Бизга ёзадилар: АКЦИЯДОРНИНГ ҲУҚУҚИНИ КИМ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга очиқ хат

2001 йилда қарилик кунимда яраб қолар деб Денов туманидаги «Бободеҳқон бозори” ОТАЖнинг 35,8 фоиз акцияларини турмуш ўртоғим билан бирга сотиб олгандик. Ўша йил якуни бўйича жамият акциядорларининг умумий ҳисобот йиғилишида бошқарув раиси Зиёдулла Алмардоновнинг ҳисоботида кўрсатилишича, ҳар бир акцияга 254 сўмдан, яъни ўша йилдаги инфляция даражасинини ҳам қоплай олмайдиган миқдорда дивидент пули ҳисобланганини эшитиб, ўта ранжидик. Кун тартибидаги бошқарув раисини сайлаш масаласи юзасидан туман ҳокими ўринбосари сўз олиб, туман ҳокими З. Алмардоновни бозор бошқаруви раислигига қайта сайлашни тавсия қилганини айтди. Масала овоз бериш бюллетенлари орқали овозга қўйилганида умумий йиғилишда иштирок этаётган овоз берувчи акция эгаларининг қонун ва жамият уставида белгиланган 75 фоиз овозларини ололмаган ҳолда З. Алмардонов номзоди тасдиқланмай қолди. Шунда туман ҳокими ўринбосари (кузатув кенгаши раиси) қонунга зид бўлса ҳам, масалани очиқ овоз йўли билан қайта овозга қўйганида умумий йиғилишда иштирок этаётган 69 та акциядордан, яъни ҳоким ўринбосари ва 66 нафар бозор ходимларидан иборат бўлган акциядорлар эски раис номзодини ёқлаб овоз берди. Табиийки, биз иккаламиз қарши овоз бердик. Раислик қилувчи эса 98,5 фоиз овоз билан З. Алмардонов сайланди, деб йиғилиш қарорига ёзиб қўйди.

1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 76-моддасига кўра, акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш “Жамиятнинг овоз берувчи битта акцияси — битта овоз” қоидасига мувофиқ ўтказилади, дейилган. Шу қонуннинг 77-моддасида эса жамияти овоз берувчи акцияларининг эгаси бўлмиш акциядорларнинг сони 100 дан ортиқ бўлганида жамият акциядорларининг умумий йиғилиши кун тартиби бўйича овоз бериш фақат бюллетенлар орқали амалга оширилади, дейилади (ўша пайтда овоз берувчилар сони 100 тадан ортиқ эди).

Низо судга бориб тақалганида фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция суди низони Алмардонов фойдасига ҳал қилди. Давлат Тўраев раислигида Сурхондарё вилояти аппелеция ҳайъати ҳам жамиятнинг овоз берувчи акцияси битта овоз эканини бир чеккага суриб қўйиб, “Битта акциядор — битта овоз” дейилган қоидани қўллаб, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирди. Давлат Тўраев бошлиқ аппелация ҳайъатининг бу хилдаги номаъқулчиликларини “Ҳуррият” газетасининг 2003 йил 26 февралдаги сонида “Бир акциядор неча овозга эга?” деган мақоламда фош этган эдим. Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича Раёсати раиси Бобоқулов ҳам қуйи судни қўллади. Бундан руҳланган туман ҳокими ўринбосари (кузатув кенгаши раиси) кейинги умумий мажлисларда ҳам З. Алмардонов номзоди қонун ва жамият уставида белигланган 75 фоиз овозни йиға олмаса ҳам “сайланди” деб, ёзиб қўяверди.

Сизнинг 2003 йил 24 январда чиққан “Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий сектор улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-32-02 сонли Фармонингизда акциядорлик жамияти директори (бошқаруви раиси) акциядолар умумий мажлисида асосан танлов йўли билан сайланиши кўрсатилган эди. Шу сабабдан жамият акциядорларининг 2004 йил 28 июль кунидаги умумий йиғилишида жамият бошқаруви раиси танлов асосида сайланди. Мазкур масала бўйича овоз бериш бюллетенларига З. Алмардонов ва мен киритилиб, умумий йиғилишда иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгаси бўлмиш акциядорларнинг 80 фоиздан ортиқ овозлари билан бозор бошқаруви раиси лавозимига сайландим.

Иш фаолиятимининг биринчи куниданоқ йиллар давомида бозорда сурункасига давом этиб келаётган талон-тарожлик ва бошқа қонунбузарликларга қарши кураш олиб бордим. Бозор ҳудудида ўтган йиллар мобайнида 190 та дўкон ва ошхона ва бошқа шахсий тижорат муассасалари қурилиб, уларнинг 15 фоизи 1970-90 йилларда бунёд қилинган савдо бостирмалари (навеслари) тагига қурилган. Бозор ҳудудида бир вақтнинг ўзида 1100-1200 сотувчи савдо қилиб, савдо расталарида жой етишмагани сабабли уларнинг 150-160 тачиси савдо павильонлари орасидаги очиқ майдонларда, йўлакларда ўтириб савдо қилишарди. Натижада автоулов у ёқда турсин, пиёда одамнинг ҳам бозорда юриб, савдо-сотиқ қилиш амри маҳол эди.

Бозорнинг бундай ачинарли ҳолатга келиб қолиши сабабларини билиш учун “Бобобеҳқон бозори” ОТАЖнинг ташкил топиши ва фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатлари билан таниша бошлаганимда қатор муаммоларга дуч келдим.

1. Денов туман ва шаҳрида азалдан “Ўзбектайёрлавсавдо” ташкилотида, яъни кооператив мулкка тегишли нодавлат деҳқон бозорлари фаолият юритиб келганлар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 21 январдаги 475-сонли Фармонида Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини, шунингдек, улар жойлашган ер участкаларини жисмоний ва юридик, шу жумладан, хорижий шахсларга хусусийлаштириладиган объектларни сотиб олишда улар фойдаланадиган маблағларнинг манбалари бўйича декларацияни улардан талаб қилмаган ҳолда танлов асосида хусусий мулк қилиб сотишга рухсат берилсин” дейилади. 1991 йил 19 ноябрдаги Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги 425-XII-сонли Қонуннинг 1-моддасига биноан “Хусусийлаштириш — жисмоний шахсларнинг ва давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларнинг оммавий мулки объектларини ёки давлат акциядорлик жамиятларининг акцияларини давлатдан сотиб олиши”дир. Шуларни ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамаси ўзининг 1996 йил 5 матдаги 82-сонли қарорида “Деҳқон ва буюм бозорларини очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига айлантиришда акцияларнинг назорат пакетини туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ёки уларнинг ваколатли органларига, шу жумладан, “Ўзтайёрловсавдо” ташкилотлари улушларини сотиб олиш ҳисобига бириктириб қўйиш ҳақида кўрсатма бериб, Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, “Ўзтайёрловсадо” уюшмасига тижорат банклари ҳудудий бошқармалари билан биргаликда акцияларнинг назорат пакетини туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларга босқичма-босқич сотиш механизмини аниқлашни буюради.

Лекин Давлат мулки қўмитасининг ўша пайтдаги раиси Виктор Чжен Молия вазирлиги ва “Ўзтайёрловсавдо” уюшмасининг бу ҳақдаги фикрини сўраб ўтирмасдан 1996 йил 25 мартда “Деҳқон бозорлари ва буюм ярмаркалари негизида очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари ташкил этиш механизмини тасдиқлаб, унинг 1-бандида бозорлар жойлашган ер участкалари қийматини акциядорлик жамияти устав фондига ҳокимиятнинг 51 фоизига тенглаштиришни топширади. Аммо мазкур механизм Адлия вазирлигида Давлат рўйхатидан ўтказилмагани сабабли кучга кирмай қолади. 1996 йил 26 апрелда “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, шу йилнинг 10 июнида кучга киради.

Мазкур Қонуннинг 11-моддаси 4-бандига биноан жамиятни таъсис этиш ва унинг уставини тасдиқлаш тўғрисидаги ва муассис томонидан жамият акциялари ҳақни тўлаш учун топширилаётган қимматли қоғозлар, бошқа мулкий ҳуқуқлар ёки пул билан баҳоланадиган бошқа ҳуқуқларнинг пулда баҳоланишини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлар муасссислар томонидан бир овоздан қабул қилинади. 19-моддасида эса жамият Устав фонди акциядорлар сотиб олган акцияларнинг номинал қийматидан ташкил топиши кўрсатилган.

Шуларга қарамасдан Денов шаҳар ҳокими ўзининг 1996 йил августдаги 338-сонли қарори билан шаҳардаги деҳқон бозорининг фойдаланувида бўлган 30000.0 кв.м. ер участкасини ҳокимлик қошида тузилган нархлаш комиссияси баҳолаган пул миқдорида акциядорлик жамияти устав фондига киритади. Денов тумани ҳокими эса ўзининг 1996 йил 20 ноябрдаги 559-сонли қарори билан тумандаги деҳқон бозори жойлашган 23000.0 кв.м. ер участкасини ҳокимлик қошидаги нархлаш комиссияси баҳолаган қийматда акциядорлик жамияти устав фондига киритади. Бозорлар жойлашган ер майдонларининг туман ва шаҳар ҳокимликлари қошидаги нархлаш комиссияси белгиланган қиймати борасида муассисларнинг розилиги олинмаган. Шаҳар ҳокими ўзининг 1996-97 йиллардаги қарорлари билан туман ҳокими эса 1998-99 йиллардаги қарорлари билан 24550.0 кв.м. ер участкасини қонунда белгиланган тартибда бозор ҳисобидан чиқармаган ҳолда бошқа шахсларга бозор ҳудудида тижорат бинолари (дўкон, ошхона, дорихона ва ҳоказо) қуриш учун тарқатиб берган. Икки бозор ҳудудида жами 28 450 кв. метр ер майдони қолган. Сўнгра иккала бозор ягона Денов туман «Бободеҳқон бозори” ОТАЖга бирлаштирилиб, унинг Низоми 2000 йил 27 декабрда Сурхондарё вилоят Адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав фондидаги ҳокимиятнинг 51 фоизлик улуши эса тўлдирилмасдан қолган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июлдаги 330-сонли қарори билан тасдиқланган илованинг 6-бандида: “…бозорни ташкил этиш бозор ташкил этиш учун ажратилган ер участкасини ижарага олувчи юридик шахс томонидан таъминланади, кўрсатиб ўтилган юридик шахс очиқ акциядорлик жамияти шаклида ёки маъсулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади, унинг муассисларидан биттаси мажбурий тартибда устав жамғармасида улуши камида 51 фоиз бўлган жойлардаги давлат ҳокимияти органлари бўлиши керак”лиги кўрсатилган эди. Мазкур қарорнинг 47-бандида эса “Бозор фаолияти: қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкасининг ижара шартномаси тўхтатилганда; қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, томонлардан бирининг ташаббуси билан ер участкасининг ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда; қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бозорни жойлаштиришга ажратилган ер участкаси давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилганда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилади” дейилган. Туман ҳокимлиги эса Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган мазкур ҳуқуқий эътибор қилмаган.

Шу боисдан бозорлар жойлашган ер майдони ҳуқуқий жиҳатдан акциядорлик жамияти Устав фондига қиймати киритилмасдан ижарага берилиши очиқ-ойдин бўлиб қолган.

2. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда акциядорлик жамияти кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларга киритилган бўлиб, мазкур масалалар ҳал қилиш учун жамиятнинг кузатув кенгашига берилиши мумкин эмаслиги, жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаши аъзолари томонидан уларнинг ўзлари орасидан кўпчилик овоз билан сайланиши, кузатув кенгаши мажлисини ўтказиш учун квориум кузатув кенгашига сайланган аъзоларининг 75 фоиздан кам бўлмаслиги кўрсатилган.

Бироқ Денов туман ҳокимининг ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Зокиржон Арипов эса кузатув кенгашининг бўшаган аъзоси ўрнига… кузатув кенгашининг 2004 йил 16 мартдаги қарори билан аъзо бўлиб кирган ҳамда кузатув кенгаши аъзолиги лавозимига сайланиб олган.

3. Ўзбекистон Президентининг 2003 йилдаги ПФ 32-02 сонли Фармонида ижрочи орган томонидан келгуси йил учун ишлаб чиқиладиган бизнес режаси акциядорлик жамятларининг умумий йиғилиши томонидан ёки унинг топшириғи билан кузатув кенгашлари томонидан тасдиқланиши, ишлаб чиқаришни ўстириш, фойда олишни кўпайтириш ва дивидентларни тўлаш ана шу бизнес режанинг энг муҳим кўрсаткичлари бўлиши кераклигини, директор (бошқарув раиси) йиллик бизнес режа қандай бажарилаётгани тўғрисида ҳар чоракда кузатувчи кенгаш олида ҳисобот бериши, кузатувчи кенгаш йиллик бизнес бизнес режа қўпол равишда бузилган ёки тасдиқланган параметрларини бажариш барбод этилган ҳолларда директор (бошқарув раиси) билан ишга ёллаш ҳақидаги шартномани муддатидан илгари тўхтатиш ҳуқуқига эга экани кўрсатилган.

Лекин мен бозор бошқаруви раиси лавозимида ишлаган бир йил мобайнида бозордаги тушум аввалги йилдагига нисбатан 80 фоиз, пул ҳисобида эса 76 миллион сўмга, соф фойда 2,5 бараварга, дивидент пуллари эса 3 бараварга ошди. Бозорда ерда ўтириб савдо қилиб келган сотувчиларнинг деярли барчаси учун янги бостирмалар қурилиб, улар савдо расталарида савдо қила бошладилар. Маҳаллий бюджетга 37,5 миллион сўм қўшилди. Банккка нақд пул кирими сезиларли даражада ўсди. Йил мобайнида кузатув кенгаши томонидан бирорта норозилик аломати билдирилмади.

Мен билан тузилган ишга ёллаш шартномасиннг амал қилиш муддати 2005 йил 28 июнда тугади.

“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, молия йили йили тугаганидан сўнг кўпи билан 6 ой ичида ўтказилиши мажбурий бўлган акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилишида жамиятнинг бошқарув раиси билан бир йил муддатга тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки бекор қилиш тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилиниши лозим. Лекин жамият кузатув кенгаши лавозимини ноқонуний эгаллаб олган З. Арипов ва кузатув кенашига сайланган бешта аъзодан 2 таси Р. Набиев ва С. Алимовлар қонунда белгиланган квориумнинг 40 фоизини таъминлаган ҳолда 2005 йил 5 июлида «Бободеҳқон бозори” ОТАЖ бошқаруви раиси Ю. Раҳимов билан ишга ёллаш шартномаси амалдаги қонунчиликка асосан бекор қилинсин”, дейилган қонуний кучга эга бўлмаган қарорини қабул қилган.

Жамият акциядорларининг 2005 йил 11 июлдаги умумиий йиллик ҳисобот йиғилиши баённомасининг акциядорларга тарқатилган нусхасида З. Алмардонов умумий йиғилишда иштирок этаётган овоз берувчи акция эгаларининг 59 фоиз овози билан жамият бошқаруви раиси вазифасига тасдиқланди, деб кўрсатилган. Бироқ жамият уставига кўра, жамият бошқаруви раиси акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи 75 фоиз овозлари билан тасдиқланиши лозим эди. Бунга кейинчалик ақли етган З. Арипов менинг номзодга нисбатан 25 фоизлик қарши овозимни, яъни 2056 та акция бюллетенининг устидан “бузилган” деб ёзиб, З. Алмардонов номзодини ёқлаб овоз берган овозлар сонини 80,7 фоизга етказиб қўяди.

Мазкур умумий йиғилишнинг овоз бериш бюллетенлари пакети бошқа суд таркибида очилиб кўрилганида ҳамда мутахассис томонидан ўрганилганида мен тўлдирган овоз бериш бюллетенининг бузилмагани аниқланди.

Масала судга бориб тақалганида ташаббусни ўз қўлига олган, айни пайтда мазкур ишдан З. Алмардонов туфайли манфаатдор бўлган ФИБ Қумқўрғон тумани суди раиси Давлат Тўраев мазкур низони суднинг 2007 йил 19 декабрдаги мажлисида шахсан ўзи кўриб чиқди. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 19 апрелдаги 189-сонли қарор билан тасдиқланган акциядорлик жамиятларининг кузатув кенгаши тўғрисидаги Намунавий низомнинг 16-бандидаги: “Кузатувчи кенгаш раиси, агар кузатувчи кенгашнинг қарори билан ушбу ваколатлар бошқа бирор шахсга юклатилмаган бўлса, яккабошчилик ижро этувчи орган (директор), коллегиал ижро этувчи орган (бошқарув, дирекция) раҳбари ва аъзолари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилган шартномаларни жамият номидан имзолайди” дейилган матннинг “…тузилган шартномаларни жамият номида имзолайди” деган жойини “…шартномалар тузади” деган жумлалар билан алмаштириб қўяди.

Мазкур маккорлик туфайли Давлат Тўраев “Шундай ҳолда Низом ва меҳнат қонуни талаби бўйича ижроия орган (директор) билан ишга ёллаш меҳнат шартномасини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколат фақат кузатув кенгаши раисига берилган” деган сохта хулоса чиқариб, низони қишлоқдоши З. Алмардоновнининг фойдасига ҳал қилади ва уни мансабда сақлаб қолади.

Мансаб мансаб-у, лекин мен бозор бошқаруви раиси бўлиб ишлаган пайтда бозордаги кунлик тушум 270-280 минг сўмга кўпайтирилиб, бунинг пасайтирилиши мумкин эмасди. З. Алмардонов ва унинг ҳомийлари эса жиғилдонлари доимо тўлиб туришни талаб қиларди. Шунда у узоқ ўйлаб ўтирмасдан бозор балансидаги қатор кўчмас мулк объектларини арзон баҳоларга ноқонуний равишда нархлаб сота бошлади. Булар ҳам камчлик қилган кўринади, бозор ҳудудидаги полиз маҳсулотларини сотиш, керак бўлганида автомашиналар, шу жумладан, ўт ўчиргич машиналар бурилиши учун қолдирилган очиқ майдонда еб тўймас З. Алмардонов бозор ҳисобидан дўкон қуриб, ўз қариндоши номига расмийлаштиради. Сўнгра эса электрон биржада… арзон нархда ўзи сотиб олади. Пировардида бозордаги пул йиғими режаси бажарилмаётганлиги учун туман ҳокими Абдусамад Ҳожиқулов ва бозор бошқаруви раиси З. Алмардонов 2006 йилнинг 9 ойи якуни бўйича вилоят ҳокимидан ҳайфсан оладилар. Бироқ савдо базасининг сезиларли камайиб кетганлигидан биргина ҳайфсан билан кунлик тушумни кўтаришнинг иложи бўлмай қолади.

Ваҳоланки, вилоят ҳокимининг ҳайфсани З. Алмардонов учун мукофот ёинки рағбат даражасидаги бир тортиқдир. Чунки у жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг ҳукми билан 20 миллион сўм атрофида жарима тўлаб, муқаррар қамоқ жазосидан қутулиб қолди. Аслида бу жазони оғирлаштирадиган яна бир ҳолат мавжуд эдики, бундан асло кўз юмиб бўлмайди. Яъни, туман ҳокимлиги ва бозор маъмурияти ўртасида давлат улуши ҳисобидан бозор орқали келган 15,5 миллион дивидент пули хомталаш қилинган. Бу жиноят, афсуски, тергов ва судинг назаридан “четда қолди”. Бу орада туман ҳокимининг собиқ ўринбосари З. Арипов амнистия акти туфайли озодликда қолишга эришди. Бироқ бу шоввозлар ишсиз қолишгани йўқ, З. Ариповга Денов туман ижтимоий таъминот идораси тортиқ қилинди, З. Алмардонов эса туман ҳокимлиги ишончномаси билан судларда ҳокимлик манфаатларини ҳимоя қилиш ваколати билан сийланди.

“Ҳуқуқ” газетасининг 2007 ил 12 апрел сонида босилган “Ҳақиқат устунми ёки манфаат?” номли мақоламда ФИБ Қумқўрғон туманлараро судида 2005 йил 19 декабридаги ҳал қилув қарори тафсилотларини қисман ёритиб, З. Ариповнинг «Бободеҳқон бозори” ОТАЖ акциядорларининг умумий йиғилишида кузатув кенгаши аъзолигига сайланмаганини, суд эса қонунга зид бўлган бу ҳолатга умуман эътибор бермасдан 2005 йил 5 июлдаги кузатув кенгаши раиси ва икки аъзоси билан кузатув кенгаши қонуний қарор қабул қилган деб, судья Давлат Тўраев ноҳақ хулоса чиқарганини ёзган эдим.

Бундан норози бўлиб Олий суд раиси номига протест киритишини сўраб ёзган аризам ҳам фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Х. Ёдгоров томонидан султон суягини хорламас қабилида кўриб чиқилиб, илтимосларим рад қилинди.

Шунингдек, мақолада, режа бажарилмай қолавергач, З. Алмардонов “ўз аризасига биноан” лавозимидан озод қилинди. Янгидан тайинланган раис Ф. Эргашев қайтадан авж ола бошлаган талон-тарожликка чек қўйиб, нақд пул тушуми ва ишлар аҳволини ўнглаётган бир пайтда туман ҳокими бозорга ташриф буюриб, оғзаки кўрсатмаси билан уни ишдан четлаштириб, ўрнига бошқа шахсни тайинлади. Натижада кунлик тушум шу кундан бошлаб, ўрта ҳисобда 60 мингга камая бошлади. Денов туман ҳокими учун қонуннинг аҳамияти йўқми, деган савол туғилиши мумкин? Менимча, гап аҳамиятда эмас, уларни тушуниб етишида бўлса керак. Чунки, туман ҳокими Абдусамад Ҳожиқулов вилоят ташкилоти раҳбарига ёзган хатида “…тумандаги «Бободеҳқон бозори” ОТАЖда ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил январдаги ПФ 32-02 сонли Фармони талаблари бажарилмай келмоқда” деган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Президент Фармонининг фарқига бормаган туман ҳокими Абдусамад Ҳожиқуловдан яна нима кутиш мумкин?

Биргина ҳоким шундайми деб ўйласак, собиқ бозор бошқаруви раиси З. Алмардонов ҳам 2004 йил 16 мартда «Бободеҳқон бозори” ОТАЖ низомининг янги таҳририни тайёрлаганда низомнинг кириш қисмига айнан шу жумлаларни киритган. Бундан кўринадики, З. Алмардонов ўзининг саводсизлигини ана шу дардга мойил ҳокимга ҳам юқтирган. Шу боисдан ҳокимни акциядорлик жамиятидаги давлат улуши сифатида ернинг устав фондига киритилиши билан боғлиқ қонунбузарликни тушунишга ундаш унчалик тўғри бўлмас. Чунки, такрор айтамиз, Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамаси қарорининг фарқига бормайдиган одамга ўзига хос мураккаб қонунбузарликни тушунтириш тошга курак ургандай гап.

Устига устак, Давлат мулки қўмитаси раиси ўринбосари А. Далиев Денов туман ҳокимининг 2007 йил 7 декабрдаги хатига жавобан 2007 йил 29 декабрдаги хатида “…Бободеҳқон бозори” ОАЖнинг устав фондидаги 51 фоиз давлат улуши бозор жойлашган ер участкаси ҳисобига шаклланган”лигини билдирган.

Бозор иқтисодиётига ўтишда асосий роль ўйнайдиган ташкилотнинг юқори мансабдаги раҳбарнинг тушунчаси шу бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий суди мансабдор раҳбарининг низони ҳал этишдаги муносабати шундай бўлса, Сизнинг номингизга ёзилган аризаларим ҳал қилиниши учун уларнинг ўзларига юборилса, мен нима қилай?!

Камоли эҳтиром билан,

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги

“Бободеҳқон бозори” ОТАЖ акциядори,

техника фанлари номзоди Йўлдош Раҳимов

(Денов шаҳри, Ш. Рашидов кўчаси, 237А)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: