Ҳамроқул АСҚАР: АРОСАТДАГИ ХОЛИСЛАР

adolat.jpgАндижонлик ҳуқуқ тартибот органи ходимларининг қонунчилигимизга киритган “холис харидор” тўғрисидаги “анжанча” кашфиёти, ёхуд марҳум отасига қимматбаҳо тобут “совға” қилган арман йигитининг мусибатлари хусусида бугунги кун ривояти.

Каро Севиклян отасининг дафн маросимига Москвадан 10.000 долларлик тобут олиб келипти., деган гап тарқалди. Ўша сабил, тобут қанча туради билмайман, лекин бу гап Андижондаги айрим ички ишлар ходимларининг эътиборини тортгани сал кейинроқ аён бўлди… Хуллас, марҳум падарига бу қадар эҳтироми Каро ва унинг дўсти ўғлим Альбертга жуда қимматга тушди. Альберт ёшлигида автоҳалокатга учраб, чап қўлидан операция бўлган. Муолажадан сўнг ногирон қўли нотўғри ўсиб тўхтовсиз оғрий бошлагач, врачлар оғриқ қолдириш учун “морфин” ишлатганлар. Ҳар доим ҳам морфин қурғурни топишнинг иложи йўқ. Шу тариқа у оғриқ хуруж қилган пайтлари гиёҳванд модда истеъмол қилишга ўтиб., оқибатда росмана наркоманга айланди дейди., нафақадаги кекса ўқитувчи Эмма Саркисовна ҳасрати ғолиб келганидан кўз ёшларини арта туриб. Аччиқ фожиа шундаки, ўғлининг гиёҳвандлигини онанинг ўзиям яхши билади. Лекин…

2007 йил 12 март куни Альбертнинг уйига оғайниси Каро Севликян Адҳамжон деган таниши билан келиб, буям ўзимизга ўхшаган наркоманлардан., деб таништиради. Улар Адҳамжон ўзи билан олиб келган героинни бирга “тамадди” қилишади. Эртаси, куни Адҳамжон қаттиқ хуруж қилаёганлигини айтиб Альбертга “дори” топишни илтимос қилади. Альберт унинг кечаги саховати учун ёрдам бермоқчи бўлади-ю, чўнтаги қуруқлигидан узрхоҳлик қилгач., Адхамжон: – мана буни гаровга қўйиб , зормандани топ., деб “НОКИЯ” русумли қўл телефонини тутқазади. Альберт Мақсудахон деган аёлга телефонни гаровга қўйиб, “ломка” ҳолидаги Адҳамжонга героин (суд ҳукмида 0,35 грамм дейилган) келтириб беради. (Жиноятни оғирлаштиришга мойилроқ терговчилар, ана у героин келтирди, демак жиноят содир қилди дейиши табиий. Авволо, Альберт героинни ўз пулига сотиб олиб, сотиб фойда қилгани йўқ. Наркаман бўлсада истеъмол қилмасдан, худди ўзидек наркаман, “ломка”га тушиб қолгани учун ноиложликдан, ҳатто соткасини гаровга беришга мажбур бўлди деб ўйлаган Адҳамжонни қутқариш учун тезда келтириб берган.

Бу ҳолатни гўё, тиббий ёрдамга муҳтож беморга зарур дорини келтириб унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қилинган саъйи ҳаракатга қиёслаш мумкин…) Альберт Адҳамжонга омонатни топшириб турган маҳали, Карони милиция ходимлари ураётганини кўриб, унинг ёнига борганида уни ҳам қўшиб калтаклашади. Шўрлик Альберт ва Каро фақат шу ерда Адҳамжоннинг милиция ходими эканлигини англайдилар!

Гувоҳ Азиз Хусанов кўрсатмасига кўра, милиция ходимлари телефон қани деганларида, Альберт шу маҳалда кўча бўйлаб келиб, “ДАМАС” йўл машинасига ўтирмоқчи бўлиб турган аёлни кўрсатиб, телефонни шу аёлга гаровга бериб “гера” олдим деб жавоб берган. Милиция ходимлари Мақсудахон Эгамовани ҳам қўлга олишиб, сумкасидан бир неча целофан пакетга ўроғлик порошоксимон ашёларни топишган. Сўнгра, Мир кўчасидаги ДОСААФ олдига борганлар у ерда М.Эгамова ва бошқаларни “тўлиқ” текширганлар. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, кўча тили билан айтганда Альберт гиёҳванд модда сотувчи бева аёлни сотган., қонун тили билан айтганда милиция ходимларига героин таъминотчисини топишда ёрдам бериб фуқоролик бурчини бажарган!

Лекин, Альбертнинг ушбу ёрдами тергов жараёнида инобатга олиндими?!

Кейинчалик, Альберт суд терговида: – уларни “Мир” кўчасига олиб бориб қип яланғоч ечинтирганлари, тинтув қилишиб уришгани, сўнг ИИБга олиб борганларида Умид исмли ходим суриштирув ўтказиб бир неча бор юз қисмига уриб, ўзи хоҳлагандек қилиб тушунтириш хати ёздиргани, шундан сўнг шахар милициясига олиб бориб калтаклаганлари оқибатида тишлари тўкилганлиги., уларни тоғаси Рафикга бергани, бу ишда маълум даражада айби бўлиши мумкинлиги, лекин мелиса ходимларига ҳеч ким таъзийқ ўтказишга ҳуқуқ бермаганлиги., К.Севиклян А.Хусанбоевга наркотик топиб беришда ёрдам бер демаганлиги, 12 март куни М.Эгамовадан героин олиб К.Севиклянга бермаганлигини., терговчи уларни кеч соат 21 дан эрталаб 6 гача тергов қилгани., О.Раззоқов деган адвокатни умуман кўрмаганлигини баён қилган.

Тергов изоляторида ИИБ ходимларининг астойдил саъйи ҳаракатлари самараси ўлароқ, Альбертнинг 4 дона тиши (негадир суд ҳукмида бир дона дейилсада, қамоқдаги ўлининг 4 дона тиши онасининг қўлида…) тўкилиб, қовурғаси синганлиги боис пешобидан қон келаётгани, аҳволи оғирлигидан тез тиббий ёрдам марказ кўригига унинг ўрнига Каро Севликянни олиб борганлар?!

Альберт ва Каро Севликянни шахар прокурори Б.Ахмадалев ҳузурига олиб борганларида иккаласида ҳам яққол тан жароҳатлари бўлган. Прокурор санкция берса ҳамки, уларнинг тан жароҳатларини кўрган қамоқхона бошлиғи уларни қабул қилишдан бош тортган! Бу ўринда қамоқхона бошлиғи қонуний йўл тутган. Тирик жон., бирор кори ҳол юз берса у жавобгар! Аслида, шу ҳолатнинг ўзиёқ, судда терговчи Н.Мадаминов айбланувчиларга таъзийқ ўтказилгани йўқ деб, ёлғон кўрсатма берганлигини тасдиқлайди! Судья қамоқхона бошлиғидан прокурор санкция берганидан сўнг маҳбусларни нега қабул қилмадингиз., деб сўраса ҳақийқий ҳолатга анча ойдинлик киритган бўлур эди. Терговчи Альберт ва Карони жароҳатлари битгунича Вақтинчалик Сақлаш Хибсхонасида яна 5 кун сақлашга мажбур бўлган?! А.Фандунцевнинг ўта оғир аҳволини кўриб, сени қийнаганлари ҳақида ёзиб бер десам, у яна баттар калтаклашади деб ёзма баёнотдан бош тортди.., дейди 15 мартдан ишга жалб этилган адвокат Жамол Азимов. Лекин, ЖИБ вилоят судининг раиси Н.С.Тўхлиевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидовга юборган 2007 йил 14 декабрдаги № 3-920-07/1484 сонли расмий жавобида адвокат Ж.Азимов 13 мартдан жалб этилиб, А.Фандунцевнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланган., деган ёлғон маълумотлар мавжуд. Аслида, Ж.Азимов 15 мартда ордерни расмийлаштириб, 16 мартдан ҳимояга киришган…

Судда Мақсудахон Эгамова милиция ходимлари Альбертни урганлари, Каро Севликянга 0,05 грамм героин “тиқиштирган”лигини кўрганлигини ИИБ ходимлари билан юзлаштирувда ҳам тасдиқлаган.

Республика Олий Суди Пленумининг 1995 йил 27 октябрдаги 21-сонли қарорининг 15-моддасида: – “Гиёҳвандлик моддаси ёки психотроп моддаларни қонунга қарши сотишга қарши курашни кучайтириш мақсадида уларни назорат тариқасида сотиб олиш қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда холислар иштирокида ўтказилади”, Ўз.Р. ЖПКда “ХОЛИС” иборасига шарҳ берилиб, холис сифатида ишдан манфаатдор бўлмаган фуқоро ўтиши мумкин дейилган. На ЖПК, на ЖПКга шарҳларида ҳам “ХОЛИС-ХАРИДОР” ибораси йўқ! Улар Пленум қарорининг ушбу моддаси:

– “Андижонлик ИИБ ходимларига ҳам тегишли” деб аниқ кўрсатилмаганлигини “таҳлил” қилишиб, ички ишлар ходимини холисга, холисни харидорга айлантириш борасида анжанчасига холис-харидор иборасини инкишоф этганлар! Шу сабабли ЖПКнинг 90-92,135 ва 137-моддалари талабларига “анжанчасига” ижодий ёндошганлари ҳолда баённомани ҳам воқеа жойида эмас мардларча ИИБ бўлимида расмийлаштирганлар.

Терговчи Н.Мадаминовнинг санаси кўрсатилмаган айблов хулосасига кўра, унга вилоят ИИБ ходимларининг гиёҳвандлик моддаларини қонунга қарши сотиш факти бўйича тўплаган маълумотлари М.Эгамова А.Фандунцев ва К.Севиклянларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш учун асос бўлган. Ишдаги мантиқсизлик яна шундаки, вилоят ИИБнинг наркотрафик ва гиёҳвандлик воситалари билан қонунга қарши муомала қилишга қарши кураш бўлими ходими Адҳамжон Хусанбоевнинг судда берган кўрсатмаси таҳлил этилса, у “назорат тариқасида сотиб олиш” тадбирини қонунга хилоф тарзда алдов йўли билан амалга оширган! Яъни, вилоят ИИБ ходими Адҳам Ҳусанбоев ғараз ниятда дастлаб К.Севликян билан танишиб, у билан бирга А.Фандунцевникига борган ва ўзини гиёҳванд кўрсатиб, ўзи олиб келган героинни бирга истеъмол қилиб, уларнинг ишончига киришга муваффақ бўлган. Ҳолбуки, А.Ҳусанбоевга ўхшаш “сохта тадбирчи”лар кўпайиб кетганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1997 йил 22 августдаги 13 сонли қарорида: -“…назорат тариқасида сотиб олишни амалга ошириш пайтларида., бу жиноятни содир этишга иғво қилиш аломатлари кузатилмоқда, бу эса бутунлай йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат”., дейилган!

Адҳам Хусанбоев ишни анжанчасига (ўрисча “каша заварили”ни “анжанчасига” сўзига синоним тарзида ишлатсаям бўларкан…) чалкаштириб, асли ногирон Фандунцевни бир кун олдин героин билан меҳмон қилгани эвазига ўзидан қарздор бир ҳолга келтириб, яъни Олий Суд Пленуми қарорида айнан қайд этилганидек “иғво қилиб”, уни героин сотиб олишга ғайри ихтиёрий ҳолатда жалб қилган!

Агар, шу ҳолатга мантиқий баҳо берилса, Адҳам Хусанбоев Альбертнинг нотовонлиги, К.Севликяннинг гўллигидан устамонлик билан фойдаланиб Ўз.Р.ЖКнинг 3-банди, 274-моддасида қайд этилган: “Гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш” жиноятини содир этган бўлиб чиқади! У хизмат бурчини бажарган., қабилидаги важлар бу ўринда ўтмас., чунки шу модданинг ўзида: – “…ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш., деган жумла ҳам мавжуд!

Гувоҳ Азизбек Хусановнинг унга: – Умитжон ИИВ академиясида ўқийман деб айтгани., баёнома ИИБда расмийлаштирилгани., ҳақидаги баёноти ҳам суд ҳукми матнида йўқ…

Қонун мантиғига хилоф равишда судья С.Сиддиқов ИИБ ходими Адҳам Хусанбоев жиноят ишида ҳам жиноятни ташкиллаштирувчи жалб этилган тезкор ходим, ҳам ХОЛИС ҳам ХАРИДОР бўлиб бир жиноий иш “саҳнасида” учта ролни маҳорат билан ижро этганига тан берган шекилли., унинг қилмишларини ХАСПЎШЛАШГА берилиб қозилик аҳдини унутган кўринади. Акс ҳолда муҳтарам судья ЖПКнинг 22-моддаси талабларига итоат қилгани ҳолда:

    – маҳбуслар қамоқхонага топширилмасдан нега 5 кун ВСХда сақланган;

– қамоқхона бошлиғи маҳбусларни қабул қилишдан нега бош тортган;

    – нима учун иш мазмунига хилоф тарзда ЖКнинг 25-моддаси қўлланилган.;

– баённомалар қандай сабабга кўра воқеа жойидан бошқа жойда тузилган.,

– ишдан манфаатдор ИИБ ходимлари нега холис бўлган.,

    – шу холислар бошқа кунларда ўтказилган тергов ҳаракатларида қатнашганми;

    – айбланувчиларнинг таржимондан фойдаланиш эҳтиёжи қаноатлантирилганми.,

    – айблов хулосаси мазмуни йиғилган материалларга мувофиқми.,

каби терговнинг сифати билан боғлиқ саволларга аниқлик киритиб., А.Фандунцевнинг мени уриб, тишларимни тўкдилар деган арзини муҳокама қилиб, ЖПКнинг 444, 445-моддаларига биноан милк ва тишларини кўздан кечирган, тарафлар, мутахасис шифокор ва экспертлар иштирокида гувоҳлантирган бўлур эди!

Иштони йиртиқнинг ҳадиги чўпдан., деганларидек, Умитжон Абдулазизов ИИВ қошидаги академия талабаси., деган янги важ пайдо бўлгач., 2007 йил 6 сентярь куни ИИБ ходимлари судга: – Абдулазизов Умиджон умуман бошқа шахс, ҳозир у Россияда деган мазмунда маълумотнома тақдим этишган?!

Судга тақдим этилган почта телеграммасида: – г. Москва 42/26204 27 10/9 1255. Узбекистан, Андижан, ул. Мукими – 38. Адвокатура ХУКУК адвокату Азимову Д.

“ОТВЕЧАЯ НА ВАШ ЗАПРОС СООБШАЮ ЧТО НИКОГДА И НИГДЕ Я НЕ УЧАСТВОВАЛ В КАЧЕСТВЕ ПОНЯТОГО., АБДУЛАЗИЗОВ УМИДЖОН” дейилган!

ИИБ ходимлари не умидлар билан топган Умиджоннинг айнан ўзидан келган телеграмма судга топширилган бўлсада, ҳақийқий холис Умитжон Абдулазизовни судга келтириш ҳақидаги адвокатнинг илтимосларини жавобсиз қолдириб., Судья С.Сиддиқов шахси шубҳа остида қолган холиснинг кўрсатмаларини ўқиб бериш билан чекланган!?

Ҳуқуқ илмида “маъқбул ва номақбул далиллар” деган ибора бор. Тергов ва суд иштирокчиларига ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тушунтирилмаслиги, иш ҳужжатларида уларнинг шахсига оид маълумотлар йўқлиги, тергов ва суд бошланган ва тугалланган ВАҚТ кўрсатилмаганлиги., ЖПКнинг 90-93 моддалари ҳамда ушбу кодекснинг бошқа талаблари бузулган тарзда олинган далиллар номақбул деб аталади. Амалдаги қонунчилик талабидан келиб чиқиб таҳлил этилса қуйидаги:

  • Ҳимоячига берилган айблов хулосасида уни тасдиқлаган прокурорнинг имзоси, ой ва кунлар йўқ;
  • айблов хулосасида сана, бошланган ва тугалланган вақт кўрсатилмаган, саҳифалар рақамланмаган..;
  • суд ҳукмида сана бор, лекин бошланган ва тугалланган Вақт кўрсатилмаган;

– Холисларнинг шахсига доир маълумотлар тўлиқ эмас., каби муҳим процессуал камчиликлар жиноят ишини НОМАҚБУЛ дейиш учун етарликдир!

Тергов ҳужжатлари юзаки тайёрланганлиги яна шунда кўринадики, айблов хулосаси кириш қисмининг хулосасида (рақамсиз бетдаги: НА ОСНОВАНИЕ ВЫШЕИЗЛОЖЕННОГО деган бўлим сарлавҳасининг тепа қисми) ишга мутлақа алоқаси йўқ: – Ф,ФКамлетдинова ва Ф.М.Исроиловаларга тегишли бошқа жиноят ишининг хулосасига иловалар қўшиб юборилган! Техник хато дея хаспўшланадиган ушбу ҳолат бир томондан терговчининг бурчига лоқайдлигини, иккинчи томондан уни тасдиқлаган вилоят прокурори ўринбосари К.Р.Жўраев айбловни ўқимасдан имзолаганлигини тасдиқлайди!

Суд ҳукмининг 2-бети(тепадан пастга 16-қатор)даги: вилоят ИИБ тезкор ходимларининг 13 май куни соат 12.00 ларда ўтказилган “назорат тариқасида сотиб олиш” тадбирининг 2007 йил 13 мартда очилган бу жиноят ишига алоқаси йўқ. Булар техник хато оқибатлари эмас, аслида инсон қисматига лоқайдлик аломатларидир!

Суд ишдаги ана шундай муҳим Процессуал хатоларга ҳуқуқий баҳо бермасдан, ЖПКнинг 485 моддасининг 2-қисмига хилоф тарзда: – “ишни ҳал этишга таъсир этиши мумкин бўлган холисни.,” сўроқ қилмасдан, демак бирёқлама ҳукм чиқарган!

2007 йил 14 сентярда Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди раиси С.Сиддиқов раислигида кўрилган мазкур иш бўйича суд ҳукмига биноан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддаси қўлланилган ҳолда, ЖКнинг 273-моддаси, 5-қисми билан: Мақсуда Эгамова 5 йил, Каро Севликян ва Альберт Фандунцевлар 6 йилга озодликдан маҳрум этилдилар. Шу ўринда Суднинг тергов органи томонидан ЖКнинг 25-моддаси 273-моддасининг 5-қисми билан ортиқча айб қўйилганига эътибор қаратиб, судланувчилар зиммасидан ушбу айб ҳолатини чиқаришни лозим топганлигини таъкидлаш жоиз.

Учта судланувчидан иккитаси арман миллатига мансуб бўлишига қарамасдан, ЖПКнинг 487-моддаси, 7-қисмига хилоф тарзда ҳукм ўзбек тилида ёзилган!?

Ҳар қандай шароитда аёл бари бир Она! Қўлга олинганидан то суд ҳукми эълон қилингунгача мендан топилган бу аъшёлар марҳум эримнинг кийимидан чиқди деб кўргазма бераётган М.Эгамованинг бу важларига аниқлик киритилиб, унинг марҳум эри гиёҳванд бўлганми., ёки жавобгарликдан қутулиш учун ёлғон гапиряптими, айбланувчи ЖПКнинг 82-моддаси, 4-қисми талабига биноан жиноятни тўғри ёки эгри қасд билан ёхуд бепарволик ёки ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этганми., деган саволларга аниқлик киритилмаган.

Ҳаёт ҳодисотлари мантиқан бир-бирига узвий боғлиқ кетма-кетликлардан иборат, бизнинг иродамизга боғлиқ бўлмаган, жиловсиз жараён. Ҳаёт мантиғи бузулган жойда, қонун мантиғи шикастланади!

Биз тергов органи томонидан содир этилган процессуал хатолар, ноқонуний ҳаракатлар салмоғи айбланувчиларнинг гуноҳларидан ўн чандон ошиб кетган ушбу жиноят иши тафсилотлари билан муҳтарам ўқувчиларни толиқтириш ниятидан йироқмиз.

Шу ўринда ИИБ ходимларидан бири жонкуяр ҳимоячи Жамол Азимовга таажжуб ила айтганидек, Сизда ҳам муҳтарам ўқувчи, бу ёзувчи акамиз икки армани гиёванд ҳимоясига нега бунча жон куйдирмоқда деган мулоҳазалар пайдо бўлиши мумкин…

Авволо, биз: – икки қўшнингдан бири кофир, бири мусулмон бўлса, олдин кофир қўшнингга ёрдам қил, сўнгра мусулмонга.., деган ҳадиси шарифлар қонига сингиган муслим халқнинг фарзандларимиз.

Қолаверса, кимлигидан қатъий назар Каро Севликян, Альберть Фандунцевлар ҳам ўзбек заминида туғилиб ўсган замондош биродарларимиз. Кўп миллатли мустақил Ўзбекистон давлатининг тенг ҳуқуқли фуқоролари! Қонунчилигимизнинг тенглик, демократик тамойилларига биноан нафақат наркаман, ҳатто Ватанга хиёнат қилишдек оғир жиноят содир этганларнинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатган!

Биз Каро Севликян ва Альберт Фандунцевларнинг айби йўқ деб, оқловчилик қилмоқчи эмасмиз. Истагимиз ўғрининг ҳам, тўғрининг ҳам ҳуқуқлари бузулмасин., улар фақат содир этган қилмишларига яраша жазолансин демоқчимиз холос. Қонуннинг устиворлиги яна шундаки кимдир бирор жиноятни бўйнига олиб турганида ҳам, одил судлов бу жиноятни айнан шу одам қилганлигини инкор этиб бўлмайдиган далилар асосида исботлашни талаб қилиши лозим. Балким, тезкор ИИБ ходимларининг бу икки арман йигитига бунчалик зуғумларида биз билмаган бошқа асрорлар бордир?

Балким, қамоқдаги ўғлининг тўкилган тишларига ғамбода термулиб, юқори идораларга адолат илинжида мурожаат қилаётган кекса муаллима Эмма Саркисовнанинг: – Андижон мелисалаларини Каро билан Альбертнинг наркоманлиги эмас, ўн минг долларга Москвадан келтирилган тобут йўлдан адаштирган., деган мулоҳазаларида ҳақиқатга дохил нимадир бордир?!

Ушбу иш ҳужжатлари билан танишиш жараёнида кўзга яққол ташланадиган ачинарлик бир ҳолат ҳуқуқ тартибот соҳаси ходимларининг ўз бурчларини адо этишдаги нохолислиги. Тадбир ўтказишдан мақсад, наркотик моддалар сотаётган манбани топиш бўлса, уни топдингиз., уни топишда “восита” бўлиб тузоғингизга илинган бу шўрликлар Сиз талаб қилган барча “ҳужжат”ларга имзо қўйганларидан сўнг ҳам., бўйнига содир этган қилмишларидан каттароқ жиноятларни тиркашдан муддао нима., деган табиий савол туғилади!?

Молни сал бўлсада арзонроққа олишдан манфаатдор харидор қандай холис бўлсин? Бундай аросат холисликдан Худо асрасин! Сўнгги пайтларда кўплаб ишлардаги ёлғон гувоҳларнинг пировардида сувдан қуруқ чиққанларини кузатиб, ёлғон гувоҳлик учун жавобгарликни, ёлғон гувоҳлик оқибатида жабрланган шахсга белгиланган жазо билан тенглаштирилса., балким сохта гувоҳлар сони камаярмиди деб ўйлаб қоламан… Бу мулоҳазалар албатта, муҳтарам қонуншуносларимиз ҳукмига ҳавола!

Аслида, холис бўлиб Ҳақиқатни ёқлаш улуғ иш! Нохолислик нафақат бировга, инсоннинг ўз виждонига хиёнатдир!

Яратган Эгам ҳар бандани туҳмат балосидан асрасин!

Хамроқул Асқар,
«PEGAS – MEDIA – PRESS» жамияти директори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Андижон -Тошкент

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: