Ҳазилу чин аралаш: Аросатдагилаар

adabiyot.jpgЯрим тунда кимдир мени чақиргандай бўлди. Ўрнимдан туриб қарасам, хонадаги қўлбола пирилдоқ печка ўчиб, газ чиқиб ётган экан. Ошхонадан гугурт топиб, печкани ёқмоқчи бўлдим. Хаёл билан эшикка қўл узатсам, ҳечқандай тўсиқсиз ташқарига чиқиб қолдим.

Бу қандай сир бўлди экан, деб ошхона девори томонга бордим. Девордан ҳам силлиққина ўтдим. Кўзларимга ишонмай, девордан қайт-қайта ўтиб кўрдим. Воажаб! Девор қилт этмай турибди. Мен унга дахл қилмай пўшт-пўштсиз ўтиб кетаяпман. Гугуртни олай десам, қўлимга илинмади. Ё қудратингдан!

Кимдир мени чақираётгандай эди. Овоз коинотдан, югурик итлар юлдуз туркумидан келарди. Қандайдир ғайри-табиий куч мени ўша томонга тортди. Нур тезлигидан кучлироқ тезликда югурик итлар юлдуз туркумига етиб келдим. Қарасам, ғиж-ғиж одам, бозор бўлаяптими, деб ўйладим.

-Бу бозор эмас, аросат,-деди, ёнимда ўтирган кимдир. Ўгирилиб қарадим. Гапирган одамнинг чеҳраси жуда таниш эди, Аммо кимлигини эслолмадим.

-Мен Лисоний Сонийман,-деди у.

Лисоний Соний? Кечагина уни ўз қўлим билан қабрга қўйган эдимку,-ўйладим мен.

-Тўғри,-деди Лисоний Соний фикримни уққандай.-Бугун эса сен билан аросатдамиз…

Туш кўраётган бўлсам керак деб ўйладим. Туш ҳам шунчалик совуқ бўладими?

-Бу туш эмас,-деди Лисоний Соний.-Сен бахтсиз ҳодиса қурбони бўлдинг.

-Мен ҳали ўлганим йўқ,-дедим жон ҳолатда.

-Сен бахтсиз ҳодиса қурбонисан, мен билан руҳинг гаплашаяпти. Аросатдагиларнинг ҳаммаси руҳ, фаришталар ҳар бир одамнинг гуноҳ-савобини тарозига солиб кўрганидан кейин берган ажрига қараб руҳ дўзах ёки жаннатга киради.

Атрофга қараб бир қатор таниш руҳларни кўрдим.

-Булар ҳам ўлганларнинг руҳими?

-Уларнинг кўпчилиги тирик, лекин ҳаётнинг қизиғи қолмаганлиги учун руҳ вужудни тарк этиб, аросатда юрибди…

Уйга қайтгим келди. Лисоний Соний руҳи ҳам менга қўшилди. Маҳаллани таниёлмай қолдим. Тўрт кўча наридан мошиналар қалашиб кетган, мен таниган-танимаган одамлар кўчани тўлдириб, гуррос-гуррос бўлиб оқиб келишаяпти.

-Ана иззат-икром, ана эҳтиром,-хўрсинди Лисоний Соний.-Одам мансабда бўлган пайтида ўлса эъзозли бўлади. Ўшанда ўлиб улгурсанг-улгурдинг, нафақага чиққанингдан кейин жанозангга ит ҳам келмайди. Мен мансабда бўлган пайтимда тўрт томоним шогирдларга тўла эди. Нафақага чиққанимдан кейин шогирдлар ҳам ғойиб бўлди, атрофим ҳувиллаб қолди.

-Хафа бўлманг, банданинг иймони бутун бўлса, жанозага битта одам келса ҳам жаннатга тушади,-юпатган бўлдим уни.

Кўча ўртасидаги тобутда гулларга бурканган жасад турарди. Лисоний Соний билан унинг бошига ўтдик. Маросимни бошқариб, ҳовлиқиб юрган Носирбек ҳукумат нишонлари қадалган қизил ёстиқчани жасаднинг оёқ учига қўйди. Унинг ҳам руҳини югурик итлар юлдуз туркумида кўрган эдим. Эътибор билан қарасам, жанозага келганларнинг кўпчилигида руҳ йўқ.

-Уларда руҳ йўқку,-деб юбордим Лисоний Сонийга.-Тирик одамнинг руҳи қандай қилиб аросатда бўлади?

-Булар жисман тирик, руҳан ўлик, жамиятга фойдаси йўқ одамлар. Бундай кимсалар учун муқаддас нарса йўқ, шулар туфайли сотқинлик ва хоинлик, жаҳолат ва қотилликлар мавжуд. Улар ўзларини жамиятнинг етакчи кучи сифатида намоён қиладилар ва иқтидорли инсонлар номини топтаб, яксон қиладилар. Ўзларидан кучлиларни чоҳга итарадилар. Шунинг эвазига бундай кимсалар мансаб пиллапояларидан муваффақият билан кўтариладилар,-деди Лисоний Соний бепарво.

Жаноза ўқилиб, жасад сўнгги йўлга кузатилди. Мен Лисоний Соний руҳи билан югурик итлар юлдуз туркумига ғизилладим. Гуноҳ-савобни тарозида ўлчаб турган ики фаришта ҳай-ҳайлашимга қарамай, Лисоний Соний руҳини дўзах дарвозасига йўллади. Навбат менга келганида фаришталардан бири рўйхатдан исми-шарифимни тополмади.

-Шаҳид,-деди у бошқа рўйхатни титкилаб.

-Шаҳид,-деди иккинчи фаришта тарозини четга суриб.-Марҳабо, жаннат дарвозалари сиз учун очиқ!

-Битта саволим бор,-дедим шошилиб.-Нега Лисоний Сонийни дўзахга, мени жаннатга йўллаяпсизлар?

-Лисоний Соний кўп савоб ишлар қилган,-пинагини бузмай жавоб берди фаришта.- Лекин шу қилган савобларим инобатга олинармикан, Худо даргоҳида қабул қилармикан,-деган шубҳада бўлган. Шунинг учун у дўзахи бўлди. У ерда 40 йил покланиб чиққач жаннатга қайтади. Лекин бу ернинг 40 йили ер ҳисобида 4 минг йилга тўғри келади. Сенга келадиган бўлсак, савобингдан кўра гуноҳинг кўп, буни ўзинг яхши биласан. Олдин қўй оғзидан чўп олмаган бола эдинг. Кейин олиш-беришни ўргандинг. Мансаб пиллапояларидан ишонч билан кўтарилдинг. Худога хуш ёқмайдиган кўп номаъқулчиликлар қилдинг.

-Унда нега жаннатга йўллаяпсизлар?

-Сен шаҳид бўлдинг. Шаҳидларнинг гуноҳ-савоби ўлчанмайди, улар тўппа-тўғри жаннатга тушадилар.

-Мен дўзахга лойиқман,-оёқ тираб туриб олдим,-жаннатга бормайман.

-Кўрсатмани бузишга ҳаққимиз йўқ,-дейишди фаришталар. Менинг оёқ тираб олганимдан аччиқланган малоикалардан бири манглайимга ёзилган тақдири азални очиб кўрди.

-Бу банданинг ҳали 40 йиллик умри бор экан,-деди у фаришталарга қараб.

-Бўлмаса, унинг руҳини аросатда қолдириб, жисмига жон киритинглар,-деган буйруқ бўлди.-Тириклик азоби жонига текканида ўзи қайтиб келади…

Ярим тунда ҳаво етишмай ютоқиб уйғониб кетдим. Қарасам, хонадаги қўлбола пирилдоқ печка ўчиб қолган, ачимтир ва сассиқ газ ҳиди ҳамма ёқни тутиб кетган эди. Зўрға судралиб бориб, эшикни очдим.

Ҳозир руҳи аросатда юрган одамларга қўшилиб олдим. Руҳсиз яшаш унчалик ҳам ёмон эмас экан, ўрганиб қолдим.

Биз кўпчиликмиз, хоҳлаган одамни маҳв қилиш, синдиришимиз мумкин. Энг муҳими, юракда дард ёки оғриқ йўқ, қабоҳат ва разолатдан виждон қийналмайди, одам ўзини бахтли ҳис қилади. Тақдир ҳукми шундай бўлди.

Н. Самарқандий.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: