Ризо Обид׃ Алтернатив таклиф

Аввал ҳам шундай таклифлар бўлганди-ю, яқинда яна “Ўзбекнинг буюги Путинми?” дея номланган луқмамдан сўнг “Туронзаминда” ёзув қолдирган яхши ниятли бир киши:

“Siyosat deb qoyishadi buni… Iltimos, faqatgina kritika bilan cheklanib qolmasdan, mamlakatdagi muammolarni echishni alternativ yollari haqidaham yozing.”, дебди.

Раҳмат.  Лекин таклиф киритган дўст, очиғи мен сиёсатчимасман.

Аммо сиёсатчиман деганларга бир мен эмас билмадим неча киши мамлакат ичкарисидаги аҳволни ўнглаш борасида жуда кўп таклифлар айтишган. Биз ҳам кўп ёзганмиз.

Мана шулардан биттаси׃ Бугунги режимга қарши курашнинг натижа берадиган йўли бор. У ҳам бўлса мавжуд диктатурага мухолифман деганлар – ҳоҳ четда, ҳоҳ Ўзбекистон ичкарисида бўлсин ҳамма бир бўлиб курашиш керак. Бу гапни айтмаган одам қолмади. Афсуски амалда акси бўлаётганини ҳамма кўриб, билиб турибди.

Касбим нуқтаи назаридан кўплаб ҳалқаро ташкилотлар ва Европа давлатлари ҳукумат доираларидаги кишилар билан учрашиб тураман. Албатта улар билан суҳбат мавзусини Ўзбекистон ва мавжуд аянчли ҳолатга бураман. Ҳозирги ҳолатдан чиқишнинг йўллари ҳақида гапираман.

Масалан ҳозир ҳокимиятда бўлмаган мухолиф кучлар орасида мамлакатни бошқариш салоҳиятига эга кишилар борлигини ҳам айтаман.

Айтиш оғир, аммо “айтсам тилим, айтмасам дилим куяди” дейилганидек, ўша доираларда биз мухолифат санаётган ташкилотлар бошида турганлар билан муроса учунгина “ҳа-ҳу” қилишаётганини, аслида улар ҳукумат бошқарувига мутлақо яроқсиз одамлар эканликларини рўйи-рост айтишади.

Албатта улар билан ундаймас-бундай дея мунозара ҳам қиламан. Улар гапни айлантириб, ўзи тўртта одамсизлар ва тўрт томонга тортасизлар деган дарди тузалмасга олиб келадилар.

Яна неча марта оддийгина ҳақиқатни такрорлаш керак? Бунинг учун катта сиёсатчи бўлиш керакми? Доно ё даҳо бўлиш керакми?

Бугун мамлакатда диктатурани йиқиш учун фақат ва фақат якдилликдан бошқа йўл йўқ. Ҳеч ким, ҳеч қачон бизга тайёргина мана деб қўлимизга демократия байроғини тутқазиб қўймайди. Тутқазиб қўйилган кезда эса адашдик. Лекин ўша хатоларимиз қайта-қайта такрорланиб келмоқда. Балки хатоларни ғолиблик деб кўкракка уриб юришибди. Биз демократияни ўргана олмаяпмиз, ёки бўлмаса ўргатадиганларнинг ўзлари унинг қандайлигини билишмайди.

Хуллас, диктатурани йиқиш ва мамлакатда қандайдир бир ўзгаришлар ясаш учун ташқари ва ичкаридаги ҳурлик тарафдорлари бир мушт бўлишлари шарт.
Лекин бундай бўлишига айниқса кейинги пайтларда унчалик ишонч қолмаяпти.
Хўш шундай экан, нима қилиш керак? Ахир бизнинг мамлакатмизданда аянчлироқ ҳолга тушган бошқа давлатларда ҳам диктатурани йиқишга эришилганку.

Каримов ҳукумати билан очиқ муроса йўлига ўтиш каби таклифлар ҳам ора-чора эшитилиб туради. Узоққа бормайлик бундай йўлни “Серқуёш Ўзбекистон” раҳбари Санжар Умаров ҳам тутишга ҳаракат қилди.У “Каримовни қўллайман. Сиёсати тўғри аммо атрофидагилар нотўғри йўлда” деганди. Муроса йўли нима бўлди? Санжар Умаров қамоқда ўтирибди .Шу натижа.

Демак, Каримов билан мухолифат муроса йўлини тутиши яна бир карра ютқазиқдир. Чунки ўлиб қолса ҳам Каримов мухолифатга ишонмайди, уни назарга илмайди.  “Булар менинг оёғимдан олгани келяпти” дея турли йўллар билан йўқ қилади. Менингча бу йўл ўзини оқламайди. Шундай йўлдан борамиз деганлар ўзларининг ҳам, атрофдагиларнинг ҳам вақтларини-ю ва бошқа ҳамма имкониятларини беҳуда елга совурадилар.

Бугун четда туриб кўчага чиқиш ҳам, ичкарида туриб норозилик намойишларига чиқишнинг ҳам фойдаси кўринмаяти. Нега десангиз четдаги намойишлар худди театр томошасидай қабул қилиниб, ҳеч бир натижа бермаётганининг гувоҳи бўлдик. Ичкарида эса ҳар қандай норозилик ҳаттоки ҳарбий амалиётлар билан бостирилиши ҳам сир бўлмай қолди.

Лекин ишонч билан айтиш мумкин Ватан ичкарисида билимли ва ҳокимиятдаги бошқарувни чиндан демократик томонга буриш тарафдорлари бўлган ёшлар ҳам, катталар ҳам етарли. Фақат уларни ҳукумат тизимларига киритиш керак. Яна адашиб МХХ айғоқчиларини эмас, чин кўнгилдан ўзгаришлар тарафдорларини.

Очиғи мен аввалдан ҳам ҳукумат деганда Каримовни кўрардим ва унга бор кучни ташлаш керак деб ҳисоблардим. Ҳозир ҳам шундай. Лекин унинг атрофида биласизми қанча тиш-тирноғи билан қуролланган армия ва унга бўйсунган қўмондонлар бор?

Бундай ҳолатда бошқа биз кабилар нима қилишган? Лекин уларнинг шароити бизнинг ҳозирги шароитга доим ҳам мос келавермайди.

Ўзбекларда ажойиб нақл бор. “Душманнинг ташида бўлгунча ичида бўл”, дейилган. Бу дегани ҳукумат билан муросада бўлиб, унга ҳайбаракаллачилик қил дегани эмас. Балки ўша айтилаётган ватан ичкарисидаги ёшми катталарни ҳукумат тизимларининг энг қуйи бўғинларидан юқорисигача киритишга эришиш керак.

Бўлмаса бугун Каримов тахтдан кетса, эртага унинг бошқа бир вориси келиб, аҳвол яна аввалгича қолаверади. Ҳамма фикр айтаётганлар, куюнаётганлар ҳам тўғри гапларни айтишяпти. Лекин бир пайтлар раҳнамомиз деб билган кимсаларининг йўриғидан чиқиб кетишга ё уруғ-аймоқликлари боис ё бошқа юз-хотирлар билан воз кечолмай турибдилар.

Майли улар ўзлари кимни ё қайси йўлни тўғри деб билсалар ўшалар билан бўлаверишсин, лекин ватан ичкарисида потенциал куч озгина инерцияга, соддароқ қилиб айтилса “ҳа” деган мададга ва тиргакка муҳтож бўлиб турибди. Озгина иқтисодий қийинчилик боис ҳали у , ҳали бу ташкилотнинг йўриғи тўғри дея бош лиққиллатиб юрганлар ҳам кўп. Улар албатта четдан келиб турган арзимас чақа эвазига тирикчилик қилаётганлари учун ҳам шундай алпоздалар.

Янги кучлар керак. Эҳтимол бундай кезларда ўша янги кучларни асраб-авайлаш учун шовқин-сурон қилмасдан ишлаш йўлларини қидириш, уларга беминнат ёрдам бериш керакмикан?! Бу ҳам-айтмоқчи-алтернатив бир таклиф.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

<span>%d</span> bloggers like this: