Асрлардир битмаган кураш

adabiyot.jpgЯхшилик ва ёмонлик

Оллоҳ томонидан пайғамбарларга нозил қилинган муқаддас китоблар ичида Қуръони карим энг мукаммали ҳисобланади. Унда Муҳаммад (с.а.в.)дан олдин ўтган барча пайғамбарлар Худонинг элчилари сифатида эътироф этилган ҳолда инсониятни ҳидоят йўлига рағбатлантирувчи эзгу амаллар ўз ифодасини топган.

Умуман олганда, барча диний таълимотларда, муқаддас китобларда икки ибтидо – яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги доимий кураш асносида одамзод яхшилик йўлини танлаб боқий комилликка эришди, деган ғоя мавжуд. Будда таъминотида инсон нирвана – жаннатга етишиши учун ўз умри давомида оғир ва машаққатли босқичларни босиб ўтиши зарур.

Чексиз азоб ва хўрликлар

Мусо алайҳиссалом бани Исроил қавмини Миср фиръавни Рамзес II нинг тазйиқидан қутқариш учун 40 йил саҳрома-саҳро, тоғма-тоғ кезиб, уларни Фаластинга олиб келади. Оллоҳдан ўзига ваҳий келган Синай тоғи тепасида егуликлари адо бўлган қавмини 40 кун мобайнида Худонинг раҳмати – жаннат таоми билан боқади. Бунинг замирида ҳам чексиз азоб ва хўрликлар эвазига комилликка эришиш ғояси ётади.

Исо Масиҳ – Қуръони каримда ҳақни сўзловчи, Исои руҳуллоҳ сифатида келтирилади. “Марям” сурасида Исо пайғамбарнинг салибга тортилиб душманлари томонидан қатл қилиниши бандаларнинг кўзига кўринганлиги баён қилинади. Аслида у ер юзида рўй бераётган адолатсизлик ва ноҳақликлар, диёнатсизлик ва разилликлар туфайли самога кўтарилган ва Қиёмат куни арафасида яна ер юзида пайдо бўлади.

Қуръони каримда келтирилишича, Оллоҳ Одам сафиуллоҳни яратиш чоғида фаришталарга ердан бир сиқим тупроқ олиб келишни буюради. Улар орасидан фақатгина Азроил бу ишни уддалайди ва шунинг учун у ўлимдан устун турувчи фаришта ҳисобланади. Оллоҳ амрларини пайғамбарларга етказгувчи элчи, самовий офатларни ер юзида ижро қилгувчи, эзгулик ва яхшиликларга ундовчи фаришта – Жаброил билан коинотни моддий таъминловчи, Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарнинг кўксини ёриб, юрагини поклаган фаришта – Микоил Одам Атога фаришталари ичида биринчи бўлиб сажда қилган.

Гуноҳ ва савоблар

Тўртинчи фаришта Исрофил – қиёмат кун даракчиси. У қиёмат қойим кунида сурини икки марта чалади. Биринчи марта чалганида бутун дунё остин устун бўлиб кетади, тоғлар култепаларга айланади, осмондан юлдузлар тўкилиб, дарёлар тошади, бирорта тирик жон қолмайди. Иккинчи марта сур чалинганида Одам Сафиуллоҳдан бошлаб барча бандалар қайта тириладилар ва фоний дунёда қилган гуноҳ-савобларининг ажрини олиш учун маҳшаргоҳга йиғиладилар. Ана ўшанда Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар ўз умматларини ёқлаб чиқади ҳамда улар ўз ҳаётлари давомида бировга мисқолча яхшилик ва савоб амаллар қилган бўлса, пайғамбар умматларининг гуноҳлари кечирилади.

Ҳўкиз одам

Тарихи уч минг йил деб ҳисобланаётган Муқаддас китоб – “Авесто” – парфиёнча apastak матн, ёки “Зенд – Авесто” – тафсир қилинган матн, маъносини билдиради. Зардўштийлик динининг ахлоқий-фалсафий моҳияти эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амалдан иборат муқаддас учликка асосланган бўлиб, у илк бор политеизм, яъни кўп худолиликни рад қилиб, монотеизм, якка худоликни (ваҳдат) тарғиб қилган. Зардўшт динининг дунё халқларига таъсири жуда катта бўлган ва милоддан олдинги минг йилликнинг ўрталарида Спитама Зардушт томонидан “Авесто” диний асар сифатида тизимга солинган. Манбаларда келтирилишича, унинг дастлабки ёзма нусхаси 12 мингта ҳўкиз терисига битилган ва Эроннинг Шероз шаҳри яқинидаги (Пираспол) Тахти Жамшидда сақланган. Санскрит ёзувида битилган муқаддас китоб бу ерда Эроннинг қадимги паҳлавий ёзувида қайта кўчирилган. “Авесто” ғоясига кўра олам икки асоснинг, икки ибтидонинг, яъни ёруғлик билан зулматнинг, яхшилик билан ёмонликнинг тўхтовсиз курашидан иборат. Яхшиликни ифодаловчи куч осмонда, ёмонликни ифодаловчи куч ер остида, замин сатҳи эса кураш майдонидир. Дунёдаги, инсон ҳаётидаги барча ўзгаришлар шу икки ибтидодан қайси бирининг устун келиши билан боғлиқ.

“Авесто” таълимотига кўра одамзод Говамард – (форсча Каюмарс) ҳўкиз одамдан бино бўлган ва илк даврида ғам-ташвиш, хиёнат ва хатоликлардан озод бўлган. У мангу баҳорий табиат қўйнида барҳаёт умр кечирган. Аҳурамазда – яхшилик худоси одамларга паноҳ бўлиб турган. Орадан 900 йил ўтгач, одамзод учун олтин давр тугайди. Шоҳ Йима кибрга берилиб кетиб, таъқиқланган муқаддас сигир гўштидан тановул қилади ва Анҳрамайну бошчилигида ёвуз кучлар бош кўтаради. Ҳаво ҳарорати пасайиб, ер юзи музлик билан қопланади. Йима Аҳурамазданинг амри билан жонзодларни ҳалокатдан сақлаб қолиш учун қўрғон (вар)лар қурдириб, уларга ҳар бир жонзоддан бир жуфтини жойлаштириб чиқади ва қилган гуноҳлари учун тавба тазарру келтиради.

Шундан кейин Хайр ва Шарр, яъни яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш босқичи бошланади ва охири Аҳурамазда ғалаба қозонади, эзгулик салтанати барқарор бўлади, ўлганлар қайтадан тирилади.

Тахти Жамшид

Манбаларда келтирилишича, милоддан олдинги 336 йилда 20 ёшли Александр Македония ҳукмдори, отаси Филипп II Эронга қарши юриш қилган чоғида ҳалок бўлганидан кейин тахтга ўтиради ва урушни давом эттиради. У сонсиз лашкари билан Эрон шоҳи Доро III ни асирга олади ва Тахти Жамшидда сақланаётган, ҳўкиз терисига битилган зардуштийларнинг муқаддас каломи нусхасини куйдириб ташлайди.

Лекин диний таълимотларнинг узвийлиги ва Александрнинг буюк файласуф Аристотел тарбиясида бўлганлигини эътиборга оладиган бўлсак, “Авесто”нинг ёнғиндан сақланиб қолган нусхалари Мисрда ёш жаҳонгир томонидан барпо қилинган Александрия шаҳридаги Александрия кутубхонасига олиб келинган ва олимлар томонидан тадқиқ қилинган бўлиб чиқади. Негаки, эрамиздан аввалги даврда Эрон ва Ҳиндистонда мавжуд бўлган митраизм – оташпарастлик дини қадимги Рим империясида кенг тарқалган.

Митра – санскрит тилида кундуз худоси, ҳаёт бахш этгувчи худо ҳисобланган, қадимги Миср афсоналарига кўра Ра-қуёш худоси бўлган. Млоддан олдинги 48-47 йилларда Рим императори Юлий Цезар Мисрга уруш очади ва унинг ҳукмдори Птоломейни тахтдан ағдариб, ўрнига опаси Клеопатрани ҳукмдор қилиб тайинлаган даврда Александрия кутубхонаси ёндириб юборилади ва манбаларда зардуштийларнинг муқаддас китоби ҳақида лом-лим дейилмайди. Ўз-ўзидан маълумки, кейинчалик янги диний таълимотлар пайдо бўлади ва уларнинг асосида ҳам икки ибтидонинг доимий кураши талқин қилинади.

Яъжуж-Маъжуж

Қуръони каримнинг “Қаҳф” сурасида бузғунчи қавм Яъжуж-Маъжуж номи зикр қилинади. Икки тоғ ўртасида яшовчи қавм Зулқарнайнга шикоят қилиб, уларнинг зулмидан қутқаришни сўрайди. Шунда Искандар икки тоғ томондан радм-девор тиклайди ва бу қавмни Яъжуж-Маъжуж қавми хуружидан халос қилади. “Анбиё” сурасида радм-девор бузилганида, Оллоҳга куфр келтирганларнинг ҳолига вой бўлади, дейилади. “Қаҳф” сурасида садд-тўғон бузилиб, Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши қиёмат қойим аломатларидан бири сифатида келтирилади. Улар ер юзини селдек босиб, фасод ва хароботга тўлдирадилар ва қиёмат қойим бошланади.

Исмат АСАД.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: