Халқни уйғотиш жуда хавфли!(Ҳажвия)

Халқ билан ўйнашиб бўлмайди. Бир бурдадан нон берса тўйдиради, бир муштдан урса ўлдиради. Лекин уни ана шу тўйдириб-ўлдириш даражасига тақаб бориш жуда мушкул. Бериб бўлдирмайди, уриб ўлдирмайди, сукунат мақомида томошабин бўлиб тураверади. Сен менга тегма, мен сенга тегмайман, қабилида яшайди, ора-чорада ўз ичидан чиққан фидоийларни қурбонликка беради. Шундан кўнгли таскин топади. Уйғонса, тўхтатиб бўлмайди, йўлида учраган ҳамма нарсани босиб-янчиб кетади. шунинг учун уни уйғотмаган маъқул. Нафсиламбрни айтганда, бир гал халқни уйғотишга уриниб кўрганимда, унинг оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини сезиб қолдим. Бу эзгу ниятимни амалга ошириш учун одам тўла автобусни танладим.

Ўзимни ширакайфликка уриб автобусга чиқдим. Ўриндиқда ўтирганлар кўзини лўқ қилиб менга маъносиз қаради, шивир-шивир бошланди.

-Бу одам турқидан автобусларнинг начальнигига ўхшайди,-деди тикилиб турганлардан бири билағонлик қилиб.

-Йўқ, бу наркотик моддаларни излайдиган полицай,-деди бошқаси.

-Ити йўқ-ку!

-Ўзи итдан баттар!

-Террористларни излаётган бўлса керак,-деган баҳслар қулоғимга чалинди. Мен қатъий ишонч билан ўз миссиямни бажаришга киришдим.

-Нега манга ҳайвонот боғидаги буқаламунга қарагандай тикилиб қолдиларинг! Нима, санларга маймун ўйнатаяпманми?-ўдағайладим оғзимдан тупук сачратиб. Кўзини лўқ қилиб турганлар бирдан мулойим тортиб, ерга қаради.-Кимда таъқиқланган моллар бор?

-Ҳеч кимда йўқ,-деди бир овоздан оломон.

-Гиёҳванд моддалар борми?

-Йўқ!

-Совуқ қурол, портловчи моддалар?

-Худо сақласин!

-Диний ақидапарастлик китоблар?

-Йўқ!

-Секс, порнография?

-Навзанбиллоҳ!

Хуллас, бу йўл билан олмонни уйғотишга уринишларим пучга чиқди. Энди бошқа томондан ҳужум бошладим.

-Тур ҳамманг ўрнингдан,-дея амирона буйруқ бердим. Автобусдагилар итоаткорлик билан ўрнидан турди.

– Ўтирларинг! Сан нимага тиржайаяпсан? Тур ўрнингдан! Қўшиқ айт!

– Қўшиқ билмайман, ака!

– Билмасанг “Қарғалар”ни айт, бўлмаса…

– Қарғалар учса қарайлик, Марғилоннинг йўлига…

Бепул томошадан у бу жойдан кулги овозлари эшитилди.

-Нимага куласанлар?-дейишим билан ҳамма яна жим бўлди.-Сан тур, қўшиққа қараб ўйна!-дедим бировига қараб. У аввалига “Ўйнолмайман”,-деди-ю, сўнг кўзимга қараганича йўрғалаб ўйнаб кетди. Яна кулги кўтарилди.

-Қарсак чалларинг!-дея буюрдим оломонга. Автобус ичи қўшиқ оҳангида бешқарсакка тўлди. Ўтирганлардан бирига “Ҳангра!” дегандим, овозини ванг қўйиб ҳанграб берди. Бошқасига “Маъра!” десам, гезини келтириб маъради. Бировининг телпагини олиб отдим, бировига бир мушт тушириб, “Ўзингни ҳимоя қил”,-десам, у:

-Қўйинг-э, ака, ҳурматингиз бор,-дея менга икки баравар келадиган барзанги гавдасини четга тортди. Халқнинг бунчалик ёввошлигидан хўрлигим келиб, болохонадор қилиб сўкиндим. Ҳамма жим, биров “ғиқ” этмайди.

-Қачон халқ бўласан, сен эй оломон?-дея жоним ҳиқилдоғимга келиб бақириб юбордим аламимдан.-Нега ўзингни оёқости қилишга йўл қўясан? Битта одам сал қаттиқроқ гапирса, қуллуқ қилиб бош эгиб тураверасанми? Нега ўз ҳақ-ҳуқуқингни ҳимоя қилмайсан? Нга башарасига айлантириб туширмайсан! Ўзи ор-номус, ҳамият борми санларда? Демократия, сўз эркинлиги деган нарсаларни биласанларми? “Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!” деган гапларни эшитганмисанлар! Бунақада қачон уйғонасан!

-Улим, гапларинг дамлигина экан, башаранг таниш кўринаяпти, мабодо артис-партис эмасмисан?-сўради ёнимда турган бобой.-Аммо лекин уйғониш ҳақида жуда таъсирли гапирдинг, отангга раҳмат, кечадан бери жўлда журиб ухлағаним жўқ. Озғина овзингни жумиб турсанг, мизғиб олардим…

Бобойнинг гапи сабр-косамни тўлдирган сўнгги томчи бўлди.

-Мен…, мен инсон ҳуқуқлари ҳимоячисиман,-дедим-у, оломоннинг бу қадар тўпорилигидан аламим келиб йиғлаб юбордим. Ўтирганларнинг важоҳати ўзгарди.

-Ҳей, Ҳожибой Тожибой,-деди мен кўкрагига мушт туширган барзанги ўрнидан тураётиб. Ҳозир санга кишан кийдириб, одамни лақиллатиш қандай бўлишни ўргатиб қўяман. Ҳе, энангди сани…

– Тўхта, бу сўтакка телпак отиш қандай бўлишини кўрсатаман!

– Мени ҳанграшга мажбур қилди-я қисталоқ!

– Ҳозир энагинангни эслайдиган қўшиқни айтасан!

– Шундай ўйнатайки…

– Сўкишни энди мендан кўрасан!

Воқеанинг бундай жиддий тус олишини кутмаган эканман, эсхонам чиқиб кетди. Қочай десам, автобус юриб кетаяпти, ур калтак бошланиб кетса, омон қолмайман. Ўзимни мажбуран яна мастликка олиб, қусгим келаётгандай ўқчий бошладим.

-Мастку бу,-деди ёнимда ўтирганлардан бири бурнини жийириб.-Чўчқадай ичиб олганга ўхшайди, нима деб алжиллаётганини ўзи ҳам билмаса керак. Оғзидан келган кўланса ҳидга чидаб бўлмаяпти.

Оломон шу заҳоти ўзанидан бир қалқиб, яна қайта жойига тушган дарёдай тинчланди. “Маст экан, хурмачасидан зиёдроқ ичиб қўйган-да!”-деган ғовур-ғувурлар эшитилди. Мен томонга важоҳат билан келаётганлар ҳам “Сиғса ич-да, ҳе, сани ўша…”,-дея жой-жойига қайтиб ўтирди. Улар ичидан иккита чаққонгина йигит мени қўлтиғимдан тутиб, автобус эшиги томонга судради.

-Нима ҳаққинг бор, қўйвор мени,-дея қаршилик кўрсатмоқчи бўлдим.

-Шопир ака, автобусни тўхтативоринг, бу акам сал кайф қилиб қолибдилар, бир шамоллаб келсинлар,-деди улардан бири. Шопир автобусни тўхтатиб, эшикни очди.

-Демократик тепки қандай бўлишини биласизми, ака?-савол эшитилди автобус зинапоясига тўғри бўлганимда.

-Йўқ,-деганимни биламан, орқадан тушган тепки зарбидан эшикдан ўқдай учиб чиқиб кетдим. Автобус оғир юкдан қутилган нортуядай бир қалқиб, салкам уйғоқлик мақомига етиб қолган оломон билан йўлида давом этди.

Ана шунақа, халқни уйғотиш жуда хавфли!

ЖЎЛМОНБОЙ.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: