Юсуф ЖУМА׃ Ҳақ йўлида юрмас чархи кажрафтор

Бу юрт ногиронлар аравачаси
Қавми бетил, бекўз, беюз, беюрак.
Манзили жаҳолат харобачаси
Парвардигор урган, қарғаган фалак.

Бу юрт ногиронлар аравачаси
Ҳеч ким интилмайди ёруғлик томон.
Кўр, шол нотавонлар аравачаси
Бошида аҳли мор, пашша, бит, чаён

Қавми бепарводир ҳамма кўниккан
Тўрида қашқирлар қутираётир.
Фақатгина шоир гирён, синиққан
Қалбига зўр бериб итараётир…

7.04.05.

Ҳақ йўлида юрмас чархи кажрафтор
Жилови шайтоннинг қўлида, ёраб.
Бу дўстдир, бу душман, бу сирдош, бу ёр,
Жилови шайтоннинг қўлида, ёраб

Инсоннинг жилови оч кўзларидир
Нафсу наҳс, ичдаги тўнғизларидир.
Аждаҳо оғзидек оғизларидир
Жилови шайтоннинг қўлида, ёраб.

Ҳар бир хужайрасин эгарлаб олган
Хар қилиб саробли йўлига солган.
Рўзи маҳшаргача изида қолган
Жилови шайтоннинг қўлида, ёраб

Чечакман дедилар не-не чечаклар
Малакман дедилар не-не малаклар.
Наинки инсоннинг, ҳатто фалакнинг
Жилови шайтоннинг қўлида, ёраб.

7.04.05.

Савдолар бошимда ўт бўлиб юрар
Менга итлар эмас, одамлар ҳурар.
Жисмимни бесаноқ яралар ёпар
Мени итлар эмас одамлар қопар.

Одамлар қопади беланиб қонга
Улардан қочаман итлар томонга
Мени итлар эмас одамлар еди
Одамлар итларга айланса эди.

8.04.2005й.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: