Мавзуга қайтиб

dilmurod.jpgСУД ҲУКМИ ЮЗАКИМИДИ?

ЁКИ ТЕРГОВ МУКАММАЛ ОЛИБ БОРИЛМАГАНЛИГИНИНГ САБАБЛАРИ НИМАДА?

Бунёдкорлик аждодлардан мерос! Бинокор усталар иморат пойдеворига алоҳида эътибор қаратганлар. Битта қийшиқ қўйилган ғишт бутун иморатни ё эгри қурилишига, ё қулашига сабаб бўлиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат!

Аслида эгри бинода ҳам яшаш мумкин ва бунинг учун иморатсоз масъулиятсизлигига хайрихоҳ бўлиш кифоя. Инсон турмуш тарзи билан боғлиқ ҳар бир жабҳани бинокорликка қиёсласа бўлади. Ва ҳар бир номукаммал текширувни эгри қўйилган ғиштга тенглаш мумкин. Энг ачинарлиси, бундай номукаммаллик аксарият соҳа билимдони томонидан кўра-била туриб юзага келтирилмоқда.

Кейинги бир неча ой давомида жаҳон интернет сайтларида ўзбек-рус тилларида эълон қилинаётган бир қатор мақолаларга мавзу бўлган бир жиноий иш хусусида биз ҳам ўз муносабатимизни билдиришга эҳтиёж сездик. Бу-ЎИҲТ Тошкент шаҳар бўлими раиси, физика-математика фанлари доктори Собир ТЎЛАГАНОВ ва Ўзбекистон Адвокатлари нашри “Ҳимоя-жараён” газетаси собиқ бош муҳаррири Равшан БОБОМУҲАМЕДОВга нисбатан 2007 йил 16 май куни Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши ҳамда шу ҳолат бўйича ЖИБ Юнусобод туман суди 8 октябрда чиқарган айблов Ҳукми атрофидаги мулоҳазалар мавзуидир!

Бу мавзуда билган ҳам, билмагану фақат хабардор қилинган ҳам муносабат билдириб, мақола битишга интилмоқда. Ҳатто мазкур жиноят иши авжланиб кетишига каминани ҳам ҳеч бир асоссиз алоқадор кўрсатишга уриниш ҳам бўлди. Ва бу борада мен ўзимнинг яқиндагина эълон қилинган “Бошида йўқ, қошида йўқнинг иддаолари” сарлавҳали мақоламда қисқача жавоб айтиб ўтгандим. Мақолам сўнггида бу мавзуга батафсил қайтишимни ҳам алоҳида таъкидлагандим ҳам. Бугун шу таъкидни эслаб, мавзуга қайтиш мавриди етган кўринди назаримда!

Юқорида эслатганимдек, таниқли олим Собир ТЎЛАГАНОВ ва собиқ бош муҳаррир Равшан БОБО-МУҲАМЕДОВга нисбатан 2007 йил 16 май куни Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши ҳамда шу ҳолат бўйича ЖИБ Юнусобод туман суди 8 октябрда чиқарган айблов Ҳукми мавзуида бир қатор чиқишлар қилинди. Муаллифлар таъкиди ва муноса-батига эътибор қаратилса, улардаги асосий талқин-“Мазкур ҳолатда ҳеч қандай жиноий аломат мавжуд эмас!”-деган қарашдир. Ва воқеликдан тўлиқ хабардор холис одам сифатида айтаманки, айнан муаллифларнинг шу қараши энг нотўғри ва бирёқлама талқиндир!

Мен бу мулоҳаза билан “С.Тўлаганов оқ, Р.Бобомуҳамедов қора ёки аксинча”,-деган фикрни билдирмоқчи эмасман. Бироқ ўз холисона нуқтаи назаримни ҳам қуйида баён қилишдан чекинмайман. Менгача мақола битганлар аввалига тергов ҳаракатларидаги ғайриқонунийликни, кейин суд ҳукмидаги қонунга зидликни урғуладилар. Бир қанча мисоллар ҳам келтирган бўлдилар. Охир-оқибат мазкур ишгагина алоқадорлик жиҳатлар неча йиллар аввалги хотиралар билан қоришиб кета бошлади ва кўпчилик мавзунинг нима ҳақдалигини ҳам чалкаштириб қўяёзди.

Мен “мазкур ишгагина алоқадорлик жиҳатлар” деганда Собир ТЎЛАГАНОВ ва Равшан БОБОМУ-ҲАМЕДОВга нисбатан қўйилган айбловлар ҳамда шу юзасидан чиқарилган ҳукмни назарда тутаман. Чунки Собир акага ЖК 139-моддаси 2-қисми (Туҳмат қилиш, яъни билиб туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатишни нашр орқали содир этиш!) ва Равшан акага ЖК 139-мод-даси 2-қисми, 205-моддаси 1-қисми (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилишлик) ҳамда 45-моддаси (Муайян муддатга мансабда ишламаслик) айблари бўйича айблов ҳукми чиқарилиб, бу ҳукм шаҳар суди апелляция босқичининг 6 ноябрдаги Ажрими билан ўз кучида қолдирилган.

Бу дегани, мазкур иш Собир ТЎЛАГАНОВнинг фарзанди алмашиб қолган ё қолмагани, бетоб ё соғ-ломлигини аниқлаш юзасидан эмас, балки газетада эълон қилинган мақола асосида қўзғатилганлиги бўйичалигини билдиради. Айнан биргина шу мақола асосидан келиб чиқилиб, Собир ТЎЛАГАНОВ ва Равшан БОБОМУҲАМЕДОВга ҳукм чиқарилган. Мақоланавислар ўз битик ва эътирозларида асосий ҳолат четда қолиб, мақоладаги баёнга аёнлик киритишга эътибор қаратишаётганлиги, тергов, суд ҳужжатларига асос бўлган жиҳатларни қонуний таҳлил этиб беролмаётганликлари мавзуни анча ғализлаштириб қўймоқда. Ва тан олиш керакки, бизгача эълон қилинган мақолаларда асосан Собир Тўлагановга тарафкашлик руҳи устунлиги ҳам сезилиб қолмоқда! Айнан шу жиҳат мавзудаги таҳлил кучини кесиб қўяётган бўлса ажабмас…

ЭНДИ АСОСИЙ МУНОСАБАТЛАРГА ЎТСАК

Тергов жараёни мукаммалроқ ўтиши мумкинмиди? Мумкин эди агар Собир Тўлаганов ўз ички ҳиссиётларига суяниб олмасдан, тергов даврида узлуксиз келиб, кундан-кун семираётган иш жилдини мунтазам кузатиб борганида ва буни Равшан Бобомуҳамедов билан ўзаро келишган ҳолда амалга оширганида терговчи ҳеч маҳал юзакиликка йўл қўя олмасди. Чунки терговга жалб қилинганлардан бири фан доктори, иккинчиси эса нуфузли журналист! Бундай шахсларга очиқдан-очиқ ғайриқонуний ҳаракатлар қилиш мушкул.

“Собир Тўлаганов ўз ички ҳиссиётларига суяниб олмасдан”, деган иборани келтирдик. Бу энг аввало, ўзининг айбланаётганлигини кеч билганлигига нисбатан норозилик ҳиссиётида кўринади. Дарҳақиқат, жиноят иши унга нисбатан 2007 йил 16 май куни қўзғатилган. Собир ака бундан 23 июл куни хабардор қилинган. Айнан шу ҳолатда терговга ва терговчига қонуний эътироз билдириш имкони мавжуд эди. Бу эътирозни Р.Бобомуҳамедов билан бирга келтирганида, терговчи жавоб беришга мажбур бўларди. С.Тўлаганов норозилигини юқори ташкилотга ёзгани билан унинг жавобини олгунича ўтган вақт давомида ўзи ноқонуний ҳисоблаган тергов жараёнларига анча бефарқ қаради. Айнан шу жиҳат терговчига ҳам қўл келиб, ишни ўзи истаган шакл ва йўналишда олиб боришига имкон берган кўринади.

Мен Равшан Бобомуҳамедовга Собир ака билан биргаликда ҳаракат қилишлари шартлигини жуда кўп таъкидладим. Шунингдек, С.Тўлаганов тергов жараёнида айнан ишга алоқадор муҳим жиҳатларни тер-говга тақдим этмади. Балки унинг назарида бу билан кимнидир таҳликага қўйишни истамаганликдир. Лекин бундай дейилса, нима учун Р.Бобомуҳамедовга нисбатан қўйилаётган айбловларга лоқайд қара-ганлигини тушуна олмайман. Чунки бу масалада Р.Бобомуҳамедов тўғридан-тўғри бош айбдор бўлиб кетганлиги ҳам адолатдан эмас! Балки буни терговчи билмас, лекин С.Тўлаганов аниқ биларди-ку!

Айнан С.Тўлагановнинг аниқ билиб туриб, кўрсатма бермаслиги терговчини ҳам бир қанча масъулиятдан озод қилди.

Менгача мақола эълон қилганлар тиббий хулосалару яна аллақандай расмий жавобларга суянадилар. Лекин бирортаси Тошкент шаҳри бўйича бор-йўғи 200 донаси сотувга чиқарилган газета ҳали 10 донаси сотилиб бўлмасидан қандай қилиб эрталабнинг ўзидаёқ Сагатбаевалар яшайдиган ҳудудда ўнлаб нусхаларда тарқатиб улгурилганига сира эътибор қаратмайдилар. Бу жиҳатга эътибор қаратишни тергов ва суд жараёнларида С.Тўлагановнинг ўзи ҳам истамади. Бироқ ўзидан кўра Р.Бобомуҳамедовга оғирроқ айбловлар қўйилишини лоқайд қаршилади. Ахир, терговнинг юзаки-лигини исботлаш учун айнан шу жиҳатга эътибор қаратиш лозимлигини ва бу жиҳат терговдаги бошқа юзаки ҳолатларга баҳо бериш имконини очиб беришини наҳотки С.Тўлаганов тушуниб етмаган? Эътибор қилинса, С.Тўлагановда терговга қонуний эътироз келтириш, энг асосийси, адолат-ли иш юритилиш имкониятлари мавжуд бўлган. Ва бу имкониятлардан фойдаланиш ё фойдаланмаслик унинг ўз ихтиёрида қолган, холос! Бу имкониятлардан айбланаётган одамнинг ўзи фойдаланмагач, ўзига иш кўпайтириш терговчига нима керак! Шу нуқтаи назардан ҳам терговни ўзи истаганча тамомлаб, судга оширган. Суд ҳам ҳар бир ишнинг ипидан игнасигача таҳлил қилиб ўти-ришга орзуманд эмас! Айниқса, икки айбланувчи бир-бирини суяш ўрнига қоралаб турганида суд ўзи учун маъқул вариантни танлаши осон кечади. Қолаверса, бу иш айтарли даража салмоққа эга эмас!

Собир Тўлаганов терговда ўзи йўл қўйган хатони суд муҳокамасида тузатиш имконига эга эди. Қолаверса, жабрланувчилар жараёнда иштирок этаётгандилар. Ва кўп ҳолларда судлов жабрланувчи томон талабини эътиборга олади. Бироқ С.Тўлаганов ўз хатосини тўғирламади. Шунга кўра жабрланувчи томон унга қўшиб Р.Бобомуҳамедовга ҳам қонун доирасида жазо тайинланишини талаб қилди. Хўш, бундан ким ютди? Ютганлар маълум, аммо ютқазганлар-чи? Ютқазганда биринчи бўлиб С.Тўлагановнинг ўзи ютқазди. Сабаби, Р.Бобомуҳамедовнинг айбдор, деб топилиши ва муайян муддат(2 йил!)га журналистика соҳасида мансабдор бўла олмаслиги Тўлагановга ҳам зарар! Агар Бобомуҳамедовга нисбатан тергов, суд эмас, балки энг аввало С.Тўлаганов одил бўлганида, Р.Бобо-муҳамедов шу кунгача ўз вазифасига қайта тикланиб улгурарди. Ва ҳеч бир истисносиз С.Тўлаганов-нинг арз-доди тегишли идораларда қонуний кўрилишига газета томонидан назорат ўрнатиларди. Биз ишлаган вақтда собиқ “Адвокат пресс” қанчалар нуфуз ва кучга эга бўлганлигини С.Тўлаганов жуда яхши билади. Р.Бобомуҳамедовнинг қайта вазифасига тикланиши кўплаб одамларга, шу жумладан С.Тўлагановга ҳам амалий ҳуқуқий мадад бўларди. Бироқ суднинг сўнгги дақиқаларигача С.Тўла-ганов адолат қарор топишини эмас, лоақал уни суд залидагиларга очиқ айтишни хоҳламади. Унда бу борада матонат етишмади! Энди ўзингиз ўйланг, ўзи кўра-била туриб адолатнинг тикланишини қувватламаган одам қандай қилиб бошқаларнинг адолатсизлиги ҳақида сўз айта олиши мумкин!

С.Тўлаганов менинг суддаги кўрсатмаларимдан ранжиди. Бироқ мен унга қарши бир сўз айтганим йўқ, агар тушунган бўлса, мен унга аччиқ бўлса-да, оғир кечса-да, Р.Бобомуҳамедов ҳаракатларини холисона баён қилиб беришлик имконини яратиш учун бу жараёнга бордим. С.Тўлагановнинг ишончли вакили жаноб А.Турғуновга қисқагина суҳбатимизда Равшан акага жабр бўлаётганлигини ва бу жабр асосан С.Тўлаганов томонидан эканини билдирдим.

Судланувчилар орасидаги келишмовчилик худди терговда бўлгани каби суд жараёнида ҳам судловга қўл келди. Улар икки томоннинг икки хил баёнини қайта текшириб ўтиришни лозим топишмади. Бунинг учун эътирозни терговчи ё суд ҳайъатига эмас, , энг аввало, С.Тўлагановга бил-дириш керак! Терговчи тергов даврида, суд ҳайъати судлов жараёнида ишга юзаки ёндошган бўлса, бу юзакиликни С.Тўлаганов кўрсатмаларидан иэлаш керак! Агар С.Тўлаганов фақат ўз манфаатини эътиборга олмасдан, Р.Бобомуҳа-медов шанини ҳам ўйлаганида бугун ҳеч бўлмаганида Худонинг, ундан кейин Р.Бобомуҳамедов ва унинг оиласи олдида юзи ёруғ бўларди!

С.Тўлагановдаги ҳақиқатни аниқлашдан кўра қонун талашишга мойилроқ кўрсатмалар терговдан то бугунги кунгача ҳуқуқ идораларига қўл келиб турибди. Чунки бирорта ҳуқуқ идораси (на тергов, на прокуратура, на суд босқичлари!) жабрланувчи яшайдиган ҳудудда тарқатилган газеталар С.Тўлагановга ким томонидан берилганлиги билан қизиқмаяпти. Ва табиийки, С.Тўлагановнинг ўзи ҳам бу масалага ойдинлик киритишдан кўра, Р.Бобомуҳамедовни “поделник” бўлишига хайрихоҳ қараяпти. Қолаверса, менгача мақола ёзганлар ҳам шу кичик, аммо аҳамиятли жиҳат хусусида тўхталмаяптилар.

Мен Р.Бобомуҳамедовга тарафкаш эмасман ва унинг мақола чоп этилишидаги касбий хато ҳамда ҳаракатларини мутлақо инкор этмайман. Бироқ шу баробарида унга нисбатан ҳозирда етган жабрни Сагатбаевалар ё терговчи, ёки суд томонидан эмас, энг аввало, Собир Тўлаганов тарафидан етган, деб дадил айта оламан.

Сагатбаевалар ҳам бу борада айни ҳақиқатни фақат С.Тўлагановдан эшитишни истайдилар. Менинг таъкидларим, Р.Бобомуҳамедовнинг куйинишлари унчалик кучга эга эмас.

С.Тўлаганов яна бир ҳақиқатни тан олишга ожиз қолаётган кўринади чамамда. Яъни, менинг билишимча, Сагатбаевалар мақола чоп этилгач, аввалига ҳеч қаерга арз қилишмаган. Фақат маълум вақт ўтгач, кимнингдир беқиёс тушунтиришлари сабаб, айниқса, газетанинг тарқатилган нусхаларига урғу берилиши уларни аввал фуқаролик иши қўзғатишга, сўнгра прокурорга шикоят ёзишларига туртки бўлган. Билишимча, бу ҳолатга сабаб шахс билан С.Тўлагановга тарқатишлик учун газета етказиб берган шахс битта одам! С.Тўлаганов ҳозирда ўзи норози бўлиб, ғайриқонуний ҳисоблаётган тергов ҳаракатларию судлов ҳужжатлари адолатли бўлишлиги учун бу ҳужжатлар устидан юқори ташкилотларга шикоят қилиши натижа беришига ишонч кам. Менинг назаримда, С.Тўлаганов ўз мақоласи сабаб жабрлантириб қўйган Р.Бобомуҳамедовга нисбатан адолат тикланишига ҳаракат қилиши зарур. Бу билан у, энг аввало, ўз инсоний бурчини адо этган бўлади. Инсонийликка амал қилинмасдан туриб, қонун устуворлигидан умид қилиш жуда қийин масала.

Шу ўринда бир мантиқ: С.Тўлаганов истаса-истамаса, ҳозирда айбдор саналиб турибди. Ва ўзининг айбдорлигини ноҳақ ҳисоблаяпти. Лекин нимагадир ўзи туфайли, ўзининг мукаммал бўлмаган кўрсатмалари туфайли Р.Бобомуҳамедов ўзидан-да кўпроқ айбли топилиб турганлигига лоқайд қарамоқда. Энг афсусланарлиси, ўзига ишонган одамнинг жабрланишига муроса қилмоқда

Мен журналист сифатида янглиш фикр билдирсам, уни тузатиш учун РАДДИЯ берилиши кифоя! Шунингдек, журналист нотўғри баҳолаган жиҳатни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси тузатиши мумкин. Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида ишга нотўғри ёндошсам, унда менинг хатоимни журналист тузатиши мушкул кечади. Чунки инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ фаолият соҳибининг хулосаси ё ҲУКМ бўлади, ё ҲУКМга асос! Ушбуга мавзу бўлган воқеликда журналист янглишиб эълон қилган мақолага раддия бериб бўлинди, аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси тарқатган газеталар ва иш бўйича берган номукаммал кўрсатмалар ўзи учун ҳам, Р.Бобомуҳамедов учун ҳам бугун ҲУКМ бўлиб ўқилиб турибди! ХУЛОСА ЎРНИДА

Ҳозирда тергов ҳаракатлари, ҳукм ва ажримдан норози бўлиб, юқори турувчи босқичларга шикоятлар берилмоқда. Тушунишимча, шикоятлардаги эътироз ва эътирофлар айтарлик кучли эмас. Биргина мисол: Р.Бобомуҳамедов ўз шикоятида унга ЖК 139-модда бўйича қўйилган айбловни инкор этар экан, бунга асос сифатида Сагатбаеваларни мутлақо танимаганлигини, шу боисдан ҳам уларга туҳмат қилиши мумкин эмаслигини эътироф қилади. Зоҳиран тўғри эътироф. Бироқ бу модда биргина унинг ўзига қўйилганида балки тош босарди. Бу айбловда унинг С.Тўлаганов билан уюшганлиги асос қилинган. Қолаверса, “Туҳмат қилиш” айблови “билиб туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирма-лар тарқатишни нашр орқали содир этиш!” шаклида асослантирилмоқда. Ва бу реал ҳолат сифатида сақланиб турибди. Шунга кўра, Р.Бобомуҳамедов ўз эътирозини С.Тўлаганов билан уюшмаганлигини исботлашдан бошлаши зарур. Бунинг учун эса, С.Тўлаганов кўрсатмаларига эътибор қаратилади. С.Тўлаганов кўрсатмаларида буни инкор этувчи ҳам, тасдиқловчи ҳам жиҳат мавжуд эмас. Шу боисдан терговда бўлгани каби судловда ҳам ҳеч иккиланилмай 139-модда бўйича айблов қўйилган.

Ёки 205-модда бўйича айблов юзасидан қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказишлик сўралган. Бундай қарор чиқиши учун яна 139-модда ҳалақит қилади. Чунки ҳуқуқий жиҳатдан хулоса аниқ: мансаб ваколати суиистеъмол қилинмаганида туҳматли мақола чоп этилмасди. Бу борада ҳам яна С.Тўлаганов кўрсатмаларидаги номукаммаллик панд бермоқда. Энг эътиборли томони тергов ҳам, судлов ҳам ўзаро уюшқоқликсиз бундай мақолани чоп эттириш мумкин эмас, деган хулосага келиб, ҳатто қайсидир жиҳатдан асослаб ҳам бўлган.

С.Тўлаганов ҳамда Р.Бобомуҳамедов учун энг тўғри ва қонуний йўл ИШни қўшимча терговга қайтартирилишига эришишдир! Бунинг учун аввало ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР эътиборга олинишини унутмаслик зарур. Сўнгра жабрланувчи томондан ҳам айнан шу нуқтаи назарда шикоят киритилиши жуда муҳим! Қачонки, иш қўшимча терговга қайтса (қайтганда ҳам терговчининг хатолари эвазига эмас!) балки янги очилган ҳолатлар асосида қайтарилса (бошқа йўли ҳозирча кўринмаяпти!), шундагина ҳеч бўлмаганида Р.Бобомуҳамедовга нисбатан қўйилган айбловларга қонуний баҳо беришлик имкони вужудга келади. Ва ҳеч бўлмаганида С.Тўлаганов қонун устуворлигига шу жиҳатдан эриша олади.

Мен прокурор томонидан фақат С.Тўлагановга нисбатан енгиллик сўраб, шаҳар судига протест кири-тилиш сабабини ҳам ўзимча таҳлил қилиб кўрдим. Ва бунда қонун устуворлигини кўрмадим. Чунки протестда фақтгина ЖК 57-моддаси қўлланилиши ва жарима миқдори камайтирилиши сўралган. Бу-жавобгарликдан озод этилсин, дегани эмас. Қолаверса, бундай протест Р.Бобомуҳамедовга нисбатан ҳам киритилиши керак эди. Чунки у 2-гуруҳ ногирони, бир неча ойдан бери ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилганлиги боис ишсиз. Қарамоғида тўрт нафар фарзанди бор ва ҳ.к. Лекин прокурор протести фақат С.Тўлагановга нисбатан киритилган! Ва айрим мақоланавислар прокурорнинг суддан С.Тўла-гановга жаримани энг кам маошнинг 50 баробари миқдорида белгилашни сўраганию, судья 300 бароба-ри миқдорида тайинлаганлигига урғу бериб, қатор эътирозлар билдирдилар. Ахир, жарима миқдори кам бўлиши судланувчидан айбловни соқит қилмайди-ку! Ва бу миқдорни озгина асос билан қисқартириш жуда жўн иш ўзини ҳақиқий ҳуқуқшунос ҳисоблаган адвокат ёки ҳуқуқ ҳимоячиси учун! Бироқ С.Тўла-гановнинг на адвокати, на ишончли вакили бунинг ҳозирча уддасидан чиққанларича йўқ! Р.Бобомуҳа-медов шароити кўтармаганидан давлат ҳисобидан адвокат олишга мажбур бўлди. Яқинларининг моддий кўмагини рад этди. Ва охирги дақиқагача С.Тўлагановнинг мукаммал кўрсатма беришига ишонди!

Менинг назаримда, кўплаб судланувчиларнинг хатоси ва ютқазиши ўз манфаати ҳимоясига кўпроқ эътибор қаратишидадир. Бир иш бўйича судланаётган шахслар ягона адвокат хизматидан фойда-лансалар ва бунда, энг аввало, бир-бирларини ўзаро тушуниб етсалар, юзаки ҳукмлар сони кескин камаярди. Бироқ аксарият суд муҳокамасида ҳудди зилзила пайтидаги каби ҳар кимнинг манфаати ўзи учун биринчи ўринга чиқиб қолади. Гувоҳ ё жабрланувчи ёлғонга мойил ёки юзаки кўрсатма бериши тез-тез учрайдиган ҳолат. Аммо судланувчиларнинг бир-бирлари зарарига кўрсатма бериши ёки оқлайдиган жиҳатларни яшириши кечирилмас ҳол. Ва бунинг кечирилмаслиги шундаки, тузатиш қийин! Таъбир жоиз бўлса, ушбуга мавзу бўлган ишда ҳам худди шундай ҳолатни кўриш мумкин. Ва бунда оқлайдиган жиҳатларни белгиловчи кўрсатма судланувчиларнинг бири томонидан айтилмади.

Шунингдек, иш жилдига тикилган ҳужжатларнинг ҳаммаси ҳам холис эмаслиги эътиборга олинмади. Чунончи, Р.Бобомуҳамедовга иш жойидан берилган САЛБИЙ ТАВСИФНОМА у билан бир кун ҳам бирга ишламаган шахс-газетанинг кейинги бош муҳаррири С.Рустамов томонидан имзоланган. Агар ҳар бир ҳолатга баҳо беришлик тамойилига амал қилганида суд бу масалага ойдинлик киритиш учун терговчини ҳам, тавсифнома берган масъул шахсни ҳам сўроққа чақирарди. Чунки тавсифнома судланувчи учун енгиллик беришга асос бўладиган жиҳатлардан бири ҳисобланади!

Агар суд ҳар бир ҳолатга баҳо беришлик тамойилига амал қилганида содир этилган деб ҳисоблана-ётган қилмишга эмас, балки унинг содир этилишидаги омилларга ҳам эътибор қаратар эди!

Суд ҳар бир ҳолатга баҳо беришлик тамойилига амал қилганида С.Тўлаганов томонидан жабрланувчи яшайдиган ҳудудда тарқатилган газеталар қаердан ва кимдан олинганлиги ҳолатига урғу берарди.

Ҳар бир ҳолатга баҳо беришлик тамойилига амал қилинганида мақолага оид ҳужжатлар таҳририятга олиб келинишидан бошлаб, унинг чоп этилишигача хабардор ҳисобланган шахслар ўртасида нима учун юзлаштиришлар ўтказилмаганлиги билан қизиқиларди…

Мен юқоридаги битиклар билан бировни оқ, бошқани қора демоқчи эмасман. Фақат бугун жаҳон интернети сайтларига олиб чиқилиб, муносабатлар билдирилаётган мавзу юзасидан ўз холис мулоҳазаларимни айтиб ўтдим, холос.

Шунингдек, С.Тўлаганов қизи билан боғлиқ воқелик хусусида бир неча йиллардан буён тортишиб келаётгани маълум. Ва унинг даъвоси тегишли идоралар томонидан асосан рад қилинмоқда. Бироқ С.Тўлаганов ўз қарашларидан чекинмаяпти. Менинг тушунишимча, бундай ҳолатда суд тегишли тиббий текширув ўтказиши шарт эди. Ва бу текширувда: С.Тўлаганов тарбиясидаги қиз ва Сагатбаевалар ўзаро қондош ё қондош эмаслигини аниқлаб берилиши қонун талаби эди.

Кимдир айтар балки, “тергов ва судга қондош ё қондош эмаслик борасида Сагатбаевалар томонидан тиббий хулоса топширилган”,-деб. Инкор этмаймиз, бироқ суд томонидан белгиланмаган бундай тек-ширув хулосаси айнан кўрсатмалар турлича бўлганда суд тарафидан қайта текширув ўтказилишини талаб этади. Бунда тарафлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар олинган муддат санаси рол ўйна-майди. Бироқ суд жараёнида терговда бўлгани каби бу борадаги даъвонинг фақат жабрланувчи томон тақдим этган хулосага қараб белгиланиши қонунийлик тамойилига зиддир. Бу масалада биз холисмиз.

Менинг муносабатим балки судланувчилар учун йўналиш ҳам берар…Яна билмадим…

 Дилмурод САЙЙИД, 13.11.2007 йил

Муаллифдан: ушбудаги масала юзасидан (биринчи мақолам эълон қилингач!) муҳтарам Толиб Ёқубов ўз муносабатларини билдириб, мактуб йўллабдилар. Мен бундан фақат хурсанд бўлдим. Ва ўз навбатида Толиб акага ўзимда мавжуд ҳамда ҳозирги вазиятга ойдинлик киритиши мумкин бўлган айрим маълумотларни жавоб хати сифатида жўнатдим. Бу борада келгусида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйсак, деган умид ҳам йўқ эмас!

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: