Ризо Обид:Ҳа ёки йўқ

Ўзбекистонда турмуш оғирлашгани боисми ё яна бошқа қатор сабабларми қасам ичиш одати кўпайди.Айниқса мустақиллик йилларининг тўртинчи-бешинчи йилларидан буёғига.Оддий одамлар бозор-учарларда ўтмас молини мақтаб дуруст пулга ўтказиш учун шартта худони ўртага қўйиб қасам ичиб юборавериши одатий муомалага айлангандай гўё. Аввалига бу каби қасамлардан ҳайратланганлар ҳам кейинчалик ўзлари ҳам ҳуда-беҳудага қасам ичиб юбораверадиган бўлишди.

Бозордаги оддий кишику қасамини беихтиёр муомаладаги сўз каби ишлатгандир.Лекин ўзича оқ-қорани таниганман дея даво қилувчилар ҳам қасам ичишига қараб туриб кўнгил ҳижил бўлади.

Қасамхўрлик ёмон одат менимча.Кўп кўргуликларнинг асоси ҳам шундайин қасамхўрликлардан келиб чиқади назаримда.

Болалигимда бобомнинг ёнларида айтганларига қулоқ осиб анча-анча вақт ўтириб қолардим.Чунки айтаётганлари ғоят қизиқарли бўларди.Ҳазин ширали овозларининг ўзиёқ қўшиқ каби ҳузур бағишларди.Шундай кунларнинг бирида бобом ниманидир қидириб ўтирган эканлар ёнларига бориб қолдим.Ўшанда бобом юз ёшдан ошгандилар.

-Нима қидиряпсиз бобо- дея сўрадим.

Бобом бироз у ёқ, б ёққа қараган бўлдиларда:

– Қаердадир ҳамёнимни ё унутиб қолдирибман ё тушириб қолдирибман.Мабодо сен бирор жойда кўрмадингими?

-Худо ҳаққи кўрмадим – дея жавоб бердим.Бобом, “нима дединг, қайтадан айтчи” дедилар.Мен кўрмадим деган жавобимни такрорладим.Бобом яна:”йўқ, аввал қандай жавоб айтган бўлсанг худди шундай такрорла”.Мен эса “худо ҳаққи кўрмадим” деган жавобимни такрорладим.Бобом тимирскиланиб ўтириб ҳамёнларини топиб бир жилмайдиларда:”қани бу ёққа ўтирчи” дея ўзлари ўтирган кўрпачанинг бир четига мени ҳам ўтқаздилар ва:”болам сен худо ҳаққи деган гапни қаёқдан ўргандинг билмадим, аммо бу гапни қайта ҳечда ишлатма.Бундай гапга қасам деб қўйилади.Ҳар қандай ҳолатда ҳам “ҳа ёки йўқ” деб жавоб бер тамом-вассалом.Сен чин айтдингми ёки йўқ, бу виждонингга ҳавола.Аммо сенинг чин ёки ёлғонингга кимдир ё ишонди ё ишонмади бу ҳам сенинг ва унинг виждонига ҳавола”.

Шундан сўнг бобом қасамхўрлик ҳақида анча ҳикоя қилдилар.Мен эса ўшандан кейин “худо ҳаққи” дея гапириш одатимни ташладим.Ҳақу ноҳақликларга ҳаётда ғоят кўп дуч келдим.Шундай кезларда “худо ҳаққи” дея қасам ичсам балки ишонишарди.Лекин мен ўша болалигимда бобом уқтирганларидай қайта ҳеч бир марта ростга ҳам, ёлғонга ҳам худонинг номини қўшиб қасам ичмадим.Баъзан айримларнинг шундай қасам ичганларининг гувоҳи бўлиб қоламан ва бобомнинг ҳикоялари ёдимга тушадида қасам ичаётган одам яхши одам эмас экан деган ўй кечади.

Чунки қасам ичганларнинг кўпчилиги бошига кўп яхши бўлмаган кўргуликлар тушади.Одамлар ундайларга нисбатан:”қасами уриб кетди уни” деб қўйишади.

Айтмоқчиманки ростингизга ҳам, ёлғонингизга ҳам ишонтираман деб қасам ичманг.Ҳа ёки йўқ деб қўя қолинг.Яна ҳар ким ўзи билади-да.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: