Мени авф этинг, ўзимиз ҳақимизда ёза олмайман!

Расмий ташриф билан Москвага келган Германия бирлашган социалистик партияси бош котиби Эрих Хонеккерни Леонид Брежнев овга таклиф қилибди. Режада бўлмаган бу таклифдан гарангсираб қолган Брежневнинг қўриқчилари нима қилишни билмасдан, кўчада юрган дайди мушукни ушлашибди-да, бошига қуённикига ўхшаган қулоқ кийдириб, қўйиб юборишибди. Э.Хонеккер уни мўлжалга олиб отган экан, милтиқ овозидан қўрқиб кетган мушук бир сакраб дарахтга чиқиб кетибди. Буни кўрган немис коммунистлари раҳнамоси ҳаяжондан юрагини чангаллаб: “Ҳитлер қуёнлари дарахтга тирмашиб чиқиб кетадиган халқни енгаман деб нақадар ахмоқлик қилган экан-а”,-деган экан.Ҳақиқатдан ҳам бир кишини, ўн кишини, борингки, минг кишини алдаб енгиш мумкиндир. Лекин халқни алдаб ҳам, енгиб ҳам бўлмайди.

У уйи, бола-чақаси тинч бўлса, атрофида рўй бераётган воқеаларга қўшилмайди, кузатувчанлик кайфиятида бўлади, “Ҳа, шу экан-да!” дея кетмонини гурсиллатиб ураверади. Тирикчилигини юргизиб турса бас, бошқа нарсалар билан қизиқмайди.

Ҳамма ўзгаришлар коинотда Миррих билан Муштарий сайёралари бир бирига яқинлашган пайтда рўй беради. Халқ ўшандагина қаҳрамон сифатида майдонга чиқади ва ўзи бир пайтлар доҳий даражасига кўтарган кимсани бошқасини алмаштириб, яна ишига кетиворади. Унинг сафида кетмонини судраб, халқнинг тарафини олиб бақириб-чақириб юрган хом сут эмган банда Худонинг соясига айланганидан кейин эски чориғини унутиб, доҳийликни даъво қила бошлайди.

Токи коинотда Миррих билан Муштарий яна бир-бирига яқинлашмагунча аҳвол шундай давом этаверади. Сталин шунинг учун халқни яхши кўрган. У халқ ичидан чиқиши мумкин бўлган бақироқларнинг вақтида адабини бериб, маълум муддатгача фуқароларни ароқ ва калбаса билан овутиб турган. Лекин шунда ҳам уни енголмаган.

Қадимги Рим ҳукмдори Октавиан Август халқ ҳокимияти асосида республика бошқарувини жорий қилган дастлабки император ҳисобланади. Шунинг учун у узоқ муддат давлатни идора қилди, мамлакат гуллаб-яшнади.

Бироқ эрамизнинг бошларида унинг ўрнига келган Калигула, Клавдий ва Нерон ҳукмронлиги даврида ҳар қандай демократик муносабатларга чек қўйилиб, халқ армия кучи билан бошқарилди.

Тарихчи Дион Кассийнинг ёзишига кўра, “аскарлар қатли ом қилиш ва ҳукмдорлар яратиш ҳуқуқини қўлга олдилар”.

Айниқса, эрамизнинг 54-68 йилларида Рим салтанатини бошқарган Нерондан норози бўлган қўмондонлар ҳокимиятни эгаллаш учун унга қарши бош кўтарадилар. Нерон Римдан яширинча равишда қочиб, ўз жонига қасд қилади. Ундан кейинги ўтган икки йил мобайнида қисқа муддат ҳукмронлик қилган учта император даврида фуқаролар уруши бошланади.

Тарихчи Светонийнинг ёзишича, худди ўша пайтда турқи-таровати ва ҳатто овози ҳам император Неронга ўхшаб кетадиган сополсоз уста Теренций Максим ўзини Нерон деб эълон қилади. У атрофига халқни талаш эвазига бойлик орттиришни истаган лаганбардорлар, халқни ўз измига юргизишга иштиёқманд бўлган қуллардан иборат катта армияни тўплайди ҳамда парфияликлар подшоси Артабанга Римни ўз ҳукмронлигига қайтаришга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилади.

Бироқ Нерон ҳукмронлиги даврида жони ҳиқилдоғига келган халқ унинг сохта ёки чинлигини муҳокама қилиб ўтирмасдан, иккинчи марта тахтга яқинлаштирмаслик учун оқ калтак-қора калтак қилиб кўчага чиқади. Халқни алдаб бўладими?

Ўшандан буён барча халқлар ҳаётида бир хил манзара такрорланади. Яъни, халқ аввал бошда давлат бошқарувига янги ҳукмдорни қўйганидан қувонади, кейин ундан норози бўлади.

Ленин 1917 йил феврал буржуа инқилоби рўй берганида эгасиз қолган давлат бошқарувини қўлга олган, Сталин рақибларини битта-битта синдириб ҳокимият тепасига чиққан бўлса-да, халқни енголмади.

Ҳитлер Нерон сингари халқни занжирбанд қилиб бошқаришни орзу қилди. У европаликларни тобеъ, осиёликларни қул қилиб ўз измига бўйсундирмоқчи бўлди, эплолмади. Охир-оқибат шармандаларча ўз жонига қасд қилди.

1938 йилда Англия бош вазири Чемберлен Ҳитлер билан уришмаслик тўғрисидаги ўзаро пактни имзолаш учун Германияга боришидан олдин мудофаа вазири Уинстон Черчилл унга “Сизда танлаш учун икки йўл бор: бири Ҳитлернинг таклифини беномусларча тан олиш, иккинчиси уруш”,-деган экан.

Чемберлен Чехословакияни Германияга бериш шарти билан ўзаро уришмаслик пактини имзолаб келганидан кейин мудофаа вазири “Ҳитлернинг биринчи шартига кўниб, беномуслик қилдингиз, энди урушга ҳам тайёргарлигингизни кўраверинг”,-дея башорат қилган экан. Уруш домида қолган халқ узоқни кўролмайдиган бундай калтабин ҳукмдордан воз кечиб қўяқолди.

Халқининг ишончига кириб, уни оқлолмаган Жорж Буш ҳам қарсаклар остида Оқ уйни тарк этадиганга ўхшайди. Сохта Нерон каби бир нечта Саддам Ҳусайн тазйиқида тобланган Ироқ халқи ўз сардорларига ҳам, океан ортидаги ҳомийларга ҳам ишонмай қўйганидан демократия яловбардорларига қарши фуқаролик урушини бошлаб юборди. Грузиядан келадиган хавфни бартараф қилиш учун Кубага ракета ҳужумидан ҳимояланиш ускуналарини ўрнатишни мўлжаллаётган Россия ўз халқини шунга ишонтиришга уринаяпти. Халққа америкача демократияни ваъда қилган Грузия Россиянинг айби туфайли президент Саакашвили норозилик демонстрациясига чиққан тинч намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқларни қўллашга мажбур бўлганлигини тинмай уқтираяпти.

Покистонда бир пайтлар қуролли тўнтариш орқали ҳокимиятни қўлга киритган Парвиз Мушарраф навбатдаги сайловлар пайтида жорий қилинган комендантлик ҳолатини халқ манфаатини ўйлаб амалга оширилганлиги билан изоҳлайди.

Сайловлар пойгаси авж олган Россияда уч минг рубл оладиган пенсионерлар ҳар бирига ойига 6200 рубл сарфланадиган аристонлар даражасида яшашни таъминлашга ваъда бераётган коммунистлар партиясига овоз бериш учун ошиқадилар.

Лекин шу билан бирга улар бу далил-исботлар, ваъда-изоҳлар, ўзини оқлашлар ортида биттадан сохта Неронлар яшириниб ётганлиги яхши англайдилар ва кузатувчанлик мақомида туришни давом эттирадилар.

Мунажжимлар эса коинотда Миррих билан Муштарий сайёралари бир бирига шиддат билан яқинлашиб келаётганлигидан далолат берадилар. Халқ барибир халқ-да! Уни енгиб бўлмайди.

Мени авф этинг, ўзимиз ҳақимизда ёза олмайман! Лекин шу ҳажв каби ёзганларимни ҳам ўзимиз ҳақимизда дейдиган чиқиб қолмаса, бас! Чет элга кетишни истамайман, билдингизми!!

Н. Самарқандий.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: