Ризо Обид: Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим-4

rizobek.jpgДовонда бир муддат бўлгач, Одиловнинг ёдига бир нима тушгандай ўтирган ўрнидан кескин турди-да,”кетдик” деди.У машинани ғоят катта тезликда ҳайдай кетди.Тезлик шу қадар катта эдики довон йўлидан тушишда бу анча хатарнок эди.Шу боис ҳам иккимиз ҳам чурқ этиб сўз айтмадик.Бутун диққат-эътибор довон йўлини эсон-омон босиб ўтиш эди.

Унинг хонадонига етиб келдик.У шошиб рулдан тушиб уйи томон юраркан, мени ҳам “юринг бирга” деган таклифи билан мўжазгина ҳовлига кирдик.

Аҳмаджон Одилов ҳашаматли уйлар қурган деган одамларнинг гап-сўзлари қуруқ овозалар экан.Тўғри, кейинчалик кўрганим Тошкентдаги Ички Ишлар Вазирлиги орқасидаги 1-шаҳар поликлиникаси ёнидан кириб бориладиган “Октябрь 10 йиллиги” номли кўчадаги унинг 1-уй манзилидаги ихчамгина лекин ҳамма шароитлар муҳайё икки қаватли уйини ҳам қаср дегулик эмасди.Ғурумсаройдаги ҳовли эса ўша пайтларда урф бўлган бир хил услубда қурилган “типовой” деб аталадиган пастқам хоналардан иборат эди.Унга қўшни бўлган оддий хўжалик ишчиларининг уйи ҳам худди шу услубда қурилган уйлар эди.Сўритоклар темир қувурлардан тикланган экан.Қувурларнинг ҳаммаси қоқ ярмидан тўртбурчак шаклда тешилганди.Мен ичкари кириб кетган Одиловни кутиб шундай қувурлардан бири олдида “нега бундай тешилган экан” дея ўйлаб турган паллам у чиқиб келди ва:

-Ҳа, қувурлар нега тешилган деб ҳайрон бўляпсизми?Сабаби милиция изқуварлари Одилов олтин ва қимматбаҳо нарсаларни шу қувурларга яширган бўлса керак деб тешиб текшириб кўришган.Буниси ҳеч гап эмас.Ҳовлининг ҳамма жойини чуқур қилиб ағдариб чиқишган.Буниси ҳам майли.Ҳеч вақо топишолмагач 1937 йилда Сталин қатағонига учраб Сибирда отиб ташланган отамнинг ҳокини олиб келиб бир ёдгорлик тайёрладикда қишлоқ қабристонига дафн қилган эдик.Ўша қабрни ҳам гранитми бир бало билан портлатиб, ёдгорлик ҳок солинган темир сандиқчани ҳам очиб кўришган.

Кейинчалик сўраб билдимки унинг отаси Фозилжон Одилов ҳам колхоз раиси бўлган ва “пахта душмани” дея қамалиб 1937 йилда отилган экан.

Ўзимча:” бу коммунистлар деганлари бир қасд қилса авлод-аждодларинггача қасд қиларканда” дея ўй суриб тургандим яна Одилов хаёлимни бўлди.

-Нега шошганимни биласизми, сал бўлмаса ёдимдан кўтарилай дебди.Қишлоғимизда қўли қисқароқ бир йигит тўй қилаётганди.Таклиф қилганди.Нима каминг бор десам, гурунч, ун талонга берилади.Шундан сал қийналиб турибман деганди.Мен гурунчдан ёрдам беришга ваъда қилгандим.Яна:”Одилов камбағалнинг тўйига келмайди” деган гап-сўз бўлмасин деб шошдим.Аслида тўй бугун бошланган.Ўтин ҳашари дегандай.Лекин бормасам бўлмайди.Сиз ҳам юринг, биргалашиб борамиз…

У ичкари кириб кетиб, кундалик кийимларини алмаштириб чиққунча ўғли Баҳодир машинанинг юкхонасига икки қоп гурунч юклади.Тўйхона унча олисдамас, шу қишлоқда экан.Тўйга машинани ўзи эмас , хусусий шофери ҳайдаб борди.Етиб боргач тўй эгаси уни мамнун кутиб олди.

-Багажникда гурунч бор.Йигитларга айт, тушириб олишсин.Кейин яна нима камчилигинг бор?

Тўй эгаси бошқа камчилик йўқ дейишига қарамай , ўша яқин орада турган хусусий шоферига бир имо қилганди, у бир даста пулни олиб унинг кафтига қистирди.Ичкари кирдик.Кўп қатори ҳамқишлоқлар ўтирган уйдаги даврага қўшилдик.Дастурхон ўртамиёна эди.Аммо Одилов кириб боргач кутишмаган эканми ҳамма дастурхонда турган шишадаги ичимликларни яширишга шошиб қолди.Одилов эса:

-Худодан яширмаган, бандасидан яшириб нима қиласизлар.Тўй-хурсандчилик, олаверинглар.

У шундай дегач шишалардан пиёлага қуйилган ичимликлар яна ярим яширин давра айлана бошлади.
Тўй эгаси қўлтиғига қистириб бир жуфт шиша билан хонага кириб келди ва бу сиз ва меҳмонга аталган дея дастурхонга қўйишга чоғланди.

-Меҳмонни билмадим, лекин сен менинг бирор жойда ичганимни кўрганмисан? – дея уни қайтарди.Йигит қилган ишидан бироз ҳижолат бўлган кишидай ортига қайтиб чиқиб кетди.

Шундан кейин ҳам у билан кўп иссиқ-совуқ маъракаларда бирга бўлдик.

Аҳмаджон Одилов ичармиди?

У ичарди.Лекин фақат бир улфат билан ҳамма бир кунлик ишларимни якунладим дегач гоҳида кечки пайт коняк ичарди.Лекин кўпчилик ўтирган давраларда умуман рад этарди.Сигарет эса чекмасди.Мен билганим у ҳар кун эрталаб тонг соат олтида туриб икки соат спорт билан шуғулланарди.Ток сўрисига осилган “грушани” худди жонли рақибидай саваларди.Унинг ёшида бу каби куч ва соғломликни кўриб очиғи ҳайратим ошарди.Иштаҳа ҳам ўша куч-қувватга яраша эди.Лекин у қамоқда ўтирган йиллар ўзининг айтишича бир кўзи амалиёт қилиниб, зиён етказилган.Шунинг учун ҳам кўзойнагининг бир кўзига лупа ўрнатилган эди.У ўша кўзини рўмолчаси билан тез-тез ғубордан тозалаб турарди.

Ўзи ўша қамоқдан чиқиб келган кезларда айтгандим:

-Мана озодликка чиқдингиз, атрофингизда фарзандлар, набиралар, нафақа ёшидасиз, худо деб чойхонага бориб кексалик гаштини сурарсиз?

-Нималар деяпсиз.”Любой” ёш билан беллаша оладиган куч-қувватим бор.Юрак уриб тураркан ўз мақсадларимга етмагунча курашаман.Мақсадим эл-юртга мен жиноятчи эмаслигимни исботлаш ва ҳақиқий жиноятчиларни жавобгарликка тортилиши учун курашиш -деганди у.

Тўй йўқловидан қайтадиган бўлдик.Мен ўша жойда Одилов билан хайрлашиб уйга қайтмоқчилигимни айтдим.Бироқ у:”илтимос яна бир-икки соатга бизникига борсангиз.Чунки анави ўғри Рапиғалиев келиши керак.Ўғирлаган нарсаларини қайтаришини шарт қилиб қўяман.У ўзимнинг шогирдларимдан бири бўлган эсада аллақачон юқоридаги қаллоб, муттаҳамлар тўпига кириб кетибди.Сиз у нима дейди гувоҳи бўласиз” деб қолди.

Унинг Рапиғалиев билан учрашуви қандай кечиши очиғи мен учун ҳам қизиқ эди.Шунинг учун ҳам таклифга рози бўлдим.Улар келишишган вақтда Бургутали Рапиғалиев Одиловникига келди.У ёқ бу ёқдан даромад суҳбатлардан сўнг Одилов ундан:

-Хўш, бу Попнинг талон-тарож қилинган мулки сани онангнинг маҳримиди, ўзлаштирибсан.Ҳаммаси ҳам майли, Шветсариядан келтирилган модулу отларни қаёққа гум қилдинг?!!

Одилов Рапиғалиевни сенсираб жаҳд билан муносабатда бўлди.Рапиғалиев эса кўзлари аланг-жаланг гоҳ менга , гоҳ Одиловга нажоткорона боқарди.У қўлидаги қоғоз халтачани у қўлидан бу қўлига оларкан нимадандир безовта эди.

-Нега кўзларинг бежо.Гапирсангчи!!!

-Хўжайин, ҳалигидай – дея мендан истиҳола қилаётгандай чайналди Рапиғалиев.

-Бу одам ўзимизнинг одам, айтавер нима демоқчисан?

-Мана буни сизга деб – қўлидаги қоғоз халтачани столнинг Одилов ўтирган томонига қўя бошлади.

-Бу нима?!

-Сизга аталгани…

Одилов халтачанинг бир четини очиб кўрдида:

-Бу нима ярамас, сен нима мени сотиб олмоқчимисан!!Ё, бирор жойда пора олганимни кўрганмисан!!!

Мен Одиловнинг важоҳати ғоят хунук тус олганини кўриб бирор кор-ҳол юз беришини сезиб турардим ва бу ҳол менинг иштирокимда бўлаётганидан жуда ўнғайсиз ҳолга тушаётгандим.

-Сени – деди Одилов Рапиғалиевга – ифлос, муттаҳам ўғрини ўлдираман – дедида Бургуталига ташланиб қолди.Мен эса:”ҳай, ҳай тўхтанг” дея уни ушлаб қолишга уриндим.Бу пайт Бургутали ортидан отилган қоғоз халтачани кўтариб ҳовлидан кўчага чиқиб улгурган, йўғон гавдасига мос тушмайдиган тезликда қочиб кетаётганди.Одилов эса унинг ортидан қувмади , фақат : “сен Бургут эмас, чумчуқсан” дея бақириб қолди…

Агар воқеа жойида мен бўлмаганимда Одилов Рапиғалиев келтирган пулларни олармиди?Ёки ҳамла қилганда тўхтатиб қолмасам уни ўлдирармиди?Бунисини энди билмадим.Лекин “деворда осиғлик турган милтиқ ахир бир кун отилади” дейилганидек , Аҳмаджон Одилов этиги қўнжига тиқиб олган пичоқ ҳам ўз вазифасини бажариши мумкин, деган ўй кечди кўнглимдан.

( Давом этади ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: