётганини, уйимизда тунда аллақандай шарпалар кезиб юрганини айтиб,онасининг уйига кетиб қолди. Мен уни ёмон кўриб, ҳаттоки турмуш ўртоғининг қирқи чиққунча чидай олмаганликда айбладим. Лекин одатдаги кунларнинг бирида, ҳайҳотдек уйда ёлғиз ўзим ором олар эканман, ростдан ҳам уйимизда шарпалар унсиз кезиб юрганига гувоҳ бўлдим. Мен ақлдан озиб қолдиммикан?,-деб ўйладим. Лекин… надоматлар бўлсинким ундай эмас эди.

Эртаси кун тунда амин бўлдимки, уйимизда безовта бўлган руҳлар кезиб юрар эди. Мен ота мерос ҳовли-уйни сотиб юборишга қарор қилдим. Чунки, англадимки бу уйда узоқ яшай олмайман. Ҳар куни тунда мени безовта руҳлар тақиб қилади.

2-июн куни мени СНБ га чақиришди. Уйдаги бор пулни олиб Қирғизистонга қочдим. Сал кейинроқ ўйлаб кўрдим-да, хавфдан узоқроқ,-деб Олма-отага келдим. Мана кўрганингиздек юрибман.
-Нега УВКБ га ёрдам сўраб мурожат қилмадинг. Ахир улар ҳаётингда ёруғлик пайдо бўлишига ёрдам беришарди-ку.
-Гапирманг ака, ўша УВКБнинг атрофига кириб олганлар, аниқ биламан, айнан улар лагердаги қочқинлардан тўрттасини Ўзбекистонга сотган. Ҳа, ҳа сотган! Ўша сотиб юборилганлардан иккитасини яхши танийман. Ака-ука Таваккал ва Дилшод Ҳожиевлар. Уларни тақдири нима бўлди, билмайман. Балким аллақачон қамоқда ўлдириб юборишгандир…

Ватандошим менга ишонган ҳолда узоқ гапирди. Андижон воқеасининг менга номаълум бўлган жиҳатларини маълум қилди. Мен унинг ҳикоясини тинглаётиб йиғлагим келди. Фарёд уриб, телбалар каби ўкириб-ўкириб йиғлагим келди. Лекин ўзимни қўлга олиб, меҳмон олдида изза бўлиб қолмаслик учун ўзимни йиғидан тийдим.

Соат иккига яқинлашганда унинг гапини бўлиб, ухлашимиз кераклигини айтдим. Агар унга кеч бўлганини эслатмасам, у тонгга қадар бошидан кечирганларни ҳикоя қилиб беришга тайёр эди. Меҳмонни хонада ёлғиз қолдириб, ваннахона томонга ўтдим.

Қулоғимга йиғи овози эшитилди. Ошхонага бориб чироқни ёқсам, аёлим меҳмонни айтганларидан таъсирланиб йиғлаб ўтирибди. Хайриятки, болалар ухлаб қолишган, бўлмаса улар ҳам йиғлаб, юрак-бағримни баттарроқ эзишар эди. Мен аёлимга тасалли бердим, ҳаммаси яхши бўлиб кетишига ўзим ишонмасамда, уни ишонтиришга уриндим. Барибир уни тинчлантира олмадим.

-Бўлди қил,-дедимда, юрагим сиқаётгани учун, тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш мақсадида ошхона деразасини очдим. Во ажаб, инсоният бошига тушган кўргуликларга гувоҳ бўлган осмон ҳам йиғлар эди. Мен ёмғир ёғаётган эди,-деб айтолмайман. Сабаб, осмон ростдан ҳам тинимсиз кўз ёш тўкар,чақмоқ чақиб, заминни ларзага келтирганча гулдираб, тўғрироғи ўкириб-ўкириб йиғлар эди. Деразанинг пештоқига бошимни қўйганча мен ҳам ожизлигимни тан олдим. Ўзимни тута олмай ёш болалардек йиғлаб юбордим.

P.S: Муҳтарам ўқувчи, мен ватандошимнинг барча айтганларини оққа туширмадим. Ҳа, сиз ўқиганларингиз ҳаммаси эмас. Барчасини батафсил ёзишга қудратим етмади. Қўлларим титраб ўзимга бўсунмай қолаверди. Балки шуниси яхшироқдир, барчасини батафсил билмаганимиз яхшироқдир. Акс ҳолда бир-биримизни қандай юпатардик?

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: