ДЕНОВ БОЗОРИ: ИНҚИРОЗДАН КИМ МАНФААТДОР?

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Сурхондарё вилояти Денов шаҳри Ш. Рашидов кўчаси 237-а уйда яшовчи фуқаро Йўлдош Раҳимов мурожаат қилиб, ўзининг Денов шаҳар “Бободеҳқонбозори” очиқ турдаги акциядорлик жамияти акциядори эканини таъкидлаган.

Жамиятимиздан ўзининг акциядор сифатида ҳуқуқлари поймол қилинаётгани ва уни ҳимоя қилишимизни сўраган. Шикоят хати ва унга илова қилинган ҳужжатлардан маълум бўлишича, мазкур бозор қўшни Тожикистон ва Афғонистон билан чегара ҳудудидаги йирик стратегик мажмуа бўлиб, у туман иқтисодиётининг асосий даромад улушларидан бирини ташкил этади. Аммо воҳадаги довруқли ана шу бозор ҳозирда инқироз ёқасига келиб қолган, инчунун, маҳаллий коррупция, ҳуқуқсизлик ва бошқарувдаги ўзига хос анархия халқ фаровонлигининг омили бўлган мажмуанинг тинка-мадорини қуритди.

Ҳукумат сиёсатига ҳамоҳанг мулкчиликнинг акциядорлик шаклини танлаган бозорнинг акциядорлар ва давлатга келтираётган фойдаси чўғи кейинги йилларда анчайин тушиб кетди. Боиси, мажмуани бошқаришда яратилган сунъий тўсиқлар, ҳалигача эскича қарашдаги қўли узун амалдорларнинг таъсири натижасида ўтган асрнинг 70-йилларида қад кўтарган бозор жиноятчилар, зўровон раҳбарлар ҳовучидаги охур(кормушка)га айланган. Акциядорлар ҳокимлик томонидан қўйиладиган “бозорқўмлар”ни қонунга топшириб ҳам қутулмайди. Зеро, бу ўлкада ҳокимларнинг ўзлари қонун, уларнинг бетийиқ истак ва хоҳишлари ҳар нарсадан устун. Боз устига, улар ўзларининг манфаатларини бир қадар қонунлаштириб ҳам олишган, шу боисдан унча-мунча судья-ю прокурорларнинг тиши ўтмайди уларга. Ана шу дахлсиз мақомдаги ҳуқуқ посбонларининг бу гуруҳларга беихтиёр шерик бўлишдан ўзга чоралари йўқ.

Албатта, бу шикоят хати “Эзгулик” жамиятининг хат ғаладонига тушишидан илгари ҳукумат, давлат ҳокимиятининг турли инстанцияларида кўрилган. Суд маҳкамаларида муҳокама этилган, прокурорларнинг зийрак назоратидан ўтган. Аммо, не тонгки, манфаат, жиғилдон қаршисида қонун-қоида деганлари ҳеч гап эмаскан. Иддаоларимизни ҳужжатларни таҳлил этиш билан давом эттирамиз. Мана қаранг, яқин ўтмишда Деновдаги тайёрловсавдо корхоналари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 5 мартдаги 82-сонли қарори билан акциядорлик жамиятларига айлантирилган. Очиқ савдоларда мулкчиликнинг биз учун модерн бўлган шакилидан даромад кўришни истаган бир қанча фуқаролар акциялар сотиб олганлар. Бозор дегани Шарқда ўзига хос стратегик ёғли жой эмасми, ҳукумат бу нарсани назардан қочирмай акцияларнинг назорат пакети (51 фоиз)ни ўзида сақлаб қолган. Ҳозирда ҳокимликлар давлат номидан мазкур активларни юритадилар.

Мамлакатимизда яқин ўтмишдаги давлат мулкларини сотиш, хусусий мулкчиликни ривожлантириш ислоҳотлари осон кечмаслиги аниқ эди. Чунки бу борада муайян қаътий қоидаларга асосланган механизмнинг ўзи бўлмаган. Шу боисдан ҳам давлат мулкини тақсимлашга ваколатли бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси бу борада ғалати механизм ишлаб чиққан. Бу механизм асосчиси, қўмитанинг собиқ раиси Виктор Чжэн томонидан 1996 йилдда тасдиқланган, аммо юридик мақомга эга бўлмаган меъёрий ҳужжат республикамиздаги бошқа бозорлар қатори Деновдаги “Бободеҳқонбозори” ОТАЖнинг хусусийлаштириш режасига ҳам киритилган. Ҳужжатга кўра, Денов шаҳар ҳокими 1996 йилдаги 559-сонли қарори билан деҳқон бозори жойлашган 30000,0 кв.метр ер майдонининг, туман ҳокими эса 23000,0 кв.метр ер майдонининг умумий қийматини ташкил этилаётган акциядорлик жамиятининг устав фондига киритиш ҳақида топшириқ беради.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Ер тўғрисида”ги Қонуни, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун талабларига кўра, давлатга қарашли ер майдонларини улар жойлашган ҳудуддаги жамиятларнинг устав фондларига киритиш мумкин эмас. Негаки, қонун талабида хусусийлаштириш — жисмоний шахсларнинг ва давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларнинг оммавий мулки объектларини ёки давлат акциядорлик жамиятларининг акцияларини давлатдан сотиб олиш экани таъкидланган. Демак, бу ўринда республикамиздаги бозорлар мисолида давлат ҳокимияти бир ўқ билан икки қуённи урган: бир томондан, ҳеч бир улуш киритмасдан бозорлардан тушган фойдаларга шериклик қилмоқда. Иккинчи томондан, устав фондига киритилган сохта улуш (ёки мулк) ҳисобидан акциядорлар мисолида тадбиркорлар устидан назорат ўрнатган.

Албатта, ҳокимликлар, суд ва прокуратура Давлат мулки томонидан ўзига хос рэкет йўли билан киритилган бу ҳужжатнинг моҳиятига етмайди, дейиш омилик бўларди. Боиси, бу масала бир неча марта кўтарилган, аммо аянчли томони шундаки, давлат ҳокимияти мисолида амалдорлар бу янглиш ҳужжат амалиётидан манфаатдор бўлганлари учун ҳам акциядорларнинг ҳуқуқларига ҳеч ким қулоқ осмайди. Шу боисдан ҳам янги ҳокимлар собиқларининг ана шу қонуний кемтикларидан фойдаланиб, бозор ҳудудидаги ер майдонларини хусусий тужжорларга савдо шаҳобчалари учун ажратишган. 1997-99 йилларда 2490,3 кв.метр ер майдони 51 та жисмоний шахсга хусусий мулк сифатида сотилгани, 23000 кв.метр ер майдони ташкилотларга тарқатилгани, яна қа-анча майдон талабгорларга бўлиб берилгани бунга мисолдир. Бу ҳотамтойлик ва юрт фаровонлиги ниқобидаги ислоҳот шунчаки савоб учун амалга оширилмаганини сезиш учун шунчаки фаросатнинг ўзи етарли.

Аммо масаланинг жамоатчилик эътиборидан четда қолаётган тарафи ҳам борки, бозор устав фондига киритилган ер майдонининг ярмидан кўпи хусусий тужжорларга ўтиб кетгани билан давлат ҳали ҳам назорат улушига (51 фоизи) эга бўлиб турибди. Устав фондидаги давлат улуши камайгани билан унинг фойдадаги шериклиги камаймаяпти. Шу боисдан ҳам акциядорлар дивидентлардан маҳрум бўлмоқдалар. Шу боисдан ҳам ҳақиқий мулкдорнинг қўлига ўтмаётган бозор кун сайин ич-ичидан емирилиб бораётир. Харид учун бозорга отланган, косасидан олдин сочи оқарган бечора одамларнинг бозордаги сервис, соат сайин осмонга сапчиётган нархлардан кўнгли безган. Айни пайтда ҳозир бозорни юритиб турган акциядорлик жамияти маъмуриятни ҳам айблаб бўлмайдики, кислород тепадан бўғилган. Имкониятлар туман ҳокимининг кундалик тазйиқ ва зулмлари, қонунсизлик билан чекланган.

“Бозоримиз ана шундай аянчли ҳолатни бошдан кечираётган айни кунларда тепадан: “Уни реконструкция қиласизлар, замон шиддатига мослайсизлар!” деб қолишмаса гўргайди. Худо уриб, катта амалдорлар Денов шаҳрининг юбилейига бозорни қайта қурасизлар, деб қолишса, нима бўлади. Зўрға нафас олаётган акциядорлик жамиятига ихтиёрий-мажбурий йирик кредитлар ажратилса, улардан қутулгунимизча аҳволимиз нима кечади?” дейди акциядорлардан бири.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари мазкур бозор ва унинг теварагидаги можароларни ўрганиш мобайнида халқимиз фаровонлигини омили бўлган муассаса атрофида ўта зиддиятли вазият юзага келганига амин бўлди. Маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан акциядорларнинг ҳуқуқлари топталаётгани етмагандай бозорнинг кундан кунга тароватини йўқотаётгани ҳеч кимнинг эътиборини тортмаётир. На вилоят ҳокимини, на Республика Давлат мулки қўмитаси маъмурларини қизиқтиради бу масала. Жамиятимиз республика Бош прокуратураси, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа мутасадди идоралар эътиборини Деновдаги бозор аҳволига қаратади. Бозор тақдири — халқ тақдири, эканини урғулаб, бу мавзуга яна қайтишини таъкидлайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: