Ярми чин, ярми химчин…

image002.jpgУйимга ҳам сиғмайман
Бир оғайним раҳбарлик лавозимига ўтди-ю, уйидаги хонанинг бир томонига бор бўйича аквариум қурдирди. Сув ўтлари, чиғаноқлар, турли рангдаги балиқчаларнинг жилпанглаб сузишлари кишининг баҳри-дилини очади. Бир куни уйида ўтириб қолдик.

-Шу аквариуминг жуда зўр-да,-дедим ҳавасим келиб.

-Биласанми, халқ билан ишлаш жуда қийин,-деди у.-Бир оғиз гап кўплик қилади, ярим оғиз гап камлик қилади, дегандай…Баъзан жуда жондан тўйиб кетганимда тўппа-тўғри уйга келиб, балиқлардан ўчимни оламан. Сен ўзинг кимсан, дейман, бақираман, сўкаман, шундай қилиб ҳовуримдан тушаман. Балиқнинг яхши томони, нима десанг ҳам индамайди…

Милоддан уч юз йил олдин Чин Че Ван деган подшоҳ Чин давлатига асос солган экан. У илоҳий кучларга жуда ишонар, коинот томондан ўлчаб берилган, деб ҳатто олаётган нафасини ҳам тежар экан. У халқни бошқаришдан шунчалик безиб кетибдики, ер ости салтанати қурдириб, кўча ва йўллар, дўкон, омборхоналар бино қилдирибди. Салтанатни сон-саноқсиз сополдан ясалган одамлар ва лашкарлар билан тўлдирибди. Лашкарларнинг қўлига ҳақиқий найза ва камонлар тутқазиб қўйибди. Баъзан давлат ишлари жуда жонига тегиб кетганида Чин Че Ван ер остидаги индамас юрт салтанатига кириб, хумори тарқагунича қайтиб чиқмас экан. У ер усти салтанатида шундай тартиб ўрнатиш учун бир умр ҳаракат қилган экан-у, лекин уддалай олмаган экан. Халқ балиқ, ёки ер ости салтанати фуқароси эмас-да!

Дарвоқе, балиқ ҳақида. Балиқни ҳамма яхши кўрар экан. Пайғамбарлардан тортиб подшоҳларгача, ҳатто майда-чуйда раҳбарларгача. Улар ўз қўл остидагиларнинг балиқ бўлишини хоҳлар экан. Балиқ одамлардан фарқли ўлароқ гапирмайди, сўзингни бўлмайди, фитна қилмайди, ишнинг белига тепмайди.

Мен ҳам қанчалик ажабланарли бўлмасин, балиқни яхши кўраман. Чунки ҳар бир одамнинг ичида уйғонмаган битта раҳбар ухлаб ётади. Агар у мансабга чиқиб қолса, ичидаги раҳбар уйғонади, кейин бир кун келиб унда балиққа эҳтиёж туғилади.

Чақалоқлик пайтимда ёнимда ётган чақалоқ биқинимдан туртган:

-Бунча питиллайсан, кимсан ўзи? Сурил нарига олифта,-деган. Кейин билсам, у аллақандай амалдорнинг чақалоғи экан-у, жой йўқлигидан мени унинг каравотига тиқиштиришган экан.

-Кимсан ўзи, ҳамма нарсага бурнингни тиқаверасан,-дейишди сал каттароқ бўлганимдан кейин.-Индамай ўтир ёки калтак ейсан!

Мактабни аъло баҳоларга битирганимда олтин медал беришмади.

-Ўзинг кимсанки, олтин медал олсанг,-дейишди менга.-Медал оладиганларнинг орқасида одами бор. Биттасининг отаси мактабда директор, иккинчисиники база мудири, учинчисининг отаси министр. Сенга шу ҳам етади!

Ўқишни битириб ишга кирдим. Машиналарни юргизишда бензин ўрнига суюлтирилган кислород ишлатиш бўйича ихтирочилик таклифи билан раҳбариятга чиқдим.

-Атрофимизда турли хил ихтирочилик таклифи билан юрган сенга ўхшаган олимлар тиқилиб ётибди,-деди раҳбар.-Мана биттаси ойга ракета учиришда гўнгдан фойдаланиш бўйича ихтирочилик таклифи билан келди. Бунинг учун ракетанинг тенг ярми мол гўнги билан тўлдирилади.

Герметик тешик орқали ундан чиқадиган газ поршенлар сиқуви натижасида катта энергия ҳосил қилади. Қарабсанки, ракета оддий ёнилғи солинган фазо кемаларига қараганда мол гўнги билан камида ўн баравар тезлик билан учиш имкониятига эга бўлади.

Ёки мана, спортчилар ўртасида ҳар куни қанчадан-қанча югуриш мусобақалари уюштирилади. Агар уларнинг оёғига югуришдан ҳосил бўладиган энергияни йиғадиган аппарат ўрнатадиган бўлсак, югурувчилар ҳисобига мамлакатни бепул электр энергияси билан таъминласа бўлади. Бу ихтиролар олдида сенинг ихтиронг ҳеч нарсага арзимайди…

Уйландим. Келин бола бадавлатгина хонадоннинг қизи экан, тўйнинг учинчи куни овқат пиширишдан бош тортди.

-Керак бўлса овқатингни ўзинг пишир. Ҳар куни сенга овқат пиширишга малай йўқ. Кимсан ўзи?-деди.

-Эрингман,-дедим нима дейишни билмай.

-Бошқа эрлар хотинини одамга ўхшаб ресторанга овқатлантиришга олиб боради,-деди у зарда билан. Кейин кўч-кўронини кўтариб жўнаворди.

Кўчада мелиса тўхтатди:

-Кимсан ўзи, пиёдалар ҳаракати таъқиқланган йўлдан юришга? Жарима тўла!-деди.

Ярим тунда бойқушнинг ёқимсиз овозидан этим жунжикиб кетди.

-Ҳу-ҳу-ҳув! Кимсан ўзи менинг салтанатимда тинчлигимни бузадиган?-деб ёзғирди у.

Уйга келдим.

-Кимсан ўзи,-акс-садо чиқди тўрт девор орасидан.-Менинг мулкимга берухсат киришга нима ҳаққинг бор?

Деворнинг зуғумидан карахт бўлиб қолдим. Энди уйимга ҳам сиғмасам бу қандай гап?

Н. Самарқандий.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: