БИЗНЕС НИҚОБИДАГИ БОСҚИНЧИЛИК

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Тошкент шаҳар Бешёғоч майдони ҳудудидаги Арпапоя кўчасидаги бир неча фуқаролар мурожаат этиб, хорижий компания томонидан уларнинг уй-жойлари бузиб ташланаётганидан шикоят қилишган. Шикоят мактубларида мазкур компаниянинг ҳуқуқий мақоми йўқлиги, аллақайси давлатда рўйхатдан ўтгани-ю, тайинли бизнес режасиз маҳалла ҳудудида қурилиш бошлагани айтилади. Тошкентнинг қоқ марказидаги хонадонлар тинчини бузган бу зўравон компания фуқароларимизларга нисбатан адолатсизлик қилаётгани, судлар эса компаниянинг бетийиқ истакларини қонунлаштириб бераётган маҳкамага айланганини баён этади. Маҳаллий давлат ҳокимиятлари ҳам бу компаниянинг зўровонлигидан ҳимоя қилолмаётганини эътироф этишиб, бу хусусдда жамиятимиздан умидворлигини акс эттиришган.

Маълум бўлишича, “Global Project Management Inc.” компанияси (Доминикан Республикаси(!)да рўйхатдан ўтган)га шаҳар ҳокимлигининг қарори билан қурилиш учун мазкур манзилдан ер майдони ажратилган. Ўзбекистон Адлия вазирлигида инвестицион компания сифатида рўйхатга олинмаган бу ширкат ўзининг бизнес лойиҳаси доирасида элит уйлар қуришни режалаштирган. Бу ерда истиқомат қилувчи фуқароларнинг уй-жойлари шу туфайли бузилиб, уларнинг мулкларига тенглаштирилган тартибда уй-жойлар ёки муайян миқдордаги пул маблағлари берилиши назарда тутилган. Машҳур “Союзнефтгаз” ширкатининг шахобчаларидан бири бўлган мазкур компания бузилаётган ҳар бир хонадон эгалари билан алоҳида ҳисоб-китоб қилишни назарда тутган. Аммо компания ходимлари уй-жойларни баҳолашда адолатсиз қарорлар қилишиб, фуқароларни норози қилмоқда. Масалан, кимдир арзимаган кичик ҳовлиси учун миллион олармиш-у, компания кимнидир яшаб турган уйидан мажбуран чиқаришга уринаётган экан.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг мазкур иш билан шуғулланган фаолларига кўра, компания ҳақиқатан ҳам зўровонлик йўлига ўтган. Масалан, ўтган йилнинг май ойида маҳаллада истиқомат қилувчи Алимовлар хонадонининг бир неча аъзоларини гаровга олиш, қўрқитиш ва ҳаётига таҳдид қилиш йўли билан уй-жойдан воз кечишни, судда ёлғон кўргазма беришни талаб қилган. Бу ҳақда жамиятимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигига муайян тартибда мурожаатлар ҳам қилинган. Маҳаллада истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Ҳабибулла Қодирхоновни эса компания лўттибозлик ва товламачилик йўли билан алдаб, яшаб турган уй-жойидан маҳрум қилишга уринмоқда. Уни жамоатчилик олдида уй-жойи бузилишидан фойдаланиб, мўмай даромад ишлаб қолишга уринаётган шахс сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Фуқаролик судларида у билан музокаралар олиб бориш ўрнига бу хоҳишини қонунлаштириб, яъни суд қарори билан фуқарони уйидан ҳайдаб чиқаришга ҳаракат қиляпти.

Жамиятимизга маҳалланинг 14-хонадонида истиқомат қилувчи Муяссар Раҳимова йўллаган шикоят-ариза бирмунча аянчли манзарани тавсиф этади. Компаниянинг бизнес оила бошига кулфатлар олиб келганини эътироф этган фуқаро компания маъмурияти билан адоғи йўқ судлашувлар оқибатида жигар циррозига чалинган 16 яшар ўғли Сардор Қулибоев ҳаётдан кўз юмганини таъкидлайди. Ҳар кунги суд маҳкамалари туфайли оғир дардга чалинган ўғлининг қаровсизликдан ҳаётдан эрта келганини надомат билан ёзади. Хонадон бекаси Дилбар Раҳимованинг бу машмашалардан сўнг инсульт олиб, вафот этганини ўрнини қоплаб бўлмас йўқотиш сифатида баён қилган.

Юқоридаги суд маҳкамаларида иштирок этган фаолларимиз одил судловни ташкил этиши лозим бўлган бу дахлсиз ҳокимият эгалари ишнинг моҳиятини тушунмаётгани, аксар ҳолларда бизнесменларга ён босувчи қарорлар чиқараётганини таъкидлайди. Ҳуқуқий терминларга сўзамол, суд маҳкамаларида тажрибали адвокатларни ёллаган компания маъмурияти фуқароларга нисбатан зўровонлик йўлига ўтганини эътироф этади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Уй-жой Кодекси”нинг 71-моддасида “Фуқаролар яшаётган турур жойлар бузилиши керак бўлса, ушбу турар жойларни бузиб олаётган корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан ушбу турар жойдан кўчирилаётган фуқароларга бошқа обод турар жой берилади” дейилганини ҳисобга олсак, ажнабий компаниянинг бу Кодекс талабларини бузаётганига, босқинчилик йўлига ўтганига амин бўламиз.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент шаҳрининг қоқ марказида юзага келган зиддиятли вазиятдан хавотир изҳор қилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини мазкур ҳолатга нисбатан прокурорлик чораси кўришга чақиради. Шунингдек, аҳоли хавфизлиги ва жамоат осойишталиги учун масъул вазирликлар, давлат ҳокимияти идораларини мазкур муаммога қаратади. Адлия вазирлигини Ўзбекистон ҳукумати бирор соҳада келишувларга имзоламаган Доминикан Республикасида рўйхатга олинган шубҳали компаниянинг ҳуқуқий мақоми, унинг рўйхатдан ўтиши ва фаолиятига доир маълумотларга аниқлик киритишга ундайди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: