Ўзбекистонда қирол иккитамиди?

“Пахта қироли”нинг парвози ва қулаши
Тошкент шаҳар судида бир неча йиллар давомида мамлакатимизнинг асосий бойлиги ҳисобланган пахта толасини уюшган ҳолатда ўғирлаш билан шуғулланиб келган жиноий тўданинг қилмишлари кўриб чиқилган иш, рости, кишида қайсидир маънода ижобий ҳислар ҳам уйғотади.

Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки тизимларида ўз одамларига эга бўлган гуруҳ қилмишига яраша жазо олди. Демак, ҳукумат давлат ҳазинасига валюта олиб келадиган асосий йўналишлардан бирига кўз олайтирадиган ҳар қандай газандаларнинг танобини тортиб қўя олади. Бу эса эртами-кечми, барибир коррупциянинг илдизи қирқилишига ва мамлакат иқтисодининг янада юксалишига ишонч уйғотади.

Табиий марра
“Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компаниясининг собиқ раиси Шавкат Баратов туғилган кунининг ярим асрлик тантанасини ўзи режалаштирганидек пойтахтнинг энг кўзга кўринган ресторанларидан бирида эмас, балки тергов изоляторида нишонлади. У жорий йилнинг 2 январь куни бу ерга келтирилган эди. 10 октябрь куни эса суд мажлиси раиси Г.Синягина халқ маслаҳатчилари Н.Туский ва А.Исмоиловалар иштирокида ҳукмни эълон қилди. Ш. Баратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ўнта моддасида кўрсатиб ўтилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўн тўққиз йил озодликдан, озодликка чиққанидан сўнг уч йил давомида раҳбар ва моддий жавобгарлиги бор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда давлат фойдасига энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорида, яъни 6 210 000 сўм миқдорда маблағ ундириш жазоси тайинланди.

Мазкур уюшган жиноий гуруҳ томонидан етказилган моддий зарар 4 миллион 949 минг 939 АҚШ доллари ва 14 миллиард 437 минг 142 сўм деб баҳоланди. Ҳукм бўйича ушбу маблағ Баратов Шавкат Паттахович, Мирсалимов Аваз Ғофурович, Ғаниев Шавкат Боқиевичлардан тенг миқдорда ундириб олинади.

Жумладан, Ш.П.Баратовнинг турмуш ўртоғи Умарова Зарина Бахтиёровнага қарашли бўлган “GEMINI SERVIS” МЧЖ ва Тошкент шаҳри, Миробод тумани Шаҳрисабз кўчаси 10-уйда жойлашган “JET SET” қаҳвахонаси жиноий даромадларни легаллаштириш воситаси бўлгани боис давлат фойдасига мусодара этилади.

Судланувчи Ш.П.Баратов ва унинг қариндошлари томонидан етказилган зарарнинг маълум қисмини қоплаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига қўйилган 1 миллион АҚШ доллари ва 148 миллион сўм миқдоридаги нақд пуллар ва 120 миллион сўм давлат фойдасига мусодара қилинади.

“Liepaja Trans Storage Ltd”(Латвия)нинг жиноий гуруҳ томонидан ғайриқонуний йўллар билан топилган мулки, Ш.П.Баратов ва унинг жиноий шерикларига тегишли “Brandex LLC” компаниясини 2007 йил 5 июнда Латвия давлат регистрида “Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компанияси сифатида қайта расмийлаштирилиш йўли билан, омборхоналари билан бирга 2 миллион 648,6 минг еврога баҳоланди ва “Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компанияси фойдасига мусодара этилади.

Аслида Ш.П.Баратовга тегишли бўлиб, ноқонуний йўллар билан топилган даромад ҳисобига харид қилинган ва Абдуллаев Абдулазиз Муҳамадович номига расмийлаштирилган, ҳозирда Бош прокуратуранинг автоуловлар сақлаш жойида сақланаётган, 2000 йилда Японияда ишлаб чиқарилган, двигатель рақами №30211146, кузов рақами №JN1A3s5YT182917, шассиси рақамсиз бўлган “Ниссан Максима” русумли автомашина ҳам давлат фойдасига мусодара қилинади.

Ушбу шов-шувли жиноят ишининг бошқа “қаҳрамонлари”га нисбатан ҳам деярли шундай жазо қўлланилди. Масалан, Мирсалимов Аваз Ғофуровичга ўн саккиз йил озодликдан, озодликка чиққанидан сўнг уч йил давомида раҳбар ва моддий жавобгарлиги бор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда давлат фойдасига энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорида, яъни 6210000 сўм миқдорда маблағ ундириш жазоси тайинланди. Шу билан бирга судланувчи А.Ғ.Мирсалимов томонидан етказилган зарарнинг маълум қисмини қоплаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига қўйилган 10 минг АҚШ доллари ҳам давлат фойдасига мусодара этиладиган бўлди. Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани Роҳатбоши кўчаси 1-тор кўча, 15-уйда жойлашган ва А.Ғ.Мирсалимовнинг турмуш ўртоғи Дилором Ғофуровна Бекмуҳамедова номига расмийлаштирилган уй-жой жиноий даромадларни легаллаштириш воситаси бўлгани боис давлат фойдасига мусодара қилинади.

Жиноий гуруҳнинг учинчи аъзоси Ғаниев Шавкат Боқиевичга эса ўн етти йил озодликдан, озодликка чиққанидан сўнг уч йил давомида раҳбар ва моддий жавобгарлиги бор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Валюта каналларини очувчилар

Ўзининг жиноий режаларини амалга ошириш учун Шавкат Баратов 2000 йилда, яъни “Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компаниясида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигида масъул лавозимларда ишлаган даврида ва улардан бўшатилгандан кейин ҳам, бир нечта бўлим – уюшган жиноий гуруҳларни бирлаштирган жиноий уюшма тузади ва 2006 йил декабр ойига қадар уни бошқариб туради.

Фаолиятда узилишлар бўлмаслиги учун у ҳар бир гуруҳга бошлиқ тайинлайди ва уюшманинг ҳар бир аъзосининг вазифаларини белгилаб беради. Шу билан бир вақтда “Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компанияси тасарруфидаги давлат мулкини ўғирлашда тўсиқлар бўлмаслиги учун у мансаб вазифаларини суиистеъмол қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзи тузган ва раҳбарлик қилаётган жиноий тўда фаолиятига “Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компаниясининг бир қатор раҳбар ходимларини ҳам жалб этади.

Жумладан, унинг таркибига иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Аваз Мирсалимов, бошқарув раисининг пахта толаси экспорти бўйича ўринбосари Н.Абдураҳмонов, бош ҳисобчи Х.Собирова, пахта толаси экспорти билан шуғулланувчи “Инагро” департаменти директори У.Бекназаров, “Инвест” фирмаси директори Шуҳрат Ғаниев, “N.Сом” ўзбек-америка қўшма корхонаси директори С.Тужилинлар киришган эди. Шунингдек, жиноий уюшма фаолиятини Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг бир қатор раҳбар ходимлари қўллаб туришган.

Жиноий уюшма раҳбари Ш.П.Баратов томонидан ишлаб чиқилган жиноятлар содир этиш режасида гуруҳлар раҳбарлари ва аъзоларининг нима иш қилишлари қатъий белгилаб берилган эди.

Хусусан, Аваз Мирсалимов хорижлик ҳамкорларга пахта толаси сотишдан компания ҳисоб рақамига келиб тушаётган маблағлардан ғаразли мақсадларда, яъни компаниянинг “Ўзпахтасаноат” уюшмасининг ҳудудий бўлинмалари олдидаги қарзларини тўлашга эмас, балки компания кузатув кенгашининг тегишли қарори бўлмаса-да, қўшимча даромад олиш баҳонасида тижорат банкларининг депозит ҳисоб рақамларига жойлаштиришни ташкил этиш билан шуғулланган. Оқибатда бу маблағлар “Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компаниясининг депозитлардаги ўз омонатларини гаровга қўйиш ҳақидаги шартномалари кафолати билан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг бир қатор хўжалик юритувчи субъектлари томонидан кредит маблағлари олишни таъминлашга йўналтирилган. Шу йўл билан мазкур корхоналарнинг раҳбарлари билан олдиндан тил бириктириб пахта толасини ўғирлаш учун шароитлар яратилган. Шу билан бир вақтда расмий ҳисоботларда хорижий компаниялар билан тузилган битимлар бўйича қарзлар ҳақидаги маълумотлар устамонлик билан яширилган, жиноий тўданинг бошқа аъзолари кўмагида хорижий валютанинг вакил қилинган банкдаги ҳисоб рақамига тушишдан яширишга, бюджетга кўзда тутилган давлат солиқларини тўлашдан қочишга муваффақ бўлинган.

Компания бошқаруви раисининг ўринбосари Н.Абрураҳмонов эса хорижий ҳамкорларни топиш ва улар билан шартномалар тузиш учун масъул эди. Бунда олдиндан жиноий тил бириктириб, маҳсулотни тўлов кафолатларини ўрганмай туриб жўнатиш ва Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш, тўлов кафолатлари бўлмасада FОВ шартлари бўйича эркин божхона омборларига етказиб бериш назарда тутиларди.

Компания бош ҳисобчиси Х.Собирова эса зарар келтириш олдиндан маълум бўлган битим ва шартномаларни имзолаб, мақсадли пул маблағларини “Ўзпахтасаноат” тизимидаги корхоналар олдидаги қарзларни тўлашга йўналтирмасдан бошқа мақсадларга сарфланишига имкон яратиб беради ҳамда етказиб берилган тола бўйича қарзлар ҳақидаги маълумотларни яшириб келади.

Пахта толаси экспорти билан шуғулланувчи “Инагро” департаменти директори У. Бекназаров ва мазкур департамент мутахассиси Р. Ишонхаджаевлар ҳам пахта толасини ғайриқонунуий экспорт қилиш ишларига жалб этилгандилар. Улар эркин божхона омборлари томонидан тўлдирилган “омборхона тилхатлари”нинг асл нусҳаларини ҳамкорларга беришга рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлашарди. Мазкур “омборхона тилхатлари”да кўрсатилган пахта толаси ҳажми учун ҳамкорлар томонидан тўлов амалга оширилмагани ҳамда ҳамкорлар бу маҳсулот учун тўғридан тўғри банк орқали пул кўчириш йўли билан тўловни амалга оширмасликлари ҳам уларга маълум бўлган. Бундан ташқари жиноятчилар хорижлик ҳамкорлар томонидан очилган аккредитивлардаги пул маблағларини ҳисобдан чиқариш билан ҳам шуғулланишган ва бу билан етказиб берилган маҳсулотнинг ўғирланиши учун шароит яратилган.

Толани ғайриқонуний экспорт қилишнинг бундан кейинги босқичлари назорати шахсан У.Бекназаров ҳамда уюшган жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси – “Ўзташқитранс” ДАК ходими Р.Мирсамуков томонидан амалга ошириларди. Ўғирланган пахта толаси компания жиноий фаолияти доирасини янада кенгайтириш мақсадларида ишлатиларди. Жиноий гуруҳ аъзоси О.Свинаренконинг ёрдамида “Liepaja Trans Storage” МЧЖнинг омборларида “Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компанияси томонидан FOB шартлари асосида етказиб берилган пахта толаси мавжудлиги ҳақидаги сохта далолатномалар тузиларди.

Жиноий “интернационал”

Ҳотамтой камомадчилар томонидан очилган хорижий валютани ўзлаштириш имконияти бутун дунёдаги қаллоб ва жиноятчиларни ўзига жалб этди. Масалан, Швейцариянинг “Fri Trade and Consulting Ltd” фирмаси директори бўлган Т. Гасанов исмли кимса 2002 йил 18 январдан 26 февралгача бўлган оралиқ муддатда фирмаси учун FCA Таллин шартлари асосида “Рефетра” акциядорлик жамияти омборларига етказиб берилган умумий қиймати 439 минг 780,28 долларга тенг бўлган 564,8 тонна пахта толасини ўмаради. Ушбу пахта толасини “Мерктранс” фирмасига сотишдан олинган даромад эса ўзлаштирилиб, жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланади, катта миқдордаги хорижий валюта “Ўзинтеримпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компанияси ҳисоб рақамига тушишдан яшириб қолинади.

Бу борада Австриянинг “ALTRO Gmbh” фирмаси президенти Нир Алон ва Латвияда рўйхатга олинган “Liepaja Trans Storage Ltd” МЧЖ директори О. Свинаренколар ҳам анча устамон чиқиб қолишди. Улар Латвия Республикасининг Лиепая шаҳрида жойлашган омборда сохта ҳужжатлар асосида экспортга жўнатилган пахта толасини қабул қилиб олишарди. Энг ёмони, “Сифат” маркази томонидан сертификатланган ҳамда “SGS” мустақил консалтинг компаниясининг пахта терминалларида инспекциядан ўтказилган толамиз Ш.Баратовнинг кўрсатмаси ва О. Свинаренконинг кўмаги билан хорижий фирма ва компанияларга деярли бепул етказиб бериларди. Бу иш толанинг сифати паст бўлиб, битимда белгиланган шартларга тўғри келмайди ва ишлатишга яроқсиз, деган баҳоналар билан амалга оширилган.

“Степ плюс” ЁАЖ таъсисчиси, Россия Федерацияси фуқароси А. Арипжонов раҳбарлигида жиноий уюшманинг Россия Федерациясидаги бўлинмаси тузилади. Унга “Торговый Дом России” ҚК ОАЖ директори Ю. Герасько, “Т.Ф. Герус”(Москва вилояти, Митиши шаҳри) МЧЖ директори У. Ходжаева ҳамда “Русская манифактура” ЁАЖнинг бир қатор раҳбар ходимлари, “MAYTEX USA INC” оффшор компанияси президенти А. Ким ва тергов давомида шахсларини аниқлаш имконияти бўлмаган яна бир қанча шахслар киришади.

Жиноий “Интернационал” ўз фаолиятини тинчгина ва ортиқча шов-шувсиз бошлади. Аммо вақт ўтиши билан унинг “иштаҳаси” очилди. Чунки жиноят учун жазоланмасликка ички бир ишонч пайдо бўла бошлаганди. Зеро, жаноб Ш. Баратов салкам ўн йил компания бошқарувига раислик қилди, хатто кейин Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси ўринбосари лавозимига ҳам кўтарилганди-да. Мана шундай қудратли суянч тоғлари борлигини ҳис қилган жиноий тўданинг бошқа аъзолари ҳам ўзларини хавфсиз сезишарди. Аммо улар “бузоқнинг югургани сомонхонагача” эканини унутиб қўйишганди. Оқибатда “пахта қироли”нинг ҳам, унинг ҳамтовоқларининг ҳам ноқонуний йўллар билан топилган мол-мулклари мусодара қилиниб, ўзлари узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар.

Таҳририятдан׃ Ислом Каримовга қарашли бир қатор нашрларда 15 кундирки икки тилда бот-бот эълон қилинаётган бу материал унинг илгари бўлгани каби сайлов олдидан ва ортидан кимларнидир жазолаб, айбни уларга тўнкаб қўйиш сиёсатини давом эттираётганини кўрсатади.

Шу зайл бош айбдор четда қолаверади деб ўйламоқда ва вақтинча қайси бир маънода бунга эришмоқда ҳам. Лекин ҳақиқий ҳукмни тарих чиқариши аниқ ва бу жиноятларнинг энг теппасида унинг ўзи турганини бугуноқ кўпчилик билади.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: