Чоршам Рўзи: Зиёлар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай!

Навоий ғазалига мухаммас

Наволар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай,
Садолар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай,
Бинолар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай,
Зиёлар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай,
Нидолар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай.

Нажот топғуси шеър аҳли бу дунёда ижод борки,
Заминда то ҳаёт борки, сабот борки, мамот борки,
Ширин деб Беҳустун бағрини чок этган Фарҳод борки,
Зиёрат айламоқ истаб борар эртак Ҳирот борки,
Дуолар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай.

Тушумда кўраман гоҳо Муқанна бирла Широқни,
Таробий отни сурганда ҳилпираган у байроқни,
Алар чеккан ғам-фироқни, кўнгилдан кетмаган “оҳ”ни,
Шод ўлсин руҳлари деса бизам босган шу тупроқни
Маъволар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай.

Тили йўқнинг-эли йўқдур деганлар басма-бас келса,
Бори юрт бойлигин шилса, забун аҳволидин кулса,
Тиғи устухона ботса, томирда қонлари қотса,
Бир қўлида тутиб луғот, бир қўлига олиб “Хамса”,
Ҳижолар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай.

Эмас осон азим юртда бор элни якқалам қилмоқ,
Ғанимнинг фитасин билмоқ, назмбоз устидан кулмоқ,
Асоға суяниб юрмоқ, шаҳаншоҳ кўнглини олмоқ,
Улусдан чиқса истеъдод ҳамият кўрсатиб ҳар чоқ
Санолар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай.

Ўзини билса ҳар соҳиб саховатда муқим ўзбек,
Сўзини билса ҳар толиб қироатда муқим ўзбек,
Ҳамиша сақласа иймон ижобатда муқим ўзбек,
Кечарга шай бўлиб жондин мақоматда муқим ўзбек
Фанолар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай.

Йўлимда йўлчилар кўпдир, бири ғамнок, бири шўхдир,
Бою боён ҳамон тўпдир, ҳамон қассоб каби тўқдир,
Қўлимда қолгани ёлғиз ўзимга асраган ўқдир,
Отолмасман, сотолмасман, нетай, ўзга илож йўқдир
Фидолар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай.

Хилватда кунларим бота кўнгилга изладим малҳам,
Сукутда тонгларим ота ғамимга топмадим ҳамдам,
Устозим ёққан ул минг шамъ нуридан порласа олам,
Ўтар эрдим бу дунёдан баралла куйлаб, эй Чоршам:
“Наволар айласа кимки, Навоийдан нажот топгай”.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: