Ризо Обид:Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим-10

Аҳмаджон Одилов билан бўлган суҳбатларнинг кўпчилигини ўша пайтларда магнит тасмасига ёзиб олардим.Ҳозир қаламга олаётганларимнинг айримлари радиолавҳа ва туркум мақолалар ҳолида ўзим ишлаган “Оила ва жамият”, “Истиқлол” мустақил газетида ва Ўзбекистон радиоси ҳамда айрим чет эл ОАВлари орқали эълон қилинганди.Аҳмаджон Одиловга нисбатан тиниб-тинчимаган иборасини ишлатиш мос келса керак.Чунки Москвада у кўп йиллик қамоқ азобини тортиб озодликка чиққан пайтда 64 ёшда эди.Нафақа олиб, тинчини ўйлаб ўтирса бўларди.Лекин у ундай қилмади.Гоҳо унда-бунда, матбуотда “Инсоннинг қўли гул” деган иборага кўзим тушиб қолади.Одилов озод бўлгач орадан бир йилча чамаси ўтиб яна унинг қишлоғида бўлдим.

У ўзи қишлоқда қилаётган ишларини кўрсатди.

Аввал кўрганимда кўп оғир жароҳат олиб узоқ вақт тўшакда ётган хастадай табиат қайта жонланаётгандай манзаранинг гувоҳи бўлдим.

Боғлар яна юзлари беҳол аммо гўзал келинчаклардай, бемажол қовжираб ётган даштга айланаёзган далалар лабига сув югуртирилганда кўзини очаётгандай эди.Эҳтимол ёзаётганларим муболағадай туюлар , аммо ҳақиқатан ҳам Ғурумсарой табиати қайта жонланаётганди.

Лекин Одиловнинг бу қилаётган ишларидан кўнгли тўлмади.Қишлоқдаги ишларни бироз йўлга солгач у ҳудудда раҳбарлик қилаётганларга давом эттиришни қолдириб ўзи эса Фарғона вилоятининг Бувайда тумани Аччиқкўл қишлоғи давоми бўлган Наманган вилоят Поп туман “Навбаҳор” давлат хўжалиги этагида жойлашган Аччиқкўл чўлини ўзлаштиришга киришди.Унинг ўзи:” Аччиқкўл ўрнида мана кўрасиз Ширинкўл шаҳарчасини бунёд этаман” деганди бир галги суҳбатимизда.Очиғи бунга ишониш қийин эди.Чунки у пайтлар Ўзбекистонда техника ва ўғитлар танқислиги сабаб ҳосилдор ерларнинг ҳам аллақанчаси қаровсиз ҳолда эди.

Одилов қатъиятли одам экан.Ундаги ташкилотчилик қобилияти атрофида хайриҳоҳ одамларни йиғишда қийинчилик туғдирмасди.Аввал бирга ишлаган ва таниган-билган одамлар унга бажонудил ёрдамга кела бошлашганди.

Шундай кишилардан бири аввалроқ Наманган шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби бўлиб ишлаган, ўша пайтларда нафақага чиқиб вилоят “Меҳр-шафқат” фонди раиси бўлиб ишлаётган Насриддин Яҳёевич Тожибоев деган киши ҳам Одиловнинг Аччиқкўлни Ширинкўлга айлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлаганлардан бўлди.

Ўша фонднинг ёрдамчи хўжалиги раҳбари сифатида Одилов кенг кўламли чўл ўзлаштириш ишларини бошлаб юборди.Унинг фаолиятидан бохабар бўлган вилоятдаги иқтисоди бақувват ташкилотлар ҳам ёрдамга кела бошлашди.Шундайлардан билганим вилоятдаги энг йирик 22-автокорхона директори Ориф Ғозибоев, Наманган темир йўллари ишчи-таъминот бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ депутати Парпишер Саидазимов ва бошқалар эди.

Авваллари телеэкранлардан кўрганим чўл ўзлаштириш манзарасини ўз кўзим билан кўрдим.Техника, минерал ўғит ҳамма нарса муҳайё эди.Чўлда ишлаётганларга озиқ-овқат, кийимбошлар ҳам етарли.Иш кун сайин қизигандан-қизиб бораётган кунлар.

Қисқа муддат ичида чуқур қазув ишлари натижасида ер остидан сув сўрувчи мослама орқали катта ҳажмда сув ҳам чиқарилганди.Чўл ўзлаштиришга ҳомий ва хайрихох бўлган вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳар кун ўз юмушларидан бўшагач кечки пайт шу жойга келишарди.Мени ҳам Одилов амалга ошираётган ишларнинг кўлами ва жозибаси ўзига тортарди.

Қўйингчи чўлда ҳаёт қайнарди.

Шундай кунларнинг бирида Аччиқкўлга яна бир бор йўлим тушди.Чўл штаби дея ўрнатилган кўчма вагон ўрнида сўлим иншоот қад кўтариб унинг ёнида катта ҳовуз, ҳовузда эса балиқ, сал нарида сув сайҳонлиги ва ўрдак-ғозлар.Қўйингчи сувнинг ҳар томчисидан оқилона фойдаланиш дейилган гапнинг амалдаги натижасини кўриш мумкин эди.

Яроқлилик муддатини ўтаб бўлган вагонлар вақтинча молхона сифатида ўрнатилиб икки юз бошдан кўпроқ қорамоллар, атрофи ингичка ёғочлар билан ўралган қўрада эса аллақанча қўй-қўзи-ю эчки-уловлар, бир нечта зотдор отлар ҳам келтирилган эди.

Одилов ҳовуз бўйидаги дарахт сояси остига ўрнатилган сўрида беш-тўрт чоғли киши билан суҳбатлашиб ўтирган экан.Салом-алик билан уларнинг
даврасига қўшилдим.Ўша даврада иккита ёшгина қиз ҳам ўтирган эди.Уларни аввалроқ Одилов хонадонида ҳам кўргандим, лекин суҳбатлашиш мавриди бўлмаганди.Уникига кимлар келиб-кетмасди дейсиз.Лекин чўлда уларни учратаман деб хаёл қилмагандим.

Кейинчалик улар ўзларини даврадагиларга таништиришларича ” Қўқонлик журналистлармиз, Аҳмаджон тоға ҳақида китоб ёзмоқчимиз” дейишди.Улар китоб ёзишдими ё йўқми билмадим.Лекин у қизлар даврада ўтирганларга “кечирасизлар, бизнинг вақтимиз озроқ, Аҳмаджон тоға билан ҳоли суҳбатлашишимиз керак” дея хоналардан бирига кириб кетиб икки соатлар чамаси ўтгач чиқишди ва ўзлари келган машинада Қўқон томонга қараб кетишди.Кейин ҳам уларни бир неча бор кўрдим.

-Китобни ёзяпсизларми- дея сўрардим ҳар гал.

-Ҳа, битай деб қолди -дея кулишиб қўярди улар.

( Давом этади ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: