Ризо Обид:Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим-12

199o йиллар бошида Ўзбекистонда, хусусан Фарғона водийсида ижтимоий-сиёсий вазият қалтислашиб қолди. Ҳукуматга мухолиф кучлар фаоллиги чўққига чиққан давр.

Айниқса Наманганда “Ислом лашкарлари” номи билан Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги гуруҳ вилоят ҳокимлиги биносини босиб олганда “Ўзбекистонда исломий жамият қурилар экан” деган кишилар ҳам кўп бўлди.

Ўша кезларда “Бирлик” халқ ҳаракати обрўси ҳам юқори эди.

Яна бир бошқа тахтга минишга орзуманд сиёсий фирқа гуруҳи раҳбари ҳам бор эди, унинг исмини оддий одамлар Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги муфтийсининг номи билан чалкаштириб юрардилар. Ё, бу одам муфтий эмас бошқа десангиз “а-аа” дейишарди қўярди.

Ўша кезларда Одиловдан:

– Анави тахтга иштиёқманд президент бўлиши мумкинми?- дея фикрини сўрагандим.

-Қайси, “макарон”ни айтяпсизми? Ундайларга йўл бўлсин. Ҳозирданоқ ўзини ўзи еб бўлдику – деганди у.

Нега бундай деганига, қолаверса,  мухолифатдаги бўлинишлар ва уларнинг сабаблари ҳақида ҳам ҳозир тўхталмоқчимасман. Чунки бу ҳақда мен айтмасам ҳам биладиганлар кўп ва ҳўб ёзишди ва ёзишмоқда. Яна кўп ёзилса керак.

Айтмоқчи бўлганим шуки, Аҳмаджон Одиловни “биз қамоқдан қутқардик” дея кўкрагига урганларни Одилов ўша кезда  “лўттибозлар” дея атарди. Чунки у ўзининг қамоқдан озод этилиши қандай бўлганини яхши биларди.

Лекин у қайсидир мухолиф гуруҳни қўллаб-қувватлаб улар фаолиятига бевосита аралашмаган эсада бундай ҳаракатларга хайрихоҳ эди.

Биз ўшанда “Бирлик”нинг Наманган бўлими муассислигида расман рўйхатдан ўтказилган республикадаги биринчи мустақил газета -“Истиқлол” газетининг чоп этилишига эришгандик. Унинг иккинчи сони чиқиш арафасида ноқонуний таъқиқ қўйилди. Ўша газетанинг биринчи сони чиққач, ундан бир нечтасини олиб Аҳмаджон Одиловга кўрсатдим. У газетани қўлига олиб аввал сарлавҳаларга кўз югуртириб чиқди, сўнг қимматбаҳо бир хазина топиб олгандай кўзларида қувонч билан мутоала қила бошлади. Ҳар бир мақолани ўқигач “во” деб қўярди.

Ёнидаги кишиларга:

-Қаранглар-а шундай газета чоп этилишига рухсат этилибди.Каримовгача танқид бор .Бунақасини кўрмагандим, – дерди шодланиб.

Газета айтганимдай кейинги сони босмахонада чоп этилгач, ташқарига ярим-яширин зўрға чиқди. Лекин у одамлар қўлига аллақачон етиб улгурганди.

Ҳа, Наманганда Тоҳир Йўлдош гуруҳи вилоят ҳокимлиги идорасини эгаллагани ҳақида сўз бошлагандим. Каримов ўша кезларда анчайин таҳликага тушгани рост. Ўшанда Наманганга ҳукуматга норози кайфиятдаги, мухолиф гуруҳдаги кишиларни шафқатсиз бостирадиган “салла деса каллани олиб келадиган”, қўлидан қон томиб турадиган қўғирчоқ раҳбар керак эди.

У сўраб-суриштириб “Шундай одам Наманганда ким бўлиши мумкин” деганда эҳтимол унинг ёнидаги маслаҳатгўйлар айтгандир:”Аҳмаджон Одилов озодликка чиқарилди. Лекин у бутунлай озод эмас, балки ўзимизда қайта тергов ва суд қилиш учун чиқарилган. Ҳали унинг иши ёпилгани йўқ. Агар унга: айбингни ювмоқчи бўлсанг Наманганни тинчитиб берасан, деган шарт билан ҳокимликка қўйилса, одамлар унинг номини эшитибоқ пасайишади”.

Шундай маслаҳат бўлганми ё йўқми бизга қоронғу, лекин Одилов Каримов ҳузурига чақирилгани аниқ. Уни Тошкентга Каримов чақирган пайт укаси Муҳсин Одилов билан кўришдим. Унинг кайфияти яхши эмасди. Сабабини сўрадим.

-Нега бу қадар жиғибийронсиз?

Муҳсин Одилов акасини акам деб айтмасди, туғишган ака-укалар бўлсада кўпчилик каби “хўжайин” дерди.

-Хўжайинни Каримов чақирибди. Муддао аниқ. Вилоятга ҳокимликни таклиф қилишади.Хўжайин Тошкентга жўнаб кетаётганда “агар шундай таклиф бўлса кўнмайман” деб кетди. Каримов эса менинг гапимни олмади деб ўчакишиб қолиши мумкин.

Шу тариқа анча вақт Муҳсин Одилов билан суҳбатлашиб ўтирдик. Кечга томон ўта кайфиятсиз ҳолда Аҳмаджон Одилов келди. Ундан ботиниб ҳеч ким , ҳеч нарса сўролмади. У эса худди ўзига ўзи сўзлагандай гап бошлади:

-Нима эмиш Наманганни мен ўз қўлимга олишим керак эмиш. Ҳе, ўргилдим сенинг тахту бахтингдан. Бировингни этагингдан тутиб саккиз йил қамоқда ўтирдим, энди сенинг этагингдан тутиб, эртага ўтиб кетсанг отувга ҳукм бўламанми? Йўқ, дедим унга. Одилов одамларни ўлдириб қамалувди, хайрият қутулдик десак чиқиб келиб яна одамларни ўлдира бошлади, дейишсинми?…

Шу пайт мен томон юзландида:

-Ҳокимликни олмай тўғри қилибманми? Халқ истамаган пошшо билан мен қандай ишлайман, -ўзи берган саволга ўзи жавоб бериб қўя қолди у.

Ҳақиқатан ҳам ўзига қулоқ осмаган Одиловга нисбатан ғазаби қўзиган Каримов: “Одилов кўнмади, унга ёв бўлган, аксини қила оладиган ким бор” дейилганда:”Ўзининг шогирди, ҳозир Поп туман кенгаши раиси Бургутали Рапиғалиев бор. Улар ит-мушук” дейилган бўлса эҳтимол.

Бургутали Рапиғалиев саводсиз одам эди. Бу ҳақда ҳам кўп ёзилган. Эҳтимол унга ўргатилган ёки йўқ.”Одилов менга ҳалақит бермаса бўлди, ҳаммасини текислайман” дегач:”Сен вилоят каттасисан, сен нима десанг шу бўлади” деб қўлтиғига сув пуркаб чиқарилгач, бирин-кейин ислом лашкарлари-ю, мухолифатчиман деганларнинг деярли барчаси қамоққа ташланди, қувғин қилинди, айримлари ўлдирилган ва ҳакозо таъқибу тазйиқлар бошланди. Мухолифатнинг ёнига келганки борки бошида зулмнинг қора булутлари айлана бошлади.

Одилов бу пайт Каримовнинг ашаддий душманига айланди гўё. Унга “ўзлаштирган Швецария модулидаги кўчма отхоналару , зотдор отларни қайтар” деганда пора кўтариб келгач қувилган Бургутали Рапиғалиев ҳоким бўлди ( ўша йиллари вилоятнинг биринчи раҳбари ҳоким эмас Кенгаш раиси дейиларди- изоҳ муаллифники ).

Аҳмаджон Одиловнинг эса қилган-қилмаган айблари Тошкентга Бургут “қаноти”да етказила бошланди, дейишганди.

Ҳатто, уруш бўлаётган Тожикистоннинг Шартуз вилоятидан Одилов орқали савдо учун келтирилган мандарин “Одилов “Темурийлар” партияси тузибди. У уруш қилиб Каримовни ағдараркан.Тожикистондан қурол-яроғлар олиб келяпти экан” деган гаплар тарқалишига сабаб бўлди.

Менинг кўрганим ҳақиқатан дала ҳарбий либоси кийган ( комуфуляж ) кишилар КАМАЗ юк машиналарида қандайдир юк келтиришганди. Мен Одиловдан нима олиб келишибди дея сўрагандим. У эса: “Аччиқкўл тагини еди. Тирикчилик қилиш керак.Ҳамма қатори бизнесс дейишарканку, шунга ўтдик. Мандарин олиб келишди.Сиз ҳам истасангиз савдога қўшилинг улуш қўшиб” деди. Лекин мен, савдодан йироқман, дедиму таклифга қўшилмадим.

КАМАЗдаги юк – қурол-аслаҳалар-у ўқ-дорилармиди? Мен уни кўрмадим.

Мабодо автомашиналардаги юк мева эмас қурол-яроғ бўлганда ҳам ундан Одилов Каримов каби халққа қарата отмасди менимча.Чунки Одилов ҳокимиятга келиш учун интилмаётганди, аксинча ҳокимият у томон келаётганди.

( Давом этади ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: