БУЮК ЁЛҒОН

Ҳозир аёллар базмгоҳларда дугона гаштак ўйнайдиган бўлиб кетишган. Чойхоналарни эркаклар забт қилганидан кейин аёллар қаерга борсин? Албатта, гаштакни уйда ҳам ўтказса бўлади, унинг ўзига яраша майда-чуйда ташвишлари кўп. Базмгоҳда эса ҳеч кимнинг сен билан иши йўқ, ейсан-ичасан, ўйнаб-кулиб чиқиб кетасан. Бунинг устига аёллар очилиб-сочилиб кетганидан кейин шундай қочиримлар қилишадики, уни яхшиси эркаклар эшитмагани маъқул.

Ҳамма тараддуд базмгоҳнинг ечинадиган хонасидан бошланади. Дугона гаштакчилар бу ерга ҳар гал келганларида устки кийимларини ечиб, ўзларини ойнага солишади, уёқ-буёқларини тузатишган бўлишади. Лекин гап пардозда эмас, ҳар бир аёл атайлаб янги кийиб келган кийимини ёки янги тақинчоғини дугоналарига кўз-кўз қилмоқчи бўлади. Кейин эса мақтов ва олқишлар бошланади.

– Вой-бўй билагузуклар муборак бўлсин!

– Ўҳў, писмиғей, ўзинг аравасирғани қанчага олдинг?

– Жади узугинг чиройли экан!

– Бўйнингдаги тилла тасма яна қалинлашибдими?

– Олмос мунчоқларинг бирам ярашибдики!

Ана шундай тақинчоқлар кўргазмасидан кейин аёллар ўзлари учун буюртма берилган дастурхон бошига ўтадилар.

– Қандай овқатлар буюрамиз? – сўрайди Олмосмунчоқ.

– Силтама, олиб қочар, еб тўймас, полвон сомса, антиқа, кесма кавоб,-санаб кетади таом турини чаққонгина хизматчи.

– Силтаманг нимаси?-таманно билан кўзини сузади Билагузук.-Бунақа нарса эсимдан чиқиб кетганига анча бўлган…

– Еб тўймасинг анақами?-пиқиллаб кулади Аравасирға.

– Бўлганига яраша олибқочаридан бўлсин,-бўш келмайди, Жадиузук.

– Нима, ҳамманг жимоманьяк бўлганмисанлар, кесмасидан еб қўя қоламиз, ҳар ҳолда ўзимизнинг синашта таом,-кулгига ўт қалайди Тиллатасма.

Қочиримнинг зўридан дугоналар кўзлари ёшланиб, мириқиб кулишади, хизматчи эса ҳеч нарсани тушунмай довдираганича қочиб қолади. Гаштакчи аёллар роса кулишгач, овқатга кесма кавоб буюриб, тамаддини бошлашади. Бунақа ўтиришларда аёллар эркаклардан фарқли ўлароқ аввал битта-битта, кейин иккита-иккита бўлиб, зиёфат охирида ҳаммалари бараварига гапиришади. Ким гапираяпти, ким қулоқ солаяпти, бунинг фарқи бўлмай қолади. Энг муҳими, шу зайлда ҳамма аёл ичини бўшатиб олишга улгуради.

Иккинчи қадаҳдан кейин аёлларнинг тили ечилади.

– Қизлар, эшитдиларингми, Мастурахоннинг эри ёшгина қизга уйланиб опти, яшшамагур!

– Эркакларнинг бари бир гўр, қўлига пул тушса, ёшига қараб чопади!

– Ҳа, бу байталмонлар ҳам карашма қилиб, кўзини сузса керакки, эркаклар илакишади-да!

– Айб ўзимизда, тадбиркорлик деб эркакларга эрк бериб қўйдик, ҳамма ҳар томонга улоқиб кетди.

– Сенинг эринг ёнингдаку ўлгур, еганинг олдингда, емаганинг орқангда! Мана, Тиллатасма билан Аравасирғага қийин, бировининг эри Америкада, бошқасиники Кореяда. Олмосмунчоқ алкаш эридан вақтида қутилди, менинг эрим ишдан чиққан,-дейди Жадиузук чуқур хўрсиниб.

– Ёнингдаги эр ёнингда ётиб қарамаса, мажлисма-мажлис югуриб, уйга келмаса, котибасини ҳар олти ойда бир алмаштирса, бунақа эрнинг боридан йўғи,-дейди Билагузук вишиллаб.-Қизлар, силтама егим келаяпти…

– Ҳе эрсирамай ўл, энди силтамадан умидингни уз, кесмасидан еганинг ҳам етади, пули қимматлашиб кетади.

– Тунов куни Маҳбубаойнинг тўйида қази солиб кесма ош қилишган экан, роса маза қилдик. Қизига икки минг долларга гарнитур олиб берибди.

– Аёл боши билан икки йил Россияда ишлаб келганидан орзу-ҳавас қилади-да! Ҳали иккита ўғлини уйлантириши керак, шаҳардан иккита квартира ҳам сотиб олганмиш…

– Унисиям майли, Яҳё шоҳидлари деган сектага аъзо бўлиб, “Инжил”ни ўқиётганмиш…

– Сетка деганинг ўзимизнинг елим сетками?

– Сетка эмас, секта, унинг айтишича, яқинда Исо пайғамбар осмондан тушиб, Иблис билан уруш бошлармиш, кейин қиёмат-қойим бўлармиш…

– Ўзимизда ҳам ёш-ёш қизлар чўқиниб, ўрис мачитларига қатнаяпти, қиёмат-қойим бўлгани шу-да!

– Нима, бўлмаса Амирликка кетсинми? Гулдай ёши ўтиб бораётган бўлса, уларнинг ёшида бизларнинг иккитадан боламиз бор эди.

– Ҳозир тўйлар ҳам зўр бўлаяпти, Мавжудахон тўйига Озода билан Гулсанамни олиб келибди, эри Португалиядан туриб телефонда келин-куёвни табриклабди.

– Мўътабархоннинг ўғли Англияда экан, ўрнига кўза қўйиб, келин туширибди.

– Ўғли у ёқда уйланиб қўйган бўлса-чи, унда нима бўлади? Ҳозирги ёшларга ишониб бўлармиди?

– Унда “Денгиз ҳукмдори”даги Жангбобога ўхшаб икки ўтнинг орасида қолади-да!

– Нима десанглар-денглар, лекин Алиянинг қайнонасидай қайнонам бўлганида, мен ҳам Россияга кетиворардим.

– Яхшиямки тиливизир бор экан, ана шу сериалларни кўрмасам, уйқум келмайди, эртага уларнинг тақдири нима бўларкин, деб қўлим ишга бормайди.

– Менинг Денгизга раҳмим келади…

– Ўзингга раҳминг келсин, қара, қирққа кирмай, сочинг оқариб, лўлининг патагидай бўлиб қолибди. Шундан кейин эринг янги котиба танламай, сенга қарасинми?

– Оббохолам, менга гап топгунча ўзингга қара, эринг Америкада, орқанг Женефер Лопесникига ўхшаб кундан-кунга чиқиб бораяпти. Бир балонг бор сан қизгинани!

– Бир балом бор бўлиб, энди менга ит қарармиди, ёшлик ўтди-кетди, бу ёғига энди ҳамма жойинг осилаверади!

– Хамиртурушлигинг қолмади-қолмади Билагузук, доим одамни чақиб оласан.

– Хамиртуруш яна қимматлашибди, ордона қолсин!

– Тузни айтмайсанми, йодламасдан намлаб елим пакетда сотиб ётишибди.

– Дори-дармонларнинг ҳаммаси ясама чиқаётган эмиш.

– Бозорда тарозидан уришади, ҳақингни сўрасанг, балога қоласан!

Суҳбат авж паллага келган пайтда дугоналар бир-бирини тингламай қўяди ва бунга парво ҳам қилмайди. Жағлар бараварига ишлайди, ҳар бир аёл бир-бирига гал бермай бирваракайига гапира бошлайди. Ҳеч бир мавзу уларга чап бериб ўтиб кетолмайди. Охири улардан бири оғзи чарчаб, соатга қарайди, кейин дугоналарига дўқ уриб, ўзига келтиради:

– Ҳей, бўлди энди, лўлининг гўяндасига ўхшаб шунча алжиллаганларинг етади, тоза ўтлаб кетдиларинг-ку! Уят-шарм борми санларда? Бунақа ўтиришда “Буюк ёлғон” сериалини ўтказиб юборамиз!

Бу гаплардан дугона гаштакчилар дарҳол ҳушёр тортади, дарсга кеч қолган интизомли ўқувчидай шоша-пиша кийиниб, “Буюк ёлғон”ни ўз кўзлари билан кўриш учун уй-уйларига тарқалишади.

Қайсар ЗИЁ.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: