ШИРАКАЙФ ШАРҲЛОВЧИ ЁХУД ТЎЙХОНАДАН СУДГАЧА

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Тошкент шаҳар Юнусобод тумани С. Маликов тор кўчаси 21”Б” уйда яшовчи фуқаро Искандар Салаевнинг ишончли вакили Ҳамроқул Асқаров мурожаат қилиб, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраган. Маълум бўлишича, фуқаро Искандар Салаев, Ҳайдар Мадаминов, Сухроб Салаевлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни жиноятга ундаш), 277-моддаси (Безорилик) билан айбланган. Қўзғатилган жиноят иши юзасидан 2007 йилнинг 30 ноябрида Миробод тумани прокурори И. Эргашходжаев томонидан айблов хулосаси тузилган. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди судьяси С. Содиқов раислигида ўтказилган мажлис 2008 йилинг 28 февралида айбланувчиларни муайян жазога тортган ҳамда Амнистия акти билан жазодан озод қилган. Айбланувчилардан жабрланувчи фойдасига 2 000 000 (икки миллион) сўм миқдорида жарима ундиришга ҳукм қилган.

Ишда жабрланувчи сифатида иштирок этаётган шахс жамоатчиликка етарлича машҳур сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбековдир. У ҳозирда Ўзбекистон телерадиокомпаниясида сиёсий шарҳловчи, яқин ўтмишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Бош консультанти лавозимида ишлаган. Мазкур телеюлдуз билан бўлиб ўтган можаро тафсили қуйидагича: 2007 йилнинг 16 июнь куни соат 21.30 ларда Тошкент шаҳар Нукус кўчасидаги Шоҳ ресторанига фуқаро Шукуржон ая Нурматованинг 85 йиллик юбилейи баҳонасида жабрланувчи Қобилбек Каримбеков (юбилярнинг куёви), айбланувчилар Искандар Салаев (куёв, жабрланувчинг божаси), Ҳайдар Мадаминов, Сухроб Салаевлар сингари қариндош-уруғлар йиғилган. Базм пайтида спиртли ичкилик натижасида Қобилбек Каримбеков маст бўлиб қолган ҳамда қиз-жувонларга тегажоқлик қилган. Эҳтиросларига дош беролмаган қариндошларнинг бир-иккиси у билан “гаплашиб” қўйган.

Бутун бир можаро ва жиноят ишига асос бўлган воқеалар қисқача шундан иборат. Гўё, Қобилбек Каримбеков 2007 йилнинг 16 июнида содир бўлган мазкур ҳодисадан сўнг ўзига нисбатан оғир тан жароҳати етказилганини даъво қилмоқда. 18.06.2007 йилдаги суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, сиёсий шарҳловчида ўнг қўл 1-бармоқ асос фалангасида ёпиқ синиш, бош мия ёпиқ травмаси, бош мия чайқалиши, ўнг пешона ва бўйиннинг ўнг томони шилинмалари, ўнг кўз олмаси контузияси, ўнг кўз атрофи қонталаши, бел ва чап тизза бўғими соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши кузатилган. Мазкур жароҳатлар Қобилбек Каримбековнинг 21 кундан ортиқ соғлиғи бузилишига олиб келган ҳамда ўртача оғирлиқдаги тан жароҳати, деб эътироф этилган.

“Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган арзгўйлар шикоят хати билан бирга мазкур юбилей тантанасининг видеотасмаси, базмдан олинган фотосуратлар ҳамда гувоҳларнинг бу борадаги кўрсатмаларини ҳам тақдим этишган. Мазкур далилий ашёларни ўрганган фаолларимизга кўра, ҳақиқатан ҳам Қобилбек Каримбековнинг маст бўлиши-ю, йиғилган меҳмонларга шилқимлик қилгани ҳақидаги иддаоларда жон бор. Аммо айбланувчилар сиёсий шарҳловчи бу ўринда атай қариндошларнинг ғурурига тегиш мақсадида бундай хатти-ҳаракатларни содир этганлигини таъкидлашмоқда.

Суд матриалларида айбланувчилар тилидан баён этилишича, мазкур можаро қаҳрамонлари бўлган божалар ўртасида узоқ йиллик келишмовчиликлар бўлган. Гўё, Қобилбек Каримбеков шу боисдан ҳам мазкур саҳнани ўйлаб топган. Аммо ишда айбланувчилар ҳисобланган шахслар бу саҳна кўриниши пухта тузилган сценарий эканини англашиб, Қобилбек Каримбековга қўл кўтаришмаган. Аксинча, унинг хатти-ҳаракатлари уятли эканини тушунтириб, тўхтатишни сўраган. Тўйхонадан ташқарига чиқишганида сиёсий шарҳловчи мастликдан мувозанатини сақлай олмай йиқилган ва экспертиза аниқлаган тан жароҳатларини орттирган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти жиноий иш матриалларини ўрганиш мобайнида бир муҳим ҳужжатга дуч келди. Шу йилнинг 21 февралида Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБ ТИБ бошлиғи Ж. Мирахмедов адвокат М. Маҳкамовнинг сўровига берган жавоб хатида даъвогар Қобилбек Каримбековнинг ўзига тан жароҳати етказилгани тўғрисидаги аризаси ИИБнинг Ф-2 рўйхатга олиш китобига 2007 йил 16 июнь куни соат 17-00 ларда 1415-сон билан кирим қилингани айтилади. Жиноий иш матриаллари, тергов хулосалари, видеотасвир ва гувоҳларнинг баёни, ишда тарафларнинг тушунтиришларига кўра жиноий иш предмети бўлган безорилик ҳодисаси ўша куни (16.06.2007 й) 21.30 ларда содир этилгани таъкидланган. Мазкур хронологик номувофиқликдан жиноят ишининг сохта экани ёки Миробод тумани ИИБнинг мурожаатларни рўйхатга олиш Ф2 китобидаги қайдлар нотўғри экани кўринади.

Аммо дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борган Миробод тумани ИИБ терговчиси Н. Тўйчиев ҳам, айблов хулосасини тасдиқлаган прокурор И. Эргашходжаев ҳам, судья С. Содиқов ҳам айни ҳолатга эътибор қаратмаган. Айбланувчилар эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг сохта жиноий иш очиб, ўзларини жавобгар қилишганини такрорлашмоқда. Улар иддаоларини видео, фотоҳужжатлар, гурвоҳлар кўргазмаси, номувофиқ хронология ҳамда сиёсий шарҳловчининг жамоатчилик олдидаги профессионал каръераси, таниқлилиги билан асослайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти жиноий иш тафсилотларини ўрганиб, иш матриалларида бир қанча процессуал қонунбузарликларга йўл қўйилганини аниқлади. Шунингдек, гувоҳларнинг кўргазмаларига эътибор қаратилмагани, ишдаги асосий гувоҳлар даъвогарнинг фарзандлари эканига амин бўлди. Шу боисдан ҳам жамиятимиз юқори инстанция судлари, прокуратура ва бошқа давлат ҳокимияти органлари эътиборини мазкур ишга қаратиб, жиноят ишининг жиддий тафтишга муҳтож эканини таъкидлайди. Олдиндаги аппеляция босқич судини одил судлов принципларига амал қилишга чақиради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: