Ризо Обид:Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим-5

Поп туманининг Қўқон шаҳридан унча олис бўлмаган Ғурумсарой қишлоқ мақомида бўлсада анча-бунча шаҳарчалардан қолишмас эди.Туман марказидан боришда бошланадиган бежирим қилиб қурилган бир тартибдаги , кўринишидан бежирим ва шинам тураржой бинолари то қишлоқ гузаригача давом этади.Гузардан сўнг йўл иккига бўлиниб бири Қўқонга , иккинчиси эса қишлоқ ичкарисига элтувчи йўл ёқасида яна тураржой бинолари ҳамда спорт, маданий-маиший, савдо шахобчалари қад кўтарган.Дастлаб бу қишлоққа бориб гузардаги чойхонада тўхтаб, чой ичиб ўтириб одамлар билан суҳбатлашган ва Аҳмаджон Одилов ҳақида сўраб-суриштирган эдим.

Суҳбатдошларимдан бири йўлнинг у ёқасида жойлашган музқаймоқ ва салқин ичимликлар билан савдо қилувчи дўкончани кўрсатиб: “анов будкача Аҳмаджон Одиловнинг ўғли Турсуналига қарашли, лекин савдо қилаётган бола у эмас бошқа, ўзи бирор юмуш билан у ёқ бу ёққа кетган бўлса керак, лекин кунда бир-икки айланиб келиб қолиши мумкин” деганди.

Одамлар Одилов ҳақида сўраганларимга бажонудил жавоб айтишарди.Айниқса кекса кишилар унинг қилган ишларини эслаб бироз фахрланиш ҳисларини ҳам яширишмасди.Лекин асосан тожик наслли аҳоли яшайдиган Чодак қишлоғидагиларнинг ҳаммаси ҳам Одиловни унчалик хушлашмас экан.Сабаби нима деган саволга эса:”нима бўлса ўз қишлоғига қилади, бизнинг қишлоққа унчалик эътибори йўқ” деган умумий жавобдан бошқа жўяли сабаб келтиришолмасди.Чунки Ғурумсаройда ҳам , Чодакда ҳам бир хилда уй-жойлар қурилган, хонадонларда эса табиий газ, электр ва марказий тармоққа уланган телефон-алоқа хизматлари бор эди.

Ғурумсаройда 1982 йилда СССР Ёшлари Иттифоқ спартакиадаси спорт мусобақалари бўлиб ўтган. Ўша даврга нисбатан муҳташам спорт иншооти мен кўрган пайтда ташландиқ жойга айланганди .Спортчиларни қабул қилган қишлоқда очилган қишлоқ хўжалик техникуми ва унинг ётоқхонаси, ҳунар-техника билим юрти ва ётоқхонаси каби иншоотлар бор эди.Шунингдек туман матлубот жамияти ҳам шу қишлоқда эди.

Чодак қишлоғи эса тоғ ёнбағрида жойлашган ва у қишлоқ Москванинг ихтиёри ва таъминотида бўлган, “Олтинкон” деб аталувчи комбинат ишлаб турарди.Чодакликлар далада кетмон чопишдан кўра катта маош тўланадиган олтин конида ишлашни ва комбинат имтиёзларидан фойдаланишни афзал билишарди.Комбинатдаги масъул лавозимларда Россиядан келган мутахассислар ишлашган.Чодак қишлоғига туташ комбинатнинг шаҳарчаси ҳам қад кўтарган.Бир қараганда чодакликларнинг яшаш шароитлари ғурумсаройликларникидан бирмунча дуруст ҳам бўлган.Лекин улардан айримларининг Одиловни хуш кўрмаслик сабабларини тушунолганим йўқ.Одиловнинг ўзидан бу ҳақда сўраганимда: “чодакликларнинг ҳаммаси ҳам ёқтирмайди дейиш нотўғри, айримлари миллатчи кайфиятда, айримлари эса ишёқмаслар тўдасидан.Ўшандайларга нафақат Чодакда, балки ўз ҳамқишлоқларимга ҳам ёқмаслигимни биламан” дея жавоб берганди.

Дарҳақиқат, ўз ўғли Акбарни ишёқмас, такасалтанг дея уйдан ҳайдаб чиқарган Аҳмаджон Одилов ўша давр раҳбарларига хос ўта талабчан, қаттиққўл бўлган албатта.

Одиловнинг энг тўнғич акаси бутун умр бригадирлик қилган Ленин орденли Довуд Одилов билан ҳам бир-икки бор кўришгандим.Лекин у укалари қаторида қамалмаган.Охирги учрашганимизда Аҳмаджон Одилов қамоқдан чиққач кекса Довуд Одилов хасталаниб ётиб қолган экан.Лекин уни йўқлаб хонадонига борганимизда тўшакда ётган Довуд Одилов гўё ўзининг барвасталиги-ю, шопмўйловини охирги марта кўрсатиб қўймоқчи бўлгандай ётган тўшагидан даст туриб келиб, биз билан кўришиб, анча вақт суҳбатлашиб ўтирди.Ўшандан кейин йил ўтиб – ўтмай вафот этди.Унинг уй-жойлари ҳам кўпчилик қатори эди.

Довуд Одиловга қўшни ҳовлида яшаган укаси Мўмин Одилов оиладаги кенжа ўғил эди.У Поп туманида “Навбаҳор” номи билан аталган совхоз ҳудудида шаҳарча бунёд этган киши эди.Унинг уйи ўша даврда муҳташам , лекин ҳозирга қиёсланса эл қатори эди.

Ўша даврда қишлоқ жойида болохонали уйи бор киши анчайин бадавлат ҳисобланарди-да.

Одиловларнинг уй-жойлари ҳақида батафсилроқ ёзаётганимнинг боиси шуки, одамлар ҳалиям улар алоҳида бир қасрларда яшаётгандай тасаввурда қолишган.Бор гапни айтсангиз ҳам “йўғ-э” дея ажабланган кўйи ишонишмайди.

Хуллас яна бир гал Ғурумсаройга борганда акаси билан бирга қамалиб, бирга озодликка чиққан Мўмин Одилов билан унинг хонадонида кўришдим.Ёз ойлари эди.У ҳовли саҳнига қўйилган сўричада ўтирган экан.Тушлик пайти.Ҳаво иссиқ.У бир ўзи олдига катта сирли тунука косада суюқ овқатга қаттиқ нонни бўктириб энди танаввул қилмоқчи бўлиб турган экан.Гарчанд тушлик қилиб келган эсамда у қўярда-қўймай менга ҳам бир косада овқат сузди.Овқатнинг номи овқат эди.Ичида ҳеч бир масаллиғи йўқ ёвғон шўрва-ю унга қаттиқ нон бўктирса бўларди.Мен бир-икки қошиқ танаввул қилган бўлдим.

-Тушликнинг мазаси йўқ-ку -дедим унга.У эса:

-Ҳеч қаерда бир оддий ишчиликка бўлсаям ишга олишмагандан кейин қозонда нима ҳам қайнарди.Лекин шунисига ҳам шукур, қамоқхонада баъзан қаттиқ нонни сувга бўктириб ейиш насиб этармикан, деган орзумиз ҳам бўлган.

Шундай дея тушлик қилиб бўлган Мўмин Одилов “ҳозир мен” деди-ю ичкари кириб кетди.Зум ўтмай қўлида харитага ўхшаш қоғоз билан чиқиб столнинг устига ёзди.Бу “Навбаҳор” шаҳарчасида қурилиши режалаштирилган иншоотлар харитаси экан.Лекин қурилиш ишлари ниҳоясига етмай у ҳам акаси билан бир кунда қамоқққа олинган.Лекин у қамоқдан чиқиб Навбаҳор шаҳарчасида амалга оширолмай қолган ишларини давом эттиролмади.Уни ҳеч қаерда ишга қабул қилишмаган.Ҳозирда ҳам ишсиз юрибди экан.

“Навбаҳор” хўжалигига авал айтганим Мингбулоқ туманида котиб бўлган Одиловнинг яқинларидан ва у билан биргаликда қамоққа олиниб, сўнг озод этилган Ўлмас Холдоров раҳбар бўлганди.Уни Аҳмаджон Одилов “ҳукуматга сотилиб кетди” деганди.

Оиладаги ўртанча Муҳсин Одилов совет даврида Наманган вилоят ижроия қўмитаси раиси муовини, Республика “Билим” жамияти раиси, Республика ўқитувчилар малакасини ошириш институти директори лавозимларида ишлаган, акасидан бирмунча олдинроқ қамоқдан чиқиб Тошкентда яшаётган эсада бир оёғи Ғурумсаройда эди.У кийимбошлар ишлаб чиқарувчи қандайдир хусусий фирма очиб, лекин ишлари юришмаётганини айтганди ўшанда.
Кейинчалик у ҳам анчайин хаста деб эшитиб Тошкентдаги машҳур “Мовий гумбазлар” ( “Голубие купола” ) кафеси рўпарасидаги кўпқаватли аркли уйнинг олтинчи қаватидаги квартирасида кўришдим.Ўшанда у христиан динини қабул қилганини айтган эди.У билан ўшандан сўнг қайтиб кўришмадик.Эшитишимча у яқинда вафот этибди.

Бу Одиловнинг ака-укалари ҳақида билганларимдан айримлари.Эҳтимол улар ҳақида ўрни келса сўз айтарман.

Аҳмаджон Одиловнинг фарзандлари ҳақида ҳам икки оғиз билганимча айтиб ўтмоқчиман.

Унинг энг катта ўғли Анвар Одилов эса СССР КГБсида катта лавозимда, генерал унвонига эга бўлган дейишади.У ҳам отаси сабаб ишдан олиниб қамоққа ташланган, кейинчалик озод этилган экан.У ҳақда сўнгги билганларим 2000 йилларда аввал Марказий Комитетда, Президент девонида ва ҳакозо катта лавозимлардан ишдан кетган кишилар учун Тошкентда ташкил этилган “АВЭКС” деб аталувчи трансконтинентал корпорацияда савдо бўлими директори эди.Бу корпорацияни Каримов корпорацияси дейишади.Унинг Европа, АҚШ ва бошқа кўплаб хориж мамлакатларида офислари бор дейишганди.

“АВЭКС”нинг идораси ўша машҳур “Шарқ” матбаа концернига қарашли, журналлар таҳририятлари жойлашган кўп қаватли бинонинг икки қаватини эгаллаган.Журналлар авваллари бир қаватни эгаллашган эса, кейинчалик сиқилишиб уч-тўрттаси, ҳатто беш-олтитагачайини бир қаватда икки-учтадан хоначаларда қолишганди.

Одиловнинг тўнғичдан кейинги ўғли Акбарнинг эса отаси қамалгунга қадар оилали, фарзандлари бўлсада, лекин ўз уйи бўлмаган экан.Чунки у Одилов фаолияти даврида жисмоний тарбия институтини тамомлаган бўлсада бирор-бир ишда жон куйдириб ишламагани учун, сенга уй-жой йўқ дея уйдан ҳайдаб чиқарган экан.Ака-укаларидан:”Акбар уйдан қувилган бўлса қаерда яшаган” дея сўргандим.Уларнинг айтишича ўзи ишлайдиган қишлоқдаги техникум ётоқхонасидан қўним топиб, отаси қамоқдан чиқиш арафасида фермерлик фаолияти билн шуғуллана бошлаган ва қишлоқ четида ўз ҳовли-жойини чалароқ битириб қўйган экан.

Тошкентга довон орқали йўлдаан кетаётиб 2005 йили Акбарни тасодифан учратиб қолиб, ҳол-аҳвол сўрадим.Ўшанда ҳам фермерлик билан машғуллигини ва ёнилғи қуйиш шахобчаси очганини, лекин доим бензин беришмагани учун кўп вақт хизмат кўрсатмай ётганини, яна кичик савдо шахобчалари ҳам очган, лекин улар ҳам қулф ҳолдалигини кўрсатганди.

Ундан кейинги Одиловнинг фарзанди Турсунали ҳақида аввалги чизгиларимга уни ҳамқишлоқлари “довон йўлбарси” деб аташлари, Тошкентдаги тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаб бир муддат шу соҳа вазирлигида ишлаган ва кейинчалик ишсиз қолиб музқаймоқ дўкончаси очиб кичик тадбиркорлик билан шуғулланганини қўшимча қилиш мумкин.

Кенжа ўғил Баҳодир эса ўша қишлоқдаги техникумни тамомлаган, отаси қамоқдан чиқмасдан сал аввалроқ кичик фермерлик фаолиятини эндигина бошлаган эди.Одилов ўғли олиб бораётган ишларни ўз назоратига олган эди.Баҳодир ҳозир ҳам фермер дейишади.

Аҳмаджон Одиловнинг тўнғич қизи Мамлакатхон Тошкентга турмушга чиққан, билишимча уй бекаси бўлса керак.Мамлакатхоннинг турмуш ўртоғи Бахтиёр эса 1990 йилларда машҳур “Главташкентстрой” қурилиш трестининг бошқармасида раҳбарлик лавозимларида ишларди.Куёвнинг отаси Тўлқин Умаров ( фамилияси бошқа бўлиши мумкин, лекин исми Тўлқинлиги аниқ – изоҳ муалифники ) Шароф Рашидов даврининг ўз таъсир доирасига эга бўлган кишиларидан бири дейишади.Чунки Тўлқин Умаров Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида кўп йиллар иш юритувчи ( “управделами” ) яъни кадрлар билан ишлаш бўлимида бошқарувчи бўлган ва нафақага чиққан киши экан.

Энг кенжа қизи Ўлмасхон отаси қамалган пайтда бир ёшли гўдак бўлган ва отасини қамоқдан чиққач кўриб таниган.Отасининг қисматидан ўша кенжа қизи жуда кўп йиғлаб куюнарди.У ўз қишлоғидаги хонадонлардан бирига келин бўлиб тушган.

Одиловнинг Жўраев фамилияли жияни мактаб директори, яна бир бошқа узоқ қариндоши 1990 йиллардаги сайлов орқали “Ғурумсарой” жамоа хўжалигига раҳбар этиб сайланган эди.

Бу Аҳмаджон Одиловнинг яқин қариндошлари ва туғишганлари ҳақида билганларимдан айримлари.

( Давом этади ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: