Жаҳонгир Маматов: Ўзгармаган дунё

muhtorov.jpgСАВОЛ:Сиз Ўзбекистон қаҳрамонлари ҳақида салбий фикр билдирибсиз. Хўп сизга қолса кимга шундай унвон берган бўлардингиз?(Юсуф, 12 Июн, 2004).

ЖАВОБ:Аввало шуни айтиш керакки, Ўзбекистон қаҳрамони унвони мамлакатнинг энг юксак унвони бўлиши шарт ва уни буғдой сепгандек сочиш керак эмас. Қолаверса мамлакат миқёсида қаҳрамонлик кўрсатиш ҳам ҳар куни ва ёки ҳар ойда юз беравермайди.

Бу унвон биринчи галда мустақиллик учун чин маънода курашганларга ва сўнгра миллат ҳамда мамлакат йўлида жон фидо қилганларга, фавқулодда бир улуғ ишларга қўл уриб жасорат намойиш этганларга берилиши керак. Ҳозир эса президентни мақтаганларга, унга садоқат кўрсатганларга берилмоқда.

Келажакда бу унвонни беришни фақат президент ҳал қилмаслиги керак. Буни президентдан мустақил бўлган бир гуруҳ кўриб чиқиши ва имзолаш учун, ўз таклифини айтиши учун президентга тақдим этиши лозим.

Айни пайтда президентнинг ўзи амалда туриб бу унвонни олишини маънавиятсизлик, ўз вазифасини суиистемол қилиш деб баҳолаш зарур.

Менга қолса биринчи галда шўролар даврида ҳам мустақиллик калимасини қўрқмай айтган ва бу борада “Ўлмас қоялар” дек кучли асар ёзган Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов), Совет давридаёқ прокуратура ва милицияни коммунистик партиядан мустақил қилиш учун биринчи одим отиб бу ҳаракатининг қурбонига айланган Мурод Жўраев, халқ ҳаракатининг байроқдори улуғ шоир Ёдгор Обид, ошкоралик қалдирғочи Тойиба Тўлаганова, Каримов Қашқадарёда ишлаган пайтидаги қилмишларини у президентликка сайланаётган пайтда фош қилиш учун қўрқмай бош кўтарган ва баҳодирлик тимсолига айланган Шовруқ Рўзимуродов, КПССга исён қилиб унинг бошланғич ташкилотини тарқатиб юборгани боис бўҳтонлар билан қамалиб кетган Самандар Қўқонов, Каримов бошчилигидаги коммунистик гуруҳ тиш-тирноғи билан кўрсатган қаршилигига қарамасдан Ўзбекистон Мустақиллиги Декларациясини эълон қилишда жасорат кўрсатган ўнлаб Халқ депутатларига бу унвонни лойиқ кўрган бўлардим.

Совет давридаёқ мустақилликни куйлаб довруғи довон ошган Дадахон Ҳасан,умрини зулм билан курашга атаган Юсуф Жума каби фидойилар бугуннинг қаҳрамонларидир.

Ишонаманки, бугун Каримов режими йўл қўйган мудҳиш хатолар эртага бир кун тузатилади ва адашган унвонлар ҳам асл эгаларини топади.

Зотан, ёлғон дарахтининг илдизи калта бўлади ва кун келиб бу дарахт қилт этган шамолга бардош беролмай гурсиллаб йиқилиб тушади. Ҳақиқат ниҳолининг илдизи эса жуда чуқур бўлади ва бу ниҳолни юлиб ташлаганингиз билан барибир бир кун яна ўсиб чиқади.

ХХХ

САВОЛ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият нима учун борган сари ёмонлашиб кетяпти? Қамоқхоналардаги шафқатсиз қийноқлар, асоссиз қамоққа олишлар, диндорларнинг таъқиб қилиниши, эркин фикрли, ростгўй ижодкорларнинг муттасил қувғин қилиниши ва шу кабилар… Буларнинг асосий сабаблари нималардан иборат ва ҳукуматнинг бундан кўзлаган мақсади нима?(Муҳиддин, 14 Июн, 2004).

ЖАВОБ:Агар бирор бир ҳаракат назоратдан четда бўлса у қуюшқондан чиқади. Сиз бирор бир ҳаракатингиз қонунга зид эканлигини билсангиз ва бунинг учун жазо олишингизни тушунсангиз, табиийки ўша ғайриқонуний йўлдан қайтишга уринасиз. Лекин назоратсизлик инсонни ваҳший ҳайвонга айлантириши мумкин.

Ўзбекистон ҳукуматини чеклайдиган ёки назорат қиладиган тизимлар у ёқда турсин ҳатто танқид қиладиган очиқ минбар ҳам йўқ. Шундай шароитда нафақат инсон ҳақлари балки бошқа соҳалардаги вазият ҳам ёмонлашиб бораверади. Бу эса занжир ҳалқаси кўринишини ташкил қилади. Ана шу ёмонлашув шароитида ўзини сақлаб қолиш учун ҳукумат ҳамма нарсага тайёр бўлади. Агар диндорларнинг соқоли хавф бўлиб кўринса уни кестириш ва ёки туғиладиган бола таҳлика деб билинса уни олдириб ташлашдан ҳам қайтмайди. Буни яшаш учун кураш деб билади. Бу ҳол ваҳший ўрмон қонунига юз тутади.

Ҳукумат дер эканмиз табиийки бир гуруҳ одамлар назарда тутилади. Лекин ана шу бир гуруҳ одамлар яшаш учун курашнинг бошқа йўлини ҳам танлашлари мумкин. Бунинг учун уларнинг бошида турган одам биринчидан инсофли, иккинчидан ваколатлари чекланган ва учинчидан қайси бир минбарда ҳисоб беришга мажбур ва ниҳоят энг асосийси халқаро ва маҳаллий қонунларга бўйсунувчи бўлиши керак. Яъни бир гуруҳ, бир халқ битта одамнинг қулига айланмаслиги, балки қонун фуқароси бўлиши керак. Афсус…

ХХХ

САВОЛ: Ўзбекистонда матбуот эркин эмаслигининг қандай сабаблари бор? Нима учун ҳукумат ОАВни назорат қилишни расман бекор қилган бўлса-да, амалда кучайтирмоқда? Бунда журналистларни ҳам айблаб бўладими? (Муҳиддин, 15 Июн, 2004).

ЖАВОБ: Мен бу мавзуда кўп ёзганман. Жумладан, “Ўзлигим” китобида бу хусусдаги фикрларим батафсил ўрин олган. Шунга қарамасдан бу саволга яна бир бор мухтасар жавоб қилмоқчиман.

Биринчидан, матбуот жуда кучли сиёсий қурол. Буни яккаҳокимлар, зулм пешволари яхши биладилар. Чунки эркин матбуот ухлаётган тафаккурни уйғотиб қўяди ва бу зулмнинг емирилишига олиб келади. Каримов режими (Каримов ва унинг мулозимлари) матбуотга эркинлик берса, бу ўз бўғзига пичоқ тортиш билан баробар эканлигини тушунмайдиган даражада ахмоқ эмас.

Бугун баъзилар ўзбек матбуотида ёзилганларни ҳар қанча ёлғон деганлари билан авомнинг аксар қисми ана шу ёлғонга ишонади. Каримов режимига эса шу керак. Ўз фикрини авомга сингдириш учун матбуот унинг қўлидаги қуролдир ва режим йиқилмагунча қўлидаги бу қурол тушмаслигини мен 14 йил олдин Олий Мажлиснинг минбаридан ҳам айтган эдим.

Иккинчидан, мен журналистларни ёппасига айблай олмайман. Қамоқдаги одамдан қандай қилиб узоқ масофага югуришни талаб қиласиз? У югургани билан бир жойда айланишдан бошқа имконияти йўқ. Агар озгина эркинлик бўлса, у хақлнинг дилидагини олиб минбарларга олиб чиқади.

Аммо ҳамма соҳада бўлгани каби журналистлар орасида ҳам жасоратсиз, лоқайд, манфаатпараст бўлганлари бор. Уларнинг борлари шу бўлгани боис улардан бир нарса талаб қилиш қудуқдан олтин излашдек гап. Мени кўпроқ ранжитадигани қўлида имкониятлари бўлгани ҳолда буни ишга солмай режимга қул бўлган журналистлардир. Совет давридаги қатағонларга қарамасдан раҳматли Аҳмаджон Мухторов кабилар ҳар бир имкониятни ишга солишга уринар эдилар. Лекин Каримов даврида (бошқа бир Аҳмаджон) Аҳмаджон Мелибоев кабилар қўлда имкониятлари бўлгани ҳолда матбоут ва сўз эркинлиги йўлида, яъни халқ манфаати учун хизмат қилмаётирлар. Бу эса фожеаларимиздан биридир. Яъни: менга нима, ўзинг учун ўл етим!(“Оқсарой сирлари” китобидан).

Surаtda:1991 yil.(o’ngdan) O’zbekiston xalq deputati Jahongir Mamatov, SSSR Xalq deputatи Zolotuxin, O’zbekiston xalq deputati Rahimjon Sultonov, SSSR Xalq Deputati Ahmadjon Muxtorov va O’zbekiston xalq deputati Toshbo’ri Qlichev.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: