Жаҳонгир Маматов: “ҚУВҒИН” романи (Янги таҳрирда)

jahangir_mamatov.jpg9. ПЎПИСА

Миртемир машинадан тушиб олтинчи қаватга кўтариларкан “Бу сафарги натижа қандай бўларкин?” деб ўйлади. Уни котиб ичкарига бошлади. Эшикни очди-да ўзи ташқарида қолди. “Катта” ниманидир ёзиб ўтирарди. Миртемирнинг кирганини сезмай қолди.

Миртемир унинг ёнига етиб боргач:

-Ассалому-алайкум! -деди. У чўчиб тушди.

-Осмондан тушдингизми, ердан чиқдингизми? -дея ўрнидан турди. Қўлини узатиб кўришаркан, чап қўли билан Миртемирнинг қорнига ниқтаб “Ҳе, герой, нима қилиб юрибсиз?” деди.

-Юрибмиз, -деди Миртемир.

-Табриклаймиз, бош муҳаррир бўлибсиз. Иш керак бўлса, топардик. Ўшалар билан ишлашингиз шартмиди? Улар тугаб битди. Сизга ўхшаганларнинг номи билан тирилмоқчи!

-Мен илгаридан биргаман…

-Тўғри, илгаридан бош муҳаррир эмас эдингиз. Котиб бўлганингизда ҳам индамагандим. Лекин газетасига сиз бошчилик қилишингиз керакмиди? Биламан қаламингиз ўткир, аммо бошқа газеталарга ёзинг!

-Шундай ҳам газетани чиқаришга рухсат бермаяпсиз-ку!

-Рухсат бермоқчи эдик. Энди бутунлай ёпамиз. Қарор билан.

-Агар мен газетадан кетсам-чи?

-Қаерга кетасиз!

-Сиз бирор иш берсангиз. Яъни, бирор газетага муҳаррир этиб тайинласангиз.

-Газеталарга тайинлаш менинг қўлимда эмас-да. Бири Олий Кенгашники, бошқаси партияларники, яна бири комсомолга оид…

-Унда нега бизнинг газетага аралашаяпсиз?

-Нега аралашмайин. Мен қовунчи эмас, “Катта”ман. Сиз сессияда айтган каби ҳаммаси онамнинг маҳрига тушган.

-Бундай деганим йўқ!

-Ие, аллақачон унутдингизми, лентани қўйиб берайми? -у шундай деб ўрнидан турди-да столнинг нариги томонидаги видеомагнитофон тугмасини босди. Кейин “қўл тугмани” олиб жойига ўтирди. – Бу сизларнинг давлат тўнтаришга уринишларингиз…

Лента Миртемирнинг нутқи ёзилган жойга қадар айлантириб қўйилган экан:

“Бу воқеа бугун Рўзимуродовнинг бошига тушган бўлса, эртага ҳар биримиз шундай ҳол билан юзлашамиз. Эртага навбат менга, кейин сизга келади. Унда, афсуски, кеч бўлади. “Катта” ва Олий Кенгашдагиларнинг ишларига қарасангиз, болакайнинг ҳаракати уларникидан мантиқлироқ туюлади. Шу қадар майдалашиб кетишдики, Олий кенгашдан ишдан ҳайдай олишмагач, иш хонамдаги стол-стул, телефонларни олиб қўйишди. Қизиқ, бу нарсалар уларнинг мулкими? Ёки биз ўз шахсимиз учун ишлаяпмизми?

Бугун Олий Кенгаш раисидан тортиб вазирга қадар ҳамма-ҳамма “Катта”нинг қули. Қонун -у. У киши истаса вазирлик очилади, истаса йўқотилади. Истаса одамлар қамалади, истаса озод этилади. Истаса биров маош олади, истаса бировнинг маоши кесилади. Муҳтарам “Катта”, Ўзбекистонни сизнинг онангиз туққан эмас, у сизнинг хусусий мулкингиз эмас! Ва, билинг-ки, Сиз унинг доимий устуни бўлиб қололмайсиз!”

“Катта” лентани шу жойида тўхтатди.

-Унутган бўлсангиз, эсингизга келдими?

-Мен “онангизнинг маҳрига тушганми?” деганим йўқ, балки…

-Балки, малкини қўйинг. Сизнинг адабиётдан хабарингиз йўқ бўлса, бизнинг хабарчиларимиз бор. -У шундай деб радиосўзлашув тугмасини босди:

-Улуғбек!

“Лаббай, хужайин!”, дея овоз келди нарёқдан.

“Онангиз туққанми, дегани адабиётда нима дейиларди?”

“Онангизнинг маҳрига тушганми, иборасининг оғзаки айтилиши бу”.

“Бу ибора нима дегани?”

“Онангни фалон дегани!”

“Одамлар нима деяпти?”

“Бу жўжахуроз Оқсоқолни онангни дея ҳақорат қилди-ю, нега у жим? Агар натижа бўлмаса, ўзимиз жавоб берамиз, дейишмоқда.”

“Хатлар, телеграммалар кимда?”

“Менда хўжайин. Сони мингдан ошиб кетган. Нима қилайлик?”

“Тўплаб қўябер!”

“Катта” радиосўзлашувни ўчирди-да, Миртемирга юзланди:

-Менинг онамни …ни онаси туққан эмас!-дея бақирди.

-Орадан ярим йил ўтиб…

-Орадан ўн йил ўтса ҳам унутмайман. Билиб қўй, мен сен ўйлаган одам эмас, ҳамма нарса хаёлимда туради. Эсингдами, ўзингни йиғиб ол, бўлмаса қамоқда чиритаман дегандим. Ҳали бу гап эсимда турибди. Сени қамоқда йўқотаман, билдингми?

-Қамашингиз мумкин, лекин…

-Лекин, йўқотаман ҳам!

-Йўқотиш сизнинг ишингиз эмас, Жаноби Ҳақнинг қўлида!

-Бугун Жаноби Ҳақ менман!

-Шак келтирманг, Аллоҳ кечирмайди бу гуноҳни!

-Кўрамиз, Аллоҳ кимни кечирмайди. Истайсанми, эртага муфти телевизорга чиқиб, сени динсиз деб эълон қилсин! Устозингни динсиз деб эълон қилдирганим сенга дарс бўлмадими?

-Муфти ҳам сизнинг мулкингиз…

-Ҳа, у ҳам онамнинг маҳрига тушган. Истасам, эртага мени “Худонинг ердаги сояси” деб эълон қилади. Дин – бу менинг айтганим. Истасам мачит очиб бераман, истасам муфти-пуфтиси билан портлатиб юбораман.

-Бу билан нима демоқчисиз? Эртага менинг ҳам уйимга бомба тушадими?

-Сени олдин уйингдан кувиб чиқараман. Кейин депутатликдан ҳайдатаман. Сўнг қамайман!

-Пешонага ёзилгани бўлади.

-Пешонангга шуларни мен ёздим. Сен эса ўқи!

-Хуллас!

-Хуллас, орамиз очиқ! Кетаверишинг мумкин!

-Раҳмат! Барибир билинг-ки, жоним Жабборнинг қўлида, сизнинг эмас!

-Кўрамиз! Кўрамиз! Кўрамиз! -у бақира-бақира қолди. Миртемир эшикни жаҳл билан ёпганди, ёпилмади, чунки эшик секин ёпиладиган қилиб қўйилганди. Ҳа, шуни ҳам эътибордан қочиришмаган…

(Давоми бор).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: