Бизга ёзадилар

Ўзбекларнинг иккинчи “ватани”

Бир пайтлар Ўзбекистон корейсларга иккинчи ватан бўлган бўлса, бугун аксини кузатиш мумкин.

seosan2.jpgЖанубий Корея шарқий Осиёда энг кўп меҳнат муҳожири импорт қиладиган мамлакат ҳисобланади. Ҳозир бу мамлакатда қарийб бир миллионга яқин меҳнат мигрантлари бўлиб,хорижлик инженер-техник мутахассислар,дипломатлар,студентлар,америкалик ҳарбийлар ва уларнинг оилалари билан қўшиб ҳисоблаганда бир миллиондан ортиқроқ чет элликлар бор.

Территориясининг Ўзбекистонга нисбатан тўрт баравар кичиклиги,аҳолиси эса 49 млн киши бўлишига қарамасдан Жанубий Корея четдан ишчи кучи жалб этишга эҳтиёж сезади.Меҳнат муҳожирлари асосан Осиё давлатларидан бўлиб, булар Непал,Покистон,Мўғулистон,Шри-Ланка,Филиппин,Бирма,Хитой,Ўзбекистон,Қирғизистон,Қозоғистон,Бангладеш ва бошқа мамлакатлардан жалб этилади.

Хўш,бу “ёлланма ишчилар” Кореяда қандай юмушларни бажаради? Улар учун бу ерда “3D” қоидаси амал қилади,яъни
“Difficult,Dirty,Dangerous”,бу “Оғир,хавфли,ифлос”-деганидир.Маҳаллий корейсларнинг ўзлари хоҳламаган қийин,зарарли ва ифлос ишларни бажариш гастарбайтерлар зиммасида.Умуман олганда корейс ёшлари нисбатан кўпроқ маош тўланадиган йирик компания ва концернларда ишлашни афзал билишади,қишлоқ жойларида деярли уларни учратмайсиз.

Мактабни битирган ёшлар шаҳарлардаги турли ўқув юртларига кетиб,шу билан ўша ёқларда қолиб кетади.Шунинг учун ҳукумат қишлоқ жойлардаги ўрта ва кичик корхоналар ҳамда қишлоқ хўжалик тармоқларида ишлаш учун четдан ишчи кучи ёллашга мажбур,буни ҳатто мамлакат Президенти ҳам тан олиб,эътироф этди.

Бир вақтлар Жанубий Кореяни ўзи четга ишчи кучи экспорт қилган.Ўтган асрнинг 70-80 йилларида Кореянинг бир қатор компаниялари Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида қурилиш ишларини олиб борган ва у ерда ишлаш учун корейс ишчиларни ҳам жалб қилган.

Масалан 1967 йилда Саудия Арабистонида йирик терминал қурилиши учун ўтказилган халқаро тендерда Хёнде (HYUNDAI) компанияси ҳам иштирок этади ва унинг раҳбарига Кореянинг ўша вақтдаги Президенти Пак Чон Хи қандай қилиб бўлмасин объектни қўлга киритишни тайинлайди.Тендерда иштирок этаётган бошқа давлат вакиллари сметада кўрсатилган суммадан икки баробар ортиқ сўраб турганда,корейс компанияси энг паст нархга рози бўлиб,тендерни ютиб олади.Бу сумма ўша вақтда Корея учун катта пул бўлган.Ўшанда Корея таваккалчилик асосида иш кўрган.

Сабаби ўша йиллари Вьтнам уруши кетаётган бир вақтда қурилиш жиҳозлари ва бутловчи қисмлар ортилган корейс кемалари икки океан кечиб,Арабистонга етиб бориши учун ҳеч қандай кафолат бўлмаган.Шундай бўлсада корейслар қурилишни муддатидан олдин қуриб битказишган.Бу ерда корейслар бир ўқ билан икки қуённи урган,яъни пулни бегона қилмаган,қурилиш учун ажратилган маблағ юз фоиз Кореяга кириб келган.Яъниким қурилишда корейс ишчилари ишлаган.

Улар алоҳида махсус жойда казарма ҳолатида яшашган ва маҳаллий аҳоли билан деярли мулоқотда бўлмаган,иш вақти 12-14 соат давом этган.Шундай қилиб кейинчалик Вьтнамда ва бошқа бир қанча давлатларда корейс ишчилари қурилиш ишларида ишлашган.Бу 90-йилларгача давом этган ва бу пайтга келиб Кореяда саноатнинг жадал ривожланиши билан четдан ишчи кучи ҳам жалб қилиш бошланган.

Бугунги кунда Кореядаги меҳнат мигрантларининг тахминан 40 фоизи ноқонуний тарзда яшаб ишлашади.Уларнинг кўпчилиги белгиланган муддат тугагандан сўнг юртига кетмасдан яна қолиб ишлашни афзал кўришади,мўмай даромадни ташлаб кетишга кўзи қиймайди.

Иккинчи тоифа “қонун бузувчилар” эса қонуний ишлаб турган жойини ташлаб,бошқа жойга ўтиб кетишади.Буни сабаблари кўп: Шартнома билан қонуний ишлайдиганларни маоши камроқ бўлади ёки иши жуда оғир ва зарарли бўлиши мумкин.

Энди учинчи тоифалилар ҳам борки,улар қисқа муддатли туристик саёҳат билан келиб,қайтмасдан қолиб кетишади.Буларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳукуматга қийинчилик туғдирмайди,истаса бир ой ичида ҳаммасини чиқариб юбориши мумкин.Лекин буни бошқа салбий томони ҳам борки,шу боис ҳукумат масалага панжа орасидан қараб келади.

Биринчидан ноқонуний мигрантларни ёппасига чиқариб юбориш мамлакат иқтисодига сезиларли таъсир қилади,иккинчидан бир неча йилдан бери ишлаб келаётган тайёр мутахассис ишчи,боз устига корейс тилини ҳам ҳаминқадар ўзлаштирган муҳожир ўрнига пул сарфлаб, чет элдан бошқасини олиб келиб,унга иш ўргатиш ва тил масаласи ҳам етарлича муаммо туғдиради,учинчидан уларни чиқариб юборишга маҳаллий иш берувчилар ҳам қаршилик кўрсатади,арзон ишчи кучини ким ҳам қўлдан чиқаргиси келади.Шундай воқеалар ҳам бўлганки бир заводда ишлаётган ноқонуний меҳнат муҳожирларини миграция ходимлари ёппасига ушлаб,икки автобусда олиб кетаётганда иш берувчилар ва маҳаллий ишчилар йўлни тўсиб олади,улар автобусни икки кун завод ҳовлисидан чиқаришмайди.

Бунақа воқеалар аҳён-аҳёнда содир бўлиб туради.Лекин шунга қарамасдан ҳукумат бу муҳожирларни қонунийлаштирмайди ҳам.АҚШдаги каби яшил карта системаси бу ерда йўқ.Визаси тугаган чет эллик мамлакатни албатта тарк этиши керак.Фақат айрим ҳолатлардагина маълум бир сабаб билан қонунийлаштирилиши мумкин.Яъни Корея қонунларида ёзилишича мамлакатда ноқонуний тарзда яшаб келаётган чет эллик киши фавқулодда содир бўлган вазиятларда алоҳида қаҳрамонлик кўрсатса,бахтсиз ҳодисаларда фуқаролар ҳаётини сақлаб қолса ва шунга ўхшаш воқеаларда жасорат кўрсатса Кореяда яшаб,ишлаш қонунийлаштирилади.

Шу йил шундай воқеа биринчи бор содир бўлди.Кўп қаватли бино қурилишида ёнғин чиқиб,бир неча киши ёнғин ичида қолиб кетади,шунда ноқонуний муҳожир бўлган уч нафар мўғул(монгол) жасорат кўрсатиб,ўн бир кишини қутқаради.Уларни учовини ҳам Адлия вазирлиги қонунийлаштирди.

Миграция хизмати йил давомида узлуксиз рейд уюштириб,нолегал мигрантларни ушлаб депортация қилиб туради,шунга қарамасдан улар сони ортса ортадики,лекин камаймайди.

Мақоламизнинг давомида Ўзбекистонликлар ҳақида ҳикоя қиламиз,ҳозирча эса шулар.

Қулмурод. Жанубий Корея

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: