Ризо Обид:Аҳмаджон Одилов ҳақида билганларим-2

rizobek.jpgАҳмаджон Одилов – ўзига хос оддий танти деҳқон , чапани қишлоқ одами. Унда фавқулодда қатор қобилиятлари борлигини тадбиркорлик, одамларни ўзига эргаштира олиш , ўз олдига қўйган мақсадга эришиш ишончи, қамоқда кўп йил ўтирган эсада руҳан ва жисмонан кучли шахслигини кузатиш мумкин. Албатта ҳар бир инсон каби ўзига яраша камчилик ва қусурлардан ҳоли эмасди. Лекин унинг амалга ошираётган ишлари ундаги камчиликларни парда ортига суриб қўярди.

У суҳбатдошини ўзига ром қила оладиган содда тилда сўзлашарди.Фикрлари кескин, шунга яраша ҳаракатлари ҳам кескин, шиддаткор дейилса янада тўғрироқ бўлар.У бирор борада қарор қабул қилишда мустақил киши эканлигини кўп бор суҳбат ва кузатувларимда кўрдим.У умуман олганда бир китобга ёзса сиғмайдиган қаҳрамон эди.Шу боис ҳам унинг мақсад ва ўйлари бошқаларникига бутунлай ўхшамаслиги эътиборимни тортарди.Унинг шахси ва феъл-атворини ўрганиш учун қизиқишим тобора ортиб борарди.Чунки ҳар гал учратганимда ундаги янги бир қиррани кўрардим.

Унда жиддийлик билан ҳазил-мутойиба ҳам шу қадар уйғунлашиб кетганки, у билан мулоқотда асло зерикмайсиз.Кейин у кўнглидаги гапни шартта айтадиган киши.

У галдаги учрашувларимиздан бирида қамоқдан чиққанда дўстларидан кимдир ҳадя этган яп-янги сўнгги русумдаги Ч 0004 ТН Тошкент шаҳри рақамидаги “Волга” машинасида аввал ўзи раҳбарлик қилган хўжалик ҳудудини айлантириб кўрсатди.У машинани ҳам ёши ўшанда 60 дан ошган эсада ғоят чаққонлик билан бошқариб борарди.Дастлаб у Ғурумсаройдаги пахта тайёрлаш шахобчасига олиб борди.

-Қаранг -деди у – мана шу жойда ҳар доим тўла пахта турар эди.Мана энди бир тола ҳам пахта йўқ.Шахобчанинг ҳамма техникаси кимлар томонидандир кўчириб олиб кетилган.Қаёққа?Жавоб берадиган одам йўқ.

Кейин хўжалик чорвачилик комплексига бошлаб кирди.
-Бу комплексда неча минг бош йирик шохли қорамол бор эди.Энди эса том ва керакли қурилиш ашёлари кўчириб кетилган вайрона-ю бўм-бўш майдондан бошқа ҳеч вақо йўқ.Қорамоллар қаёққа кетди?Жавоб берадиган одам йўқ – деди куюниб у.

-Бир эшитганим бор эди, кимнидир ўлдириб, қопга солиб дала четига кўмиб кетган экансиз, ўша жой қаерда? -сўрадим ундан.

-Ҳа, бу жиноий ишга ҳам тиркалган – дедида машинани ҳайдаб бориб бир кўприк устида тўхтатди.

-Мана бу жойда эди.Дала айланиб юргандим, тунги суғориш даври.Қоронғуда шу кўприкка етай деганимда бир ит панадан чиқиб машинага забт билан урилиб тил тортмай ўлди.Ўлиги кўчада қолмасин дедимда машина юкхонасидан бир қопни олиб, унга ўраб мана бу жойга кўмгандим.Узоқдан шамдон кўтариб юрган сувчилар ҳаракатларимни кўриб туришган экан.”Одилов кимнидир кўмди” деб ўйлашган.Ўшандаёқ менинг золимлигим ҳақида овозалар юрарди.Терговчи ўша воқеани суриштириб айтилган жойда кавлов ўтказган, ўшанда қопга ўралган итнинг ўлиги чиққан.Бор гап шу – деди у кулиб.

-Аҳмаджон ака ростини айтинг, сизни раислару , ҳатто обком секретарлари ва Республикадаги масъул лавозимларга одамларни тасдиғидан ўтказарди, бунинг эвазига катта пул оларди дейишарди.Мана оқланиб чиқдингиз, энди очиғини айтаверинг – дедим.

У мен берган саволлардан негадир ранжимасди.Аксинча ҳамма миш-мишлар менинг қаламим остидан аслида қандай бўлгани чиқишини ўшандаёқ сезганмиди ёки йўқ билмадимку, ҳар-бир саволимга жавоб беришдан эринмасди.Аммо ҳар галги саволимдан сўнг мийиғида бир кулиб оларди.Ўшанда галдаги саволимга бундай жавоб берди.

-Тўғри, вилоят раҳбарлари-ю, ҳатто Қорақалпоғистон автоном республикаси раҳбаригача лавозимга тайинлашда менинг фикримни сўрашарди.Бу менинг ваколатимга кирмасада шундай эди.Пул олиш эса умуман ёлғон гап.Нега десангиз бир гал мендан терговчи кимдан қанча ва қаерда пора олгансан ёзиб бер деди.Мен шундай қилганмидим бирор марта дея хотирамни кавлаштириб шу каби ҳолатни эслай олмадим.Кейин терговчи берган қоғоз ва ручкани олдимда Чуст туманидаги Оладарё колхози раиси Эшимқул Бегимқуловдан 50 минг сўм пора олганман, деб ёзиб бердим.Терговчи хурсанд.Осонгина айбимга иқрор бўлгандимда.Судга чиққанда ўша эпизодни айблов сифатида эълон қилишди.Мен ўша раис билан юзлаштиришларини сўрадим.Ваҳоланки у номдаги колхоз ҳам ва шундай исмли раиснинг ўзи бўлмаганди-да – дея шарақлаб кулди.

-Лекин – дея гапида давом этди у – юқори лавозимга тайинланаётган раҳбарлардан хўжалик ишларимни юритишда ёрдам беришини келишиб олардим.Масалан бошқалар Давлат План Қўмитаси режасига кўра оладиган қишлоқ хўжалик техникаси, минерал ўғитларни олиш учун юқорига узат-узат қилиб, яна аллақанча навбат ҳам кутишарди.Мен эса ҳеч қандай чўталсиз ўз вақтида нима ажратилиши лозим бўлса, қоидадагидай вақтида олардим.Ахир бунинг нимаси ёмон.Томорқамда ишлатиш учун, ё томорқамга солиш учун олмаяпманку ўша нарсаларни.Нима бўлса хўжалик ишларини юритишга эди.

-Барибир сизни жуда бой одам.Бойликларини шунақанги жойга яширган-ки ҳатто орган ҳам тополмади деган гап ҳозир ҳам юрибди…

-Ҳа, ўша юрган гаплар тўғри – дедида яна машинага ўтқазиб бетон ишлаб чиқариш заводи бўлган шахобчага олиб борди.

-Мана шу ерга қанча маблағ сарф қилинган.Мана кўриб турганингиздек бир уюм темир-терсакдан бошқа ҳеч вақо қолмаган.Агар шуни юргизиб ишга туширишга рухсат беришса, бир ойда ишга соламан.Бунга катта маблағ керак.Мен эса маблағни топаман.Мен нафақат бой, балки миллиардерман.Менинг қаёққа мурожаат қилсам “Лабббай” деб қўл чўзадиган дўстларим бор.Кеча Тошкентдаги бир банкка Грузиядаги дўстим Темур менинг ҳисобимга 100 миллион пул ўтказган экан.Бунча пул бирданига бир кишига келганидан банк бошқарувчиси юраги ёрилиб ўлиб қолибди.Нима дейсиз?Яна гап-сўз:Одилов фалон банк бошқарувчисини ўлдирибди, дейишяпти экан.

( Давом этади ).

Таҳририятдан: Кимки Аҳмаджон Одилов даври ва шахси ҳақида билса, бизга ёзишини сўрар эдик, чунки бу Ўзбекистоннинг бугун ойдинлашмай қолаётган ёки кўз юмишга уринилаётган қоронғу тарихини мушоҳада қилишимиз, баҳс юритишимиз учун хизмат қилган бўларди.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: