Эскирмаган мавзулар

jahongir_m.jpgЖАҲОНГИР МАМАТОВ: “ЯНА ЯНГИ ТАШКИЛОТМИ?”

Кейинги пайтда “Янги ташкилотлар ёмғирдан сўнг чиқадиган қўзиқоринлардек кўпаймоқда” деган гапларни деярли ҳар кун эшитмоқдамиз. Оддийгина қилиб “Хўп, нимаси ёмон”, десак ажабланишмоқда. Шу боис мазкур жавобни бироз кенгайтриб, бу борадаги қарашни ўртага қўймоқчиман.

Бирор партия ёки ташкилотга аъзолик кишига ҳеч қандай масъулият юкламайди. Айниқса, бугунги шароитда. Ўзбекистонда қатағон, зулм давом этаётган, ишсизлик, қашшшоқлик ҳукм сураётган бир пайтда бировдан бир нарса талаб қилиш мушкул. Демак, кўп нарса ихтиёрий ташаббусга боғланиб қолмоқда.

Шундай экан, кимдир партия туздик, ташкилот туздик, деб эълон қилса қувонмоқ керак. Нега?

Биринчидан, ўша одам ёки одамлар сиёсий фаолиятсизликдан актив фаолиятга кўчишаётганини эълон қилишмоқда.

Иккинчидан, бир партия ёки ташкилот тузиш учун кимдир атрофига бир қанча одамни тўплаши керак. Демак сиёсатдан четда бўлган яна бир неча киши фаолиятга кўчмоқда.

Учинчидан, сиёсат ҳам рақобат майдони, ишлаб турмаган ва ўз “маҳсулоти”ни “бозор”да намойиш этмаган, бошқаларга манзур қила олмаган касодга учрайди ва жуда тез унутилади. Рақобат эса, доим ишлашга ундайди. Демак, янги тузилган ташкилот илгари мавжуд бўлганларини ҳам силкита бошлайди.

Тўртинчидан, агар янги тузилган ташкилот эркинликдан ёна бўлиб, диктатурага, зулмга қарши бўлса, демак оташли овоз яна биттага кўпайган.

Энди, қарши бўлганлар ёки танқид қилаётганларнинг икки хавотирлари бўлиши мумкин.

Биринчиси, ўша одам ҳокимиятдан қуруқ қолгандек кўринади, мени кўзимга, ўртада йўқ ва ҳали бери келиши даргумон бўлган ҳокимиятдан. Барака топгур, сиз ҳам тузинг, одамларни эргаштиринг, зулмни ағдаринг ва ҳокимиятни эгалланг, халққа эркинлик беринг! Бу сизнинг улкан хизматингиз бўлади.

Иккинчиси, бу грант олиш учун тузилган бўлса-чи, деган шубҳа. Хўп, шундай ҳам бўлсин, лекин грантни шубҳа қилган одамнинг чўнтагидан олмайди-ку! Қайси бир ҳисобдан икки-уч ўзбекнинг қозони қайнаса севиниш керак эмасми? Қолаверса, бугун грант берадиган ташкилотлар ҳам ахмоқ эмас. Бир иш қилмаса, бермай қўяди. Ташкилотлар кўп бўлса, уларга ҳам қулай. Орасидан ишлайдиганини танлайди. Агар битта бўлса, ўшанга беришга мажбур қолади. Шу жиҳатда грантлар хақ йўлига ишлашига эришмоқ учун янги-янги ташкилотларни тузишга, лойиҳалар тайёрлашга ташвиқ қилмоқ керак. Грантсиз ишлайман, деганларга эса тан бермоқ керак! Бу осон эмас. Бошимиздан ўтиб турибди.

Ва ниҳоят сиёсатда кимнинг кимлигини билиш жуда осон иш эмас. Янги ташкилот тузиб майдонга тушганлар эса қайнаётган қозонга тушган каби бўладилар, бир томондан олов қиздиради, яна бир тарафда капгир зарби. Оғири қайнаётган сув. Ҳил-ҳил қилиб юборади.

Кўринишни истаганлар кўп. Аммо кўришни истаганлар оз. Ҳамманинг ҳам олдинда бўлгиси, кўриниб тургиси келади. Аммо бунга эришмоқ осон эмас. Қобилият керак. Ҳатто пул ҳам бир муддатгина иш беради, холос. Қобилият бўлмаса пулнинг кучи ўлиши турган гап. Шундай экан, янги ташкилот тузганларга ана шу жабҳалардан қарамоқ керак ва омад тиламоқ зарур.

Агар омад тилашни истамасангиз, янги бир ташкилот тузиб, ёнига тушинг ва рақобатда енгиб чиқинг. Бу сизга ҳам, халққа ҳам фойда.

Бир четдан туриб, “Нима, бунча ташкилот тузасизлар, иш қилсанглар-чи?!”, дейиш энг осон йўли. Аммо ташкилот тузмоқ қийин. Бу сиёсатга, синовга, хизматга, танқидлар уммонига киришдир. Бу ўз тинчлигини бузиш ва ҳаёт сукунатига қарши бош кўтаришдир. Ҳа, енгиб чиқадими йўқми, бу энди бошқа гап! Асосий гап ана шунда!
2005 йил, 23 Июл. (www.jahongir.org).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: