ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Ўзгармаган дунё

Омон бўлсак, бу гапларни Сизга 2008 йилда эслатаман

САВОЛ:ДЎКнинг позицияси ҳақида: “Бугун ўзбек демократик мухолифатининг ташқаридаги барча аъзолари тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳамманинг битта статуси бор – ҚОЧҚИН! Шундай экан, уларнинг битта йўли бор: шахсий амбицияни йиғиштириб, ўзаро бирлашиб, бутун сиёсий, молиявий ва маънавий кучни мамлакатга сафарбар этиш, ичкаридан битта номзодни танлаб, диктатурага қарши туриш. Бу демократик умуммухолифатнинг бирлигига ҳам кафолатдир.

Биз ана шу йўлда ҳар қандай музокарага, таклифга очиқмиз ва ёрдам қўлини узатишга ҳозирмиз. Акс тақдирда 2007 йил ҳам ўтади ва мухолифат тарқоқ, кучсиз ва халқдан ажралган, Ватандан айро тушган, шахсий манфаатлари учун яшаётган бир неча кимсанинг атрофида уймалашган тўдаларга айланиб қолаверади” деб ёзибсиз. Менда дарҳол савол туғилди: Нега номзод ичкаридан бўлиши шарт? (Озодбек).

ЖАВОБ: Бугунги шароитларда ташқаридан кўрсатилган номзод шундай ҳам тарқоқ бўлган мухолифатни янада парчалашга уриниш ва сайловга етмасдан туриб 100 фойизлик мағлубият эканлигини ёш бола ҳам тушуниб турибди. Буни англаган ҳолда ўзини шунга уриш эса, шунчаки соддалик ёки Ватан ҳақида нимадир қилишга уриниш эмас, балки шу баҳонада сиёсий кампания қилиб ўзининг ташқаридаги сиёсий умрини, роҳатини кафолатга олиш ва “мен президент бўламан” дея олган қарзларини “списат” қилиш ва турли тадбирларга харажат қилувчиларнинг диққатини жалб қилишдан иборатдир. Яъни тирикчиликнинг бир йўли.

Бугун мамлакат ичида қолган мухолифлар бирлашишни ва бирлашиб битта номзод чиқаришни истаётган эканлар, нега уларга пешвоз чиқмаслик керак? Бу осмондаги ойни узиб оламан дегандан кўра, заминга яқинроқ ҳаракат эмасми? Бу ҳолатда ҳеч бўлмаганда мухолифатни бирлаштириш ва уни катта сиёсий кучга айлантириш мумкин ҳамда Ўзбекистоннинг бугунини бўлмаса ҳам келажагини қутқазиш ва 15 йил давомида кичкина диктаторлар дея қозонилган тавқи лаънатдан қутулиш мумкин.

Каримов тарихни мен ёзаман деган ахмоқона тушунча билан яшаганидек мухолифлари ҳам айни мантиқ билан иш битирмоқдалар. Лекин тарихни халқ ёзади. Бугун бўлмаса эртага.

Мамлакат ичида умуммухолифатнинг ишончига сазовор номзодлар борми? Албатта бор. Мамлакат ичида халқ бор. Халқ бор жойда эса лидерлар бор.

Агар Ўзбекистон ичидан бир лидер танланса ва мухолифатнинг барча қанотлари уни қўлласа, жумладан ташқаридагилар сиёсий, молиявий ва маънавий ёрдам кампаниясини бошласалар бу номзодни бутун дунё қўллайди.

Битта нарсани унутмайлик, дунёнинг бирор бир мамлакати турли сайтларда ёзилган ёки ахборот манбаларида ишлаётган тарафкашларнинг фикри билан хулоса қилмайди. Агар шундай бўлганда АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботида баъзи “лидер”ларни ихтиёрий қочоқлар деб эълон қилишмас эди. Чунки барча мамлакатларнинг Ўзбекистонда элчихоналари бор ва бу жойларда кимнинг кимлиги ва нимага қодирлиги ҳақида ҳар куни ҳисоботлар тайёрланади ҳамда ўз мамлакатларига тақдим этилади. Улар кимнидир битта одам номзод деб эълон қилаяптими ёки орқасида кўпчилик борми, ҳаммасини бизу сиздан яхши биладилар.

Санжар Умаров нега бу қадар дунё диққатини тортганди?

Биринчидан, у мамлакат ичида эди.

Иккинчидан, ҳеч бўлмаганда беш – ўнта одамга раҳбарлик қилган ва мамлакатдаги бошқарувдан хабардор эди.

Учинчидан, мамлакатдаги замонавий бойлар ва ёшлар унга эргашишлари эҳтимоли кучли эди.

Тўртинчидан, уни ҳукумат доиралари билан ҳам алоқаси бор деб ўйлашганди.

Бешинчидан, у уйим йўқ, машинам йўқ дейдиган даражада очофат эмас эди.

Шу ҳам етарли бўлмади ва қув тушди. Лекин истайсизми истамайсизми бугунги даврда бу каби нарсалар ҳисобга олиниши керак.

Каримов бугунга қадар мухолифатни қўлланиб ўз зулмини асослашга уриниб келмоқда. Кимлардир бу борада Каримовнинг оқловчисига айланиб қолишмоқда. Бугун ҳам умуммухолифатга қулоқ солмасдан уч-тўртта қарсакбоз билан ура-ура қилиш Каримов режимининг умрини узайтиришга хизмат қилишдир.

Ҳозирданоқ ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, кейинги кунлардаги шовқин-суронлар билан мухолифатнинг 2007 йилги сайловга кира олмаслиги таъмин этилди ва мухолифат мағлубиятга маҳкум қилинди. Агар мен хато қилган бўлсам, 2008 йилнинг бошида эслатинг, бўлмаса бу гапларни ўшанда мен сизга эслатаман!.

Шу ўринда фақат шуни илова қилмоқчиманки, демократик шароитлар ва доираларда истаган одам мен президент бўламан деб айтишга ҳақли. Аммо у бу ҳаққа ҳалол кураш туфайли сазовор бўлади. Дастлаб партия ичи курашида “Мен президент бўламан” деганлардан бир нечаси беллашиб, охирида биттаси қолади ва у бошқа партияларнинг ёки ҳаракатларнинг номзодларига ёхуд мустақил номзодларнинг қаршисига чиқади.

Диктатура ўлкалари ва давраларида эса бир киши “Ҳа, энди кўрамиз” деб қўяди ва атрофида уймалашган бир икки маддоҳ эртасигаёқ унинг номзодини кўрсатади. Табиийки, “партия”, “халқ” номидан. У ҳам дарҳол қабул қилиб, ҳатто билдирилган юксак ишонч учун раҳмат ҳам айтади. 15 йилдир биз иккинчи ҳолатни кўрмоқдамиз ва бугун ҳам.

Мен мулоҳазаларимни айтдим ва хулосани сиз чиқаринг!

22 Апрел, 2006 йил

“2006 йил кунларининг тарихи” китобидан

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: