Ризо Обид:Япроқнинг шитирлаши

rizobek.jpgБиргина дарахтнинг барги, япроғининг шитирлашини кузатиб ўтириб кўплаб асарлар ёзилганини ва яна ёзилишда давом этаётганини биламиз.

Айтмоқчиманки воқеа-ҳодисотларга одамлар муносабати деярли бир нуқтада кесишаётганга ўхшайди.Гўёки ҳамма бир мақсадни кўзлайди.Тинчлик, осойишталик, фаровонлик, ҳурлик.Лекин япроқнинг шитирлашидан турлича илҳом олиб, турлича қалам тебратган ижодкор каби воқеликнинг моҳиятини ҳар ким ҳар хил англайди ва унга ҳар хил муносабат билдиради чоғи.

Айримлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Бухарестдаги НАТО саммитига келиши Андижон хунрезлигидан кейин Ғарб томон биринчи ташрифи эканлиги ва унинг бу каби нуфузли анжуманга таклиф этилганлиги АҚШ ҳамда ғарб ҳукумати сиёсатининг иккиюзламачилиги ҳақида фикр айтишмоқда. Баъзи гуруҳлар саммит иштирокчиларига гўё улар Каримовни билмайдигандай кимлигини ёдга олинг , деган мазмунда номалар жўнатишаётганини хабар беришмоқда. Каримов ташрифи Оврўпа ва АҚШнинг Ўзбекистонга сиёсий босимни камайтириш баробаридаги бундай яқинлашувдан ташвишланаётганлар яна худди шу ўринда: балки бу ижобий томонга ўзгаришлар ясаши мумкинлигидан умидворликларини айтишади.

Юқорида япроқнинг шитирлашини бежиз ёдга олмадик.Чунки дунё сиёсатчилигида турли бурилишлар, эврилишлар бўлаверар экан, аммо ўз юртингда дуруст бир ўзгариш бўлмаса -чи?

НАТО саммити ҳам ўтар, балки яна озгина вақт ўтиб энди бу гал БМТ қандайдир оламшумул бир масалаларни кўтариб чиқар, лекин Ўзбекистон ичидаги ҳаёт ўнгланармикан?

Ўзбек жамиятининг сиёсий-ижтимоий жабҳаларида илғорлари дейилгувчиларнинг бир ҳовучи аллақачон гуруҳчаларга бўлиниб, ойна синиқчаларидай унда-бунда йилтирашиб, сочилишиб ётишибди.Бу ойна синиқчаларини ҳарчанд бутлашга уринманг бесамар.Аксинча оёқ остида қолган шиша синиқчалар товонлар эзғилашидан чил-чилликдан зарраларга айланиб аста секин йўқликка сингиб кетаётган каби таассурот уйғотади.

АҚШда Президентликка сайловлар олдидан номзодлар дебатларини кузатамиз.Жон Маккейни, Хиллари Клинтон, Барак Обама сингари Президентликка номзодлар ҳар бири балки мамлакатни бошқариш учун муносиб кишилар бўлсада, сайловчилар уларнинг болалигидан тортиб ҳозиргача ҳаётларининг керак бўлса ҳар бир дақиқаси қандай кечганини элакдан ўтказишмоқда.Номзодлар эса ҳар қандай саволларга эринмай сиёсатчиларга хос бўлган йўсинда жавоб беришмоқда.Ўзаро баҳсларда эса юқори дипломатия ҳамда маданиятни намоён этмоқдалар.

Албатта мукаммал инсон йўқ.Ҳар тўкисда бир айб, лекин энг яхшисини танлаш ҳуқуқи ҳам борлигини АҚШда ва умуман демократик мамлакатларда яхши билишади.

Нега юқорида Ўзбекистон ҳақида сўз бошлаб энди АҚШдаги сайловлар мавзусига ўтиб кетдик.Бунинг сабаби бор.Қиёслаб бўлмайдику лекин шунчаки таққослаш учун керак бўлди.

Нега АҚШ ва Оврўпа яна Каримовга юзлана бошлади? Чунки унга мухолиф гуруҳлар орасида ундан кўра дурустроқ, маънилироғини топиша олмади.Улар билан яқиндан мулоқот қилиб , қай йўл билан Ўзбекистонда демократия сари қадам қўйиш мумкин дейилган масаладаги йиғинларда мухолифбошман деганларнинг ўзлари-ўзларининг ичидаги муаммоларини ҳал эта олмаётганликларини, ваҳоланки бу билан мамлакат бошқаруви учун яроқсиз эканликларини намоён этишди.

Гоҳо ундайин бошларнинг сўзлари ва ўзларини тутишларини кузата туриб таажубим ортади.Бизку сиёсатчи ё бир даҳоликка даъвогар кишилармасмиз, аммо эртага анави юртга даъвогарнинг кўпчилик ичида ўзини тутишдаги хулқ-атворига қараб, “эй, сиз давлат бошқариш эмас аравакашликка ҳам ярамайсиз” дегим келади.Чунки аравакаш ҳам мижозининг шароитини тушунишга ва хизмат кўрсатишга, иложи йўқ бўлса унинг кўнглини оғритмай муомала қилиш керак бўлади.Сизлар-чи, бирингиз юзингизни бужмайтириб, бирингиз эса ижирғаниш билан сўзингизни буриштириб турганингиз яққол кўриниб турибдида.Наҳотки демократик жамиятда кўп йиллик муҳожиротда юриб тажриба орттирмадингиз? Ё, “қон билан кирган, жон билан чиқади” дейилгани шумикан, дея биз оддий кишилар куюнмаймиз сизга, агар билсангиз ўтган умрингиз увол бўлганидан ачинамиз.

Салкам йигирма йилдирки Ўзбекистонда демократия учун деб турли ташкилотлардан маблағ олиб тирикчилик қилиб юрибсиз.Аммо у ёқда аҳвол аввалгисидан баттар бўлса бўлмоқдаки, яхши томонга ўзгармаяпти.Яна уялмай-нетмай ўзбек жамиятида демократия учун дея қанақадир жамғарма-ю, ташкилотлар тузиб жиғилдонга уриш учун ҳалаксиз.Наҳотки сиз кабиларда бола-чақа боқиш учун бошқа усул йўқ?

Биламан, отингизни айтмасам ҳам кимлигингизни биласиз ва албатта бу сизнинг ҳам, сиз кабиларнинг ҳам юзларини асабдан пирпиратмоқда. Аммо чидамасдан иложингиз йўқ.Чунки айтаётганларим бор гаплар.Бу бор гапларга балки сўнгги нафасда жавоб айтишга қийналманг деб айтиб қўямизда.

Бошқа бир киши четдан мухолифларнинг униси ундай, буниси бундай деган йўқ.Уларнинг бошларининг ўзи кўрсатди буни.Мулоқот тарафлар эса боши шу бўлса оёғи нима бўларди дея ҳафсалалари пир бўлди назаримда.

Айримлар айтиши мумкин: йўқ ундай эмас , балки АҚШ ёки Оврўпанинг Каримов бошчилигидаги ҳукумат билан қайта алоқа ўрнатишига асосий сабаб иқтисодий, геополитик манфаатлари юзасидан, деб.Тўғри, сиз нима деб ўйловдингиз?Ҳар қандай мамлакат ва унинг бошлари ҳам энг аввало ўз манфаатларини кўзлайдида.Мамлакат бошқаруви тугул, ўзининг гуруҳчасининг муаммоларини ҳал эта олмаётган бир ҳовуч кимсаларни деб ўз манфаатидан кечсинми?

Яна ўша япроқнинг шитирлашини ёдга оламиз.Қачондир Ўзбекистон халқи бошига ҳам чиндан бир ғамхўр киши бош бўлиб келар.Лекин ўша пайт келганда шу яхши кунларда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор деб айта оламизми ?

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: