Охир замон келдими?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансур׃ Гуноҳ ишлар кўпайиб кетса, ундай жойларга жинлар ўрнашиб олади…

Маълумки, охир замон белгилари бўлган бузғунчи Яъжуж-Маъжужларнинг Шарқдан, бекиниб қолган еридан чиқиши ҳақида айтилади. Ўзбекистон расмий матбуотида олти ойдан бери чиқаётган ғалати мақолалар одамларда ростдан ҳам Яжуж-Мажужлар келиб қолдими деган фикр уйғотмоқда. Ҳукумат қарашини акс эттирадидан през-уз. инфо сайти ҳам тарғиб қилишга ўтган мана бу мақолани ўқиб ўзингиз хулоса чиқаринг.

Варистон ёнғини ҳақиқат!

Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги Варистон қишлоғида шу йил ёз-куз ойларида содир бўлган ғалати ёнғинлар ҳақида эшитмаган одам юртимизда қолмади ҳисоб. Ҳақиқатда нима бўлганини билиш, ўқувчиларимизга ўз кўзимиз билан кўрганларимизни ҳикоя қилиб бериш мақсадида яқинда Варистонга бордик.

Илк эътиборимизни тортган нарса шу бўлдики, бориб ким билан гаплашсак ё бу мавзуда гаплашишни истамайди, ё гапирса ҳам, исмини айтмайди.

— Ўн беш-йигирма уй ёнди, — деди биринчи учраган йигит. — Обрўйни топинглар, ҳаммасини айтиб беради. Ғалати махлуқни ўлдирган ўша. Жони бобонинг уйидан бошланган ёнғинлар.

— Қишлоқда биринчи бўлиб менинг уйимда ёнғин чиқди, — деди Жони бобо Эргашев. — Кўрпа-тўшакларимиз, дераза пардалари, шкафдаги кийимлар ёниб кетди. Ўн уч кун гоҳ у, гоҳ бу ердан олов чиқиб турди. Аммо жийданинг остидан махлуқ чиққани ёлғон.

— Бўлмаса, махлуқ ҳақидаги гап қаердан чиқди? — савол бердик Жони бобога. — Айрим кишилар газетадаги махлуқнинг расмини кўрсатиб «Жони боболар ўлдирган махлуқ мана шунга ўхшар эди», дейишаяпти-ку?

— Мен отамларга қўшни тураман, — деди Жони бобонинг Зоя исмли қизи. — Бу гаплардан беш-олти ой олдин уйимизга даладан келган бир юмронқозиқ кириб қолган экан. «Бу нима?» деб олиб келиб отамдан сўрадик. «Юмронқозиқ», деди отам. Юмронқозиқ одамларнинг тилида «жиннинг боласи»га айланиб кетди.

Январь ойида юмронқозиқлар ернинг остида, қиш уйқусида бўлади. Ҳарҳолда бошқа жонивор бўлгандир, аммо юмронқозиқ эмас. Шавкат Бердиев ўша кунлари келган газета мухбири билан суҳбатда қиш кунларининг бирида Обрўй Бердиев чақиргани, унинг кўзида даҳшатли қўрқув бўлганини, бирга борганида уйида қамалиб қолган очкўзанга ўхшаш бўйи бир метрча келадиган олачипор махлуқ чиқишга йўл қидириб, деворларда чопиб юрганини, эшикни очганларидан итга ташлангани, ит қочиб кетгани, махлуқ ўзидан сассиқ газ чиқарганини, уни ўлдириб, кўмиб ташлашганини айтган.

Биз билан исмини айтмай суҳбатлашган яна бир йигит ўша махлуқни кўпчилик кўрганини, ўлдиришганида чақалоққа ўхшаб инграганини айтди.

Ўша кунлари одамлар ғалати ҳодисаларга гувоҳ бўлишганини ҳам сўзлаб беришди. Туни билан авваллари кузатилмаган бойўғлиларнинг тинимсиз сайрашларини, аллақандай махлуқнинг тунлари инграганини эшитишган. Ўша тунлари итлар безовта бўлиб эрталабгача ҳуриб чиқишган.

Жони бобонинг қайноғаси (хотинининг акаси) Марди ака Нуротадан мулла олиб келиб ўқитганини, шундан сўнг ёнғинлар бир-икки кун тўхтаганини айтди. Афсуски ёнғинлар яна давом этган ва қизиғи, энди «мулла олиб келганидан аччиқланган» жинлар Марди аканинг уйида ҳам ёнғинлар чиқара бошлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансурга ёрдам сўраб мурожаат қилишганларидан сўнг у киши келиб, ёнғин содир бўлаётган уйларни кўздан кечириб, бир неча дуоларни ўқиб, катта бир идишдаги сувга дам солиб бергач, қишлоқ аҳлини сабрли бўлишга, бу ишлар Аллоҳ таолонинг иродаси эканига иймон келтиришга ва жамоат билан ибодатда бўлиб туришга даъват қилиб кетибдилар.
— Шундан кейин бизнинг уйимизда ёнғин тинди, — дейди момо. — Қайтиб бирор марта ёнғин бўлмади.

Аммо дам солинган сувнинг кучи икки ҳафтага етди. Икки ҳафта ўтгач, бошқа уйларда яна ёнғинлар давом этаверди. Одамлар на Абдулазиз Мансурнинг, на фолбиннинг айтганини қилдилар. Яъни, садақа ёки қурбонлик ҳам қилмадилар.

Ёнғинлар тўхтамади. Вилоят ёнғинга қарши кураш бошқармаси қишлоқда ўт ўчирувчиларнинг навбатчилигини ташкил қилди. Ички хизмат ходимлари туну-кун қишлоқда бўлдилар. Аммо ёнғин уларга ҳам панд берарди. Уйлар ёнарди. Одамлар яна Жони бобога ёпишди. Бобонинг невараси Хуршид кимникига борса ўша уйда ёнғин бошланаётган эмиш. Момо невараси орқали ёнғинни бошқа хонадонларга «жўнатиб», ўзлари тинч ўтирган эмиш. Аввалига шунга кўпчилик ишонди. Ҳатто одамларм бир-бириникига чиқмай ҳам қўйишди. Кейин Хуршид келмаса ҳам уйлар ёниб кетавергач, бу гап нотўғрилигига ўзлари ҳам ишонишди.

Энг кўп ёнғин Марди аканикида бўлди.

— Ҳар куни етти-саккиз мартадан олов ўчиришимизга тўғри келди, — дейди Марди ака. — Болаларни ҳар-ҳар жойга қоровул қилиб қўяман, ўзим ҳам ҳушёр тураман. Аммо кутилмаган жойдан олов чиқиб кетаверди. Михда илинган элак устидаги латта ёнганига нима дейсиз? Кийим-кечак, арпа-буҚдой ёнди, қуруқ нарсалар майли, ҳўл нарсалар ҳам ёниб кетди! Уйнинг томи бутунлай ёниб кетди. Бир куни ўн марталаб ёнғин бўлди.

Энг кўп зарар кўрган ҳам Марди ака, унинг хонадони бўлди. Хонадон оловлар боис азадор бўлди. Марди аканинг ўн беш ёшли невараси тутзорга бузоқларини боғлаб келишга борганда кийимларига ловуллаб ўт кетди…
«Энди қишлоқдан бировнинг боласини ўлдирмагунча жинлар тинчимас эмиш!»

Кўпчиликнинг тилидан тушмай юрган ана шу гап амалга ошди. Уламолар огоҳлантирган, фолбинлар айтган гап ўнгидан келди. Биров ишонди, биров ишонмади, аммо ёнғинлар шу билан тинчиди. Ёнғинлар тўхтади!

Ана шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансурнинг шу хусусда бизга айтган фикрлари билан танишинг:

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм! Ҳақиқатдан ҳам бу воқеа анча шов-шувга сабаб бўлди ва бу хусусда биздан ҳам ҳамма жойда сўрашаяпти. Имкониятдан фойдаланиб, Варистонга ташрифимиз ва бу хусусдаги фикрларим, хулосаларим ҳақида батафсил сўзлаб берай. Менга шу воқеалар хусусида айтишиб, ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Мен жинлар, уларнинг амаллари борасидаги Қуръон оятлари, ҳадислар ва уламоларимиз ёзиб қолдирган сўзларни ўқиб, бундай ҳолларда ўғиладиган дуоларни ўргандим. Керакли китобларни ҳам ўзим билан олдим ва Самарқанддаги уламолар ҳамроҳлигида Варистонга бордим. Ҳақиқатдан ҳам ўндан зиёд уй ёнган экан. Ёнғинларнинг ғайритабиий эканига, ҳақиқатдан бу иш жинларнинг иши эканига далиллар кўп. Аввало ёнғинни келтириб чиқариши мумкин бўлган газ, электр токи каби табиий омиллар йўқ. Биров қасддан қилган деган фикрга ҳам бормайсиз, чунки, ёнғинлар ҳамма ҳушёр бўлиб турган, ёнғинни пойлаб турган жой ва вақтларда содир бўлаётган эди.

Мен қишлоқ аҳлига бўлаётган воқеалар сабабини англаганимча тушунтиришга ҳаракат қилдим. Айтиб қўяй, мен ҳали у ерда кесилган жийда ҳақида ҳам, ўлдирилган махлуқ ҳақида ҳам эшитмаган эдим. Қаердаки Аллоҳ таолодан, ибодатлардан узоқлашилса, гуноҳ ишлар кўпайиб кетса ундай жойларга жинлар ўрнашиб олишини, у жойларни жинлар манзил-макон тутишларини айтдим. Аллоҳ таолога қайтиш кераклигини, гуноҳлардан тавба қилиб, ибодатларни зиёда қилиш кераклигини тавсия қилдим. Иккинчи сабаб — жинлар манзил тутган жойларга ҳурматсизлик қилиш, уларнинг тинчини бузиш, халақит бериш бўлиши мумкинлигини айтдим. Ана шунда йиқитилган жийда дарахтлари ҳақида ўзлари айтиб беришди. Учинчи сабаб — одамлар турли махлуқлар кўринишидаги жинларнинг болаларини бу каламуш ёки илон, ёки чаён деб ўйлаб ўлдириб қўйишлари бўлиши мумкин», дегандим, одамларнинг ўзлари бир-бирига «Ана, сен ўлдирувдинг, сен ўлдирувдинг, ўлдирмагин девдим-ку?» деб бир махлуқ чиққанини, жуда ғайритабиий махлуқ бўлганини, булар уни ўлдириб кўмиб юборишганини айтиб беришди. Шунда тушундимки, эски жийдалар йиқитилганда у ерга макон қурган жинларнинг болалари чиқиб қочган, одамлар эса уларни уриб ўлдиришган ва кўмиб юборишган. «Янаям ўйлашимча, бу ерда тўпланиб қолган жинлар мусулмон жинлар бўлса керак, ўлган боласининг қасосига болаларингни ўлдирмаётганига шукур қилинглар, тавба-тазарру қилинглар, хайру-эҳсон қилинглар. Жинлардан ҳам кечирим сўранглар, шоядки, жинлар ҳам, Аллоҳ таоло ҳам кечириб ҳаммаси яхши бўлиб кетса», дедим. Кейин варистонликларга китобни кўрсатиб «Рози бўлсанглар мана шу китобда кўрсатилган муолажани қиламиз», дедим. Рози бўлишгач, ҳамроҳлик қилган уламолар билан азият чекаётган хонадонларнинг ҳар бирига кириб, жинларга қарши дуоларни ўқиб чиқдик. Ўша китобдаги тавсияга биноан икки юз литрлик идишдаги сувга дам солиб дуо ўқидик ва ҳаммалари тенг бўлиб олиб, уйларига сепишларини тавсия қилдик. Қайта-қайта жамоат бўлиб ибодат қилишларини тайинлаб қайтдик.

Икки ҳафта ёнғинлар тўхтаганини айтишди. Кейин келишиб, яна у ер-бу ердан ёнғинлар чиқа бошлаганини айтишди. Аммо Рамазон ойи бошланиб қолган эди. Қолаверса, бундай ҳодисалар билан бевосита шуғулланадиган фавқулодда ҳодисалар вазирлиги борлигини, уларга мурожаат қилишларини айтдим. Агар улар диний ишлар идорасига мурожаат қилишса, идора жинларни ўқийдиган мутахассис уламоларни юборишини айтдим. Яна бир бора ҳаммалари ибодат қилиб, покиза, озода юришса вақт ўтиши билан бу ҳодиса ўз-ўзидан ҳам тинчиб кетишини айтдим. Кейин бу масала билан ҳеч ким қайта мурожаат қилмади. Тинчиб кетди шекилли, деб юргандим. Мана, сиздан у ерда бир бегуноҳ қиз боланинг фожеали ҳалок бўлганини эшитиб изтиробга тушдим. Демак, одамлар тавсиямизга амал қилишмапти, жинлар бирибир қасос олишибди.

Бундай ҳодисалар ер юзида содир бўлиб турадиган ҳодисалардан. Ким жинларнинг борлигига ишонмаса иймондан айрилиб қолади. Жинлар бор махлуқотлар. Жинлар тўғрисида жуда кўп оятлар бор. Алоҳида бир сура борки, номи ҳам «Жин» сураси. Пайғамбаримиз Қуръон ўқиётганида жинлар келиб эшитишади ва Пайғамбаримиз саллоллоҳи алайҳи вассалламнинг гувоҳлигида мусулмон бўлишади. «Ар-Роҳман» сурасида эса Аллоҳ таоло жинлар ва одамларга бевосита қайта-қайта мурожаат қилади. Жинлар борлиги ҳақиқат. Жинларга кенг имкониятлар берилмагани ҳам ҳақиқат. Масалан, уларга одамларни бесабаб ўлдиришга, кўнгилларига келган ишни қилишга ҳақ-ҳуқуқ берилмаган. Улар заиф мавжудотлар сирасига киради. Аммо уларга баъзи бир имтиёзлар берилганки, улар хоҳлаган шаклга, қиёфага кира олади. Жинлар бемалол от, эшак, ит, илон, чаён ва хоҳлашса ҳашоротлар шаклига ҳам кира оладилар. Ўша шаклда эканликларида одамлар билмай ўлдириб қўйсалар жинлар албатта қасос олишади. Шунинг учун кўрган нарсасини ўлдириб юборавериш яхши эмас. Ҳадисларда бундай махлуқлар ҳовлингизга кириб қолганда ҳам ҳайдаб чиқариш кераклиги, аммо ўлдирмаслик кераклиги айтилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Варистондаги ҳодиса жинларнинг иши бўлгани ва Аллоҳ таолодан узоқлашган одамлардан жинлар қасос олганликлари аниқ. Бир қизнинг ўлими билан жинлар тинчибди. Аммо бу нарса ўша қишлоқдагиларга ҳам, бошқаларга ҳам катта ибрат бўлиши керак. Ибодатларини зиёда қилишлари шарт.

Ибодат вақти бўлиб қолди. Аммо Марди ака қишлоқда ҳеч ким намоз ўқимаслигини, масжид ҳам беркитиб қўйилгани, ҳозир масжидда намоз ўқиш тақиқланганини айтди. Ажабландик. Аср намозини эса Варистонга қўшни Нишоваддин қишлоғи масжидида ўқидик.

— Нега шундай билмайман-у, аммо бу қишлоқнинг аввалги номи «Кофирқишлоқ», — дейди Нишоваддин қишлоғидаги «Оқ ота» масжиди имоми Эркин Жумаев. — Одамларини ҳам «Фалочи кофир», «Писмадончи кофир», деб кофир қўшимчаси билан чақиришади. Қишлоқнинг одамлари умуман намоз ўқимайди. Жума намозига у қишлоқдан бир киши ҳам келмайди. Гуноҳ ишлардан тийилмайди. Шунча гапдан кейин ҳам кўзлари очилмади. Яқингинада саксонга кирган бирлари юбилей қилди. Чорпояларда ўтириб олган ёшлари биздан анча катта бўлган отахонлар қийқиришиб ароқ ичиб ўтиришибди. Биттаси ўғлини намоздан қандай қайтарганини фахр билан айтиб бераяпти. «Ҳали ўттиз иккига кирдинг, яна йигирма саккиз йил бор намоз ўқишингга. Олтмишдан кейин ўқийверасан», деб қайтарган эмиш. «У намоз ўқиса мен ароқ ичишни бас қилишим керак-да», деб қаҳ-қаҳ уради. Ана сизга фалсафа!

Яна бир гап, Варистонда биз суҳбатлашган кишиларнинг ҳаммасининг охирги сўзлари бир хил бўлди: «Мана, уйларни қарз-ҳавола қилиб таъмирлаб олдик. Ўтирибмиз охирги кийимлар билан. Кийим-кечак йўқ, кўрпа-тўшак йўқ. Биров бир сўм берай демайди. Ҳеч кимдан нажот йўқ. Сизлар ёзгандан кейин бирор ёрдам бўладими?»
«Биз бор-йўғи бир қаламкаш бўлсак, сўраганларингизни зиёда қилиб берадиган Аллоҳ таолодан сўрасаларингиз бўлмайдими?» дегимиз келди, аммо бефойдалигини англаб, индамадик.

1989 йил «Фан ва турмуш» журналида таниқли тарихчи олим Турғун Файзиев ўзининг ҳовлисида 99 кун давомида худди ана шундай ғайритабиий ёнғинлар давом этганлиги тўғрисида мақола эълон қилган. Демак, Варистондагига ўхшаган сирли ёнғинлар биринчи марта бўлаётгани йўқ экан. Ким билади, балки охиргиси ҳам эмасдир?

Хулоса шуки, Варистондаги ёнғинлар жинларнинг иши ва улар тинчи бузилгани учун, уларга зиён етказилгани учун қасос олишган. Бу нарса барчамизга ибрат бўлиши, ҳаммамиз огоҳ бўлишимиз, тоза, покиза юришимиз, ибодатларимизни зиёда қилишимиз лозим.

Биз мақола юзасидан сиз, азиз муштарийларнинг, тегишли идора вакилларининг фикрларини кутамиз ва сизларни мунозарага чорлаймиз.

Тўра ҲОЖИ.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: